Айрилиқ

7 йил аввал 1395 siyrat.uz

Айрилиқ

Дудоқлар бир сўз демайди. Сўз дейиш тугул, нафас олишлари ҳам тўхтагандек. Ерда юрган чумолининг қадам товушлари эшитиларди гўё. Деразага қўнган пашша шовқини уйни тўлдириб юборгандек эди. Сукунат шу қадар кучли эди… Ҳамма бурчакка тиқилган, Умома онасининг тиззасида эди. Нима бўлаётганини англамаётган бўлса-да, жажжи юраги билан тобора яқинлашиб келаётган айрилиқни ҳис қиларди. Аммо нега? Нега айрилишмоқда?! Шу пайтгача бир-бирларини хафа қилишмаган, оғир сўз айтишмаган, умуман, келишмовчилик юз бермаган бу оила нега қаторат топаётир? Бахти бекам бу жуфтликка нима бўлди? – Зайнабим… – Лаббай. – Тайёрмисан? – Ҳа! – Укамни чақирайми? – Чақиринг. – Кетасанми? – Кетаман. – Мадинагами? – Ҳа, Мадинага. – Пайғамбар отанг ёнига? – Ҳа, Пайғамбар отамнинг ёнига. – Унга сўз берганман, биласан. – Биламан! – Мен сенсиз нима қиламан? – Билмайман!  Ўн уч йил шу ерда, икки йил Мадинада, ўн беш йилдан бери тушунтиради отам! – Тўғри роса ўн беш йил бўлди. – Хўп, турмуш қурганимизга-чи? – Ўн олти йил. – Ўн олти йилдан бери мени таниб олмадингизми, холамнинг ўғли? – Танимаслигим мумкинми, холамнинг қизи? – А-а-а? – Сен ҳам мени биласан, шундайми? – Жуда яхши билганим учун ҳам ёниб кетяпман-да. – Нега? – Сиздай ҳамма нарсага ақли етадиган одам қандай қилиб бутларга сиғиниб юрибди? – !.. – Жавоб тополмаяпсиз-а? – Ҳақсан, Зайнабим, нима десанг ҳам, тўғри. Сен Пайғамбар қизисан. – Пайғамбар қизилигимни тан оласиз-у, Пайғамбар отамга иймон келтирмайсиз. Пайғамбарим, дея олмайсиз! Бу қанақаси, холамнинг ўғли? – Бу шунақа ғаройибот, Пайғамбарнинг қизи! – Бироз ўйлаб, ҳаммасини ақл тарозусига солиб кўрсангиз, нима бўлади? – Ҳеч отанг ёлғончи, дедимми? – Шуниси алам қиляпти-да. Исломнинг эшигини очгансиз, аммо остона ҳатлаб ичкарига кирмаяпсиз. – Сен ҳақсан. – !.. Яна жим қолишди. Иккаласи ҳам бир дарднинг азобини чекишмоқда эди. Айрилиқ… Абул Осс Исломни қабул қилса, бўлгани эди, ҳамма муаммо ҳал бўларди. Зотан, фитратан пок, ҳалол эди. Одамийлиги, дунёқараши, оиласига меҳру муносабати, уй ичи ва ташида тутуми барчага ўрнак бўларди. Тўғри сўз, қатъиятли, ишончли одам эди. Шу боис Макка бойлари у билан олди-сотди қилишар, тижорат карвонларига қўшиб, катта фойда олишарди. Зайнабни жуда яхши кўрар, суйиб муомала қиларди. У пайтда кўп хотинлилик русум бўлса-да, Абул Осс бошқа уйланмаган, Зайнабдан ажрашса, жуда кўп гўзал қизларга уйлантиришни ваъда қилган мушрикларга рад жавобини берган эди. Аёлини фақат «Зайнабим» деб чақирарди. Энди ундан қандай айрилади? Ҳазрат Зайнаб ҳам шундай эди. Хўжайинига жуда боғланиб қолган, усиз ҳаётини тасаввур қила олмасди. Бир-бирларини шунчалик яхши тушунишар эдики, ўн олти йил ичида бирор марта сан-манга боришмаган эди. Уни Исломга киритишга жуда уринган, аммо удда қилолмаган эди. Энди Мумтаҳана сурасининг ўнинчи ояти ҳукмига кўра улар ажралишлари керак эди. Унда мусулмон аёл мушрик эркакка ҳаром қилинганди. Ҳазрат Зайнаб мусулмон эди. Шу боис амрдан бўйин товлай олмасди. Яна Пайғамбарнинг қизи эди. Хўжайинини қанчалар севмасин, айрилишга бурчли эди. Қолишнинг ягона чораси Абул Осснинг Исломга кириши эди. Бундай бўлмагач, йўлга чиқишга тайёрланган эди. Ажралишлари керак эди… – Онамнинг қабрини зиёрат қилмоқчи эдим, мен билан борасизми? – Албатта бораман, Зайнабим! – Кетдик, бўлмаса. – Юр. Ёлғиз фарзандлари Умомани ўрталарига олиб уйдан чиқишди. Айбдор кишилардай бошларини осилтирганча йўлга тушдилар. Онасининг қабрига маҳзун боқиб турган Зайнаб юраги тилка-пора бўлиб кетди. Кўнгил тили билан сўзлади онасига. Жисмоний тил битган, маҳв бўлганди. Аммо кўнгил тили маҳв бўлмаган, бийрон эди. Қуръон ўқиди. Онасининг қабрига боқаркан, ёдига ўтмишдаги бахтиёр дамлари келди. Қўлларини кўксида қовуштирган эди, қўли зебигардонга тегди. Гул ушлаётгандек секин тутди, «Онажоним», дея ҳўнграб юборди. Зебигардонни яна ушлаб «Отажоним», дея ҳўнгради. Зебигардонни силаб «Сингилларим», деди. Хаёли ўн олти йил илгарига кетди. Ўшанда онаси уни ўз қўллари билан безантирган эди. Сингиллари йиғлар, онаси ҳам кўзида ёш билан турарди. Аммо ҳазрат Ҳадижа илк қизининг роҳатини кўраётиганидан мамнун эди. Қўллари билан силаётгани зебигардон Зайнабга бу ёқимли хотираларни эслатганди. Такрор дуо ўқиб, маҳзун кўнгил ва ёшли кўз билан қайтди. Кетаркан, ортига қараб-қараб қўярди, гўё бу ерга бошқа келмайдигандай. Шунчалар ҳасрат билан тикилардики, Абул Осснинг ҳам кўзлари ёшлаб кетди. Ҳазрат Ҳадижа унга хола ҳам эди… Онанинг ўлимларидан диллари вайрон қизлар мушриклар туфайли ҳеч бирга бўлиша олмасди. Ҳазрат Руқайя хўжайини билан аввал Ҳабашистонга, кейин Мадинага ҳижрат қилганди. Умму Кулсум ва Фотима Зайнаб ёнида қолгани билан ота соғинчи уни ўртарди. Кейинроқ улар ҳам Мадинага кетишгач, ҳазрат Зайнаб буткул ёлғиз қолди. Хўжайини уни тўла қувватлагани, дардига шерик, қувончига ўртоқ бўлгани билан эътиқодини қабул қилмаганди. Ҳазрат Зайнаб шундай одамни қандай қилиб иймон келтирмаганини тушуна олмасди. Эски ва янги хотиралар қучоғида уйга қайтишди. Мусулмон бўлган қўшниси ва бошқа аёллар билан яширинча хайрлашиб келиб, хўжайинига жон нигоҳларини тикди. Қайниниси, шу билан бирга холаваччаси бўлган Канона ниҳоят келганди. У келинойисини Макка ташқарисигача олиб бориб қўядиган, бу ёғига эса ҳазрат Зайд ва бошқа диндошлар ҳамроҳлик қиладиган эди. Шунга келишишганди. Ҳозир ҳазрат Зайд келишини кутишаркан, бир-бирларига сўз қотиш у ёқда турсин, қарай ҳам олишмасди. Фақат сассиз йиғлашарди. Ниҳоят ҳазрат Зайд уларни кутаётгани хабари келди. Зайнаб туяга аввал ўзи миниб, сўнг қизи Умомани олдига ўтқазди. Канона туя жиловини тутди. Ҳазрат Зайнаб сўнгги бор хўжайинига боқди: – Кетяпман, холамнинг ўғли! – Кўряпман, холамнинг қизи! – Ҳеч нарса демайсизми? – Бутун вужудим кетма, дегиси келмоқда, аммо Пайғамбар отангга сўз берганман. – Нуқул Пайғамбар отанг, дейсиз, Пайғамбарим, дея олмайсизми? – Балки, келажакда айтарман, Зайнабим! – Пайғамбарим, демагунингизча мени Зайнаб ёки холамнинг қизи, денг. Энди Зайнабим, деманг мени, холамнинг ўғли! – !.. – Нега индамаяпсиз? – Юрагимни яраладинг, холамнинг қизи. – Менинг ҳам юрагим ярадор, холамнинг ўғли. Аммо Аллоҳга қасамки, сиздан фақат яхшилик кўрдим, сиздан розиман. Сиз жуда яхши одамсиз. Шу пайтгача менга ўтган ҳақларингиздан розимисиз, холамнинг ўғли? – Менинг сенда нима ҳаққим бўлиши мумкин, холамнинг қизи? Аммо шуни истасанг, мингдан-минг розиман. Сен ҳам рози бўл. – Розиман. Сизни худога топширдим, холамнинг ўғли. – Оқ йўл, холамнинг қизи! Севимли рафиқаси билан видолашувни кўтара олмаган Абул Осс уларни кузатишни Канонага топширди. Канона туяни етаклаб жўнаркан, хожасининг ерга йиқилганини кўрган ҳазрат Зайнаб ўзини туя устидан ташлаб юборай деди. Бутун иродасини жамлаб илгари боқди. Кўзларидан ёш дувиллаб оқса-да, қаддини тик тутиб, ортга боқмади. Бир бутун бўлган икки жон бир-биридан айрилаётганди. Айрилганди…

* * * Мадинага отаси, сингиллари ёнига кетаётган эди. Зайнаб бир қўли билан Умомани, иккинчи қўли билан эса қорнини қучди. Чунки у ҳомиладор эди. Аммо ,барибир, хўжайини ёнида қолмай, Мадинага кетаётганди. Бир гўдак қўлида, иккинчиси қорнида бўлгани учун қийналаётганди. Хўжайини ҳам унинг бу ҳолидан сиқилган, эркак боши билан йиғлаётган эди. Қуёшнинг куйдирувчи нурлари остида кетишарди. Ҳеч кимнинг иши йўқ, деб ўйлаб куппа-кундузи йўлга чиқишганди. Уларнинг бундай бепарволиги мушриклар жиғига тегди. Дарҳол қуролланиб, уларнинг ортидан тушишди. Зитува деган жойга етганда ортларида кўтарилаётган чанг-тўзон диққатларни тортди. Қизиқ, ким экан? Мадинагача ҳамроҳ бўлишармикан? Аммо тикилиб туриб келаётганларнинг нияти яхши эмаслигини сезишди. Отлиқлар қилич яланғочлаб келишарди. Канона туяни тезлаб, панароққа беркинишни мўлжаллади, аммо энди кеч, отлиқлар етиб келганди. Ягона чора қилич яланғочлаб, жангга ҳозирланиш эди. Канона ҳам шундай қилди. Аммо ўнга яқин мушрикларга қарши нима ҳам қила оларди. Шунга қарамай, у жон-жаҳди билан олишар, мушрикларни келинойисига яқинлаштирмасликка интиларди. Кучлар тенг эмасди. Асвад ва Нафи исмли мушриклар Зайнабга етаёзишди. Ҳазрат Зайнаб маҳофа ичида бўлгани боис отилаётган ўқлардан зарар кўрмаётган эди. Мушриклар ҳайқириб, отларини ниқтаб туяни ҳуркитдилар, туя телбаланиб, жон ҳолатда югура кетди. Икки мушрик уни отда қуваркан, ўқ отиб Зайнабга теккизишга интиларди. Маҳофа ерга ағдарилди. «Ё Роббим!» фарёдини эшитган Канона овоз келган томонга қаради. Кўрган манзараси ақлдан оздириб, шу қадар шиддат билан қиличлашдики, мушриклар ортга чекиниб, унга йўл беришга мажбур бўлишди. Маҳофа ёнига етишган Канона ҳазрат Зайнабнинг қонга беланиб ётганини кўрди. Нима гаплигини сўрашга улгурмай, мушриклар яна ҳамла қилишди. Дарҳол бир қояга чекинган Канона ёйига ўқ жойлаб ҳайқирди: – Яқинлашганингни ўлдираман! – Тўхта, Канона! – Яқинлашма, ўласан! – Тўхта, гаплашайлик. – Нима, гапимни эшитмаяпсанларми? – Биз гаплашмоқчимиз, холос. – Сенлар билан гаплашадиган гапим йўқ. Жойларингдан қимирламанглар. Мерганлигимни биласанлар-ку! – Биламиз, отма, илтимос! – Яна бир қадам юрсаларинг, отаман! – Бўлди, қимирламаймиз. – Биздан нима керак ўзи? – Сендан ҳеч нарса! – Унда нега қувяпсанлар? – Унинг қизини олиб кетмайсан! – Нега энди? – Ундан отасига қарши фойдаланамиз. – Қанчалар олчоқ, пасткаш экансизлар. – Сен аралашма, йўқса, сени ўлдиришга мажбур бўламиз. – Қани бир уриниб кўринг-чи! – Абу Суфён ҳам биз билан келган. У нима деса, шу бўлади. – Абу Суфён! – қичқирди Канона. – Сенинг айтганинг бўлар экан, раисларга хос қарорни қабул қил. – Канона, Зайнабни Маккага қайтар. – Нега энди? – Одамларнинг раисдан бир оғиз ҳам сўрамай Маккадан чиқиб кетишди, дейишларини истамайман. Ҳозир ортга қайтинглар, кейин яна яширинча чиқиб кетаверасизлар. Биз ҳам кўрмаганга оламиз. – Ундай бўлса, ҳозир кетаверайлик. – Айтдим-ку, бўлмайди. Ҳозир қайтиб, кейинроқ кетасизлар. – Шунга ишонишим керакми? – Мен кафилман. Макка раиси сифатида такаффул қиламан, бўлдими? – Бўлди, Абу Суфён. Аммо одамларинг нарироққа бориб туришсин. Мен уларга ишонмайман. – Нарироққа боринглар, – қичқирди Абу Суфён. Мушриклар ортга чекинишди. Абу Суфён ҳам. Канона дарҳол келинойиси томон югурди. Э воҳ! Ҳазрат Зайнаб қонга беланиб ётар, қизи Умома чинқириб йиғларди. Одамнинг туядан йиқилиб, шунча жароҳат олиши мумкин эмасди. У ҳолда бунча қон қаердан келди?! – Келинойи, сизга нима қилди? – Тез бориб Отика аммамни айтиб келинг. – Сизни олиб борсам-чи? – Қимирлашга ҳолим йўқ, тезроқ бўлинг. Бу қон мени олиб кетади. – Сизни бу ерга қандай ташлаб кетаман? – Яна бирпас турсангиз, мени шу ерга кўмиб кетишингизга тўғри келади, тезроқ… – Бўпти, кетдим. – Умома мен билан қолсин. Сиз тезроқ бориб аммамни олиб келинг. Агар аммамни топа олмасангиз, қўшнимни олиб келинг. Аммо Абул Оссга оғиз очманг, у хавотирга тушиб қолади. Илтимос, шошилинг!.. Канона Зайнабнинг туясини миниб, Маккага чоптириб кетди. Илоҳим, улгурайин, дея илтижо қиларди тинмай. Маккага бостириб кириб, тўғри Отиканикига ўтди. Аёл чордоқда эди. – Отика амма! – Ҳа, Канона! – Сизни Зайнаб келинойим чақиряпти. – У Мадинага кетмадими? – Тушунтиришга вақт йўқ. Тезроқ бўлинг, сизни тезроқ етказишим керак. – Нима бўлди ўзи? – Келинойимни туядан уриб туширишди. – Э воҳ! Бечора ҳомиладор эди-ку! – Қонга беланиб ётибди. Сизни чақиряпти. – Боласи тушиб қолибди-да, вой менинг бечора қизгинам! – Бўла қолинг! – Ҳозир, оладиган нарсаларим бор. Аммо бир зумда уйдан қайтиб чиқди. Ва Канонанинг ортига мингашиб, туяни чоптириб кетишди. Шовқинни эшитиб чиққан Абул Осс туя ортидан югура бошлади. Ўзларига етай деб қолган эркакни кўриб, амманинг изтироби яна-да ошди. Етиб бориб, ҳазрат Зайнабнинг қонга беланиб ётганини, қизи Умоманинг эса энтикиб йиғлаётганини кўриб Абул Осс эси оғиб қичқирди: «Бу нима гап, холамнинг қизи, нима бўлди?» Ҳазрат Зайнаб бўғиқ овозда «Шундай бўлиб қолди, холамнинг ўғли», дея жавоб қайтарди. Отика Зайнабга бир қарашдаёқ унинг бола туширганини англади. – Сизлар нарироққа боринглар. – Лекин амма… – Абул Осс, нари тур, бу аёлларнинг иши. – Ёрдам бермоқчиман, Зайнаб менинг… – У энди фақат холаваччанг, Абул Осс! Нари боришга мажбур бўлишди. Амма Умома ёрдамида Зайнабни тозароқ жойга ётқизди. Умомага қон устига тупроқ тўкишни буюрди. Қизча лахта-лахта бўлиб қолган қонни кўмаркан, амма Зайнабнинг эгни-бошини тозаларди. Олиб келган бўғчасидан бошқа кийим олиб, Зайнабга кийдирди. – Абул Осс! – Лаббай, амма. – Тез бу ёққа кел. Абул Осс учиб келди. Буюк ғам билан Зайнабга тикилди. – Тез бориб маҳофа келтир. Зайнаб бу аҳволда туя минолмайди. – Ҳозир келтираман. – Ака, мен бораман, – деди Канона. – Яхши бўларди, – деди амма. – Фақат тез. – Учиб бориб келаман, – дея сапчиб туяга миниб, қамчилаганча жўнади Канона. – Яхшимисан, холамнинг қизи? – Ҳа, холамнинг ўғли. – Қўрқитвординг… – Иймонсиз кетишдан қўрқинг, холамнинг ўғли! – … Абул Осс жавоб беролмай бош эгди.Отика амма ўткир нигоҳ ташлагач эса, чидай олмай йиғлаб юборди. – Тинчликми, Абул Осс! – Зайнабнинг аҳволига чидай олмаяпман. – Аммо унинг Мадинага кетишига чидай оласан! – У уйдан чиққандаёқ ҳушимни йўқотдим. – Ҳушингни йўқотдингми? – Ҳа! – Кейинчи? – Сўнг сизларнинг шовқинингиздан ўзимга келдим ва ортингиздан югурдим. – Нега аёлингдан айрилдинг? – Буни сўраманг, амма. – Шундай аёлдан ҳам айриладими? – Мен хоҳламагандим. – Унда нима сабаб? – Биласиз-ку, амма! – Мушриклигингча қолиб, шундай аёлдан айриладиган даражада ақлсизмисан-а? – Мени Зайнабимдан ҳеч қандай куч айира олмасди, аммо… – «Зайнабим» эмас, «холамни қизи» денг, холамнинг ўғли. – Ундай дема, Зайнаб. – Буни сиз истамайсиз, холамнинг ўғли. – Уни гапиртирма, аҳволини кўриб турибсан-ку, Абул Осс. – Кўриб турибман, ўзимдан аччиқланиб кетяпман. Канона келгунича Зайнаб дам олиб турди. Умома ҳам бироз ўзига келди. Бечора қиз нима бўлаётганини тўла тушунмаса-да, онаси оғир аҳволда эканлигини кўриб турарди. Канона қайтиб келди. Шунчалар шошилган эдики, туяга боғланган маҳофа тушиб кетай деб турарди. Абул Осс иккиси туяни чўктириб, маҳофани қайта маҳкам боғлашди. Амма билан Зайнабни суяб маҳофага ўтқаздилар. Туяни авайлаб ҳайдаганича Маккага қайтишди. Отика амма Зайнабни уйига олиб кетди, шахсан ўзи парвариш қилмоқчи эди. Ҳам Зайнаб энди Абул Осснинг уйида қола олмасди. Буни яхши англаган Абул Осс ҳеч нарса дея олмади. Амманинг жон куйдиришлари билан Зайнаб уч кунда ўзига келди. Аммо бутунлай қувватга кириши кўп вақтни талаб этарди. Яна йўл юра оладиган ҳолга келган Зайнаб аммасининг ёрдамида сафарга ҳозирлана бошлади. У тузалишни кутиб ётишни хоҳламасди. Шу уч кун Абул Осс амманикига ҳар соатда қатнади. Зайнаб хуш кўрган таомларни келтирарди. Аммо уни кўра, суҳбатлаша олмасди. Бу икки севишган қалбни кўриб амма изтироб чекар, Аллоҳга илтижо этиб дуо қиларди. Ниҳоят тўртинчи куни тунда Маккадан яширинча чиқиб кетишди. Воқеадан ўша куниёқ хабар топган ҳазрат Зайд уларни келишилган жойда кутиб турарди. Ва юраги яраланган йўловчи юраги яраланган одамни ортда қолдирганча йўлга тушди. Барча йиғларди – кетаётган ҳам, қолаётган ҳам, олиб кетаётган ҳам… Абул Осс оёқда туришга мадори қолмади ортиқ. Бир таёқ топиб, унга суянганча уйга судралиб қайтди. Ҳовлига кириб Зайнабининг «Хуш келибсиз, уйга қувонч келтирдингиз», дея кутиб олишини беҳуда пойлади. Ғами янада ортиб уйга кирди. Аёлини қандай назокат билан кутиб олганларини эслади. Ҳозир ўша онларнинг қайтиб келишига жонини фидо қилишга ҳам тайёр эди. Энди у йўқ, Зайнаби йўқ!.. Ўзларини кутиб ҳазрат Зайдга туянинг жиловини тутқазган Канона аҳволни қисқача англатди. Пайғамбарнинг тутинган ўғли бўлгани учун Зайнаб ҳазрат Зайдга сингил ҳисобланарди. Айрилди Зайнаб… Айрилди Абул Осс… Ўн беш-ўн олти кун давом этадиган сафар бошланди… Ҳазрат Зайнаб ҳам ҳижрат қилаётганди. Мадинаи мунавварага кетишарди. Севикли Пайғамбар отасининг ёнига… Сингиллари… Мусулмон биродарлари… Мадинага… Аммо ёлғиз кетарди. Қизи Умома ёнида эди, аммо барибир, ёлғиз эди. Ўзини яхши кўрган, тўла англаган, шафқат ва марҳамат фариштаси бўлган хўжайинидан айрилганди… Маҳофа ичида шуларни ўйлаб эзилиб кетаётган Зайнаб Абул Осс ҳаққига тинмай дуо қиларди. Ундан айри ва ундан йироқларга кетарди…



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ