“Расулуллох саллолоху алайхи васаллам ва муаммолар ечими”

9 ой аввал 4663 siyrat.uz

 

Мехрибон ва Рахимли Аллох номи билан бошлайман

- Менга жаннатни таърифлаб бер

- У ерда расулуллох борлар…   Бизларни Ислом фитратида дунёга лойиқ кўрган, мусулмон ўлкаларда ўзининг хақ дини қадртопган даврларга, ибодат, Қуръон ва суннат амалларга мухаббатли бўлган жамиятга тақдиримизни боғлаган оламлар Роббисига беадад шукрлар айтамиз. Зулмат оғушига чўмган дунёга рахмат ва нур қилиб юборилган, ўзининг гўзал хулқи билан инсонийлик ва исломийликни чамбарчас боғлаган ва бу сифатлар билан бутун оламга намуна бўлган, икки оламнинг сарвари, омонатини топширётганида ҳам уммат қайғусида бўлган, Аллохнинг расули, шафоатгўйимиз хазрати Мухаммад Мустафо саллолоху алайхи васалламга дунё яралгандан буён ёққан ёмғирлар миқдорича саловоту саломлар бўлсин. Расулуллох…. Бу сўзни эшитган, ўзини Аллохнинг бандаси, Мухаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматиман деган ҳар бир инсон борки қалбий бир соғинчни хис этади. Расулуллох…. Бу сўз янграши билан беихтиёр қалб ва тил ўзаро ғойибона боғланади, сўнг қалбдан чиққан садо тилда жонланиб ўз тасдиқини топади “саллолоху алайхи васаллам”. «Бир қўлимга қуёшни, бир қўлимга ойни тутқазсалар ҳам Роббимнинг буйруқларидан қайтмайман» деган зотдир бу! VII аср Арабистон ярим ороли. Инсоният фақатгина дунё ғами билан яшаётган, ҳалол ва харомнинг фарқига борилмаётган, дунё ўз матохи билан одамларнинг қалб кўзларини кўр қилган, гунох ва маъсият авж олган жохилия даври. Ўша жохиллик давру учун Аллоҳ ўз хаққ динини нозил қилиб уни танитиш учун, ўз бандаларини мункар ишлардан қайтариб хақ йўлни топтириш учун ўз элчиси Мухаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни юборди. Ўта тахликали ва ширк авж олган замонда Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллохнинг фазлу мархамати билан инсониятни дўзахий оловдан тортиб жаннатий нур сари етаклади. Саллолоху алайка я Расулуллох! ХХI аср. Бутун ислом олами. Инсонларга дунё ғами дин ғамидан ташвишлироқ туюлаётган, ҳалол ва харомнинг фарқига тобора кам эътибор берилаётган, гунох ва маъсият авж олиб бораётган давр. Орадан 14 аср вақт ўтди, тафаккур қилсак даврларга нисбатан берилаётган таъриф деярли бир хил, лекин фарқ нимада? Фарқ – жохилия даврида жамиятда мавжуд бўлган бетартиб хаётни диний тартибга солиш учун Роббимиз ўз элчисини юборган бўлса, хозирги давр учун Роббимиз ўз элчиси сабабли икки буюк мўжиза Қуръони Карим ва Хадисни халқлар учун муаммолар ечими, диний саводсизлик ва бунинг ортидан келадиган жохилликнинг дармони қилиб қолдирди. Агар биз атрофимизга теран нигох билан назар ташласак, атрофимиз муаммоларга қалашиб ётганига гувох бўламиз, лекин ўша муаммоларнинг илдизи нимада??? Албатта илмсизликда, илмсизлик эса жохилликка тенглаштирилган. Жохилликнинг ортидан келадиган хар қандай иш хатарлик муаммодир. Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишлик билан илмсизлик бартараф этилади, бу эса илмсизлик ортидан келадиган муаммонинг ечимидир. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган хадисда: Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам мархамат қилиб айтадиларки: «Мусулмон мусулмон кишининг биродаридур, унга зулм ҳам қилмайди ва биродарини душманига топшириб ҳам қўймайди. Ким биродарининг хожатида бўлса, Аллоҳ унинг ҳам хожатида бўлади. Кимки мусулмондан ғам ташвишни кетказса, Аллоҳ таоло қиёмат ғам ташвишларидан уни халос этади. Кимки мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ таоло қиёматда унинг ҳам айбини беркитади», дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Бугунги ислом дунёсининг муаммоси нимада? Албатта энг улкан муаммолардан бири динни ниқоб ва мақсади бутунлай бошқа воситалар бўлган терроризм балосидир. Бу бало туфайли мусулмон мусулмонга зулм қилмоқда, мусулмон бошқа бир мусулмон биродарини душманга олиб бориб топширмоқда. Ўзимнинг ташвишим етарли дея, ёнидаги биродарининг ташвиши билан қизиқмаяпди. Вахоланки бундан 14 аср олдин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида энг улкан ташвиш ул муборак зотда эдилар, лекин ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уммат биродарларининг ташвишларини ўз холига ташлаб қўйганлари йўқ, балки уларнинг ташвишларини ҳам ўзларининг ташвишлари деб билганлар. Биз умматлар биродаримиздаги ташвишни менинг ташвишим эмаску деб юрсак, Расулуллохдан ўрнак ола билмасак, бу амият муаммосига айланиб бораверади. Бу эса илмсизликдандур, илмсизлик эса жохилликдур! Хозирда жамиятда мўминман деган бандаларнинг яна бир улкан муаммоси – бу намоздир. Тан олишимиз керак жуда кўпчилигимиз Аллох таоло билан бўладиган мўминнинг мерожига бепарвомиз. Бунинг устига Аллоҳ таолонинг инояти билан хукуматимиз сабаб бўлиб, ибодат қилишлик учун улкан шароитлар яратиб берилган замонда. Зеро Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз билан гунохлар ювилишлигини ва динимиздаги энг улкан савоб ҳам айнан ибодат эканлигини таъкидлаганлар. Дин билан осон қилинган, сокин хаётимизни ўзимиз қийинлаштиришлигимиз яна бир ачинарли муаммоларимиздан биридир. Бу холат оилаларимизда бўлаётган охирги вақтлардаги маросимларда кўриниб турибди. Тўй тадбирларни дабдабалаштириш, бирор инсон вафот этса ўлимдан кейинги динимизда мутлақо йўқ бўлган маросимларни бировдан қарз олиб бўлса ҳам ўтказишлик, бу мисолларни кўп давом эттириш мумкин, албатта. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Таълим беринглар, қийинлаштирманглар, осонлаштиринглар. Бирортангиз ғазаб қилса жим бўлсин», деб мархамат қилганлар. (Ал-адаб ал-муфрад). Бу хусусида охирги вақтларда жума мавиъзаларида ҳам жуда кўп таъкидланди. Биз осонлаштириш ўрнига қийинлаштирсак, таълим беришга хақлилар томонидан таълим берилса жахлимиз чиқса – мана бизда муаммо. Муаммо эса албатта илмсизликдан келиб чиқади, илмсизлик эса жохилликдур! Жохиллик(илмсизлик)нинг давоси эса Расулуллохга эргашишликдадур. Баъзи бир исломдан йироқ бўлган халқларга тақлид қилишлигимиз ортидан пайдо бўлган яна бир муаммо бу шубхасиз «севги» тушунчасидир. Айниқса, бу нарса биз ёшлар орасида жуда оммалашди ва бунинг ортидан зино деб аталмиш бало одатий холга айланди. Биз Аллоҳнинг элчисидан намуна олмаяпмиз, хадис ва суннатларга амал қилмаяпмиз, бунинг натижасида аввало ўзимиз, оилалар ва албатта жамият зарар кўрмоқда. Икки олам сарвари соллаллоҳу алайҳи васаллам мархамат қилиб айтганлар: «Севишганларга никохдан бошқа тўғри йўл топилмайди». (Ибн Можа ва Ҳоким ривояти). Айтайлик бирор бир дўстимиз бир қизни Аллоҳ учун кўнгилдан ёқтиради у билан ўзи учун динни ярмини топиб исломий, динга ва жамиятга фойдаси тегадиган оила барпо қилмоқчи, лекин бу кечиктирилмоқда бунга сабаб нимада? Албатта муаммо – бу ўзимиз ўйлаб топган, муқаддас динимизга ва миллий менталитетимизга мос келмайдиган одатлар ва маросимлардур. Бу нарсалар кўп моддийликни талаб қилганлиги учун, никох муддати кечикишлиги, муқаддас оила қуришликни мақсад қилган икки ёш беникох(учинчиси шайтон бўлган холатда) учрашиб юришларига сабаб бўлмоқда. Бу эса юқорида таъкидлаганимиздек, дин билан сокинлаштирилган хаётимизни қийинлаштиришлигимиз сабабдандир. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам аввало инсон эдилар, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонийлик ва исломийликни тарғиб қилдилар ва бутун инсониятга юксак намуна бўлдилар. Ушбу хусусиятларни ўз қилаётган юмушларида, юриш туриш ва турмуш шароитларида махкам ушлаб ривожлантирган шахс, албатта диний маърифий етук бўлади, оилалари миллий ва диний урф одатлар билан тараққий топади, бу эса дунёвий ва диний хақ тарафдан барқарор бўлаётган жамиятни янада мустахкамлайди. Демак жамият мустахкамланиб уни диний ва дунёвий таррақиёти учун албатта муаммолар бартараф этиломоғи керак, муаммолар ечими эса Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб суннат амалларда бардавом бўлмоқлигимиздадур. Мана айрим хадислар талқинида бугуннинг долзарб муаммоларининг ечимларини кўриб чиқишликка бахоли қудрат харакат қилдик. То қиёмат давригача бўладиган хар қандай ташвишлик муаммонинг ечими албатта Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннат ва хадисларида мужассам. Биздан эса бу амалларда собит қадам бўлишлик талаб этилади. Бизларга севишни ўргатган, қалбни қалбга улфат қилган ва яхшиликни барча йўлларини очиб берган зотга саловоту саломлар бўлсин: «Аллохумма солли ва саллим ъала сайидина Мухаммадин ва олиҳи ва сахбиҳи таслийман касийро».  

Улуғбек Исмонов

Андижон Машинасозлик Институти III-босқич талабаси




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ