Саҳобалар

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу(1)

3 йил аввал 7898 siyrat.uz

У киши ким бўлган?

Умматнинг олими ва Қуръоннинг таржимони. У киши Аббос ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошимнинг ўғли. Оталари Аббос Пайғамбаримизнинг амакилари ҳисобланади. Оталари: Аббос Исломни биринчилардан бўлиб қабул қилган, лекин мусулмонлигини яшириб юрган. Бадр жангида мусулмонларга қарши кофирлар томонидан мажбуран чиққанларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Аббосга дуч келса, уни ўлдирмасин. Чунки у ўзи истамасдан чиққан», деганлар. Мусулмонлардан Абул Юср Каъб ибн Амр розияллоҳу анҳунинг қўлларига асирга тушганларида Абул Юср ўзи фидя бериб Аббосни Маккага жўнатган. Оналари: Умму Фазл Либоба бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо. Эрлари Аббос розияллоҳу анҳудан ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Ҳадича онамиздан кейин Исломга кирганлар. Исломга кирганларида ер юзида иккита муслима аёл бор эди. У киши ўша муслималарнинг бири эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўттизта ҳадис ривоят қилганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пешин вақтида ўша кишиникида қайлула қилиб ухлаб олар эдилар. Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида эри Аббос розияллоҳу анҳудан олдин вафот этганлар. Холалари: Мўминларнинг онаси Маймуна бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо фозила аёл эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрий еттинчи санада ўз никоҳларига олган охирги аёл ҳисобланадилар. Айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, ўзини ҳиба қилган (бағишлаган) аёл ҳисобланадилар. Ҳатто бу кишининг шаънларига Аҳзоб сурасининг 50-ояти нозил бўлди. «...Яна мўмина аёлни – агар у ўзини Пайғамбарга тортиқ этса-ю…».

Таваллудлари

Кофирларнинг мусулмонларга бераётган азиятлари кучайиб, иш тарихда «зулмкор аҳдномаси» номи билан машҳур бўлган саҳифани ёзишгача олиб борди. Кофирлар аҳдномада мусулмон ва уларнинг динини қўллаб-қувватлаётган ёки уларга яхши муомалада бўлаётганлар билан алоқани узишга, уларга ҳеч нарса сотмаслик ва улардан ҳеч нарса сотиб олмасликка, уларга қиз бермаслик ва улардан қиз ҳам олмасликка иттифоқ қилишди. Ҳали ширкнинг намояндалари ўйлаб топган саҳифа қораланмай туриб, Қурайш мусулмонларни «Бани Ҳошим» номи билан машҳур бўлган дарага қамаб қўйди. Дарадагиларни ташқарига чиққани ҳам қўймасди. Бошқалар учун унга кириши ва у ердагилар билан суҳбатлаши ҳам таъқиқлаб қўйилди. Умму Фазл ҳам ўз эри Аббос билан Бани Ҳошимдан бўлгани учун бу душманчилик қурбони бўлди ва дарага кирди. Ўша пайт Умму Фазл ҳомиладор эди. У кишининг ҳомиладорлиги кўплаб қийинчиликларни бошларидан кечиришга сабаб бўлди. Ҳомиладорлик оғриғи ва емишнинг йўқлиги Умму Фазлни машаққатга солиб қўйди. У кишининг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган нарсага иймон келтирганлари барча қийинчиликларни енгиб ўтишга кўмаклашар эди. Бундан ташқари, Хадижа онамиз билан бирга бўлишлари Умму Фазлга бу машаққатларни енгиб ўтишда энг катта далда эди. Хадижа онамиз ўзларига яширинча келадиган озиқ-овқатлардан Умму Фазлга бериб турар эдилар. Умму Фазлнинг ҳомиладорлиги сезила бошлаганда Аббос розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: «Эй Муҳаммад, менимча, Умму Фазл ҳомиладор бўлган, шекилли», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мана шу бола сабабли Аллоҳ юзимизни ёритишини Аллоҳдан умид қиламан», дедилар. Умму Фазлнинг кўзи ёришига оз қолган, ҳомиладорлик қийинчилигини бошларидан кечираётган бир пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Умму Фазл», дедилар. Умму Фазл : «Лаббай, ё Расулуллоҳ», деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизнинг ҳомилангиз ўғил бола», дедилар. Умму Фазл: «Ахир қандай бўлади, энди нима қиламан? Қурайш қабиласи (яъни кофирлари) аёллар туғмаслигига битим тузган эди-ку», деди.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳомилангиз мен айтгандай ўғил. У туғилганда менинг олдимга уни олиб келинг», дедилар. Туғиш вақти келиб, Умму Фазл енгил бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек ўғил бола туғилди. Уни бир матога ўраб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига олиб келишди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Абдулоҳ, деб исм қўйдилар ва муборак сўлаклари билан танглайини кўтариб қўйдилар. Сўнг: «Болани олиб кетаверинг. Ҳали кўрасиз, бу бола жуда ақлли ва доно инсон бўлиб етишади», дедилар. Умму Фазл ёш Абдуллоҳни эмизиш ва унинг тарбияси билан банд бўлиб қолдилар. Лекин ишлари кўпайиб кетганига қарамай, доимо мусулмонлар ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳволларидан бохабар эдилар. Хусусан, Хадижа онамиз ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Толиб вафот этгандан кейин Қурайш мушрикларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга азиятлари кучайганда Умму Фазл эри Аббосни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлиш ва у кишини ҳимоя қилишга тарғиб қилдилар. Лекин Аббос розияллоҳу анҳу агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашганларини Қурайш мушрикларига билдириб, у Зотни ҳимоя қилсалар, Макка бошлиқларига бериб қўйган мол-мулклари ва бойликларидан маҳрум бўлиб қолишдан қўрқдилар. Чунки улар Аббосни мусулмон бўлганини билиб қолса, унга бирор нарсасини қайтариб бермасликлари ва у ҳеч вақосиз қолишини билардилар.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ