Пайғамбаримизнинг завжалари ва исломда аёлнинг ўрни

3 йил аввал 3213 siyrat.uz

 

Пайғамбаримизнинг завжалари ва исломда аёлнинг ўрни

Расули акрамнинг завжалари

Расули акрам жанобларининг олтмиш уч йиллик ҳаётлари давомида никоҳларига олган завжалари ўн иккита эди: 1) ҳазрат Хадича; 2) ҳазрат Савда; 3) ҳазрат Оиша; 4) ҳазрат Ҳафса; 5) Ҳузайма қизи ҳазрат Зайнаб; 6) ҳазрат Умму Салама; 7) Жаҳш қизи ҳазрат Зайнаб; 8) ҳазрат Умму Ҳабиба; 9) ҳазрат Жувайрия; 10) ҳазрат Сафиййа; 11) ҳазрат Мория; 12) ҳазрат Маймуна.

Булардан Сафиййа Исроил жинсидан, Мория мисрлик, қолганлари араб эдилар. Араб завжаларидан олтитаси маккалик Қурайш қабиласидан эди.

1. Ҳазрат Хадича розийаллоҳу анҳо

Расули акрамнинг илк завжалари ҳазрат Хадича эдилар. Турмуш қуришганида ҳазрат Хадича ўттиз тўққиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йигирма беш ёшда бўлганлар ("Пайғамбаримизнинг уйланишлари" бўлимига қаранг). Йигирма беш йил бирга яшадилар. Йигирма беш йил давом этган бу масъуд оила ҳаётининг ўн беш йили пайғамбарлик вазифасини ифо этишга бошлашдан олдин кечди. Ўн йиллик қисми эса пайғамбарлик даврининг илк босқичи эди.

Расули акрамга биринчи бўлиб ишониб, орқаларида илк намоз ўқиган одам ҳазрат Хадича бўлдилар. У киши Ислом тарихининг энг буюк аёли, Пайғамбаримизнинг етти фарзандларидан олтитасининг онаси эдилар. Ҳижратдан уч йил олдин, Расули акрам эллик ёшда бўлганларида ҳазрат Хадича вафот этганлар.

2. Ҳазрат Савда розийаллоҳу анҳо

Ибн Исҳоқнинг айтишича, Расули акрам жанобларининг ҳазрат Хадичадан кейин олганлари илк аёл ҳазрат Савда бўлдилар. Пайғамбаримиз Хадичанинг ўлимларидан бир неча йил кейин Тоифдан ниҳоятда мутаассир бўлиб қайтган эдилар. Савдага уйланишлари ана шундай бир пайтга тўғри келди. Савда илгари эрлари Сақрон билан бирга Ҳабашистонга иккинчи қофила орқасида ҳижрат қилган эдилар. Сақрон ўша ерда вафот этди, ўзлари Маккага ёлғиз қайтдилар. Ёшлари ўтган бир хотин эдилар. Қийинчилик ичида эдилар. Эрлари мусулмонлик йўлида уйини, ватанини ва ҳаётини фидо этди. У пайтлари Ислом жамоати оз эди. Мамлакатнинг одатига кўра, бу кимсасиз аёлни ҳимоя эта оладиган ҳеч бир восита ҳам йўқ эди. Расули акрам маишат жиҳатидан мушкул ҳолга тушишларини бўйинларига олиб, Савдага уйландилар1. Ҳазрат Савда Расули акрам даврларидан кейин ҳазрат Умарнинг халифалик даврларида вафот этдилар. Савда Расули акрамдан беш ҳадис нақл этганлар, бу ҳадислардан бирини Имом Бухорий ривоят қилган.

3. Ҳазрат Оиша розийаллоҳу анҳо

Расули акрам ҳазратларининг илк турмуш ўртоқлари ҳазрат Хадича ҳижратдан аввал Маккада вафот этгач, Расули акрам ёлғиз қолган эдилар. Савда билан турмуш қуришдан олдин ҳазрат Абу Бакрнинг қизлари ҳазрат Оиша билан Маккада нишонландилар (фотиҳаландилар). Ҳижратдан кейин Мадинада никоҳландилар. Нишонланган пайтда ҳазрат Оиша ўн тўрт ёшда эдилар. Турмушга чиққанларида эса оғзига эрк берганларнинг айтгани каби бола ёшида эмас, ўн саккиз ёшда бўлганлари тарихий воқеаларнинг тадқиқи натижасидан англашилади.

"Саҳиҳи Бухорий"га кўра, ҳазрат Оиша Қуръоннинг Маккий оятлари келаркан, ўйин чоғида эдилар. Қамар сурасининг ўша чоқларда нозил бўлганини ўзлари айтганлар. Эллик тўртинчи Қамар сураси Маккий суралардандир. У пайтда Расули акрам Арқамнинг уйида эдилар. Расули акрам ҳижратнинг илк санасида ҳазрат Оишага уйландилар. Бақара ва Нисо суралари ваҳий бўлаётганида ҳазрат Оиша Расули акрамнинг завжалари эдилар. Бақара сураси Мадина даврининг илк паллаларида нозил бўлган.

"Мишкот" муаллифи бундай дейди: "Ҳазрат Оишанинг опалари Асмо ҳижрат асносида йигирма етти ёшда эди. Оишадан ўн ёш катта эди. Асмодан ўн ёш кичик бўлганларига кўра, ҳазрат Оиша ҳижратда 17 ёшда бўлганлар"2.

Бинобарин, Расули акрамга турмушга чиққанларида ўн саккиз ёшда эдилар. Ҳазрат Оишанинг олти ёшларида нишонланганлари (фотиҳаланганлари), тўққиз ёшларида никоҳланганлари ҳақидаги ривоятлар тўғри эмас, уйдирмадир, тарихий ҳақиқатга тескаридир.

Тўғри, ҳазрат Оиша ёш эдилар. Кичик эдилар. Расули акрам билан ораларида ёш фарқи бор эди. Бироқ бу ёш фарқи туфайли турмуш қуришларига мамлакатнинг у замондаги одати монеъ эмасди. Чунончи, ҳазрат Абу Бакр илк пайтлардан бери Расули акрамнинг энг фидокор асҳобидан ҳисобланардилар. Маънавий боғичлар ила боғлиқ бўлган Пайғамбарларига энди ақраболик боғлари билан ҳам боғланишни жуда истардилар. Энг катта умидлари эди бу. Расули акрам ҳам шундай ўйлардилар. Пайғамбаримизнинг ҳазрат Оиша билан турмуш қуришлари ўзаро (икки томонлама) туйғуларнинг, истакларнинг бир натижаси бўлди. Бу никоҳ икки томоннинг ҳам орзуига мос тушди.

4. Ҳазрат Ҳафса розийаллоҳу анҳо

Расули акрамнинг завжаларидан яна бирлари эса ҳазрат Умарнинг қизлари ҳазрат Ҳафсадирлар. Пайғамбаримизнинг бутун ҳол ва ҳаракатларида қандайин буюк ҳикматлар бўлса, уйланишларида ҳам шундай муҳим ҳикмат ва сабаблар бор. Ҳазрат Абу Бакрнинг қизлари ҳазрат Оишага уйланишларига нима сабаб бўлган бўлса, ҳазрат Умарнинг қизлари ҳазрат Ҳафса билан издивожлари ҳам айни сабабга кўрадир.

Ҳазрат Ҳафса олдин асҳобдан Хонис исмли бир зот билан турмуш қурганлар. У билан бирга Мадинага ҳижрат қилган эдилар. Бироқ Хонис Бадр жангида, дин йўлида шаҳид бўлгач, ҳазрат Ҳафса тул қолдилар. Ҳазрат Умар қизларини такрор турмушга бермоқчи бўлдилар. Қизларига муносиб умр йўлдош бўла оладиган ҳазрат Усмонга мурожаат қилдилар. Ўшанда ҳазрат Усмоннинг завжалари - Расули акрамнинг қизлари бўлмиш ҳазрат Руқаййа вафот этган эдилар. Бироқ Умарнинг таклифларига Усмон мусбат бир жавоб беролмадилар. Ўйлаб кўришларини айтдилар. Шундан сўнг ҳазрат Умар ҳазрат Абу Бакрга бордилар. У кишининг таклифларини Абу Бакр ҳам сукут билан қаршиладилар. Шунда Умар ҳиддатландилар. Юраклари сиқилди. Чунки ҳазрат Ҳафса оталари Умар каби асабий мизожли бир аёл эдилар. У киши билан ҳаёт кечириш осон эмасди. Лекин қизларига муносиб бир йўлдош тополмаганларидан ҳазрат Умар қаттиқ хафа бўлдилар. Сарвари олам ҳазрат Умарнинг хафа юришларини истамадилар. Чунки ҳазрат Умар ҳам ҳазрат Абу Бакр каби бутун борлиқларини ҳазрат Пайғамбарга боғлаган энг яқин ўртоқларидан эдилар. Умарни ҳам Абу Бакрга ўхшаб ақраболик боғлари ила ўзларига боғлаб мамнун этишни ўйлардилар. Ҳафсани шу сабабдан никоҳларига олдилар. Ҳазрат Ҳафса Пайғамбаримизга борганларида ўттиз беш ёшда эдилар.

Бу муборак никоҳдан кейин ҳазрат Абу Бакр ҳазрат Умарга дуч келганларида Умар у кишининг сукутларидан мутаассир бўлганларини билдирдилар. Ҳазрат Абу Бакр ўшанда Расули акрамнинг Ҳафсани сўрашликларидан хабарлари бўлганларини, лекин Расули акрамнинг бу сирларини фош қилишни истамаганларини, шунинг учун овоз чиқармаганларини тушунтирдилар. Мабодо Расули акрам Ҳафсани олмасалар, ўшанда унга оғиз солмоқчи эканларини сўзларига илова қилдилар3.

Ҳазрат Ҳафса Расули акрамдан бир неча ҳадис ривоят қилганлар. Ҳафса Муовия замонида вафот этдилар. "Асри Саодат" муаллифи бундай дейди: "Ҳазрат Умарнинг қизлари ҳазрат Ҳафса билан ҳазрат Абу Бакрнинг қизлари ҳазрат Оиша ҳақларида тарих китобларида бир неча ҳикоялар бор. Бу ҳикояларга мунофиқлар томонидан ўйлаб чиқарилган бир қанча уйдирма гаплар қўшилиб кетгандир. Буларни ўқиётганда ғоят ҳушёр бўлиш керак"4.

5. Ҳазрат Зайнаб розийаллоҳу анҳо

Ҳузайма қизи Зайнаб Бани Халил қабиласидан эдилар. Биринчи эрлари билан ажрашганлар, иккинчи эрлари Жаҳш ўғли Абдуллоҳ ҳам Уҳуд ғазотида шаҳид кетиб, тул қолган эдилар. Расули акрам ҳижратнинг учинчи йили ҳазрат Ҳафсадан кейин ҳазрат Зайнабни ҳам никоҳларига олдилар. Зайнаб илгаридан "Йўқсилларнинг онаси" маъносида "Уммул масокин" номи билан шуҳрат топган эдилар. Фақирларни, йўқсилларни ҳимоя қилар, уларни едириб-ичирар эдилар. Чиройли эмасдилар. Ўрта ёшли, марҳамат соҳибаси, ажойиб аёл эдилар. Расули акрам Зайнабни ҳам ҳимояга муҳтож бир тул бўлганлари, ҳам шафқат соҳибаси бир аёл бўлганлари сабабли никоҳларига олдилар. Бироқ Зайнаб Расули акрам билан жуда оз муддат яшай олдилар. Уч ойдан сўнг вафот этдилар. Жаноза намозларини Расули акрам ўқидилар. Бақиъ қабристонига кўмилдилар. Ҳазрат Пайғамбар ҳаётликларида ҳазрат Хадича ва ҳазрат Зайнабдан бошқа бирор завжалари ўлмаганлар.

6. Ҳазрат Умму Салама

розийаллоҳу анҳо

Умму Саламанинг асли исмлари Ҳинд эди. Илк завжи Абуласад ўғли Абдуллоҳ Абу Салама номи билан танилган саҳобий эди. Булар бирга мусулмон бўлишган, Ҳабашистонга ҳам бирга ҳижрат қилишган, ўғиллари Салама ўша ерда туғилган эди. Ҳабашистондан Маккага қайтгач, Умму Салама Маккадан Мадинага ҳижрат қилдилар.

Умму Саламанинг завжи жуда жасур эди. Бадр ва Уҳуд ғазотларида бўлди. Уҳудда яраланди. Ҳижратнинг тўртинчи йили вафот этди. Расули акрам Абу Саламани жуда яхши кўрардилар. Ўлаётганида бошида бўлдилар. Сўнгги дақиқаларда унга тасалли бердилар. Ўз қўллари билан кўзларини ёпиб қўйдилар. Жаноза намозини тўққиз такбир билан ўқиганларида ҳамма янглишиб ошиқча такбир олдилармикан, деб ўйлади. Шунда Расули акрам "Абу Саламанинг минг такбирга ҳам лойиқлигини" айтдилар.

Абу Саламанинг вафоти асносида завжаси ҳомиладор эди. Умму Салама болани туғдилар. Идда муддатлари ўтди ҳам. Лекин завжи Абу Саламанинг вафотидан кейин жуда ёмон аҳволга тушиб қолган эдилар. Расули акрам завжининг ўлимидан роппа-роса тўрт ой кейин Умму Саламага уйланиш ҳақидаги таклифларини маълум қилдилар. Умму Салама аввалига тараддудландилар: "Менинг ёшим ўтган. Расули акрам мендан не саодат топадилар?! Устига устак, бир ўғлим, бир неча қизим бор. Мизожим ҳам жуда қизғончиқдир". Ҳазрат Пайғамбар буларнинг ҳаммасини хуш кўришликларини билдирдилар. Умму Саламани никоҳлаб, ҳимояларига олдилар. Унга тасалли бердилар. Ҳижратнинг тўртинчи йили эди ўшанда.

Расули акрамнинг ҳамма завжалари ичида ҳазрат Умму Саламанинг энг охирида вафот этганлари ҳақида Сийрат ёзувчилари якдилдирлар. Умму Салама ҳижратнинг эллик тўққизинчи санаси саксон тўрт ёшларида вафот этдилар. Мадинада Бақиъ қабристонига кўмилдилар.

Фазл ва карам жиҳатидан ҳазрат Оишадан сўнгра Умму Салама келишларини Ибн Саъд "Табақот"ида билдиргандир. Ҳадис ривоятида ҳам ҳазрат Оишадан бошқа ҳамма кундошларидан устун эдилар. Ҳудайбия муоҳадасида энг буюк хизматни адо этган эдилар ("Ҳудайбия сулҳи" моддасига қаранг).

7. Ҳазрат Зайнаб розийаллоҳу анҳо

Расули акрамнинг завжалари орасида икки Зайнаб бор эди. Бирлари Ҳузайма қизи Зайнаб, бошқалари Жаҳш қизи Зайнабдир. Жаҳш қизи Зайнаб Пайғамбаримизнинг жуда яқин қариндошларидан эдилар. Бир тарафдан холаларининг қизи бўлсалар, бошқа тарафдан боболари Абдулмутталибнинг невараси эдилар. Ўзларини ҳазрат Оиша даражаларида тутардилар.

Жаҳш қизи Зайнабнинг биринчи завжи Расули акрамнинг озод қилган қуллари ва тутинган фарзандлари Зайд эди. Зайнабни Зайдга шахсан Расули акрам никоҳлаб берганлар. Ҳазрат Пайғамбар Зайнабнинг акалари Жаҳш ўғли Абудуллоҳдан Зайнабни Зайдга сўраб бордилар. Бироқ Расули акрамнинг бу таклифлари яхши қаршиланмади. Зайнабнинг ўзлари ҳам, валийлари ҳисобланган акалари Абдуллоҳ ҳам Зайдни истамадилар. Иккилари ҳам Пайғамбарнинг ўзларидан умидвор эдилар. Чунки Зайнаб асолат соҳиби* эдилар. Қурайш қабиласининг ҳошимий уруғидан эдилар. Айни пайтда Расули акрамнинг холаваччалари эдилар. Зайд эса озод қилинган бўлса-да, бир қул эди. Араб анъанасига кўра, асил бир аёл бир қулга турмушга чиқолмасди. Ҳолбуки, мусулмонлик бутун инсонларни яратилиши жиҳатидан тенг ҳисобларди. Қуръони карим: "Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир"5, дея марҳамат қилган ("Макканинг фатҳи" бобига қаранг).

Бинобарин, бу араб анъанаси йўқотилиши керак эди. Расули акрам бу йўлдаги тадбирни дастлаб ўз ақраболари ичида татбиқ қилишга киришдилар. Зайд ва Зайнабнинг турмуш қуришларини талаб этдилар. Бу билан мусулмонликдаги ҳақиқий тенгликни кўрсатмоқчи бўлдилар.

Расули акрамнинг бу таклифлари қаршисида Зайнаб истамай Зайдга турмушга чиқдилар. Бу билан арабларнинг эски анъанаси йиқитилди ва ўртадан кўтарилди. Буни энг катта бир инқилоб деса бўлади.

Лекин Зайд билан Зайнаб турмушдан масъуд бўлолмадилар. Оилавий бахтга эришолмадилар. Зайнаб ўта диндор ва Аллоҳдан ниҳоятда қўрқадиган бир хотин бўлганлари билан айни чоқда сулолалари, гўзалликлари билан ҳам фахрланардилар. Озод қилинган қулга турмушга чиққанларини ҳеч ҳазм қилолмадилар. Икки томон бир-бирини мувофиқ ва мос деб ҳисобламагани учун ораларидан тотувлик қочди, турмушлари қаттиқ издан чиқди. Зайнаб мағрур бўлганларидан эрлари Зайднинг қалбини ўкситар эдилар. Зайд ортиқ чидаёлмади. Расули акрамга мурожаат эди. Зайнабни қўйиб юборишини билдирди. Расули акрам бу ҳолдан жуда мутаассир бўлдилар. Чунки уларнинг оила қуришларига шахсан ўзлари сабаб бўлган эдилар. Уларни қўярда-қўймай никоҳлантирган эдилар. Анча вақтгача Зайдга: "Жуфтингни ўз ҳузурингда ушлагин (яъни, талоқ қилишга шошмагин), Аллоҳдан қўрққин", дея тавсия этиб турдилар6. Расули акрам ўзлари боғлаган бу издивож агар муваффақиятсизликка учраса, бу ҳақда албатта миш-миш гап чиқишидан ва бу муваффақиятсизликни ҳамма айтиб юришидан андишада эдилар. Лекин Қуръони карим: "Аллоҳ ошкор қилгувчи бўлган нарсани ичингизга яширган эдингиз ва Аллоҳдан қўрқишингиз ҳақроқ бўлгани ҳолда сиз одамлардан (яъни, уларнинг таъна қилишларидан) қўрққан эдингиз"7, дея марҳамат қилиб мушкулни осон қилди.

Зайд Расули акрамнинг барча танбеҳларига қарамасдан хотини Зайнабни қўйиб юборди. Чунки энди Зайд ҳам Зайнабдан нафратлана бошлаган эди.

Жоҳилият даврида арабларда бир анъана бор эди: тутинган фарзанд ҳам туғишган авлоддай ҳисобланар, унинг барча ҳақларига эгалик қиларди. Мусулмонлик бу одатни ҳам бекор қилди. Авлодликни (тутинган фарзандликни) фақат "дин қардоши" ўлароқ қабул этди. Қуръони карим авлодликнинг тул қолган завжасини никоҳлаб олишини маънавий оталарга ҳалол қилди8. Эскидан қолган бу одатнинг Қуръон ояти билан ўртадан олиб ташланиши бир зарурат ҳолини олган бўлди. Шу сабабли Расули акрам ҳам Зайнабнинг, ҳам ақраболарининг истаклари билан Зайнабни никоҳлаб олдилар. Зайнабнинг бутун ақраболарининг орзуи ҳам шу эди аслида. Расули акрам шахсан ташвиқ қилганлари бир издивожнинг яхши натижа бермаганига муқобил бу таклифни қабул қилиш мажбуриятида эдилар9. Бу борада ўзларини виждоний жиҳатдан қарздор (бурчли) ва вазифали ҳисоблаган эдилар.

Ислом душманлари мана шу жуда оддий масалани роса пуфлаб шиширадилар. Тилларига эрк бериб иддао этишларича, гўё Расули акрам қия очиқ бир эшикдан Зайнабни кўриб, гўзалликларига маҳлиё бўлганлар-у, Зайд бундан хабар топгач, Зайнабни қўйиб юборган, сўнгра уни ҳазрат Пайғамбар олган эмишлар.

Оврупанинг барча мутаассиб тарихчиларига эргашиб, баъзан мўътадил тарихчилар ҳам бу фикрни илгари сурмоқдалар. Улар ҳам Зайнабнинг Расули акрамга жуда яқин ақрабо эканларини, Мадинага ҳижрат қилган илк мусулмонлар орасида бўлганларини, Зайдга турмушга чиқмасдан олдин Расули акрамга қаллиқ бўлишни истаганларини эътироф этишади-ю, аммо бундан бу ёғида ифтиро (туҳмат, бўҳтон) бошлашади.

Расули акрам олдин Зайнабни олишга истакли бўлсалар эди, уни бокиралик пайтида олишларига ким монеъ бўла оларди? Ажабо, Расули акрам уни кўрмаганмидилар? Бундай даъво қилишга қандай ҳадлари сиғади? Ахир Зайнаб Пайғамбарнинг яқин қариндошларидан эдилар-ку! Зайнаб Зайдга тегмасларидан аввал хотинлар ҳали тасаттурга (ўранишликка) риоят этмасдилар. Зайнаб Зайдга, ундан кейин Расули акрамга никоҳланганларида ҳам ҳали тасаттур оятлари нозил бўлмаган эди. Ҳижоб ҳақидаги оят бу издивожларидан кейин келган.

Зайнабнинг яқин ақраболари сифатида ҳамда у онамиз мусулмонликни илк қабул қилганлардан бирлари экани эътибори билан Расули акрам уни мукаммал бир суратда танир эдилар, бундан ташқари Зайнабнинг ўзлари ҳам, оила аъзолари ҳам унинг Пайғамбар алайҳиссаломга тегишига тарафдор эдилар, шундай бир ҳолда, яъни ҳали Зайнаб бокираликларида уни жозибадан маҳрум этган, сўнгра "қия очиқ эшикдан кўрингач" (!) унга жозиба берган нима экан? Бу эртак шу қадар аҳмоқона бир уйдирмадирки, ақли салим бўлган ҳеч бир одам бу гапларни ҳеч қайси жиҳатдан қабул қила олмайди10.

Бироқ христиан тадқиқотчилари азбаройи христианлик таассуби туфайли ҳамда ўзларини қониқтириш учунгина бу каби чиркин ифтироларга аҳамият беришмоқда11.

Ҳазрат Зайнаб Расули акрамнинг вафотларидан кейин оламдан ўтган илк завжалари бўлдилар. Ҳазрат Зайнаб кафанларини ўзлари ҳозирлаганлар. Ҳазрат Умар замонларида вафот этдилар. Жаноза намозини халифа ўқиди.

8. Ҳазрат Умму Ҳабиба

розийаллоҳу анҳо

Ҳазрат Умму Ҳабибанинг исмлари Рамла эди. Ҳабиба исмли қизлари борлиги учун кунялари Умму Ҳабиба бўлди. Умму Ҳабиба қурайшийларнинг бошлиғи, Уҳуд ва Ҳандақ жангларида мушрикларга бош қўмондонлик қилган Абу Суфённинг қизи эдилар. Илк завжи Жаҳш ўғли Абдуллоҳ билан бирга Ҳабашистонга иккинчи қофила ила ҳижрат қилганлар. Абдуллоҳ Ҳабашистонда христиан бўлиб кетди, лекин Умму Ҳабиба мусулмонликда собит қолиб, эридан ажралдилар.

Умму Ҳабиба юксак мартабали оиладан бўлганлари учун бошқа киши билан турмуш қуролмадилар. Шу сабабли бегона бир юртда кимсасиз қолдилар. Ҳимояга муҳтож бир аҳволга тушдилар. Оталари Абу Суфён эса ҳануз мусулмон эмасди. Билъакс, мусулмонларнинг энг катта душмани эди. Бинобарин, Умму Ҳабиба оталарининг ёнига ҳам қайтолмас эдилар. Расули акрам вазиятдан хабар топдилар. Умму Ҳабибага тасалли бериш учун Ҳабашистонга бир элчи юбордилар. Ҳабаш нажошийсини (ҳукмдорини) вакил қилдилар. Умму Ҳабибани ўзларига никоҳлаб, ҳимояларига олдилар. Нажоший никоҳ маросимини ўша пайтда Ҳабашистонда турган Жаъфари Таййор ва бошқа мусулмонларнинг ҳузурида ўтказди, Расули акрам номларидан Умму Ҳабибага 400 динор маҳр (никоҳ бадали) берди. Ҳазрат Пайғамбар Ҳабашистонга элчини ҳижратнинг олтинчи йили юбордилар, никоҳ маросими эса ҳижратнинг еттинчи санаси ўтказилди12. Нажоший никоҳдан сўнг Умму Ҳабибани Мадинага юборди.

Умму Ҳабиба Расули акрамнинг пайғамбарлик даврларидан ўн етти йил олдин туғилганларига кўра, Пайғамбаримизга турмушга чиққанларида ўттиз етти ёшда эдилар. Ҳижратнинг қирқ тўртинчи санаси вафот этдилар. Мадинада кўмилдилар.

9. Ҳазрат Жувайрия розийаллоҳу анҳо

Ҳазрат Жувайрия Зиро ўғли Ҳориснинг қизи эдилар. Ҳорис Бани Мусталиқ қабиласининг раиси эди. Илк завжи ҳам Бани Мусталиқдан Сафвон ўғли Мусафиъ эди. Расули акрам Бани Мусталиққа қарши олиб борган Мурайсий ғазотида Жувайриянинг эрлари Сафвон ўғли Мусафиъ ўлган, ўзлари асирлар орасида қолган эдилар ("Маккалик бўлмаган мушрикларга қарши олиб борилган ҳарблар: Мурайсий ғазоти" бобига қаранг). Ҳазрат Жувайрия асҳобдан Қайс ўғли Собитнинг ҳиссасига тушган эдилар.

Исломий ҳукмларга кўра, асирлар соҳибларига бир миқдор пул бериб озодликка чиқишлари мумкин эди. Бироқ Жувайриянинг ёнларида етарли миқдорда пул йўқ эди. Расули акрамга мурожаат қилдилар. Ёрдам сўрадилар. Фидялари тўланди. Асирликдан қутулдилар, аммо қабилаларига қайтмадилар, ўз истак-хоҳишлари билан Расули акрамга никоҳландилар. Оқибатда қабилаларига мансуб жами асирларнинг ҳам қутулишига сабаб бўлдилар. Ривоят қилинишича, шу тариқа озод қилинган қул ва жорияларнинг сони етти юз бўлган13.

Ҳазрат Жувайрия ҳижратнинг олтмиш олтинчи санасида 65 ёшда вафот этдилар. Мадинадаги Бақиъ қабристонига кўмилдилар14.

10. Ҳазрат Сафиййа розийаллоҳу анҳо

Ҳазрат Сафиййа Ҳайбар фатҳи чоғида асир тушган эдилар (II китобдан "Яҳудийлар билан олиб борилган Ислом ҳарблари: Ҳайбар фатҳи" бобига қаранг). Оталари Аҳтоб ўғли Ҳуййа Бани Назир қабиласининг раиси, волидалари Бани Қурайза қабиласи раисининг қизи эди. Сафиййанинг асл номлари Зайнаб эди. Расули акрамнинг ҳиссаларига тушганлари учун Сафиййа дейилдилар.

Ҳазрат Сафиййанинг эрлари ҳам, оталари ҳам, акалари ҳам Ҳайбар жангида ўлган эдилар. Расули акрам яҳудийлар билан мусулмонлар ўртасидаги душманликни йўқотмоқчи бўлдилар. Сафиййани озод қилдилар, сўнгра никоҳларига олдилар. Сафиййа мусавий бўлиш билан бирга аслида араб эдилар15.

Сафиййа ҳижратнинг эллигинчи санаси вафот этдилар. Бақиъ қабристонига дафн этилдилар.

11. Ҳазрат Мория розийаллоҳу анҳо

Ҳижратнинг еттинчи санасида Миср ҳукмдори тарафидан Расули акрамга юборилган ҳадялар орасида икки мисрлик жория бор эди ("Мадина ҳаёти" бўлимидаги изоҳга қаранг). Булар Мадинага кетаркан, йўлда муршидлардан мусулмонликни ўрганишди ва мусулмон бўлишди. Жорияликдан ҳам чиқишди. Расули акрам булардан Мория исмли бирига уйландилар. Бу ҳодиса мисрликларга катта таъсир ўтказди. Кейинги Византия урушида мисрликларнинг бетараф қолишларига сабаб бўлди. Расули акрамнинг Иброҳим исмли энг кичик ўғиллари Мориядан туғилган эди. Мория Расули акрамнинг жориялари эмас, завжалари эдилар. Мориядан туғилган Иброҳим араб одатига кўра, бир сут берувчи онага берилди. Иброҳимнинг сут онага берилиши онаси Мориянинг ҳур ва асил бир хотин эканларини кўрсатади16.

Ҳазрат Мория ҳижратнинг ўн олтинчи йили вафот этдилар.

12. Ҳазрат Маймуна розийаллоҳу анҳо

Айни сана Маймуна исмли бир бошқа тул хотин Расули акрамга турмушга чиқиш истагини билдирди. Бу билан ўзини Расули акрамнинг хизматларига бағишламоқчи бўлди. Унинг орзуи рўёбга чиқарилди. Расули акрамнинг энг сўнг никоҳланганлари аёл ҳазрат Маймуна бўлдилар. Маймуна ҳазрат Аббоснинг қайинсинглиси - Аббоснинг завжаси Умму Фазлнинг синглиси эдилар. Никоҳ маросимини ўтказган ҳам Аббос бўлди. Ҳазрат Маймуна камбағал, ёшлари элликдан ошган бир хотин эдилар. Ҳижратнинг эллик биринчи санаси вафот этдилар. Жаноза намозларини Аббоснинг ўғли Абдуллоҳ ўқиди. Абдуллоҳ: "Бу Расули акрамнинг завжасидир. Шошиб юриб унинг тобутини чайқатиб юборманг! Унга ҳурмат учун секин юринглар!" деган эди.

II. Расули акрамнинг кўп

уйланишларининг сабаблари

Ислом душманлари Расули акрамнинг кўп хотинга уйланганликлари сабабини фақатгина шаҳватни қондиришда (!) деб кўрсатишга тиришади, мутлақо янглиш фикрларни ўртага қўяди. Ҳолбуки, тарихий ҳақиқатларга илмий ёндашилса, холис туриб, ниҳоятда чуқур тадқиқ қилинса, барча бу туҳматли иддаолар нақадар хато фикрлар экани, улар фақатгина кин-адоватга асосланган ботил талқинлардан иборатлиги равшан бўлади.

Расули акрам жаноблари ёшликнинг энг куч-қувватга тўлиқ паллаларида, Осиёнинг энг иссиқ ўлкаси бўлмиш Макка шаҳрида, йигирма беш ёшларига қадар ҳамшаҳарлари орасида иффат ва исматнинг, шараф ва номуснинг энг юксак бир мумассили ўлароқ танилдилар. Ваҳоланки, Арабистон каби бир иссиқ муҳитда эркакларда таносил қудрати 13-14 ёшларда камолга эришар эди.

Сарвари олам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам йигирма беш ёшдан то эллик ёшларига қадар ўзларидан ўн беш ёш катта, икки марта турмуш қурган тул хотин бўлган ҳазрат Хадича билан умр кечирдилар. У пайтлар аёллар очиқ кезишар, безакларини яширмас эдилар. Расули акрам ҳаётларининг пайғамбарликдан олдинги ўн беш санасини, пайғамбарлик даврларининг эса олдинги ўн санасини - жами йигирма беш йилини ҳазрат Хадича билан масъуд ҳолда яшадилар. Ҳаммага фазилатли бир оила намунасини кўрсатдилар.

Хадича онамиз ҳаётликларида бошқа бир аёлга уйланмадилар. Расули акрамнинг етти фарзандларидан (уч ўғил, тўрт қиз) олтитаси Хадичадан туғилди. Буларнинг иккитаси ўғил, тўрттаси қиз эди. Ўғил фарзандлар ёшликларидаёқ ўлдилар. Ҳар оила соҳиби каби Расули акрам ҳам бир ўғил фарзанд кўришни истардилар. Бу сабабдан яна бир ёхуд бир неча хотин олишлари мумкин эди. Мамлакатнинг у замондаги урф-одати ҳам бунга монеъ эмас эди. Айни пайтда у кишига бир неча таклифлар ҳам тушди. Лекин ҳазрат Пайғамбар бу ҳақда ҳатто ўйлаб ҳам кўрмадилар.

Ҳазрат Хадичанинг вафотларидан сўнг эллик ёшда эканлар, фақат ҳазрат Савдага уйландилар. Шу ҳолга кўра, Расули акрам эллик уч ёшларига қадар бир завжали эдилар.

Расули акрамнинг кўп завжа олишлари, "кўп завжали" бўлишлари Мадина даврида эллик уч ёшларидан кейин, ҳаётларининг сўнгги палласига тўғри келади. Бунинг ҳам бир неча ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, ахлоқий ва диний каби ғоят муҳим сабаблари бор.

1. Маккалик ҳазрат Оиша билан мисрлик ҳазрат Мориядан ташқари Расули акрамнинг бошқа бутун завжалари ё тул ёки оиласидан ажрашган хотинлар эди. Агар баҳс мавзуи шаҳват бўлса, инсон руҳининг тул хотинлардан кўра ёш ва бокира қизларни танлаши сир эмас. Шаҳват ҳирси бокираликни қидиради. Дин душманларининг чиркин иснодлари каби Расули акрам фақатгина шаҳватни ўйлаб кўп уйланган бўлсалар эди, бундай истакни қондиришга яроқли Мадинада муҳожирлар ва ансорнинг жуда гўзал қизлари бор эди. Ҳар қандай бир мусулмон ўз қизини Пайғамбарга беришни шараф деб билар, қизлар ҳам Пайғамбар завжаси бўлишни жон-дилдан орзу этар эдилар.

Ҳолбуки, Расули акрамнинг мақсадлари жуда юксак эди. Ўртоқларининг тулларини, етимларини ҳимоя этмоқ эди. Расули акрам ўз никоҳларига олган аёллардан бир қисми ё жангда шаҳид кетган ёки бошқа тарзда йўқотилган дўстларининг туллари ва ёхуд ҳимояга муҳтож кимсасиз хотинлар ва етимлар эди17. (Ҳазрат Савда, Ҳузайма қизи Зайнаб, Умму Салама, Умму Ҳабиба, Маймуна билан боғлиқ бўлимларга қаранг.)

Умму Салама, Умму Ҳабиба, Зайнабларнинг учалови ҳам тул эдилар. Учовлари ҳам бутпарастларнинг душманлиги туфайли ҳимоядан маҳрум қолган эдилар. Ё буларнинг ақрабоси уларга муованат берадиган ҳолда эмасдилар ва ёхуд ёрдам беришни хоҳламасдилар18.

2. Бадр ва Уҳуд каби ғазотларда мусулмонлар жуда кўп шаҳид берган, аёллар билан эркаклар ўртасида мувозанат бузила бошлаган, яъни аёлларга нисбатан эркаклар камайган эди. Ҳолбуки, мусулмон аёл ўз динидан бўлмаган бир эркакка мутлақо турмушга чиқа олмасди. Ислом дини бунга асло рухсат бермайди.

Расули акрам ғазотларда шаҳид бўлган ўртоқларининг завжаларига уйланишни асҳобларига тарғиб қилдилар, ўзлари ҳам бу ишда ўртоқларига йўлбошчи бўлдилар.

Аёлларнинг эҳтиёжи баъзи сиёсатдонлар айтганидай, фақат озиқ-овқатдангина иборат эмас. Ҳимояга муҳтож бу каби аёлларнинг жинсий эҳтиёжларини ҳам таъмин этмоқ лозим. Акс ҳолда ахлоқ жиҳатидан йўлдан адашишлари, пировардида бир миллатнинг (мусулмонларнинг) борлиғи тахликага тушиши мумкин эди.

"Юксак ахлоқни мукаммаллаштириш (тамомламоқ) учун" юборилганликларини эълон этган19 Расули акрам хотинларнинг баданий эҳтиёжларидан ташқари уларнинг иффатларини ҳимоя қилиш йўлидаги саъйлари билан ҳам нақадар ахлоқли эканликларини намоён қилдилар20.

3. Расули акрам борлиқларини у кишига боғлаган асҳобдан баъзиларининг бу боғлиқликларини ақраболик ришталари билан ҳам мустаҳкамламоқчи бўлдилар, завжаларидан бир қисмини шу тушунчаларга кўра никоҳларига олдилар. (Ҳазрат Оиша, Ҳафса, Жаҳш қизи Зайнаб билан боғлиқ бўлимларга қаранг.)

Абу Бакрнинг қизлари ҳазрат Оишани ва Умарнинг қизлари Ҳафсани никоҳлаб олиш билан ҳазрат Абу Бакрни ва ҳазрат Умарни, қизларини бериб эса ҳазрат Усмон билан ҳазрат Алини ўзларига боғладилар, ҳозирча оз сонли Ислом жамоатини қариндошлик иплари орқали янада мустаҳкамладилар.

4. Расули акрам никоҳлаб олганлари завжаларидан яна бир қисми сулҳни сақлаб қолишга ёрдам берган душман қабилаларидан эди. (Ҳазрат Жувайрия, Сафиййа, Мория бўлимларига қаранг.)

5. Ҳазрат Пайғамбаримиз Мадина даврида, яъни 53 ёшдан сўнгра турли томонлардан бир неча хотинга уйланганларининг сабаблари ичида энг муҳими диний сабаб эди. Ҳатто диний сабаб барча бу сабабларнинг энг бошидан жой олади. Исломда фақатгина хотинларга тегишли бўлган ҳукмлар бор эдики, бу ҳукмларни Пайғамбаримиз хотинларга тўғридан-тўғри сўзлай олмасдилар. Бу ҳукмлар хотинларнинг маҳрамиятига оид масалалар эди. Хотинларнинг кўплаб саволларига жавоб беришни Расули акрам завжаларига қолдирар эдилар. Бу ҳақиқатни бизга ҳадиси шарифлар билдиради. Ҳолбуки, бундай муҳим бир диний вазифани бир хотин ёлғиз боши билан бажариши мумкин эмасди.

Турли масалаларни тўлалигича тушуна билиш учун турли даражадаги заколарга эҳтиёж сезилади. Жаноб Пайғамбаримиздан илгари келган бошқа пайғамбарларнинг кўп завжага уйланишларининг бош сабаби ҳам мана шу диний асослардир.

Расули акрамнинг сўзларини, ишларини бутун инжаликлари билан нақл эта билиш учун бир неча завжанинг бўлиши лозим ва зарурий эди. Ҳатто завжалари ичида ҳазрат Оишанинг Расули акрам томонларидан кўп севилган ва тақдирланганлари ҳам Пайғамбаримизнинг бу онамизга ўргатганлари диний масалаларни қабул қилишда, англашда буюк қобилият ва зако кўрсатганлари туфайли эди. Ҳолбуки, ҳазрат Зайнаб билан Сафиййа ҳазрат Оишадан янада чиройли эдилар21.

Аслида пайғамбарлар тарихида "кўп уйланишлик иши" фақат Расули акрамнинг ҳаётларидагина кўрилган эмас. Бу ҳол ўзларидан аввалги пайғамбарларда ҳам бор эди. Ҳазрат Иброҳим бир завжали эмасдилар. Ҳазрат Ёқуб, ҳазрат Мусо, ҳазрат Довуд шундай эдилар, никоҳларида ёлғиз бир хотин эмасди. Ҳатто Сулаймон пайғамбарнинг уч юз никоҳлиси, етти юз жорияси - жами мингта завжаси бўлганлиги ривоят қилинади22. Инжилларнинг билдиришича, пайғамбарлар ичида фақат ҳазрат Исо завжасиз ўтдилар. Бироқ ҳазрат Исонинг бу бўйдоқлик ҳаётлари инсониятга намуна бўлолмайди. Чунки роҳиблик ҳаёти (уйланмасдан ўтиш) дунё ҳаётининг чўкиши демакдир.

6. Ҳижратнинг тўққизинчи санаси мусулмонлар эришган ғалабалар соясида қўлга киритилган ўлжалар туфайли Байтулмол (Хазина) бойиди, Мадинада асҳобнинг аҳволи яхшиланди, умумий фаравонлик ортди, ҳар киши саодатга қовушди. Фақат Расули акрамнинг саодатхоналари аввалги ҳолини сақлаб қолди. ("V. Расули акрамнинг яшаш тарзлари" бобига қаранг.) Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунё завқларидан бирор нарса кўзламаганлар. Баъзи пайтлар икки ойгача уйларида олов ёқилмагани ривоят этилади. Жаноб Пайғамбаримиз исроф ва сафоҳатдан батамом узоқ бир ҳаёт кечирдилар. Бутун ҳаётлари давомида бир кунда икки марта овқат еганлари кўринмаган. Бироқ Расули акрамнинг завжалари бу аҳволга чидай олмадилар. Ичларидан ғоят табиий ва инсоний орзу ўтди. Бошқа хотинлар каби умумий фароғатдан, ўзларига тушган ҳиссадан фойдаланмоқчи бўлдилар. Расули акрамга мурожаат қилдилар.

Чунончи, Расули акрамнинг завжалари ҳазрат Пайғамбарга завжа бўлмоқ шарафи соясида савияларини юксалтирган эдилар. Ўзлари ҳам Арабистондаги нуфузли оилалардан эдилар. Булардан Умму Ҳабиба Абу Суфённинг, Жувайрия Бани Мусталиқ бошлиғининг, Сафиййа Бани Назир бошлиғининг, Оиша ҳазрат Абу Бакрнинг, Ҳафса ҳазрат Умарнинг қизлари эдилар. Ҳаммаларининг Расули акрамга нисбатан севгилари зиёда эди. Аммо улар ҳам фитратан аёл эдилар.

Расули акрам завжаларининг юқоридагидай истакларидан мутаассир бўлдилар. Бир ой завжаларидан алоҳида яшамоқчи бўлдилар. Бир ҳужрага кирдилар. Илоъ (қасам) муддати бўлган бир ойни (29 кунни) шундай (завжаларидан айри) ўтказдилар. Ўшанда тахйир ҳақидаги оятлар келди. Нозил бўлган оятлар Расули акрамнинг завжаларини ё дунё зийнатига қовушиш, ё Пайғамбар завжаси ўлароқ қолиш каби икки йўлдан бирини танлашда ихтиёрли қилди23.

Бу очиқ-равшан оятлар кўрсатмоқдаки, Расули акрамнинг уйлари шаҳватхона эмас, одоб ва фазилат ўчоғи бўлган. Завжалари ҳам дунё зеб-зийнатлари билан машғул бўладиган, мол-дунёга ўч инсонлар эмасдилар. Уларнинг янада юксак ва муҳим вазифалари бор эди. Уларнинг вазифалари Расули акрам билан бир орада бўлиш, бу билан бутун инсониятга ва хоссатан аёлларга оид ҳазрат Пайғамбардан эшитганлари ва кўрганлари ҳар нарсани эсда тутиш ва ҳамжинсларига ўргатиш эди. Шу сабабдан ҳамма завжалари дунё зийнатини эмас, Расули акрам билан бирга яшашни танладилар.

Айни пайтда Пайғамбаримизнинг завжалари мўминларнинг оналари (уммуҳати муъминийн) ҳам эдилар. Бир мусулмон онасига уйлана олмаганидек, Расули акрамдан кейин у зотнинг завжаларидан бирортасига ҳам ҳеч ким уйлана олмасди. Бу ишни Қуръони карим тақиқлаган24.

III. Исломда кўпхотинлилик масаласи

Қачон "Ислом динида уйланиш" мавзуи ўртага қўйилса, дарҳол кўпларнинг хаёлига "биттадан кўп хотин олиш" келади. Гўё "кўп хотинга уйланиш" масаласини чиқарган Ислом дини (!) эмиш. Ваҳоланки, бу қаноат жуда янглиш, бу тушунча жуда хатодир. Тарихий ҳақиқатга ҳам уйғун эмасдир.

"Тааддуду завжот" (оврупача айтганда "полигамиа") деб ном олган "биттадан кўп хотинга уйланиш" одати қадим замонлардан бери яшаб келади ва деярли ҳамма халқларда мавжуддир. Шарқ халқларининг ҳаммасида (мадлар, бобиллар, асурлар, эронликлар орасида) бу одат жуда кенг ёйилган эди. Ҳатто бу халқларда бир эркак қанча хотин ола олиши мумкин эканлиги аниқ эмасди. Ҳиндистонда брахманларнинг юқори табақаси бугун ҳам хоҳлаганича хотин олиш ҳаққига эгадир.

Ҳазрат Мусодан илгари Бани Исроил орасида "тааддуду завжот" қайдсиз, шартсиз яшаб келган. Ҳазрат Мусо бу одатни ҳеч бир тарзда чегараламадилар. Зардушт (оташпараст) динида бўлган қадимги эронликлар кўп хотин олибгина қолмай, бу одатни қаттиқ ташвиқ этишар эди. Финикаликлар орасида "тааддуду завжот" ҳайвонлик даражасига қадар туширилган эди.

Оврупанинг турли минтақаларида, Осиёнинг ғарбида (тракияликларда, лидяликларда, палажларда) кўп хотинга уйланиш одати бор эди. Қадимги тарихда энг маданий (ривожланган) ва маданиятли деб танилган Афинада аёл катта бозорларда сотилар, бошқаларга топширилар, завқ воситаси ҳисобланар эди. Айни пайтда аёл уй ишлари учун, бола туғиш учунгина лозим эди. Бир афиналик хоҳлаганича миқдорда хотин олиши мумкин эди.

Қадимги юнонлардан спарталикларда эса эркаклар учун бирдан ортиқ хотин олиш хусусий шартларга боғлиқ бўлгани ҳолда аёллар деярли ҳар доим бирдан ошиқ эркакка турмушга чиқа оларди25. Бунга "тааддуду азвож - бирдан зиёда завж" дейилади.

Илк даврларда румликларнинг Италияда яшаган атрусклар билан алоқасидан кейин "тааддуду завжот" одати румликларга ҳам кирди. Рум императорлигининг сўнгги даврларида Румда аёлларни алмаштириш ва кира билан уйланиш одати бемалол татбиқ этилган.

Христиан черкови дин одамларининг раббониятида (бўйдоқликда) сабот этишларини шиддат билан буюргани ҳолда роҳиблар (поплар) усқуфларга (епископларга) мурожаат қилиб, бир рухсатнома олар, ғайри машруъ аёллар билан яшар эдилар26.

Оврупанинг ғарб қисмида ҳам "тааддуду завжот" одати мавжуд эди. Жерменларнинг (олмонларнинг) юқори табақалари орасида 19-асргача тааддуду завжот одати давом этиб келарди27.

Кўриняптики, Расули акрам яшаган, пайғамбарлик вазифаларини адо этишни бошлаган чоқда фақат араблар орасида эмас, дунёнинг деярли ҳар тарафида "тааддуду завжот" одати мавжуд, ҳатто энг ёмон бир шаклда давом этаётган эди28.

Чунончи, Ислом дини тааддуду завжотни бутунлай бекор қилмади. Фақат адолатни асос қилиб, ёмонликнинг олдини олди. Қуръони карим: "Сизлар учун никоҳи ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар. Энди агар (улар орасида) адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, бир аёлга (уйланинг) ёки қўл остингиздаги чўри билан (кифояланинг)"29, дейилгандир.

Бундан кейинги оятларда эса: "Ҳар қанча уринсангизлар ҳам, хотинларингиз ўртасида адолат қилишга қодир бўлмайсизлар"30, дея марҳамат қилинган.

Амир Али дейдики: "Қуръони каримда олдин икки, уч, тўрт аёлга уйланиш мумкинлиги билдирилади. Аммо улар ўртасида адолат юритишдан андиша этилса (қўрқилса), фақат битта хотин олиш лозимлиги илова этилади. Ояти каримада аҳамиятли бўлган нуқта "адолат" калимасидир. Бу калиманинг аҳамияти Ислом мутафаккирларининг назаридан четда қолмаган. Адолат тушунчаси фақат уй эҳтиёжида мусаввот (тенглик) эмас, айни пайтда муҳаббатда, ҳурматда ҳам мусаввотни ифода этади. Ваҳоланки, туйғуда адолатни, тенгликни таъминлаш деярли имконсиз бўлгани учун Қуръони карим баҳс этаётган бу рухсат худди ман даражасидаги мусомаҳадир. Шу сабабдан аббосий халифа Маъмун замонида мўътазила олимлари Қуръон бир завжани назарда тутган, деб чиқишган эди"31.

Сарвари олам Пайғамбаримиз бутун инсонлар учун энг мукаммал бир ўрнак эдилар. Эллик уч ёшгача бир завжа билан ҳаёт кечиришлари табиий шартлар ичида бир завжанинг асос (мақбул) эканини кўрсатади. Аммо аввалги пайғамбарларда кўрилгани каби "тааддуду завжот" одати ҳам бус-бутун ёмон бир ўрнак эмас. Ҳар вақт бўлмаса-да, баъзи ҳолларда, таб




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ