Мунофиқликнинг зоҳир бўлиши

1 ўн йил аввал 2149 siyrat.uz

Аввал нифоқ ва мунофиқлар ҳақида тўлиқроқ тушунчага эга бўлиб олишимиз керак. Араб тилида «нифоқ» сўзи ичи бўш, ташқи кўриниши ўзгача нарсага ишлатилади. Мисол учун, юмронқозиқ ёки тулкининг уясига ҳам нифоқ сўзи ишлатилади. Чунки улар устидан оддий ерга ўхшайди, бир тарафдан кирса, иккинчи тарафдан чиқиб кетаверади. Ҳозирги кунда ажнабий тилларда «тоннель» деб номланаётган иншоотлар ҳам арабчада «нафақ» дейилади. Агар бу маънони диний-ақидавий истилоҳда ишлатмоқчи бўлсак, сиртдан мусулмонликни эълон қилиб, ичидан унга лойиқ бўлмасликка мунофиқлик, деб айтилади. Одамлар кўз ўнгида Ислом динига мансублигини эълон қилиб, ҳатто баъзи амалларни ҳам қилиб юрадиган, аслида эътиқоди бузуқ бўлган кишиларни «мунофиқ» дейилади. Мунофиқларнинг очиқ-ойдин кофирлардан ҳам катта хатарли эканликларига сабаб: кофирлар билан бўладиган алоқа ва муомалаларда биз уларнинг кимлигини эътиборга олиб, ўзларига яраша иш тутамиз, мунофиқлар эса сиртдан мусулмон бўлиб кўринадилар, одамнинг ичидагини билиб бўлмайди, натижада уларга ҳам мусулмонча муомала қилишга мажбур бўлинади. Бу билан мунофиқларга динга катта зарарлар етказишга имкон яратилади. Ислом динининг аввалги пайтларида Маккаи Мукаррамада мунофиқлик йўқ эди. Ҳижратдан кейин, мусулмонлар Мадинаи Мунавварада алоҳида жамият бўлиб «кўкракларига шамол тегиб» яшай бошлаганларидан сўнггина, бу дард пайдо бўлди. Маккада мусулмонлар оз сонли, заиф бўлиб, хоҳлаган киши уларга бемалол зулм ўтказар ва азоб берар эди. Одатда, бундай пайтда фақат ҳақиқий мўминларгина сабр-чидам билан динларини маҳкам ушлайдилар. Мадинада эса мусулмонлар куч-қувватга, ўз давлатларига эга бўлдилар, улар билан ҳисоблашмасликнинг иложи қолмади. Шундай бир пайтда дилларини моғор босган, қалбларида марази бор баъзи кимсалар мунофиқлик йўлига ўтдилар. Аллоҳдан эмас, Аллоҳнинг бандаларидан қўрқиб, Исломга юзаки кирдилар. Мунофиқлар кўпгина кирдикорларни қилдилар. Жумладан, улар турли ёлғон миш-мишлар тарқатдилар, мусулмонларни маънавий-руҳий тарафдан заифлаштиришга, уларнинг қалбларида иймонни сусайтиришга ва умидсизликни кўчайтиришга ҳаракат қилдилар. Мунофиқлик турли ахлоқий разолатнинг уясидир. Риёкорлик, алдамчилик, хиёнат, ёлғончилик, иккиюзламачилик, ваъдага хилоф қилишликлар шулар жумласидандир. Мунофиқлик ҳар бир умматнинг жисмини титиб юборадиган ижтимоий касалликдир. Янги Ислом жамияти пайдо бўла бошлаши яҳудийларнинг ҳам тинчини бузди. Улар мусулмонларга қарши, Ислом динига қарши турли душманликларни қила бошладилар.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ