Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазилатлари ҳақида

7 йил аввал 2262 siyrat.uz

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай зикр қилади: «(Мушриклар): «Бу Қуръон икки шаҳардан (бирида) бўлган улуғ кишига нозил қилинганида эди», дедилар» (Зухруф сураси, 31-оят).

   Икки шаҳардан мурод Макка ва Тоиф шаҳарларидир. Мушрикларнинг жоҳилий ўлчовлари бўйича молу дунёси кўп, мансаби ва ҳукми бор одам «улуғ киши» деб эътироф этиларди. Ана шундай одам пайғамбар бўлишга лойиқ эди гўё. Ўша пайтда мушрикларнинг бу мақомга номзодлари ҳам бор эди. Маккада Валид ибн Муғийра, Тоифда Урва ибн Масъуд Сақафий исмли боёнлар бўлиб, мушриклар ана шулардан бири пайғамбар бўлса арзийди, деган фикрда эдилар. Шунинг учун улар: «Агар бу Қуръон ҳақ китоб бўлганида Муҳаммадга ўхшаган етим, камбағал ва ҳеч бир мансаб эгаси бўлмаган кишига эмас, балки Валид ва Урва кабиларга тушган бўларди?» дедилар. Ҳолбуки, Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбарлик мақомига бошқалардан кўра лойиқроқ эдилар. Чунки у Зот олий табақадан келиб чиққан, насаблари пок, юксак эканлиги барчага маълум эди.

Рим императори Ҳирақл Абу Суфёндан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг насаблари ҳақида сўраганида, Абу Суфён: «У ичимизда аслзодадир», деб жавоб берган эди. Шунда Ҳирақл: «Мен сендан унинг насаби ҳақида сўрадим, сен унинг ичингизда насл-насаби буюк эканини айтдинг. Ҳа, шундай! Пайғамбарлар ўз қавмининг аслзодаси бўлишади», деганда нақадар ҳақ эди.

Бир куни Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу кофирларнинг Пайғамбаримиз ҳақларида таҳқиромуз гапларини эшитиб қолади ва тўғри Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳузурларига ғазабланган ҳолда келади. Буни эшитган Пайғамбаримиз насабларини баён қилиш мақсадида минбарга кўтарилдилар. (Танбеҳ бериш маъносида) «Мен кимман?» деб сўрайдилар. Саҳобалар саволни яхши тушунмасдан «Сиз Аллоҳнинг элчисисиз», деб жавоб беришади. Пайғамбаримиз: «Мен Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутталибман. (Яъни сизлар ота-боболаримни яхши биласизлар). Албатта, Аллоҳ таоло махлуқотни (яъни жин ва инсонларни) яратди. Мени уларнинг яхшилари (бўлган мукаррам инсонлар) ичида қилди. Сўнгра у (инсон)ларни икки гуруҳ (араб ва ажам)га бўлди. Мени энг яхши гуруҳ (араблар) ичида қилди. Сўнгра уларни қабилалар қилди. Мени энг яхши қабила (бўлмиш Қурайш) ичида қилди. Сўнгра уларни хонадонлар қилди. Мени энг яхши хонадон (бўлган Бани Ҳошим) ичида қилди. (Фахр эмас,) мен жон (яъни зот ва руҳ) жиҳатидан ҳам, хонадон (ва пок насаб) жиҳатидан ҳам уларнинг энг яхшиси бўлдим (зеро, Аллоҳ мени охирзамон пайғамбари этиб тайёрлар эди)», дедилар» («Сунани Термизий», 3608-рақам. Муснади Аҳмад ибн Ҳанбал». «Мишкотул масобийҳ», 5757-ҳадис. Саҳиҳ).

Араб қабилалари катта-кичиклиги жиҳатидан 6 хил бўлади: «Шаъб» (شعب), «Қабила» (قبيلة), «Имора» (عمارة), «Батн» (بطن), «Фахиз» (فخِذ), «Фасийла» (فصيلة).

«Шаъб» қабилалардан, «қабила» иморалардан, «имора» батнлардан, «батн» фахизлардан, «фахиз» эса фасийлалардан ташкил топади.

Масалан: «Хузайма» шаъбдир, «Кинона» қабиладир, «Қурайш» иморадир, «Қусай» батндир, «Ҳошим» фахиздир, «Аббос» фасийладир.

Ҳадис изоҳлари ва қабилалар ҳақидаги маълумотлар Мулла Али қори Ҳанафийнинг «Мирқотул мафотийҳ» китоби ва Шайх Муҳаммад Абдураҳмон Муборакфурийнинг «Туҳфатул аҳвазий фий шарҳи жомеъит Термизий» китобларидан фойдаланилди.

                                                                                                                       Абдул Азим ЗИЁУДДИН.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ