Журҳум, Қотуро ва улар ораcида бўлиб ўтган воқеа

1 ўн йил аввал 1907 siyrat.uz

Ибн Ҳишом: Музозни «Мизоз» ҳам дейишади.

Ибн Исҳоқ: Исмоил ва Нобит авлодлари, боболари Музоз ибн Амр ал-Журҳумий ҳамда журҳумлик тоғалари билан бирга (Журҳум ва Қотуро қабилалари амакиваччалар бўлиб, ўшанда Макка аҳли эдилар) Ямандан чиқиб, пиёда йўл юриб борардилар. Журҳумнинг бошлиғи Музоз ибн Амр, Қотуроники эса Ас-Самайдаъ исмли ўзларидан бўлган бир киши эди. Улар Ямандан бошқа жойга сафар қилиб чиқадиган бўлсалар, ўзларига бир бошлиқ тайинлар эдилар. Улар Маккага тушишгач, сув ва дарахтзор бир шаҳарни кўриб, бу жойни ёқтириб қолишди. Улар шу ерда қолиб, Музоз ибн Амр ҳамда у билан бирга келган журҳумликлар Макканинг юқори томонига, Қуъайқион деган жой ва унинг атрофига тушдилар.

Ас-Самайдаъ ва қотуроликлар Макканинг пастки томонидаги Ажёд деган жой ва унинг атрофига тушдилар. Музоз Маккага юқори томондан келадиганлардан, ас-Самайдаъ эса, унга пастки томондан келадиганлардан «ушр», яъни савдо молларининг ўндан бирини бож сифатида олиб қолар эди. Улар шу тарзда бир-бирларига ҳалақит қилмасдан маълум муддат ҳаёт кечириб келдилар.

Бора-бора ўзаро келишмай қолиб, мулк талаша бошладилар. Ўша даврда Исмоил алайҳиссалом ва Нобит авлодлари ҳам Музоз билан бирга эди. Байтуллоҳнинг бошқаруви эса Музознинг қўлида эди. Бунга Ас-Самайдаънинг ҳасади келди. Шундан сўнг улар бир-бирларига қарши юриш бошладилар. Музоз ибн Амр ибн Қуъайқион ўз аскарлари билан йўлга чиқди. Унинг аскарларидаги ўқ-ёй, чарм қалқон, қилич ва ўқдонлар жаранг-журунг овозлар чиқарарди. Баъзиларнинг айтишларича, Қуаъйқион ушбу овозлар туфайли шундай деб аталган.

Ас-Самайдаъ эса Ажёд деган жойдан отлиқ ва пиёда аскарлар билан бирга йўлга чиқди. Айтишларича, Ас-Самайдаъ билан бу жойдан чопқир отлар бирга чиққани учун Ажёд (чопқир отлар) деб аталган экан. Улар Макка яқинида, Абу Қубайс тоғи олдидаги Фодиҳ деган жойда тўқнашиб, шиддатли жанг бўлди. Ас-Самайдаъ ўлдирилди ва Қотуро сазойи қилинди. Айтишларича, у ерни Фодиҳ (шарманда қилувчи) деб аталиши шундан экан. Сўнг бир-бирларини сулҳга чақириб, биргаликда йўлга чиқдилар. Улар Макка тепасидаги ал-Матобих деб аталувчи жойга тушиб, сулҳ туздилар. Сўнг бошқарувни Музозга топширдилар. У туялар сўйиб одамларни тўйдирди. Бу ернинг ал-Матобих (таом пиширадиган жой) деб номланишига шу воқеа сабабли бўлган. Баъзи илм аҳли эса у ернинг ал-Матобих дейилиши, Яман подшоси Туббаънинг ўша ерда туя сўйиб халқни тўйдиргани туфайли, дейишади. Айтишларича, Музоз ва Ас-Самайдаъ ўртасида бўлиб ўтган жанг Маккадаги биринчи жанг экан.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ