Саҳобалар

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу (6)

4 йил аввал 2086 siyrat.uz

Илмга муҳаббати.
Абдуллоҳ ибн Аббоснинг илми тўлиқ бўлмасдан туриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оламдан кўз юмдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларига Ибн Аббос маҳзун бўлиб қаттиқ йиғлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан илмни олиб, илмга бўлган муҳаббати чексиз бўлган бу ёш болакай Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин нима қилади, илмдан воз кечиб, уни тарк этадими ёки илм олишга жиддий киришиб, уни мукаммал ўрганадими?! Ибн Аббос Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганиб, ўзи танлаган илм йўлини ихтиёр қилди. Энди у илмни мукаммал ўрганишга бел боғлади. Ибн Аббос биринчи ўринда ўқиш ва ёзишни ўрганишга киришди. Чунки улуғ саҳобалардан нақл қилинган илмларни ёзиб қўйиши керак эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин Ибн Аббос ансорлардан бўлган ўртоғига: «Юр, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари жуда кўп, улардан бориб илм ўрганамиз», деди. Ҳалиги ансорий бола: «Аллоҳга қасамки, сенинг бу гапингдан мен ҳайрон қоламан. Одамларни орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидек инсонлар турганда, одамлар диний масалаларни сендан келиб сўрашармиди», деди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу у болани тарк қилди ва ўзи саҳобалардан илм олишга киришди. Кўплаб саҳобаларни кетидан илм излаб юрди. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ўзи қуйидагича дейди:«Фалончи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис эшитган экан, деган хабар менга етиб келса, ўша ҳадис эшитган одамнинг уйига борар эдим. Борсам, у ухлаб ётган бўларди. Мен унинг эшиги олдида ридомни ёстиқ қилиб, чиқишини кутиб ёнбошлаб ўтирар эдим. Шамол эсиб юзим тупроқ бўлиб кетар эди. Ҳалиги одам уйғониб эшикка чиқар ва мени кўриб, «Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиларининг ўғли, тинчликми?!», дер эди. Мен: «Мен, билишимча, сиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис эшитган экансиз. Ўша ҳадисни сиздан эшитгим келди», дер эдим. У: «Одам жўнатсангиз, ўзим олдингизга борар эдим», дер эди. Мен: «Бу борада мен сизнинг олдингизга келишим шарт», дер эдим. Унинг бу гапни айтишига сабаб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тириклик чоғларида, у Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келар эди ва у Зотнинг олдиларида мени кўрар эди ва менинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қариндошлари эканлигимни яхши биларди ». Илм олиш борасида Ибн Аббос кибр қилмадилар. Кимда илм бўлса, унинг ёши катта бўладими ёки кичик бўладими, ёки бўлмаса ҳур бўладими, ёки қул бўладими − буни фарқи йўқ, ўшандан бориб илм ўрганар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Рофиъ исмли ходимлари бор эди. Абу Рофиънинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган сўзлари ва қилган амалларини қайд этиб бориш учун ўзлари билан олиб юрадиган ёзма тахталари бор эди. Шу боис Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ҳеч бир кибр қилмасдан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходимлари Абу Рофиъдан илм ўрганар эдилар. Буюк саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Ибн Аббоснинг илмга бўлган муҳаббати ва илм олиш йўлидаги жидду жаҳтидан ҳайратланиб, «Агар бу болакай биз топган нарсани топганида эди (яъни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўп йиллар мобайнида бирга бўлиш шарафига эришганда эди) бирортамиз унга яқинлаша олмасдик», дедилар.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ