МУҲАММАД СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМГА КИМ ТАЪЛИМ БЕРГАН?

3 йил аввал 1588 siyrat.uz

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етим ҳолда вояга етдилар. У Зот оталарини кўрмаганлар. Волидаи муҳтарамаларидан ҳам ҳеч нарсани таълим олмаганлар. Чунки у Зот эмизиклик ҳолатлари мукаммал бўлиши ва чўлда ҳаёт қийинчиликларига ўрганишлари учун саҳрога юборилганлар. Ислом келишидан олдин арабларнинг мана шундай одати бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам деярли беш йил оналаридан узоқ ҳолда саҳрода яшадилар. Олти ёшга тўлганларида оналаридан ҳам айрилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қарамоғига олган боболари ҳам у Зот саккиз ёшга тўлганларида вафот этди. У Зот билан узоқ йиллар бирга бўлган амакилари Абу Толиб эса таълим бериш ишларига эътибор бермаган. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмайдиган саводсиз ҳолда улғайдилар. Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам адабиёт, шеър, шеърхонлик мажлислари ва давраларига қизиқмас эдилар. Бу борада қавмлари ниҳоятда моҳир ва бу ишларга катта эътибор берар эди. Ҳатто энг зўр қасидани Каъбанинг деворига осиб қўяр ва бу билан ўша қасидани ёзган шоирни улуғлардилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа маданиятлар, динлар ва цивилизацияларни ўрганиш имконини берадиган таълим тарбиянинг барча масдарларидан йироқ бўлганларидаги ҳикмат у Зотни осмон рисолати ва Аллоҳ таолонинг Ўзи таълим беришига тайёрлаш учун бўлган  бўлса, ажаб эмас. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:«Аллоҳ сенга китобни ва ҳикматни туширди ҳамда билмаган нарсангни билдирди. Ва сенга Аллоҳнинг фазли улуғ бўлди» (Нисо сураси, 113-оят); «Сен китоб нималигини ҳам, иймон нималигини ҳам идрок қилмас эдинг. Лекин Биз уни бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан кимни хоҳласак, ҳидоят қилурмиз. Албатта, сен тўғри йўлга ҳидоят қилурсан» (Шуро сураси, 52-оят). Шунингдек, у Зот Макка шаҳрида таваллуд топдилар. Бу жойни ҳар тарафдан тоғлар ўраб олган бўлиб, маданиятдан анча йироқ эди. Бу ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам чақираётган рисолат илоҳий рисолат эканига далолат қилар эди. Чунки тўрт томони тоғлар билан ўралган мана шундай саҳрода яшайдиган саводсиз, бирор устознинг ҳузурида таълим олмаган, бирор тарбиячининг қўлида тарбия кўрмаган, бирор китоб ўқимаган ва қўли билан ҳеч нарса ёзмаган киши хоҳ ақида тарафидан, хоҳ ибодат жиҳатидан, хоҳ хулқ атвор ёки муомала одоблари хусусида бўлсин, ҳар тарафлама мукаммал улуғ бир динни пайдо қилиши ҳақиқатдан йироқ. Боз устига бу динда ҳаётнинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, руҳий ва ҳарбий соҳаларида кўплаб ҳикматлар учрайди. Яна бу саводсиз Киши «Қуръон» деб номланган бир китобни таълиф қилади ва фасоҳату балоғатда машҳур бўлган арабларнинг барчасини унга ўхшаш биргина сура келтириб беришни сўраб, курашга чорлайди. Барча араблар бу ишдан ожиз қолиб, ўзларининг ожиз эканликларини тан оладилар ва бу китобга таслим бўладилар. Сўнг бу саводсиз Киши ўз нафсидан келиб чиқиб бошқа фасоҳату балоғатда тенги йўқ сўзларни таълиф этади. Лекин бу сўзлар ўз назми ва мўъжизакорлигида аввалги каломдан фарқ қилади. У «Пайғамбар ҳадиси» деб ном олади. Қуръони карим ва Пайғамбар ҳадисларида пайғамбарлар ва расуллар ҳақида, улар ўз қавмларига нималарни айтгани, қавмлари уларга нима деб жавоб бергани ва ёлғончиларнинг оқибати қандай бўлгани ҳақидаги хабарлар келтириб ўтилган. Масалан Қуръонда Одам, Иброҳим, Мусо ва Исо алайҳимуссаломлар ҳақида келган қиссалар, улар орасида аҳли китоблар ўз китобларида айтиб ўтган маълумотларга мувофиқ келадигани, у китоблардаги маълумотларга тескари чиқадигани ва ўша китобларда зикр қилинмагани туфайли улардаги йўқ маълумотлар ҳам мавжуд. Бу киши ҳали содир бўлмаган ғайбий ишлар ҳақида хабар бергани ва улар қандай айтилган бўлса, худди шундай содир бўлишидан ташқари, бундан олдин инсониятга маълум бўлмаган ва яқин кунлардагина аниқланган илмий кашфиётларни ҳам айтиб ўтган. Етим ва саводсиз бўлган Кишига бу нарсаларнинг барчасини ким ўргатди? Ғайб олами ҳақидаги хабарларни ким билдирди? Олдин ўтган пайғамбарлар ҳақидаги хабарларни ким ҳикоя қилиб берди? Ҳатто ўша пайғамбарларнинг эргашувчилари ёки ўзини ўша Пайғамбарнинг эргашувчисиман деб даъво қилувчилар ҳам билмайдиган нозик қирраларини ҳам ўргатиб қўйди. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улуғликларидаги сирлар» китоби асосида Раҳматуллоҳ Аҳмаджон ўғли тайёрлади.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ