Ибн Исҳоқ: Уккоша ибн Миҳсан ибн Ҳарсон ал-Асадий Бани
Абдушшамс ибн Абдуманофнинг иттифоқдоши эди. У Бадр кунида жанг қилаётганида қиличи синиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга йўғон таёқ бериб: «Мана бу билан жанг қил, эй Уккоша!» – дедилар. Таёқни олиб силкитган эди, қўлида узун ялтироқ қиличга айланди. Уккоша Аллоҳ мусулмонларга ғалаба бергунгача у билан жанг қилди. Бу қилич ал-Аавн (ёрдам) деб номланарди.
Уккоша Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан барча жангларда қатнашди. Ўша қиличи доим унинг ёнида бўларди. У Ридда 407 жангида ҳалок бўлганида ҳам қиличи ёнида эди. Ўшанда уни Тулайҳа ибн Хувайлид ал-Асадий ўлдирган эди.
Тулайҳа шеърида деди:
Сиз бу одамларни нечун ўлдирасиз? Мусулмон бўлмасалар ҳам, улар одам эмасми?
Агар ўнтагача туя ва аёл жароҳат олган бўлса, Ҳиболни ўлдириш билан унинг қонини оқиза олмайсиз.
Мен уларга Ҳимола номли отимнинг кўксини нишон қилдимки, унга қаҳрамонларнинг сўзини майдонга туш, дея такрорламоқда.
Бир кун уни устида чул (ҳайвон зирхи) ўралган ва ҳимояланган ҳолда кўрасан, бир кун эса чулсиз.
Уккоша ал-Ғанмий ва Ибн Ақрамни (қабрларида) муқим ҳолда кечаси Ҳижолда қолдириб келдим.
Ибн Исҳоқ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматимдан етмиш мингтаси ой тўлган кечадаги тўлин ой суратида жаннатга кирадилар», – деганларида, Уккоша ибн Миҳсан: «Ааллоҳга дуо қилинг, эй Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам, мени ўшалардан қилсин!» – деган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен ўшалардансан» ёки «Эй Аллоҳим! Уни ўшалардан қилгин!» – деган эдилар, ансорлардан бири ҳам туриб: «Эй Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам! Мени ҳам ўшалардан қилишини сўраб Аллоҳга дуо қилинг!» – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Уккоша сендан ўзиб кетди, дуо жойини топди», – дедилар.
Пайғамбарнинг оиласидан бизга етиб келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Араблар ичида энг яхши чавандоз биздан», – дедилар. Одамлар: «Ким у?» – деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уккоша ибн Миҳсан», – дедилар. Шунда Дирор ибн Азвар ал-Асадий: «У бизлардан-ку, ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам!» – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан эмас, аксинча, у бизнинг иттифоқдошимиз», – дедилар.
Ибн Ҳишом: Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўша куни мушриклар билан бирга бўлган ўғли Абдураҳмонга: «Молим қани, эй нопок?» – деганида, Абдураҳмон:
«Қурол-яроғу гирдобдан ўзга нарса қолмади,
Яна адашган оқсоқолни қатл этувчи қилич ҳам», деди.