Қуръони Каримнинг одамларга таъсири

7 йил аввал 1482 siyrat.uz

Мазкур ишлар бўлиб турганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада ўз даъватларини давом эттирар эдилар. У кишининг Қуръон тиловат қилишларининг ўзи кучли даъват эди. Чунки тиловатни эшитган одам ўзи билмаган ҳолда мафтун бўлиб қолар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримни тиловат қилганларида Қурайшнинг бошлиқлари ҳам тинглашарди. Аммо ундан таъсирланиб қолмаслик учун турли чораларни кўриш, сунъий тўсиқлар пайдо қилишга уринишар эди. Бу ҳақда энг машҳур Ислом тарихчиларидан бири − Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратлари ҳақидаги дастлабки китоблардан бирининг соҳиби Ибн Исҳоқ аз-Зуҳрий қуйидагиларни ривоят қилади: «Иттифоқо, бир кечада Абу Суфён ибн Ҳарб, Абу Жаҳл ибн Ҳишом ва бани Заҳро қабиласининг шартномадоши Ахнас ибн Шурайқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз уйларида намоз ўқиётганларида қулоқ солиш учун чиқибдилар. Улардан ҳар бири алоҳида-алоҳида ўтириб тинглабди. Бир-биридан хабари йўқ экан. Кечаси билан у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламга қулоқ солиб, тонг отганда тарқалишибди. Йўлда учрашиб қолиб бир-бирини маломат қилишибди. Бир-бирларига энди қайта келмайлик, эси паст одамларимиз кўриб қолсалар, кўнгилларига баъзи шубҳалар тушишига сабаб бўламиз, дейишибди-да, тарқалиб кетишибди. Иккинчи кечаси эса улардан ҳар бири яна ўз жойига келиб, яна кечаси билан (Қуръон) эшитиб чиқибди. Тонг отганда қайтиб кетаётиб йўлда учрашиб қолишибди ва яна бир-бирларига аввалги гапларни айтишибди. Учинчи кечаси ҳам келиб, туни билан (Қуръон) эшитиб чиқишибди. Тонг отганда қайтиб кетаётиб, яна аввалги ҳол такрорланибди. Бир-бирларига: «Қайтиб келмасликка аҳд қилмагунимизча тарқамаймиз», дейишибди. Сўнгра аҳдлашиб тарқалишиб кетибди. Кундузи Ахнас ҳассасини қўлига олиб Абу Суфён ибн Ҳарбнинг уйига борибди ва унга: «Эй Абул Ҳакам, Муҳаммаддан эшитганларинг ҳақида фикринг нима?» дебди. Абу Суфён: «Нима эшитдим? Биз ани Абдуманоф билан шараф талашганмиз. Улар ҳам кишиларга таом берганлар. Биз ҳам берганмиз. Улар улов бердилар. Биз ҳам улов бердик. Улар хайр-эҳсон бердилар. Биз ҳам бердик. Ҳамма тиз тушиб, пойгага қўйилган икки отдай бўлиб қолди. Шунда улар: «Биздан Пайғамбар бор, унга осмондан ваҳий келади», дедилар. Биз буни қачон идрок қиламиз? Аллоҳга қасамки, биз ҳеч қачон унга иймон ҳам келтирмаймиз, уни тасдиқ ҳам қилмаймиз», деди. Ахнас унинг олдидан туриб кетди». Таассуб ва мансабпарастликкина уларни иймонга келишдан тўсиб турарди. Лекин аста-секинлик билан бўлса ҳам, баъзи бир кишилар ҳақиқатни англаб ета бошладилар.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ