Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг сийратни ўрганишдан асосий мақсад нима эканлигини баён қилганлари

3 йил аввал 2267 siyrat.uz

Аллоҳ таоло яратган бандалари ичида энг афзали, пайғамбарларнинг охиргиси ва мукаммали бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак ҳаётлари барча инсоният учун ўрнак эканлигига заррача шубҳа йўқ. Шунингдек, ушбу Аллоҳ таолонинг инояти ила қуршалган муборак ҳаётнинг бирор лаҳзаси ўта аниқлик ва диққат билан ўрганилганига ҳам заррача шубҳа йўқ. Ҳа, бу улуғ ҳаётни қанчалик эҳтимом билан ўрганилса, шунча яхши. Чунки бу ҳаёт Одам Атонинг сулбидагилигидан то охирги лаҳзасигача Аллоҳ таолонинг алоҳида иноятига сазовор бўлган бир ҳаётдир! Чунки у энг афзал банданинг, энг сўнгги ва энг маҳбуб Пайғамбарнинг муборак ҳаётидир. Чунки бу ҳаётнинг йигирма уч йили осмон билан ернинг, яъни Роббил оламин билан оламларнинг бевосита боғланишига сабаб бўлган ҳаётдир. Чунки бу ҳаёт унинг соҳиби илоҳий дастур асосида тўлақонли ва ер юзида жонли Қуръон бўлиб яшаган ҳаётдир. Чунки бу ҳаёт барча учун гўзал ўрнак манбаи бўлиб, мўмин-мусулмонлар учун илҳом чашмаси бўлган ҳаётдир. Чунки бу ҳаёт уни диққат билан ўрганиб, ундан ўрнак олиб, эргашиб яшаган кишилар учун жаннат йўлига етакловчи ҳаётдир. Чунки бу ҳаёт осмонлар малакутига кўтарилган, ҳар лаҳзаси Аллоҳ таолонинг ваҳийи ила йўлга солинган ва фаришталар ҳам ҳавас қилган ҳаётдир. Шу билан бирга, бу ҳаёт ер воқеълигидан ажраб қолмаган, оддий инсонлик табиатидан ҳеч четламаган, оддий ота-онадан туғилиб ўсган камтар бир банданинг ҳаётидир. Қолаверса, бу ҳаёт дунёдаги барча эзгу фазилатларни ўзида мужассамлаштирган ва барча разолатлардан узоқда бўлган Зотнинг ҳаёти экани диққатга моликдир. Чунки бу ҳаёт Аллоҳ таолонинг Ўзи томонидан етарли даражада мақталган ҳаётдир. Чунки бу ҳаёт ошиқлари ишқида ёниб, уни диққат билан ўрганган ва ундан имкони борича ўрнак олган ҳаётдир. Чунки бу ҳаёт унинг душманлари ундан камчилик топа олмай доғда қолган, унга туҳмат қилиб шарманда бўлган ва охири унинг буюклигига тан берган ҳаётдир. Ана шундоқ , васфига сўз ожиз ҳаётни ўрганишда, унга эргашишда бу муборак ҳаётнинг ҳамасрлари бўлмиш саҳобаи киромлар дунё халқларига намуна бўлганлар. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларининг ҳар бир лаҳзасини ўта синчковлик ва диққат билан ўрганиб борганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиққан ҳар бир сўз, у Зот томонларидан содир этилган ҳар бир ҳаракату сакинат саҳобаи киромларнинг диққат-эътиборида бўлган. Саҳобаи киромлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси ҳақидаги ўзлари билган ишончли маълумотларни тобеъинларга омонат ила ўргатганлар. Ўз навбатида, тобеъинлар бу маълумотларни ўзларидан кейинги мусулмонлар авлоди – табаъа тобеъинларга қолдирганлар.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ