18 шаъбон 1447
Ислом динини англашда Пайғамбаримиз сийратининг аҳамияти

   Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг сийратини ўрганиб, англашдан мақсад фақат тарихий воқеалардан воқиф бўлиш ёки чиройли қисса ва саргузаштлардан бохабар бўлиш эмас, балки мусулмон инсон Ислом қоидаларини, ҳукмларини назарий жиҳатдан англагандан сўнг айни қоидалар Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаламнинг ҳаёт йўлларида амалда ўз аксини топганлигини тасаввур қилишдир. Шунинг учун биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўлларини ўрганишни оддий тарихни ўрганиш ёки ўтган подшоҳларнинг таржимаи ҳоллари билан танишиш қаторида кўрмаслигимиз лозим. Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш, Ислом моҳиятини англаш учун амалий татбиқ баробарида экан.

   Мазкур мақсадни бир неча қисмга бўлишимиз мумкин:

   1. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт тарзлари ва муҳитларини ўрганиш орқали у зотнинг шахсиятларини англаш ва бунинг натижасида Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам юксак фазилатлар соҳиби ва юртдошлари олдида катта обрў-эътибор қозонган баркамол инсонгина бўлиб қолмай, у Зот, энг аввало, Оллоҳ таоло Ўз ваҳийси ва тавфиқи билан қувватлантирган «Расул» эканлигини ҳам таъкидлашдир.

   2. Бу ҳаётда ҳар бир инсон ўзи ардоқлайдиган, ҳурмат қиладиган, унинг йўлидан юриб, этагини маҳкам тутадиган бир намунали йўлбошчига муҳтождир. Шубҳасиз, агар инсон ўзи учун олий намуна бўладиган йўлбошчини ҳаётнинг қайси томонидан қидирмасин, уни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам сиймоларида яққол намоён эканлигини топади. Зеро, Оллоҳ таоло у Зотни бутун инсониятга намуна қилиб яратган. Оллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: «(Эй мўминлар,) албатта, сизлар учун Оллоҳнинг пайғамбари (соллоллоҳу алайҳи васаллам) (у Зотнинг иймон-эътиқоди ва хулқи атворида) гўзал намуна бордир». (Аҳзоб сураси 1-оят).

   3. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганган инсон Оллоҳ таолонинг Китобини яхшироқ фаҳмлайди, унинг мақсадлари ва руҳини ҳис қилади. Зеро, Қуръони Каримнинг аксар оятларини Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам иштирокидаги воқеа ва ҳодисалар тафсир қилади.

   4. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш асносида мусулмон инсон ҳузурида ақида, ҳукмлар ва ахлоқ-одобга доир саҳиҳ Исломий билим-маърифат заҳираси ҳосил бўлади. Чунки у Зотнинг ҳаётлари Ислом асослари ва ҳукмлари мажмуасини ёритиб, гавдалантириб бергувчи ойна кабидир.

   5, Исломий муаллим ва мураббий ҳузурида таълим-тарбия усулларининг йўриғи, андозаси бўлмоғи лозим. Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам холис муаллим ҳамда фозил мураббий бўлиб, у Зот ўз даъватларининг турли босқичларида таълим-тарбиянинг ана шундай фойдали ва самарали усулларини излаб топишда куч-ҳаракатларини аямаганлар.

   Мазкур беш мақсадни рўёбга оширишда Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом сийратининг алоқаси у Зотнинг ҳаётлари инсоний ҳамда ижтимоий жабҳаларнинг барчасини қамраганлигида кўринади.

   Демак, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ҳар жабҳада етук намуна бўла олар экан. Зотан, у киши атрофидагиларнинг, дўстларининг ишончини қозонган, ўз йўлини тўғри танлаган инсон, Оллоҳ таолонинг рисоласини етказишда бор кучини аямаган, инсонларни Оллоҳ таолонинг Динига чиройли мавъиза ва донишмандлик билан чақирган даъватчи ҳамда аҳли оиласига чиройли муомалада бўлган эр, фарзандларининг ҳақларини ўз ўрнига қўйган меҳридарё ота, ҳам ҳарбий ҳам сиёсий моҳир қўмондон, Парвардигорига гўзал ва чин ибодат қилгувчи мусулмон эдилар.

   Аён бўлмоқдаки, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг сийратлари инсон ҳаётининг энг гўзал ва олий намунасидир.

Шайх Муҳаммад Саид ибн Рамазон Бутий

19:57 / 26.06.2020
Аввалги мақола
Кейинги мақола
Шаъбон ойининг 16 куни
Сийрат
Набий алайҳиссаломнинг жисми шарифларининг васфи
عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ رَسُولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَبْعَةً مِنَ الْقَوْمِ لَيْسَ بِالطَّوِيلِ وَلَا بِالْقَصِيرِ، أَزْهَرَ اللَّوْنِ لَيْسَ بِأَبْيَضَ أَمْهَقَ و...
12:39 / 04-февраль Батафсил...
Сийрат
Набий алайҳиссаломнинг фузул шартномасида иштирок этишлари
Ўша пайтларда Зубайд қабиласидан бир киши сотиш учун Маккага нарса олиб келди. Унинг нарсасини Қурайшнинг зодагонларидан Осс ибн Воил сотиб олди. Аммо ҳаққини бермади. Зубайдлик киши Қурайшнинг бошлиқ...
13:59 / 21-январь Батафсил...
Сийрат
Набий алайҳиссаломнинг амакилари Абу Толиб билан бўлишлари
Абдулмуттолибнинг вафотидан кейин ҳеч кимсиз қолган ёш Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни у кишининг амакилари Абу Толиб ўз қарамоғига олди. Абу Толиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламн...
15:32 / 07-январь Батафсил...
Сийрат
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўксиларини ёриш
عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَتَاهُ جِبْرِيلُ وَهُوَ يَلْعَبُ مَعَ الْغِلْمَانِ، فَأَخَذَهُ جِبْرِيلُ فَصَرَعَهُ فَشَقَّ عَنْ قَلْبِهِ فَاسْت...
13:19 / 29.12.2025 Батафсил...