РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ БОШҚАЛАРНИ ҲУЖЖАТ БИЛАН ТАСЛИМ ЭТИШЛАРИ

4 йил аввал 1688 siyrat.uz

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужжат билан таслим этиш, қалбларга таъсир қилиш ва қисқа фурсатда уни куфрдан иймонга ўзгартиришда тенгсиз иқтидорлари мавжуд эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзгаларни динга даъват этишда ва ўзаро мунозара қилаётганда суҳбатлашиш ва қаноъатлантириш услубидан фойдаланар эдилар. Ўзга кишини даъват этиш йўлида мажбурлаш ва зўравонликдан фойдаланмаганлар. Аксинча, ўзлари қаттиққўлликдан қайтарганлар. У Зот: «Аллоҳ таоло қаттиққўлликка бермаган нарсани меҳрибонликка берган», деб марҳамат қилганлар. Яна шундай дейдилар: «Меҳрибонлик қайси нарсада бўлса, уни зийнатлайди. Меҳрибонлик қайси нарсадан тортиб олинса, уни булғайди». Ислом динида қаттиққўллик билан бошқаларни таслим этиш ёки мажбурий суҳбат билан даъват этиш йўқ. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Динга мажбур қилиш йўқ. Батаҳқиқ, ҳақ ботилдан ажради» (Бақара сураси, 256-оят). Аллоҳ таоло айтади: «Бас, ким хоҳласа, иймон келтирсин, ким хоҳласа, куфр келтирсин» (Каҳф сураси, 29-оят). Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай хитоб қилади: «Сен одамларни мўмин бўлишга мажбурлайсанми?» (Юнус сураси, 99-оят). Фикримизнинг тасдиғи ўлароқ қуйидаги воқеани келтирамиз: Утба ибн Рабиъа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошлаган даъватларини тўхтатишлари борасида музокара олиб бориши учун Қурайш зодогонлари уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига юборди. У оғир ва босиқ киши эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб шундай деди: «Эй инимнинг ўғли! Ўзинг ҳам ичимизда қандай олийнасаб киши эканингни биласан. Ўз қавмингга шундай катта ишни олиб келдингки, бу билан уларни бирдамлигини бузмоқдасан. Менга яхшилаб қулоқ сол! Бир нечта таклифларимиз бор. Уларнинг ичидан хоҳлаганингни танлаб ол: Бу ишинг билан мол дунёга эришмоқчи бўлсанг, биз сенга ўз мол мулкларимизни тўплаб берамиз. Шунда ичимиздаги энг бадавлат киши бўласан. Агар обрў ва мартаба керак бўлса, сени ўзимизга бошлиқ қилиб оламиз. Сенинг амрингсиз бирор ишга қўл урмаймиз. Агар подшоҳликни хоҳласанг, сени ўзимизга подшоҳ қилиб олайлик. Агар сени хаёлингга келаётган фикрларни ўзинг бартараф қила олмаётган бўлсанг, табобатдан сенга шифо излайлик. Тузалиб кетишинг учун бор будимзни сарфлайлик». Утба сўзини тугатгунига қадар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кутиб турдилар. Сўзини тугатганига ишонч ҳосил қилиш учун:«Эй Абул Валид, сўзингни тугатдингми?» деб сўрадилар. У:«Ҳа!» деб жавоб берди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фуссилат сурасининг дастлабки оятларини тиловат қилиб бердилар: «Ҳа-а. Мийм. (Бу) Роҳман ва Раҳим томонидан нозил қилинган. Биладиган қавмлар учун оятлари муфассал баён қилинган китобдир. Хушхабар бергувчи ва огоҳлантиргувчи бўлган ҳолидадир. Бас, кўплари ундан юз ўгирдилар. Энди улар эшитмаслар. Улар: «Қалбларимиз сен даъват қилаётган нарсадан ғилофлардадир, қулоқларимизда оғирлик бор, сен билан бизнинг орамизда эса парда бор. Бас, сен амалингни қилавер, биз ҳам, албатта, ўз амалимизни қилгувчилармиз», дедилар. (Бу оятда мушрикларнинг Қуръони Карим ва Ислом даъватига муносабатлари ажойиб бир услуб билан баён қилинмоқда) Сен: «Мен ҳам сизга ўхшар башарман, холос. Менга, албатта, илоҳингиз ягона илоҳдир, дея ваҳий қилинур. Бас, Унинг Ўзигагина тўғри юзланинг ва Унга истиғфор айтинг. Мушриклар ҳолига вой бўлсин. Улар закотни адо этмаслар ва улар ўзлари охиратда куфр келтиргувчилардир» (Фуссилат сураси, 1-7-оятлар). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам то қуйидаги оятгача ўқиб бердилар: «Бас, агар юз ўгирсалар, сен: «Мен сизларни Од ва Самудга келган чақмоққа ўхшаш чақмоқ-ла огоҳлантирдим», деб айт» (Фуссилат сураси, 13-оят). Бу гапларни эшитган Утба қўлини белига қўйди ва гўё чақмоқ ургандек юзи ўзгарди. Қавм олдига қайтиб, уларни Муҳаммад ва у бошлаган ишни тўхтатмасликка чақирди. Утба билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўртасида бўлган оддийгина суҳбатга ўзингиз гувоҳ бўлдингиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон оятларидан бир нечтасини тиловат қилишдан ортиқ бирор ортиқча сўз айтмадилар. Буни қарангки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни бошлаган даъватларини тўхтатишга чақириш учун келган Утба ўз қавми ҳузурига қайтиб, уларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан курашишни тўхтатишга чақирди! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва бир йигит ўртасида бўлган яна бир суҳбатга қулоқ солинг! Бу йигит азбаройи шаҳвати қўзғаганидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, зино қилишга изн сўради. Ислом динида зино энг катта гуноҳ ва маъсият эканига қарамасдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ғазаб ҳам қилмадилар, танбеҳ ҳам бермадилар, қўполлик ҳам қилмадилар, жеркимадилар ҳам. Бу йигит: «Ё Аллоҳнинг Расули! Менга зино қилишга рухсат беринг!» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:«Мана шундай ишни бошқа бир киши онанг билан қилишини хоҳлайсанми?» деб сўрадилар. Йигит: «Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, ҳаргиз!» деб жавоб берди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Бошқа инсонлар ҳам оналари билан бундай бўлишини хоҳламайдилар. Ундай бўлса, қизинг билан шундай иш бўлишини хоҳлайсанми?» деб сўрадилар. Йигит: «Қасамки, ҳаргиз ундай эмас, ё Аллоҳнинг Расули!» деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бошқа инсонлар ҳам қизлари билан бундай бўлишини хоҳламайдилар. Ундай бўлса синглинг билан шундай бўлишини хоҳлайсанми? Амманг билан-чи? Холанг билан-чи?» деб сўрадилар. Йигит ҳар сафар: «Ҳаргиз..., ҳаргиз..., ҳаргиз!»деб жавоб берар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўллари билан йигитни ушлаб, дуо қилдилар: «Эй Аллоҳ, унинг гуноҳларини кечир, қалбини покла ва фаржини сақла!» Шундан сўнг ўша йигитдан гуноҳ қилишга бўлган истак йўқолади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шундай тарбиявий услуб билан саҳобаларни гўзал ахлоқлари билан тарбиялар, ёмонликка буюрувчи нафс устидан ғолиб бўлиш йўлларини ўргатар эдилар. Банда бу таълимотнинг самараси ўлароқ инсонни хоҳлаган тарафига бурадиган, унда истаган тартибида ҳукмронлик қиладиган шаҳватларига қул бўлмас эди. Ҳадис китобларида яна бир воқеа зикр қилинган бўлиб, ўша воқеада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқаларни қандай таслим қилганлари баён этилади. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўхшатиш услубидан фойдаланганлар. Бир аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Менинг хотиним қоп-қора ўғил туғди, уни тан олмоқчи эмасман (яъни унинг ранги ота-онасининг рангига ўхшамагани учун ўғлим эмас, демоқчиман)», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Туяларинг борми?» деб сўрадилар. У:«Ҳа», деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уларнинг ранги қандай?» деб сўрадилар. У «Қизил», деб жавоб берди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уларнинг орасида кулранги ҳам борми?» деб сўрадилар. У:«Ҳа», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Қизил туялар ичига кулранг туя қаердан келиб қолган, деб ўйлайсан?» деб сўрадилар. У «Ё Аллоҳнинг Расули! У туя асл насабига тортган ва унга ўхшаб қолган», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Балки, бу ўғлинг ҳам асл насабига тортган ва унга ўхшаб қолган бўлиши мумкин!» дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шундай содда ва лўнда суҳбатлашиш услуби билан оқ танли аёл ҳам баъзида қора танли фарзандни дунёга келтириши мумкин эканлигини баён қилиб бердилар. Бу фикрни аъробийга маълум бўлган туяларнинг кўпайиши орқали тушунтириб бердилар.  



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ