Иймонга даъват

6 йил аввал 5024 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Ўтган умматлар орасида Аллоҳ таолога ширк келтиришда ғоят машҳур бўлган қавмлардан бири Иброҳим алайҳиссаломнинг умматлари эди. Улар нафақат буту санамларга, балки юлдуз, ой, қуёш каби нарсаларга ҳам сиғинишарди. Иброҳим алайҳиссалом уларга бу нарсаларга эмас, уларни яратган Холиққа – Аллоҳ таолонинг Ўзига иймон келтириб, ибодат қилишга даъват қилдилар. Бу даъватнинг таъсирли чиқиши учун ўша қавмга таъсир қиладиган турли услубларни қўлладилар. Ана ўшандоқ тасарруфлардан бири «Анъом» сурасида ажойиб бир услубда баён қилинади:

«Иброҳимнинг ўз отаси Озарга: «Санамларни олиҳалар қилиб оласанми? Албатта, мен сени ва қавмингни очиқ-ойдин адашувда кўрмоқдаман», – деганини эсла» (74-оят).

Маълумки, Иброҳим алайҳиссалом ўз қавмлари – Ироқ калдонийлари орасида ўсиб-улғайди. Ақлини танигач, отасининг ҳам, қавмнинг бошқа аҳлларининг ҳам тошдан, ёғочдан ўзлари йўниб-ўйиб ишлаб олган бут ва санамларига сиғинаётганларини билди.

Иброҳим алайҳиссалом соф қалби ва онги ила бу иш нотўғри эканлигини, жонсиз тош ёки жонсиз ёғоч одамлар томонидан бир оз ишлов берилгани билан худога айланиб қолмаслигини тушуниб етди.

Ўзи жонсиз бўлган нарса ўзгаларга қандай қилиб жон ато қила олсин?! Ўзи ақлсиз нарса қандай қилиб ўзгаларга ақл бера олсин?! Ўзидан зарарни қайтара олмайдиган нарса қандай қилиб ўзгалардан зарарни қайтара олсин?!

Ушбу ҳақиқатни англаган ёш Иброҳим отасининг ва унинг қавмининг адашувда эканлигини ҳам англаб, бу тушунчани отасига айтди:

«Санамларни олиҳалар қилиб оласанми? Албатта, мен сени ва қавмингни очиқ-ойдин адашувда кўрмоқдаман», деди.

Аллоҳ таоло ушбу оятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ана ўша тарихий ҳодисани эслатиш ила Иброҳим алайҳиссаломнинг қиссаларини бошламоқда. Мазкур қиссанинг тафсилоти қуйидагича:

«Ана шундай қилиб, аниқ ишонувчилардан бўлиши учун Иброҳимга осмонлару ернинг салтанатини кўрсатардик» («Анъом» сураси, 75-оят).

Яъни, Иброҳимга худди отаси ва унинг қавми очиқ-ойдин адашувда эканлигини соф қалби ва онги ила кўрсатганимиздек, унга ушбу соф қалб ва онг ила осмонлару ердаги мулкларни, улардаги сиру асрорларни ҳам кўрсатамиз. Шунда у бут ва санамларга ибодат қилишни инкор этиш даражасидан Аллоҳга шаксиз ишонувчилар даражасига кўтарилади.

Энди Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга кўрсатган мулклардан баъзилари зикр қилинади:

«Уни тун ўраб олганида юлдузни кўриб: «Мана шу Роббимдир», – деди. У ботганида эса: «Ботувчиларни суймасман», – деди» («Анъом» сураси, 76-оят).

Бут ва санамлар худо бўла олиши мумкин эмаслиги бир боқишдаёқ аён бўлди. Энди Иброҳим алайҳиссалом ўз қавмлари худо деб эътиқод қиладиган нарсалардан каттароқларига ҳам бир-бир назар ташлаб, бу нарсалар ҳам улар учун худоликка мутлақо ярамаслигини тушунтириб чиқмоқчи бўлдилар.

Маълумки, калдонийлар юлдузни ҳам худо деб эътиқод қилар эдилар. Кишини тун ўраб олганида кўзига яққол кўринадиган порлоқ жисм юлдуз бўлади.

«Уни тун ўраб олганида юлдузни кўриб: «Мана шу Роббимдир», – деди».

Эҳтимол, ҳақиқатдан ҳам мана шу юлдуз Робб­дир?! Аммо... аммо... ботиб кетди-ку? Худо бўлса, ботармиди? Худо бўлса, маълум вақтда кўриниб, маълум вақтда кўринмай қолармиди? Вақти келганда чиқиб, белгиланган вақти етганда ботиб кетармиди? Ботувчилар худо бўла олмайди.

«У ботганида эса: «Ботувчиларни суймасман», – деди».

Хўш, бу ҳам худо бўла олмаса, худо қани? Бошқа ёқдан излаш керак. Қани, бир қараб кўрсин-чи, эҳтимол, топилиб қолар. Иброҳим атрофга қараб:

«Чиқаётган ойни кўрганда: «Мана шу Роббимдир», – деди. У ботганида: «Агар Роббим мени тўғри йўлга бошламаса, албатта, адашганлардан бўлгайман», – деди» («Анъом» сураси, 77-оят).

Иброҳим алайҳиссалом ойни аввал ҳам кўриб юрган эдилар, аммо бу дафъа унга бошқача назар билан қарамоқдалар. Юлдуздан кўра ой ёрқинроқ ва улканроқ туюлмоқда. Эҳтимол, уни худо деса бўлар? Эҳтимол, у ботмас?

«Чиқаётган ойни кўрганда: «Мана шу Роббимдир», – деди».

Аммо... аммо у ҳам ботиб кетди-ку! Бу ҳам бўлмади.

«У ботганида: «Агар Роббим мени тўғри йўлга бошламаса, албатта, адашганлардан бўлгайман», – деди».

Аллоҳнинг Ўзи, Робби Ҳақиқийнинг Ўзи ҳидоятга бошламаса, одамнинг адашиши турган гап.

«Чиқаётган қуёшни кўрганда: «Мана шу Роббим. Бу каттароқ», – деди. У ҳам ботиб кетганида: «Эй қавмим, албатта, мен сиз ширк келтираётган нарсага алоқадор эмасман», деди» («Анъом» сураси, 78-оят).

Демак, олдинги уринишлар ҳам – ибодатга сазовор зотни излаш йўлидаги уринишлар ҳам Иброҳимнинг қавми гувоҳлигида бўлган эди. Иброҳим алайҳиссалом «Улар ибодат қилаётган нарсалар ҳақиқатдан ҳам худо бўлиши мумкинми?» деган саволга мушрик қавмнинг кўзи ўнгида уларнинг нуқтаи назаридан туриб, фикр юритганлар. Шу йўл билан уларнинг очиқ-ойдин адашувда эканлигини амалда кўрсатишга уринганлар.

Ҳар бир инсоннинг кўзига яққол ташланиб, уни доимо ҳайратга солиб турувчи самовий жисм­лардан бири қуёшдир. Эҳтимол, уни худо деб эътиқод қилиш, унга ибодат қилиш мумкиндир?

«Чиқаётган қуёшни кўрганда: «Мана шу Роббим. Бу каттароқ», – деди».

Аммо у ҳам ботади. У ҳам маълум қоидага бўйсунади. У ҳам худо бўла олмайди.

«У ҳам ботиб кетганида: «Эй қавмим, албатта, мен сиз ширк келтираётган нарсага алоқадор эмасман», деди».

Демак, қавмнинг худо деб эътиқод қилаётган нарсаларининг ҳаммаси бир пулга ҳам арзимайди. Булардан воз кечиш лозим.

«Эй қавмим, албатта, мен сиз ширк келтираётган нарсага алоқадор эмасман».

«Менинг улар билан ҳеч қандай алоқам йўқ. Мен улардан покман. Менинг юзланадиган Роббим бор:

«Албатта, мен юзимни осмонлару ерни йўқдан бор қилган Зотга ҳаниф бўлиб юзлантирдим ва мен мушриклардан эмасман» («Анъом» сураси, 79-оят).

Бу иқрор Иброҳим алайҳиссаломнинг мушрик қавмдан ажралиб, ёлғиз Аллоҳ таолога, осмонлару ерни яратган Зотга, мушриклар Унга ширк келтираётган бут ва санамлар, ою юлдузлар ва қуёшни яратган Зотнинг Ўзигагина юзланганини эълон қилишидир.

У зотнинг бу юзланишлари ҳанифлик деб номланади. Бу эса фақат тўғриликка мойил бўлиш, юзланиш, йўл тутиш деганидир.

Албатта, мушрик қавм Иброҳимдан буни эшитиб, индамай кетавермади. Одатдагидек, ботил фикрларини ҳимоя қилиб, у зот билан баҳслашишни бошладилар.

«Қавми у билан тортишди. У айтди: «Мен билан Аллоҳ ҳақида тортишасизларми? Ҳолбуки, У мени ҳидоят этди. Унга ширк келтираётган нарсангиздан қўрқмайман. Магар Роббим бирор нарсани хоҳласа, (ўшандан қўрқаман). Роббим барча нарсани Ўз илми ила қамраб олган. Эслатма олмайсизларми?» деди» («Анъом» сураси, 80-оят).

Бузуқ қалб ва онг ҳар нарсани ўз ўлчови билан ўлчайди. Ҳар қандай ёмонликни яхшилик деб баҳолаши ва уни ҳимоя қилиши турган гап. Бундай ҳолга тушиб қолганлар ўзларини тўғри йўлга даъват қилувчиларни ҳам ўзларига душман деб биладилар. Уларга қарши ҳар нарса қиладилар.

Мана, Иброҳим алайҳиссалом ўз Роббига юзланганлигини эълон қилишлари билан ва ҳали мушрикларга, уларнинг худоларига тил теккизмасдан аввал улар баҳсга киришдилар. Ўзлари ибодат қилаётган, на фойда, на зиён етказа олмайдиган, тошдан, ёғочдан ишланган бут-санамлар ва осмон жисмларининг заифлигини, ақидалари пучлигини унутиб, камолот соҳиби бўлган Аллоҳ таоло ҳақида тортиша бошладилар. Ҳақиқий мўмин бўлган Иброҳим алайҳиссалом ҳам ҳақиқий мўминнинг йўлини тутдилар. У зот ўзлари иймон келтирган, Унинг йўлини тутган ягона Аллоҳ таоло ҳақида ишонч ва хотиржамлик, сабот ва кўнгли тўқлик билан сўзлай бошладилар.

«Мен билан Аллоҳ ҳақида тортишасизларми» деди.

«Мени ҳидоятга солган Зот ҳақида мен билан тортишасизларми? У менга Ўзини танитди. Мен ақлим, виждоним ва бутун вужудим ила Уни танидим. Энди эса сизлар «У борми-йўқми?» деб мен билан гап талашасизларми?

«Унга ширк келтираётган нарсангиздан қўрқмасман».

«Ўзингиз ёғоч ёки тошдан ясаб олган бутлардан, юлдуз, ой ва қуёшдан ва шунга ўхшаш сиз худо деб Аллоҳга шерик қилаётган нарсадан қўрқмайман. Уларнинг ҳаммасини менинг Роббим яратган, улар ҳеч кимга фойда ҳам, зарар ҳам келтира олмайдиган нарсалардир».

«Магар Роббим бирор нарсани хоҳласа, (ўшандан қўрқаман)».

Яъни «Ҳамма нарса Аллоҳнинг иродаси билан бўлади. Шунинг учун Аллоҳдан ўзгадан қўрқишнинг ҳеч ҳожати йўқ».

«Роббим барча нарсани Ўз илми ила қамраб олган».

«Аллоҳ таолонинг илмидан ташқари ҳеч қандай илм йўқ».

«Эслатма олмайсизларми?»

«Ана ўшанда ширк эмас, якка ва ягона Аллоҳ таолога ибодат келтирган бўлар эдингиз».

«Қандай қилиб сиз ширк келтирган нарсадан қўрқай? Ҳолбуки, сиз ўзингизга у ҳақида ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсани Аллоҳга ширк келтириб туриб қўрқмайсиз-у?» Ушбу икки жамоанинг қайсиниси амниятга ҳақлироқ?! Агар билсангиз» («Анъом» сураси, 81-оят).

Сизлар худодан қўрқмай, ҳеч қандай далилсиз, ўзингиздан-ўзингиз баъзи нарсаларни Унга шерик қилиб олдингиз. Сиз шундай қилганингиздан кейин, нима учун мен ҳақиқий Аллоҳга иймон келтириб туриб, сизларнинг сохта худоларингиздан қўрқай?!

«Ушбу икки жамоанинг қайсиниси амниятга ҳақлироқ?! Агар билсангиз»

Ким ўзини эмин санашга ҳақлироқ? Айтинг! Агар сиз айтмасангиз, мен айтай:

«Иймон келтирганлар ва иймонларига зулмни аралаштирмаганлар. Ана ўшаларга амният бор. Улар ҳидоят топганлардир» («Анъом» сураси, 82-оят).

Демак, хотиржам бўлиш, турли азоб-уқубатлардан омонда бўлиш учун иймон лозим ва бу иймонга зулм аралаштирмаслик керак. Ушбу оятдаги «зулм»дан мурод ширкдир.

Саҳобаи киромлар бу оят тушгандан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ва ўзаро бир-бирларидан сўраганларида «зулм»дан мурод ширк эканлиги аён бўлган.

Албатта, Аллоҳга иймон келтирган, ихлос қилган ҳамда эътиқодда, ибодатда ва амалда Унга ҳеч нарсани шерик қилмайдиганлар ҳар бир нарсага қодир Аллоҳнинг ҳимоясида бўладилар. Ундай Зотнинг ҳимоясидаги одам эса доим хотиржам ва омонликдадир. Ана ўшалар ҳидоят топганлар бўладилар.

«Ана ўшалар – Иброҳимга қавмига қарши (тортишувда) берган ҳужжатларимиздир. Кимни хоҳласак, даражаларини кўтарамиз. Албатта, Роббинг Ҳакийм ва Алиймдир» («Анъом» сураси, 83-оят).

Мушрик қавм билан тортишган Иброҳим алайҳиссаломга Аллоҳнинг Ўзи «Айт» деган хитоблар билан қавмга қарши қандай ҳужжатлар келтиришини ўргатиб турди.

Аллоҳ таолодан келган ҳужжатларни қўллаган Иброҳим алайҳиссалом тортишувда мушриклардан устун келдилар. Бу билан Аллоҳ таоло у зотнинг даражаларини улуғ қилди.

«Албатта, Роббинг Ҳакийм ва Алиймдир».

Шунинг учун У кимга ҳужжат беришни, кимни ғолиб қилишни яхши билади ва ҳикмати ила йўлга солади.

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ