Иккинчи Бадр ғазоти

1 ўн йил аввал 2093 siyrat.uz

 

Шу йили шаъбон ойида Абу Суфён дағдаға қилиб айтган вақт келди. Уҳуд ғазотидан кета туриб у келгуси йили сизлар билан савдо мавсумида Бадрда яна урушамиз, деган эди. Пайғамбар алайҳиссалом бу гапга розилик берган эдилар. Ҳар йили шаъбон ойида Бадрда саккиз кун бозор бўлар эди. Ваъдалашилган вақт етиб келганда Қурайшда қаҳатчилик юз бериб, мушриклар урушишга ботинишолмади. Абу Суфён лафзида турмайдиган қўрқоқ деган ном олмаслик учун қўшинининг сони кўплигини писанда қилиб, мусулмонларни қўрқитмоқчи ва шу баҳонада уларни урушиш фикридан айнитмоқчи бўлди. Наим ибн Масъуд Абу Суфённинг топшириғига биноан мусулмонларнинг ҳузурига элчи бўлиб борди.

Аллоҳ таоло Наимнинг мусулмонлар кўнглига ғулғула солиш учун айтган гапларини Оли Имрон сурасининг 173-оятида бундай нақл этади: «Кишилар уларга: «Ҳалиги одамлар сизларга ҳужум қилиш учун қўшин тўплади, улардан қўрқинглар», дейишди. Бу гап уларнинг иймонини мустаҳкамлайди. Улар: «Бизга Аллоҳ кифоя, у нақадар яхши ҳомий», дейишди». Пайғамбар алайҳиссалом Наимнинг таҳдидини писанд қилмай бир ярим минг саҳоба билан йўлга чиқдилар. Ваъдалашилган жойда бирон кимса кўринмади. Наимнинг таҳдидидан кейин мусулмонлар Бадрга келишга журъат этолмай бебурд бўлишади, деб ўйлаган Абу Суфён Мажинна деган жойдаги машҳур бозорга етиб келганда қавмига: «Бу йил қаҳатчилик йили, маъмурчиликда келганимиз яхши», деб одамларини қайтариб юборган эди.

Мусулмонлар эса Бадрда бемалол савдо-сотиқ қилдилар. Бу хусусда Оли Имрон сурасининг 174-оятида: «Улар Аллоҳнинг неъмати ва фазли билан қайтиб келишди, ҳеч қандай зиён-заҳматга учрашмади, улар Яратганнинг розилигини излашди. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир». Сафвон ибн Умайя бу гапдан хабар топиб Абу Суфёнга: «Бошда сени мусулмонларга берган ваъдангдан қайтарган эдим. Улар ваъдага хилоф иш қилганимизни кўриб, бизга қарши отланишга журъат этишди», деди.

Шу йили Пайғамбар алайҳиссаломнинг невараси Ҳусайн ибн Али туғилди. Расуллоҳнинг аёли Хузайманинг қизи Зайнаб онамиз вафот этди, шунингдек, аммаларининг ўғли ва Ҳабашистонга биринчи бўлиб ҳижрат қилган эмакдош биродарлари Абу Салама оламдан ўтди; эри вафот этиб, тул қолган Умму Саламани Расулуллоҳ никоҳларига олдилар.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ