Шўро мажлиси

1 ўн йил аввал 2200 siyrat.uz

Бадрга яқинлашганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қурайшликларнинг ҳам шу ёққа келаётганликлари ҳақида хабар етди. У Зот асҳоби киромлар билан маслаҳат қилдилар. Дастлаб Абу Бакр розияллоҳу анҳу туриб чиройли гаплар айтдилар. Сўнгра Ҳазрати Умар туриб, у киши ҳам чиройли гаплар айтдилар. Жумладан: «Эй Аллоҳнинг Расули! Қурайш иззатли бўлиб ўрганиб қолган. У азизликка эришганидан бери ҳеч хор бўлгани йўқ. Аллоҳга қасамки, у ўз иззатини ҳеч қачон бериб қўймайди. Сизга қарши, албатта, уруш қилади. Бунинг учун қиладиганини қилиб, тайёргарлигини кўриб қўйган», дедилар. Сўнгра Миқдод ибн Амр туриб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳнинг амрига юраверинг, биз сиз биланмиз. Биз бани Исроилга ўхшаб: «Сен ва Роббинг икковларинг улар билан урушаверинглар, биз эса бу ерда ўтириб турамиз», демаймиз. Сиз ва Роббингиз икковингиз уларга қарши уруш қилинглар, биз ҳам сизлар билан бирга жанг қиламиз. Сизни ҳақ ила юборган Аллоҳга қасамки, бизни Баркул Ғимодга (Яманнинг чеккасидаги бир жойга) бошласангиз ҳам кетаверамиз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хурсанд бўлиб, унинг ҳақига яхши дуолар қилдилар. Шу билан бирга, Расулуллоҳ ансорийларнинг ҳам фикрини эшитишни хоҳладилар. Пайғамбар алайҳиссалом улар фақат шаҳар ичидагина менга ёрдам берсалар керак, деб ўйлар эдилар. Чунки улар ҳижратдан аввалги иккинчи Ақаба байъатида Расулуллоҳни ўзлари ва болаларини ҳимоя қилгандек ҳимоя этишга ваъда беришган эди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ: «Эй одамлар, менга маслаҳат беринглар!» дея нидо қилдилар. Шунда Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу туриб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Сиз бизни назарда тутяпсиз, шекилли?» деб сўрадилар. Пайғамбаримиз шундай, деб жавоб қилдилар. Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу: «Ўзингизга ваҳий қилинган ишдан бошқасига дучор бўлиб қолганга ўхшайсиз. Биз сизга иймон келтирганмиз. Тасдиқ этганмиз. Сиз келтирган нарсани ҳақ деб шаҳодат берганмиз. Сизга қулоқ осиб, итоат қилишга аҳду паймон берганмиз. Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, нимани хоҳласангиз, шуни қилаверинг. Сизни ҳақ ила юборган Аллоҳга қасамки, агар бир денгизни кўрсатиб, унга шўнғисангиз, биз ҳам орқангиздан битта қолмай шўнғиймиз. Кимни хоҳласангиз, ёнингизга олинг, хоҳламаганингиздан узоқроқ бўлинг. Молу мулкимиздан ҳам истаганингизча олаверинг. Сиз олган молимиз ўзимизда қолганидан кўра суюклироқдир. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, бу йўлдан ҳеч юрганим йўқ, нима бўлишини ҳам билмайман. Аммо эртага душманга йўлиқишдан қўрқмаймиз. Уруш вақтида сабр қиламиз. Тўқнашув пайтида сизга содиқмиз. Шоядки, Аллоҳ бизга кўзингизни қувонтирадиган ишларни насиб этса. Тўғри, баъзи қавмларимиз ортда қолди. Уларнинг сизга бўлган муҳаббати бизникидан кам эмас. Бизнинг сизга бўлган итоатимиз уларникидан кучли эмас. Аммо улар карвон учун кетилмоқда, деган ўй билан чиқмай қолдилар, холос. Сизга бир соябон қуриб, уловларингизни ўша ерга тўплайлик. Сўнгра душманга рўпара бўлайлик. Агар Аллоҳ бизни азиз қилиб, душманимиз устидан ғолиб қилса, хўп яхши. Агар иш бошқача бўлса, унда туяларга минасиз-да, ортимизда қолганларга етиб оласиз», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам севинганларини билдириб: «Эй Саъд! Аллоҳ бундан ҳам яхши ҳукм қиладими?!», деб марҳамат қилдилар.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ