Зирор масжиди

6 йил аввал 1307 siyrat.uz

Ибн Касир Саъд ибн Жубайрдан, Қатодадан, Урва ва яна бошқа бир қанча кишидан ривоят қиладики, Мадинада Хазраждан бўлган Абу Омир исмли бир роҳиб бор эди. Жоҳилият даврида насроний динини маҳкам тутган, хазражликлар орасида катта мавқеъга эга бўлган киши эди. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам Мадинага келиб, мусулмонлар у Зотнинг атрофларига жамланиб, Ислом калимаси олий бўла бошлагач, Абу Омир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга адоватини ошкор қила бошлади. Сўнг Маккага, Қурайш мушриклари олдига қочиб бориб, уларни у Зотга қарши жанг қилишга чақирди. Сўнг у Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг ишлари борган сари илгарилаб, юксалиб бораётганини кўргач, Рум подшоси Ҳерақл олдига ёрдам сўраб борди. Ҳерақл унга ёрдам беришни ваъда қилди. Ҳерақлнинг ваъдаларини қоғозга тушириб, ўзининг ҳамтовоқларига - Мадинадаги мунофиқларга мактуб йўллади. Сўнг уларга элчилар билан мактуб алмашиниб туриш учун ҳамда Абу Омир ўзи борганда кузатув жойи бўлиши учун бир қалъа қуришни буюрди.

Мазкур мактубдан сўнг Абу Омирнинг одамлари Қубо   масжиди   яқинига   бир   масжид   қуришга киришдилар. Уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотига чиқишларидан олдин қуриб битирдилар. Сўнг у Зотнинг олдиларига келиб, янги қурган     масжидларига     бориб     намоз     ўқиб беришларини сўрашди, токи у Зотнинг у жойда намоз ўқишлари билан ўз масжидларини тақрирлаб, исботлаб олмоқчи бўлишди. Улар бу масжидни қиш-қировли кунларда заифлар, ҳасталар кириб ўқишлари учун қурганларини айтишди. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни у жойда намоз ўқишдан сақлади. У Зот уларга: «Биз сафарга чиқиб кетаётган эдик, қайтиб келсак, иншааллоҳ ўқиймиз», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук жангидан Мадинага қайтгач, Мадинага етишга бир кун, ярим кунлик вақт қолганда Жаброил алайҳиссалом масжиди Зирор ва уни қурганлар асосланган куфр ҳақида ҳамда уларнинг мўминлар жамоатини тарқатиб юборишдан иборат мақсадлари тўғрисида хабар келтирди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага етиб боришларидан олдин ўша масжидни    бузиб    ташлаш    учун    одамларни юбордилар. Аллоҳ таолонинг ушбу ояти нозил бўлди:«Яна шундай кимсалар ҳам борки, улар (мўминларга) зиён етказиш, куфрни (кучайтириш) ва мўминлар ўртасига тафриқа солиш ҳамда илгари Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига қарши урушган (бир) кимсага кўз тутиш учун (фитна юзасидан) масжид қуриб олдилар. Яна: «Биз фақат яхшиликнигина истаган эдик», деб қасам ҳам ичадилар. Аллоҳ гувоҳлик берурки, улар шак-шубҳасиз, ёлғончидирлар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) ҳеч қачон у масжидда (намозга) турманг! Биринчи кундан тақво асосига қурилган масжид борки, Сиз ўшанда туришингиз лойиқроқ. Унда покликни севадиган кишилар бордир. Аллоҳ эса ўзларини мудом пок тутгувчи зотларни севар» (Тавба 107-108-оятлар).
Ибратли нукталар
Бу масжид қиссаси мунофиқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у Зотнинг саҳобаларига қарши уюштирган ҳийлаларининг чўққиси ҳисобланади. Бу сафар мунофикликнинг ўзи эмас, балки мусулмонларга қарши тил бириктирув ҳам бирга бўлди. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ишга муносабатлари ўзни билмаганга солиш ёки муҳлат беришни давом эттириш муносабати эмас, балки ўз Роббисининг ваҳийси билан узил-кесил ҳал қилиш муносабати бўлди. Бу қарор мунофиқлар ўраниб, яшириниб олган пардани йиртиш, масжид, деб даъво қилишган бинони вайрон қилиш, ёқиб юбориш қарори эди. Улар бу бинони мунофиқларнинг мусулмонларга қарши қиладиган ҳийла-найранглари, тил бириктирувларига фитна ўрдаси бўлиши учун қурган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу бинога нисбатан тутган йўллари Аллоҳ ва Расулига осийлик қилинаётган барча маконларни гарчи ўшандай маконларнинг ҳақиқати одамлар кўзидан яхшилик пардалари билан яширинса ҳам, бекор қилиш, йўқ қилиш, уларга ўт қўйиш кераклигига далолат қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Зирор масжидига бўлган муносабатлари шу бўлса, очиқдан-очиқ гуноҳ ишлар қилинаётган фаҳш, маъсият маконларига бўлган муносабатлари қандай бўлиши мумкин. Фикримиз далили учун тарихдан кўплаб мисолларни келтиришимиз мумкин, ана шулардан бири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ароқ сотиладиган қишлоқни бутунлай ёқиб юборганларидир.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Муҳаррамнинг 1-6 кунлари

Муҳаррамнинг 1-куни

Ҳижрий 1318-йил 1-муҳаррам куни Усмонлилар султони Абдулҳамид II Байтуллоҳни зиёрат қилувчи ҳожиларга хизмат қилиш ва сафар машаққатини енгиллатиш мақсадида темир йўл қуришга амр қилди. Темир йўл қурилиши 9 йилда батамом тугатилди.

 

Муҳаррамнинг 2-куни

Ҳижрий 99-йил 2-муҳаррам куни (милодий 718-йил 15-август) умавийлар даврида мусулмонлар Маслама ибн Абдулмалик қўмондонлигида Қастантинияни (ҳозирги Истанбулни) қамал қилдилар. Ва ниҳоят ҳижрий 857-йилга (милодий 1453-йил) келиб, Муҳаммад Фотиҳнинг бошчилигида Қастантиния фатҳ қилинди.

 

Муҳаррамнинг 3- куни

Ҳижрий 239-йил 3-муҳаррам куни (милодий 853-йил) буюк ҳофизлардан бири Имом Усмон ибн Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Абу Шайба вафот этди. Бу зот Имом Бухорий ва Муслимларнинг устози бўлган. У кишининг “Мусаннаф” номли машҳур асарлари ҳам бўлган.

 

Муҳаррамнинг 4-куни

Ҳижрий 1298-йил 4-муҳаррам куни мусулмон уламоларидан бири Саййид Али ибн Саййид Исмоил Мусавий Қазвиний вафот этди.

 

Муҳаррамнинг 5-куни

Ҳижрий 855-йил 5-муҳаррам (милодий 1451-йил 7-феврал)

Усмонлилар давлати султони Муродхон II вафот этди. Вафотидан сўнг ўғли Муҳаммад Фотиҳ салтанат тахтига ўтирди.

 

Муҳаррамнинг 6-куни

Ҳижрий 406-йил 6-муҳаррам (милодий 1015-йил 26-июн)

Аббосийлар давлатининг таниқли шоири Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Мусо Шариф Ризо вафот этди. Унинг насаби Жаъфар Содиққа бориб тақалади. Унинг шеърлари жуда кўп китобларда келтирилади. Жумладан «Наҳжул балоға» китобининг муқаддимасида муаллиф томонидан келтирилган.



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ