Умра қазоси

1 ўн йил аввал 2419 siyrat.uz

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрий еттинчи йили Зул-қаъда ойида Макка сари йўлга чиқдилар. Ўтган йили мана шу ойда мушриклар у Зотни Маккага киришдан тўсишган эди.

Ўтган йили Маккага бориб, эҳром боғлаб қила олмай қолган умранинг қазосини адо қилдилар. Ибн Саъд ўзининг «Табақот»ида келтиришича, Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам билан бирга умра қилувчи мусулмонларнинг адади икки минг эди. Улар Ҳудайбия сулҳида иштирок этганлар бўлиб, аҳли Ҳудайбиядан вафот этган ёки Хайбар жангида шаҳид бўлганлардан ташқари барчаси ушбу умрада иштирок этишди. Ибн Исҳоқ айтади: Курайш ўзаро: «Муҳаммад ва унинг асҳоби жуда кўп қийинчиликлар, (урушлар сабабли) заифлашиб кетган», дейишиб, Каъба яқинига томоша қилиш учун тизилиб туриб олишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Масжидул Ҳаромга киргач, ридоларини қўлтиқ тагига олиб, ўнг елкаларини очиб олдилар ва: «Бугун анавиларга ўзини кучли қилиб кўрсатган кишини Аллоҳ ўз раҳматига олсин», дедилар. Сўнг Рукни Ямонийни ўпиб ўзлари ҳам, саҳобалари ҳам бироз тезроқ, шаҳдам қадам ташлаб уч бор айландилар, қолган тўрт мартасини эса оддий юриш билан айландилар. Мана шу  сафарда Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи васаллам Ҳориснинг қизи Маймунага уйланганлар. Бир ривоятда эҳромдалик ҳолатларида уйланганлар (фақат  никоҳ  ўқилган,   холос)  дейилса,   бошқа ривоятда эҳромдан чиққандан кейин, дейилган. Никоҳлаган киши Маймуна онамизнинг опасининг завжи Аббос ибн Абдулмутталиб эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага кирганларига уч кун бўлгач, (бу уч кун мушриклар билан Маккада туришга келишилган муддат эди) мушриклар Али розияллоҳу анҳунинг олдиларига келишиб: «Соҳибингга айтиб қўй, белгиланган муддат тугади, энди чиқиб кетсин», дейишди. Бас, у Зот саҳобалар билан бирга чиқиб кетдилар».
Ибратли нукталар

Бу умра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага кириш ва Байтуллоҳни тавоф қилиш ҳақида саҳобаларига берган ваъданинг Илоҳий тасдиғидир. Умар розияллоху анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Ҳудайбия сулҳи асносида: «Биз Байтуллоҳга бориб уни тавоф қиламиз, деб айтмаганмидингиз?»деб сўраганида у Зот: «Ҳа, лекин шу йил тавоф қиласан, деб айтганмидим?»дедилар. Умар:«Йўқ», деди. У Зот: «Албатта, (Байтуллоҳга) борасан ва уни тавоф қиласан», дедилар. Бу умра ана ўша ваъданинг ижросидир. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти ҳам далолат қилади: «Албатта, Аллоҳ Ўз Пайғамбарига (у киши кўрган) тушни ҳаққи-рост қилди: албатта, сизлар (эй мўминлар), иншааллоҳ, Масжид ал-Ҳаромга тинч-омон, бошларингизни (сочларингизни) қирдирган ва (ёки) қисқартирган ҳолларингизда хавф-хатарсиз кирурсизлар. Бас, (Аллоҳ) сизлар билмаган нарсани билиб, ундан (Макка фатҳидан) олдин яқин бир ғалабани (Хайбар жангидаги ғалабани муяссар) қилди» (Фатҳ сураси, 27-оят). Яна бу умра келгуси йили воқеъ бўлган буюк Фатҳнинг муқаддимаси бўлди гўё. Чунки икки минг чоғли мусулмонларнинг Маккага кириб келишлари, Байтуллоҳ атрофида паҳлавонларча юриш қилишлари мушрикларнинг қалбларига қўрқув солиб қўйган эди. Улар мусулмонларни Мадинанинг касалликлари, иситмаси заифлатиб қўйган, деб гумон қилишар эди. Имом Муслим Ибн Аббосдан ривоят қиладики, мушриклар мусулмонларнинг Каъба атрофида ҳамда Сафо билан Марва оралиғида Рамал қилиб - шаҳдам қадам билан юришларини кўриб бир-бирларига: «Уларни (Мадинанинг) ҳарорати заифлаштириб қўйган деб айтган эдинг−ку?! Улар фалон-фалонлардан ҳам кучлироқ кўринадилар−ку», деб қолишган эди. Ушбу умра сафаридан қуйидаги ибратларни олишимиз мумкин: Биринчи: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашган ҳолда етти шавтлик тавофнинг аввалги уч мартасида тез юриш ва изтибоъ, яъни устки эҳромнинг ўртасини ўнг елканинг остига олиб ўраш ва худди шу ҳолатларни Сафо билан Марва оралиғидаги белгиланган жойда ҳам такрорлаш мустаҳабдир. Бу ҳолатлар фақат эркак кишиларга хос бўлиб, аёлларга мустаҳаб эмасдир. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам тўрт умра ва бир бор ҳаж қилганлар. Имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч умрани фақат Зул-Қаъда ойида ва бир умрани ҳаж билан бирга қилганлар.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ