РАСУЛУЛЛОҲ, ДИЛДА ИШҚИМ СИЗ УЧУН!

7 йил аввал 2526 siyrat.uz

Чексиз ҳамд-у сано бирла каломлар, Бўлсин Раҳмон ва Раҳмли Раббим учун. Мукаммал, тугал саловот-саломлар, Бўлсин суюклигим – Ҳабибим учун. Оламлар сарвари Расулим учун. Олам узра эсиб майин шабада, Макка четидаги кичик кулбада, Расулим, туғилдингиз душанбада, Рабиъул-аввалдир, ўн иккинчи кун. Расулуллоҳ, дилда ишқим сиз учун. Оламга раҳмат пайғамбар ўзингиз, Умматга йўлбошчи, раҳбар ўзингиз, Ҳам меҳрибон, ҳам жонкуяр ўзингиз, Умматни фарзанддан қўйдингиз устун. Расулуллоҳ, дилда ишқим сиз учун. Бобом Иброҳимнинг дуосидурсиз, Исо ибн Марямнинг башоратисиз, Онангиз Омина тушларидурсиз, Хотамун набийсиз, зулматда учқун. Расулуллоҳ, дилда ишқим сиз учун. Муҳаммадсиз, Аҳмаддурсиз доимо, Тўхтовсиз мақталурсиз олам аро, Барча пайғамбар ҳам мақталур, аммо Сизнинг фазлингиз улардан-да устун. Расулуллоҳ, дилда ишқим сиз учун. Ҳуснингиз кўркамдир, ойдан ҳам гўзал, Бўйингиз ўрта бўйдан баландроқ сал, Елкангиз кенг, хилқатингиз мукаммал, Раббим яратгандир, оламга бутун. Расулуллоҳ, дилда ишқим сиз учун. Сиз эдингиз доимо Аллоҳга Ҳабиб, Башарият-чун дармонсиз, ҳам табиб, Даволайсиз агар қалб бўлса майиб, Сиздан бутун коинот бўлган мамнун. Расулуллоҳ, дилда ишқим сиз учун. Дунёдан ўтдингиз бўлиб карамли, Раҳмли эдингиз доимо, ҳам сабрли, Синовлар бўлса ҳам қанча аламли, Чидардингиз бўлса-да оғир ва узун. Расулуллоҳ, дилда ишқим сиз учун. Шукр, адолат, тавозеъ борасида, Тенги йўқсиз одамлар орасида, Сиз-чун сўз тополмай мен норасида, Ҳаёлим паришон, сўзларим тутқун. Расулуллоҳ, дилда ишқим сиз учун. Зикрингиз бирла безагум сўзларим, Қувватланур ҳар томир-илдизларим, Ишқингиздан намлансайди кўзларим, Ҳабибим, негадир иймоним турғун. Расулуллоҳ, дилда ишқим сиз учун. “Қалбимга ишқингиз жойлансин абад, Расулим, ишқингизда йиғлай фақат” Сизга сўз айтмоққа бўларму тоқат, Ҳабибим, равзангизга борсам бир кун. Расулуллоҳ, дилда ишқим сиз учун. Ҳаёт йўлидан чиққанда сўқмоқлар, Қалбим эзиб, қийнаганда қийноқлар, Сувсизликдан чанқаганда томоқлар, Кавсардан тўйиб-тўйиб ичсам ул кун. Расулуллоҳ, дилда ишқим сиз учун. Одамлар қилсалар сизга муҳаббат, Биров тўхтатмоққа қилур ҳаракат, Тўқур сиз ҳақингизда бўхтон, туҳмат, Бўлиб кетди-ку булар тугун-тугун. Расулуллоҳ, дилда ишқим сиз учун. Улар билмайди-да қандайлигингиз, Ёки кўролмайди буюклигингиз, Аллоҳ битиб қўйган буюк номингиз, Ўчиролмас уни ҳеч қайси қонун. Расулуллоҳ, дилда ишқим сиз учун. Мадина саодат, сакинат шаҳри, Ғазабланганни унда тушар қаҳри, Макка эса ернинг маркази – бағри, Кошки, уни зиёрат этсам бир кун. Расулуллоҳ, дилда ишқим сиз учун. Ҳазрат Али, Усмон ҳамда Умарлар, Хизматингизда доим шай турарлар, Абу Бакр доим сиз бирла юрарлар, Мусо оғаси бўлганидек Ҳорун. Расулуллоҳ, дилда ишқим сиз учун. Кўпайиб кетмоқда айб-у нуқсоним, Қачон тугаллашар заиф иймоним, Дардлар бирла тўлиб кетган ҳар ёним, Буларни ўйласам йиғларман беун. Расулуллоҳ, дилда ишқим сиз учун. Набийюллоҳ, бу жоним фидо сизга, Амал қилай оғишмай сўзингизга, Куч-қувват, ғайрат берсин Худо бизга, Дунё иши учун бўлмайин маҳзун. Расулуллоҳ, дилда ишқим сиз учун. Доим сизга айтай, айтай саловат, Шул сабаб иймоним бўлсин саломат, Саййидим, барчани қилинг шафоат, Ҳисоб-китоб қилинар Қиёмат кун. Расулуллоҳ, дилда ишқим сиз учун. Ўтмоқда умримизнинг баҳор-ёзи, Жаранглайди бутун уммат овози: “Ҳабибим, биздан бўлинг фақат рози”. Илоҳим, гуноҳлар ювилсин бугун. Расулуллоҳ, дилда ишқим сиз учун. Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Қобулов Оятуллоҳ Ҳамидуллоҳ ўғли.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ