10 жумадул аввал 1446
Жон бериш машаққатлари

Ўлим Аллоҳ таолонинг барча махлуқотига ёзилган ҳукмдир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) ҳеч шак-шубҳасиз, Сиз ҳам ўлгувчидирсиз, улар ҳам ўлгувчидирлар (Зумар сураси. 30-оят).

Ҳижрий ўн биринчи йил, ўн иккинчи Рабиъул-аввал душанба куни тонгида одамлар масжидда Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг орқасида намоз ўқиётган эдилар. Шу пайт Оиша розияллоҳу анҳо ҳужрасининг пардаси кўтарилди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўриндилар. Намозда саф тортиб турган мусулмонларга назар ташлаб, табассум қилдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу имомлик ўрнидан ортига тисарилди. Чунки у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга чиқмоқчи бўляптилар, деб ўйлаган эди. Одамлар у Зотни кўриб шодланганлари учун намозларидан чалғиб қолаёздилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса «намозларингизни давом эттираверинглар», деган маънода ишора қилдилар ва ҳужрага қайтиб, пардани туширдилар. Одамлар намоздан қайтишар экан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам соғайиб қолдилар, деб ўйлашар эди. Аслида эса мазкур назар саҳобалар билан видолашув назари эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтиб Оиша онамизнинг қучоқларига ёнбошладилар, онамиз у Зотнинг бошларини бағрига босди. У Зотни жон таслими машаққатлари чулғай бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнларида турган идишдаги сувга қўлларини солиб, ҳўл қўллари билан юзларини силаб туриб шундай дедилар: «Ла илаҳа иллаллоҳ, албатта, жон беришнинг машаққатлари бўлади». Бу ҳолатни кўрган қизлари Фотима розияллоҳу анҳо: «Воҳ, отам бунча азият чекмасалар», деб зорланди. Шунда у Зот қизларига: «Бугундан кейин отанг ҳеч қандай азият кўрмайди», дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо айтади:«Аллоҳ таоло менинг сўлагим билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўлакларини жамлади − менинг олдимга Абдурраҳмон кирди. Унинг қўлида мисвок бор эди, мен эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларини бағримга босиб ўтирган эдим. У Зот унга қарадилар. Мисвокни яхши кўришларини билганим учун: «Уни Сизга олиб берайми?» дедим. Бошлари билан ҳа, деб ишора қилдилар. Мисвокни берган эдим бироз қаттиқлик қилди. «Юмшатиб берайми?» дедим. Бошлари билан ҳа, дедилар. Юмшатиб берган эдим, бир неча бор тишларига юргиздилар. Ёнларида турган идишдаги сувга қўлларини солиб, юзларини силадилар ва: «Ла илаҳа иллаллоҳ, албатта,ўлимнинг мастликлари, талвасалари бўлади», дедилар. Сўнг қўлларини тиклаб: «Энг Олий Зот дийдорига», деганларича жон таслим қилдилар ва кўтарилган қўллари қуйи тушди». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари хабари одамлар ичида тарқалди. Абу Бакр розияллоҳу анху ҳам хабарни эшитиши билан отига миниб Сунҳдаги уйидан тезлик билан етиб келди. (У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тузалиб қолдилар, деб ўйлаб ўша ердаги уйига  кетган  эди.)   Отидан тушиб,  ҳеч  кимга гапирмай, тўғри Оиша онамизнинг уйига кирди. Устиларига йўл-йўл тўн ёпилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига келиб юзларини очди ва энгашиб ўпди. Сўнг йиғлаб туриб: Ота-онам Сизга фидо бўлсин. Аллоҳ Сизга икки бор ўлим бермайди. «Сизга ёзилган мана шу ўлимдан (бошқа энди  Сиз учун  ўлим  йўқ)».  Кейин Абу Бакр розияллоҳу анху ташқарига чикди. Умар розияллоҳу анҳу (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларига     ишонгиси     келмай)     одамларга:«Расулуллоҳ    соллоллоҳу    алайҳи    ва    саллам ўлмадилар, балки   худди  Мусога     ўхшаб Парвардигорининг    олдига    (гаплашиш    учун) кетдилар.     У  Зот то  Аллоҳ мунофиқларни  йўқ қилмагунча ўлмайдилар», дер эди. Шунда Абу Бакр розияллоҳу    анҳу    Умарнинг    олдига    келиб:«Тинчланинг эй Умар, сукут қилинг», деди. Лекин у ҳаяжон билан сўзлашда давом этди. Абу Бакр Умарнинг   тингламаётганини   кўргач,   одамларга қараб  шундай  деди: «Аммо  баъд,  эй  одамлар, сизлардан ким Муҳаммадга ибодат қилаётган бўлса, Муҳаммад ўлди. Сизлардан ким Аллоҳга ибодат қиладиган бўлса, Аллоҳ тирик, ўлмайдиган Зотдир. Аллоҳ таоло шундай деган: «Муҳаммад фақат бир Пайғамбардир,    холос.    Ундан    илгари    ҳам пайғамбарлар   ўтгандир.   Бас,   агар   у   (яъни Муҳаммад   алайҳис-салом)   вафот   қилса,   ёки ўлдирилса,      кетингизга     (куфрга)      қайтиб кетасизларми?! Кимда-ким кетига қайтиб кетса, Аллоҳга бирон зиён етказа олмас, (балки фақат ўзига зарар қилади, холос). Аллоҳ эса (йўлларидан қайтмай) шукр қилгувчи бандаларини муносиб мукофотлайди» (Оли Имрон сураси, 144-оят). Абу Бакр ушбу оятни тиловат қилгунга қадар одамлар бундай оят нозил бўлганидан бехабардек, эшитишлари билан улардан ҳар бири ушбу оятни такрорлаб, тиловат қила бошлашди. Умар розияллоҳу анху айтди: «Аллоҳ номига қасамки, Абу Бакрнинг тиловатини эшитишим билан даҳшатдан оёқларим қалтираб, ўзимни кўтара олмай қолдим, ерга йиқилдим ва билдимки, Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақиқатдан ҳам ўлибдилар». Ровийлар ва аҳли илмларнинг иттифоқига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрий ўн биринчи йил бошида, олтмиш уч ёшларида вафот этганлар. Маккада пайғамбарликдан аввал қирқ йил, пайғамбарликдан кейин ўн уч йил ва Мадинада ҳижратдан сўнг ўн йил яшаганлар. Имом Бухорий Амр ибн Ҳарсдан ривоят қилади: Амр айтди:«Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам (мерос қилиб) олтин, кумуш, қул ёки чўри қолдирганлари йўқ. У Зот фақат миниб юрганлари оқ хачирни, қуролларини ва ибни сабийларга садақа қилиб берган ерни қолдириб кетдилар».
Ибратли нукталар
Биринчи - Исломнинг ҳукми бўйича кишилар ўртасидаги бир-биридан афзаллик фақат солиҳ амал билан ўлчанади. Усоманинг отаси Зайд ибн Ҳориса қул бўлиб, кейин     озод     қилинган.     Усома     юқорида айтганимиздек, ўн саккиз-йигирма ёш орасидаги ёш йигит бўлган. Шунга қарамасдан ёшлик ҳам, собиқ қуллик ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни катта бир ғазотда саҳобаларга Усомани амир қилишдан тўсмади. Агар мунофиқлар бундан ажабланган, бу ҳолатни ёқтирмаган бўлишса, Ислом учун бу оддий ҳолатдир. Чунки Ислом жоҳилиятнинг ана шундай инсонлар ўртасида тафовутни, тенгсизликни келтириб чиқарадиган мезон, миқёсларини йўқ қилиш учун келган. Эҳтимол, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Усомада бир хислатни илғагандирларки, ўша сабаб бу ғазотда уни лашкарбошиликка тайинлагандирлар. Бундай ҳолатларда мусулмонлар гарчи уларга ҳабаший бир қул амир қилиб тайинланса ҳам, фақат бош эгиб, бўйсунишлари вожиб. Шунинг учун Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифа бўлгандан кейин биринчи қилган иши Усоманинг лашкарини тайёрлаш бўлди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Усоманинг лашкарини ўзи пиёда юриб (Усома отга минган ҳолда) кузатиб қўйди. Шунда Усома у кишига: «Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифаси, ё отга миниб олинг ёки мен отдан тушай», деди. Абу Бакр: «Аллоҳ номига қасамки, сен тушмайсан, мен ҳам минмайман. Оёқларим бир соат Аллоҳ йўлидан чанг бўлса, бўлмайдими?!» деди. Усома розияллоҳу анҳу бу ғазотдан ғалаба қозониб қайтди. Бу юриш мусулмонлар учун катта фойда келтирди. Иккинчи - дам солиш: Имом Бухорий билан Муслим ривоят қилган қуйидаги ҳадислар дам солишнинг дурустлигига далилдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон бир касалликдан шикоятлансалар, ўзларига Қуръон ўқиб дам солар, кейин қўллари билан ўзларини силар эдилар... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига гоҳида Қуръон ўқиб, баъзида дуо ва зикрлар билан дам солар эдилар. Имом Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: Биздан бирор киши бетоб бўлиб қолса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўнг қўллари билан силаб туриб шундай дер эдилар: «Эй инсонлар Парвардигори, мусибатни, касалликни кетказгин. Шифо бергин. Шифо берувчи Ўзингсан. Сенинг шифоингдан бошқа шифо йўқ. Касаллик қолдирмайдиган шифо бергин». Дам солиш дуруст бўлиши учун, аввало, у Аллоҳнинг Каломи ёки исм ва сифатлари билан бўлиши шарт. Иккинчидан, руқийя - дам солишнинг ўзи эмас, балки Аллоҳ таоло шифо беради, деб эътиқод қилиш шартдир. Яъни унда ширкка далолат қилувчи сўзлар аралашмаслиги лозим. Учинчи - Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг фазилатлари: Юқоридаги қиссадан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам наздидаги Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг хусусият ва фазилатларига тўрт далолат бордир: Биринчи: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу:«Аллоҳ бандасига дунё гўзалликлари ва Ўз ҳузуридаги нарсадан танлаганини беришини (айтди). У банда эса У Зотнинг ҳузуридаги нарсани танлади», деб хитоб қилганларида Абу Бакр розияллоҳу   анҳу   у  Зотнинг   нима   демоқчи бўлганларини англади ва шунинг учун йиғлаб: «Ота-онамиз Сизга фидо бўлсин», деди. У кишидан бошқа ҳеч ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хитобларидаги маънони илғамаган эди. Иккинчи: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Молида ҳам, суҳбатида ҳам одамларнинг менга энг сахий, марҳаматлиси Абу Бакрдир...», деган сўзларидир. Бу абадий сўзлар бўлиб, тарихда бу каби сўзлар Абу Бакрдан бошқаси учун битилмаган. Учинчи: Имом Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан қилган ривоятдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизга айтдилар: «Менга отанг ва биродарим Абу Бакрни чақир, бир мактуб ёзиб бераман. Чунки мен бирор киши умидвор бўлиб... мен лойиқроқман, деб қолишидан қўрқаман, Аллоҳ ва мўминлар эса Абу Бакрдан бошқасига унамайдилар», дедилар. Бу ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзидан кейин Абу Бакрни халифа қилиб сайлаганликларига хужжат деб, эътироф қилинади. Тўртинчи: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрни намозда ўринларига имом қилиб қўйишлари. Бу ишга фақат Абу Бакрни танлашда ва Оиша онамизнинг бу тўғридаги андишаларини рад қилишда қанчалик қаттиқ турганлари ўзингизга маълум. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳақидаги мазкур фикрлар у кишидан бошқа Умар, Усмон, Али розияллоҳу анҳумлар каби саҳобаларнинг фазилатларидан ҳеч нарсани камайтирмайди. Уларнинг   ҳам   ўзларига   яраша   хусусиятлари, фазилатлари Абу Бакр розияллоҳу анҳу каби бисёрдир. Тўртинчи - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматлари билан видолашувлари: Ўша душанба куни мусулмонлар бомдод намозига саф тортиб турган эдилар. Шу пайт Оиша онамиз ҳужрасининг пардаси кўтарилди. Унинг ортидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўриндилар. Намозда саф тортиб турган мусулмонларга назар ташлаб, табассум қилдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу имомлик ўрнидан ортга тисарилди, у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга чиқмоқчи бўляптилар, деб ўйлаган эди. Одамлар у Зотни кўриб хурсанд бўлганларидан саросимага тушиб қолаёздилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса намозингизни давом эттираверинг, деган маънода ишора қилдилар ва ҳужрага қайтиб, пардани туширдилар. Демак, ана шундай соатда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини ўйлаганлар. Аллоҳ таоло олдида хушуъ билан саф тортиб турган саҳобаларига қилган у Зотнинг табассумли нигоҳларидан умматларига бўлган қалбларида тўлиб-тошган муҳаббатни кўришимиз мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (ота-онамиз У Зотга фидо бўлсин) ҳаёти дунёдаги умрларининг сўнгги дақиқаларини яшар эканлар, охирги марта саҳобаларига тўйиб қараб олишни ва ўзлари қолдириб кетаётган Ҳақиқатга − Ҳидоятга кўнгиллари    хотиржам    бўлишини    истадилар. Натижада Аллоҳ таоло у Зотни хурсанд қиладиган манзарани кўрсатди. Ҳатто бу манзара жисму жонларини ўртаб турган ўлим аламларига ҳам ғолиб келди. Хурсандлик, сурур, розилик у Зотнинг юзларида нур  порлаб кетганидан саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бутунлай соғайиб кетибдилар, деб ўйлашди. Лекин кейин билсалар, бу боқиш ўлим билан олишув олдидаги видолашув нигоҳи экан. Бу саҳобаларининг, балки бутун умматларининг манзарасини у Зотнинг зеҳнларида чизиб берган охирги лавҳа экан. Токи бу лавҳа дунёда умматлари билан видолашув лаҳзаси билан Охиратда ҳавзи кавсар олдида кутиб олишлари лаҳзасини бир-бирига боғлаб турувчи восита бўлсин. Аллоҳ таолонинг Ҳикмати ана шу манзара намоз бўлишини хоҳлади. Оллоҳ таолонинг Иродаси ўша намоз охирги аҳд бўлишини хоҳлади. Келинг, эй мусулмон биродарим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан у Зот табассум қилиб, рози бўлиб ажралганимиз аҳдни − намозни маҳкам тутайлик.
05:54 / 09.05.2012
Сийрат
«Жонли нарсани нишон қилманглар»
99. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳру...
01:08 / 06-май Батафсил...
Сийрат
«Раҳмлиларга Роҳман раҳм қилади»
  91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», дедим. «Албатта, мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Албатта,...
01:17 / 03-май Батафсил...
Сийрат
«Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатан мени кўрган бўлади»
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидда ўтирсалар, тиззаларини қучоқлаб ўтирар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган. * * *...
20:07 / 26-апрел Батафсил...
Сийрат
«Бир соат ундай, бир соат бундай»
Ҳанзала ибн Робийъ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди: «Абу Бакр мени учратиб қолиб: «Қалайсан, эй Ҳанзала?&raq...
02:59 / 27-февраль Батафсил...