Меърож воқеаси

8 йил аввал 2342 siyrat.uz

Ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилубдурларки: «Байтул Мақдисда анбиёлар ила кўрушуб, аларға имом бўлғондин кейин Жибрил алайҳиссалом бир меърож, яъни нардбон (шоту) келтурдилар. Мен умримда андин хўб сурат бир нарсани кўрган эмас эрдим. Мени анинг устиға чиқаруб, ўзлари баробар юрдилар. Сайр қила-қила биринчи осмонға етдук. Анинг эшигини «Бобул−ҳафаза‘дейилур экан. Шул эшик қошида бир фаришта турубдур, номи Исмоил бўлуб, қўл остида ўн икки минг адад фаришта бор экан. Бу фаришталарнинг ҳар бирин тасарруфида яна ўн икки мингдин фаришталар бор экан.

Вақтики, Жибрил алайҳиссалом мени ул дарвозадин ичкариға олуб кирдилар, буюк фаришта сўрадики: «Бу киши кимдурлар?» Жибрил алайҳиссалом жавоб бердиларки: «Бу Зот Ҳазрат Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдурлар». Фаришта сўради:«Оё, Ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёға пайғамбар бўлуб келдиларми?» Жибрил алайҳиссалом: «Оре», дедилар. Кейин ул фаришта менинг ҳаққимда дуои хайр қилдилар.

Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам дебдурларки:«Ўшал кеча биринчи осмонға чиқғон вақтимизда тамом фаришталар бизни кулган ва хуш бўлган ҳолда истиқбол қилдилар. Магар биргина фариштани кўрдумки, на кулур ва на хушлик қилур. Биродарим Жибрилдин сўрдумки, бу нечук фариштадурки, бошқа фаришталар каби бизни истиқбол қилди, биз ила сўзлашди ва ҳаққимизға дуолар қилди, лекин ҳеч бир бор кулмади ва чеҳрасида хушлик аломати кўрулмайдур?» Жибрил алайҳиссалом жавоб беруб дедиларки: «Бу зот агар бир кимсаға кулуб қараса, сизға кулуб қарар эрди, лекин ҳаргиз кулмас. Бу зот номи Молик бўлуб, ўзи жаҳаннамнинг хозинидур».

Ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дебдурлар:«Вақтики, биз биринчи осмонға дохил бўлдук, анда мен бир Зотни кўрдумки, ўлтурубдурлар. Тамом бани Одам жонларин ул кишиға бир-бир арз этулуб турубдур. Баъзисини кўрганда хуш бўлурлар ва дерларки: «Бу пок жондур, пок жисмдин чиқубдур». Ва баъзисини кўрганда хафаликдин юзлари тиришур ва дерларки: «Бу хабис жондур, хабис жисмдин чиқубдур». Мен Жибрилдин сўрдумки: «Бу жаноб кимдурлар?» Жавоб бердиларки: «Бу Зот оталари ҳазрат Одамдурлар. Авлодларин руҳларин бу жанобға арз этилур. Яхшисин кўрсалар хуш бўлуб, дуо қилурлар, ёмонин кўрсалар, оҳ тортурлар, хафа бўлурлар».

Кейин Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам дебдурлар:«Бир жамоа одамларни кўрдумки, лаблари туялар лаблари каби йўғон ва қалиндур. Қўлларида йўғон тошлар каби ўтлар бордур. Ул ўтларни оғизлариға отурлар. Оғизларидин кируб, кетларидин чиқур. Мен Жибрилдин сўрдум: «Булар кимлардурлар?» Жавоб бердиларки: «Бу жамоат етимлар молларин егувчи золимлардурлар».

Яна бир жамоани кўрдумки, бир тарафларида семиз покиза гўштлар турубдур, иккинчи тарафларида ориғ нопок гўштлар турубдур. Покиза гўштларни қўюб, нопок гўштларни еб турубдурлар. Мен Жибрилдин сўрдум: «Бу жамоа кимлардурлар?» Жавоб бердиларки: «Булар Худо ўзлариға берган покиза, ҳалол хотунларин қўюб ҳаром хотунлар ила суҳбат қилғувчилардурлар».

Кейин бир тўда хотунларни кўрдумки, эмчакларидин осилуб қўюлубдурлар. Мен Жибрилдин сўрдумки: «Булар кимлардурлар?»Жавоб бердилар: «Булар шундоғ хотунлардурларки, эрларидин бўлмаган болаларни аларнинг болалари қилуб олурлар».

Кейин Жибрил алайҳиссалом мени иккинчи осмонға олуб чиқдилар. Анда холабаччалар, яъни Ҳазрат Ийсо ила Ҳазрат Яҳё алайҳимассаломни кўрдук.

Кейин учунчи осмонға чиқдук. Анда бир Зотни кўрдумки, чеҳралари ўн тўрт кечалик ойга ўхшар. Жибрилдин сўрдум:«Бу Зот кимдурлар?»Жавоб бердиларки: «Бу жаноб биродарингиз Юсуф алайҳиссаломдурлар».

Кейин тўртинчи осмонгға чиқдук. Анда бир Зотни кўрдум. Жибрилдин сўрдум: «Бу зот кимдурлар?» Жавоб бердилар: «Бу жаноб Идрис алайҳиссаломдурлар».

Кейин бешинчи осмонға чиқдук. Анда бир ўрта ёшлик, боши ва сақоли оқарган, серсақол кишини кўруб, Жибрилдин сўрдум: «Бу жаноб кимдурлар?» Жавоб бердиларки: «Бу Зот ўз қавмлариға маҳбуб бўлуб ўтган Ҳорун алайҳиссаломдурлар».

Кейин олтинчи осмонға чиқдук. Анда бир буғдой ранглик, узун қоматлик, бурунлари баланд бир Зотни кўрдум. Сўрдумки:«Бу жаноб кимдурлар?» Жавоб бердилар: «Бу зот биродарлари Мусо алайҳиссаломдурлар».

Кейин еттинчи осмонға чиқдук. Анда бир ўрта ёш муборак шахс Байтул Маъмур муқобилиға қўюлган бир курси устида ўлтурубдурлар. Ул Байтул Маъмурға ҳар кун етмиш минг фаришта кирур экан. Бир кирган фаришта иккинчи кирмас экан. Курсида ўлтурган бузругвор тамоман Пайғамбарларингизнинг ўзидур. Жибрил алайҳиссаломдин сўрдум: «Бу жаноб кимдурлар?» Жавоб бердиларки: «Бу Зот оталари Иброҳим алайҳиссаломдурлар».

Кейин Жибрил алайҳиссалом мени жаннатға олуб кирдилар. Анда бир хўб сурат қизни кўруб, ҳусниға таажжубда қолдим. “Сен кимдурсан?”, дедим. Жавоб бердики: “Мен Зайд ибн Ҳорисани хотунидурман”. Бу башорат жаноб Зайд розийаллоҳу анҳуға еткузулди.

Ҳазрат Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу Жаноб Расули аъзам соллаллоҳу алайҳи васалламдин ривоят қилурларки, дебдурлар: «Жибрил алайҳиссалом мени ҳар бир осмонға олуб чиққанларида кирмак учун изн сўрар эрдилар. Алар: «Бу киши кимдурлар?» деб сўраганларида: «Бу жаноб Ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдурлар», деб жавоб берур эрдилар. Алар Жибрил жавоблариға: «Аллоҳ таоло бу Зотға узун умр берсун, нақадар улуғ биродар ва рафиқдурлар», дер эрдилар.

Шул тариқа осмонлардин ўтуб, Парвардигори Меҳрибон ҳузуриға мушарраф бўлдилар. Аллоҳ таоло ўзлариға кўб иноят ва карамлар қилуб, қайтур вақтларида ҳар кун эллик вақт намоз ўзлариға ва умматлариға фарз қилғонлигин билдурди. Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу буюк зиёфатни олуб қайтдилар.

Дебдурларки: «Йўлда биродарим Мусо алайҳиссаломни кўрдум». Сўрдиларки: «Аллоҳ таоло сизға неча вақт намоз фарз қилди?» Мен дедим: «Эллик вақт намоз фарз қилди». Мусо алайҳиссалом дедилар: «Намоз оғир бир ибодатдур. Умматларингиз заиф бўлурлар, адосидин ожиз келурлар. Парвардигорингиз ҳузуриға қайтуб боруб арз қилинг, токи сиз учун ва умматларингиз учун енгил қилсун». Кейин мен ёндим, Парвардигоримға бу хусусда арз этдим. Парвардигорим карам қилуб ўн вақт намозни кам қилди. Хуш бўлуб қайтдим. Мусо алайҳиссалом қошларидин ўтдум. Сўрдилар, мен жавоб бердим, яна аввалғи сўзларин қилдилар. Мен яна Парвардигорим қошиға ёндим, яна ўн вақтни кам қилди, яна Мусо алайҳиссалом қошлариға келдим. Бу дафъа ҳам илгари қилғон сўзларин қилдилар. Мен яна ёндим, Парвардигорим яна ўн вақтни кам қилди. Бу тариқада мен Парвардигор ҳузуридин келурман, Мусо алайҳиссалом мени ёндурурлар. Охири мартабада Парвардигорим беш вақт намозни бир кеча ва кундуз учун бизларға фарз қилди. Бу дафъа ҳам Мусо алайҳиссалом ёндурмакчи бўлдилар, мен дедим:«Эй биродар, кўб мурожаат этдим. Эмди боришға хижолат қилурман».

Шунинг учун ҳар кунги намоз мусулмонлар учун беш вақтға қарор топди. Кимики, бу беш вақт намозни фарзлигиға иймон келтуруб ва савобидин умид этуб ўқуса, Аллоҳ таоло ул бандаға эллик вақт фарз намоз савобин карам қилур.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ