Пайғамбар алайҳиссаломнинг даъват услубидаги ҳикматларининг комиллиги (15)

2 йил аввал 1220 siyrat.uz

Ҳақиқий даъват ҳужжат асосига қурилганидагина, даъватчи барча ҳикмат йўлларини тутиб, бор гўзал одобларни қўллаганидагина илдизи мустаҳкам бўлади, шохлари бўй чўзиб, мева беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ислом динига даъватлари ҳам худди мана шундай бўлган. Чунки ул Зотнинг даъватлари инсонларнинг ақллари қабул қиладиган, эшитишга интиладиган ҳикматларга бой эди. Пайғамбар алайҳиссалом панд-насиҳатларида муваффақиятни таъминлайдиган йўлларга риоя қилиб, ҳар бир маконга муносиб сўзлардилар, ҳар бир маъноларни ўзига мос либослар билан зийнатлардилар. Ҳар хил тоифа инсонларнинг ақлларига мос хутба қилардилар ҳамда уларнинг қизиқишларини уйғотадиган, гумроҳликдан қайтишга энг тез таъсир қиладиган гўзал хулқ ила муомалада бўлардилар. Расулуллоҳ доимо ҳақ йўлига чақириб, даъват асносида Қуръони каримдан далил-ҳужжатни ўқиб берардилар. Диндаги бирор асл қоидаларга тўхталиб ўтсалар, албатта, унга ёрқин ҳужжатни келтириб, ундан барча шубҳаларни даф қилардилар. Ўз даъватларини ҳам ҳужжат ила қувватлаб, инсонларнинг қалбига турли шубҳаларни оралашига йўл қўймасдилар. Даъватларининг кўриниши юксак ҳикматларни ҳамда Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардаги гўзал ҳикматларни етказишдан иборат эдики, бу даъватларига қулоқ тутган одам Ислом дини бу узил-кесил ҳал қилувчи дин эканини ҳазил эмаслигини яққол билиб оларди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъват этишларидаги юксак ҳикматларидан яна бири қабиланинг обрўли кишиларига ҳадялар улашишларидир. Чунки ҳадялар гина-адоватларни бартараф этиб, узилган алоқаларни дўстлик ила боғлайди. Шунингдек, қалбларни даъватнинг рост эканини тасдиқ этишига ҳозирлайди. Албатта, Расулуллоҳнинг қабила зодагонлари билан бундай муносабатда бўлишларига сабаб, ул Зот алайҳиссалом уларнинг иймонлари турли фитналарга қалқиб кетмайдиган даражада қалбларига мустаҳкам ўрнашмаганлигини билганларидан эди. Мана ўзлари бундай кишиларга ишора қилиб шундай деганлар: «Албатта, мен (фалон) кишига ҳадя бераман, ваҳоланки, ундан бошқа кишига бермоғим афзалроқдир, фақат Аллоҳ таоло ўша кишини жаҳаннамга юз тубан ҳолатида улоқтиришидан қўрққаним учунгина шундай қиламан». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ваалламнинг даъват этишларидаги одобларидан яна бири, у Зот давъат олдидан сабрлилик, юмшоқлик ва бардошлилик каби юксак фазилатлар ила зийнатланиб олардилар. Мулойимлик ила даъват қилардилар. Нодон кишини юз ўгириш билан, ёмонлик қиладиган кишиларни эса афв ва яхшилик қилиш ила қарши олардилар. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан кўп зиёнлар Қурайш мушриклари, аҳмоқлари ва калтафаҳмлари томонидан етар эди. Лекин шундай бўлишига қарамай, ул Зот бундай азиятларни сабр ила кутиб олардилар, ўз навбатида даъват қилишларидаги азму қарорлари, эркинлик, ҳотиржамликларидан бироз бўлса-да чекинмас эдилар. Айрим мунофиқлар ва қўпол саҳройи кишилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қанча-қанча тўҳмат-бўҳтон тошларини ёғдирардилар. Лекин уларга жавоблари – кечириш ёки табассум қилиб қўйиш ва эзгулик қилиш бўларди, холос. Керак бўлмаган нарсани қилган кишига одоб ва танбеҳ беришларида ҳам гўзал йўл тутгандилар. Ҳатто бирор киши хато қилиб қўйса, қайтариқни айни ўзига қарата айтмасдан умумий қилиб айтардилар, масалан: «Мен қиладиган нарсадан ўзини тиядиган қавмларнинг оқибати нима кечар экан, Аллоҳга қасамки, мен улардан кўра Аллоҳ таолони билувчироқ ва У Зотдан қўрқувчироқман». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъват қилишларидаги ҳикматларидан яна бири инсонларга панд-насиҳатни ҳадеб қилавермасдан, балки уларнинг ваъз-насиҳатга эҳтиёжлари тушган ва эшитишга иштиёқманд бўлган вақтни топишга ҳаракат қилардилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни зериктириб қўйишдан қўрқиб гоҳ-гоҳида панд-насиҳат қилиб турардилар». Ул Зот алайҳиссалом подшоҳлар, турли табақадаги кишиларга мактубларни юборишларида қисқача баён этиш йўлини тутгандилар. Даъват қилишни, далил-ҳужжатларни баён этишни ҳамда шубҳаларни бартараф этиш масаласини мактубларни бориб етказадиган элчиларга топширардилар. Чунки бундай ишларни бажариш саҳобалар қўлидан келарди. Нажрон аҳлига Амр ибн Ос орқали юборган мактубларида шундай марҳамат қилганлар: «Аммо баъд. Албатта, мен сизларни бандаларга ибодат қилишдан ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилишга, бандаларни бошлиқ қилишдан ёлғиз Аллоҳ таолони бошлиқ қилиб олишларингизга даъват қиламан, агар бош тортсангиз, жизя тўлайсизлар, агар жизя беришдан ҳам юз ўгирсангиз, унда мен сизларга қарши урушни эълон қиламан, тамом вассалом». Пайғамбар алайҳиссалом савол сўровчиларга гўзал услубда жавоб берардилар. Ул Зот саволга умумий шаклда жавоб айтардилар.  Савол берган киши жавобга қониққанидан «Ҳа», ёки «Йўқ», деб жавоб бериши етарли бўларди. Маҳориблик бир кишини илгари жоҳилият даврида қабилалар орасида даврага чиқиб ўзини-ўзи кўз-кўз қилиб юрган кунлари қийнар эди. Бир куни Маҳориб гуруҳлари билан Расулуллоҳ ҳузурларига келиб ўзидаги кечинмаларини айтиб берди. Сўнгра: «Меннинг гуноҳларимни кечиришини Аллоҳ таолодан сўранг», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом (динини қабул қилиш) олдинги куфр амалларни ўчиради», деб айтдилар. Даъватдаги услубларидан яна бир кўриниш: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даъват асносида ажойиб ўхшатишлар ва гўзал зарбулмасаллар келтириб ўтардилар. Чунки Исломга чақиришда ташбеҳлар, мисоллар келтиришнинг яширин ҳақиқатларни равшан, тушунарсиз, номаълум маъноларни барчага тушунарли бўлишига катта таъсири бордир. Бу борада биз эшитиб келган ҳадисларимизнинг энг гўзалларидан бири: «Сиз мўминларни ўзаро дўстлашишлари, бир-бирларига меҳр-шавқатли, ҳамдардли бўлишларида бамисоли бир жасад эканини кўрасиз. Агар жасаднинг бир аъзоси (касалликдан) шикоят қилса, бошқа аъзолари  ҳам бедор бўлишда, безгак тутишда ҳамдард бўлади». Пайғамбар алайҳиссаломнинг Исломга чақиришдаги сиёсатлари – Расулуллоҳ ҳар бир қавмга ўзлари тушунадиган сўзлар билан гаплашардилар. Бирор кишига ақли етмайдиган сўзлар билан гапиришдан эҳтиёт бўлардилар. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: «Инсонлар билан улар тушунадиган сўзлар орқали гаплашинглар, ахир сизлар Аллоҳ ва Расулини ёлғонга чиқарилишини истамайсизлар-ку?». Баъзида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ишни қилмоқчи бўлган кишига мувофиқ иш қилардилар. Албатта, ундай ишлар зарар келтириб чиқармайдиган одатий ишлардан бўлар эди. Бир куни баъзи подшоҳларни Исломга даъват қилиш мақсадида мактуб жўнатмоқчи бўлиб турганларида, ул Зотга: «Улар муҳрланган мактубнигина очиб ўқийдилар», деб айтилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳр қўйиш учун бир кумуш узук тақдилар. Узукда «Муҳаммадур расулуллоҳ» ёзуви нақшланган эди. Айрим ҳолларда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарк қилинса, зарар бўлмайдиган ишларни фитнадан сақланиш мақсадида ҳам қилмай қўяверардилар. Масалан, Каъбани бузиб, Иброҳим алайҳиссалом кўтарган пойдеворигача етказиб қўйиш. Бу ишни энди Исломни қабул қилган қавм нотўғри тушунмасин, деб  тарк қилганлар. Бу борада Оиша онамизга: «Қавмингиз энди Исломга кирган бўлмаганларида эди, уларга байтуллоҳни бузишларига буюрардим. Кейин ундан чиқарилган нарсаларни қайта киргизиб Иброҳим алайҳиссаломнинг пойдеворигача етказиб қўйган бўлардим», деганлар.   «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ал-инсон ал-комил» (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам − комил инсон) китобидан таржима қилинди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 6-куни

Ҳижрий 322-йил 6-жумодал-аввал куни (милодий 934-йил 24-апрел) «Розий» лақаби билан танилган Абул Аббос Аҳмад Муқтадир ибн Муваффиқ Толҳа ибн Мутаваккил Аббосийлар давлати халифаси бўлди. У Аббосийлар давлатининг йигирманчи халифаси бўлиб, давлатни 7 йил бошқарган.

Ҳижрий 982-йил 6-жумодал-аввал куни (милодий 1574-йил 24-август) Усмонлилар давлати испанлар қўл остида бўлган Тунис давлатини «Ҳалқул-вод» қалъасини фатҳ қилгандан сўнг қўлга киритди. Бу жангда 6 мингга яқин испан ва италиялик жангчилар қатл қилинди, 3 минг аскар асир олинди ва 225 та қирол ўлжа қилиб олинди. 



Китоблар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва аҳли байт

Китобдаги сўз бошидан...     Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм     Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Аллоҳнинг Расулига салавот ва саломлар бўлсин!      Аммо баъд:    давоми...

Мавлуди шариф

Юртимизда, бошқа исломий ўлкаларда бўлганидек, мавлуди шариф маросимлари ўтказиб келинган ва уларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга бағишланган турли наътлар, қасидалар, Навоий, Фузулий каби мумтоз давоми...

Мавлид

Ушбу китоб халқимиз ўртасида «Мавлид» номи билан машҳур бўлган, улуғ олим, буюк адиб Саййид Жаъфар ибн Ҳасан Барзанжийнинг «Иқдул-жавҳар фи мавлидун-Набиййил-Азҳар» («Порлоқ юзли Набийнинг мавлидлари давоми...

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни йиғлатган ҳодисалар

Insoniyat komiligining timsoli qilib yaratilgan Payg’ambarimiz ham nahotki ko’z yoshi to’kkan bo’lsalar? Qur'on va hadisda ko’z yoshi haqida nimalar dеyilgan? Payg’ambarimiz va sahobalar ko’zyoshlarining sabablari nimada? Ushbu kitobni o’qib shu kabi savollarga to’la javob olasiz. давоми...

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга насиҳатлари

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду сано бўлсин. У ҳамма нарсани Китобида баён қилди, каломи шарифининг барча асрорларини Расулига билдирди ва бизга йўл давоми...

ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ