Подшоҳ ила мунозара

3 йил аввал 3673 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 

Албатта, бўлиб ўтаётган бу гап-сўзлар ўша вақт­даги худолик даъвосини қилган подшоҳга етиб борган бўлиши керак. Шунинг учун у Иброҳим алайҳиссаломни мунозарага чорлади. Ана шу маш­ҳур мунозара «Бақара» сурасида қуйидагича васф қилинади:

«Аллоҳ подшоҳлик бериб қўйгани сабабидан Иброҳим билан Робби ҳақида тортишган кимсани кўрмадингми? Ўшанда Иброҳим: «Роббим тирилтиради ва ўлдиради», деди. У: «Мен (ҳам) тирилтираман ва ўлдираман», – деди. Иброҳим: «Албатта, Аллоҳ қуёшни Машриқдан чиқарур, бас, сен уни Мағрибдан чиқаргинг-чи», – деди. Бас, куфр келтирган лол қолди. Ва Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас» (258-оят).

Ушбу оят Иброҳим алайҳиссалом билан ўша даврда ўтган бир ҳукмдор подшоҳнинг тортишуви ҳақида ҳикоя қилади. Одатдагидек, Қуръони Карим у подшоҳнинг исмини зикр қилмайди. Чунки ибрат унинг исмида эмас, балки тасарруфидадир.

Тортишув Парвардигори олам ҳақида бўлган. У подшоҳ гапига қараганда, Аллоҳнинг борлигига шубҳа қилмайди, балки Унинг сифатларига шуб­ҳа қилади. Аммо уни бундай тасарруфга олиб келган нарса нима? Нима сабабдан шунчалик даражада ноқобил бўлиб, Аллоҳнинг улул азим пайғамбарларидан бўлган Иброҳим алайҳиссалом билан Парвардигори олам ҳақида тортишди экан?

«Аллоҳ подшоҳлик бериб қўйгани сабабидан...»

Аслини олганда, Аллоҳ таоло унга подшоҳлик, мулк берганига шукр қилиши керак эди. Лекин у ҳаддидан ошади, туғёнга кетади. Ҳатто худолик даъвосини қилади. Ўзининг ожиз банда эканлигини унутади. Унга неъматни ким берганини билмайди. Шукр қилиш ўрнига, ношукрлик қилади. Бу ҳол жуда ҳам ёмон.

«Аллоҳ подшоҳлик бериб қўйгани сабабидан Иброҳим билан Робби ҳақида тортишган кимсани кўрмадингми?»

Аллоҳ таоло берган катта неъмат сабабидан Аллоҳнинг сифатларини инкор қилиб, Унга қарши чиқиш қандай ҳам ёмон иш! Оятнинг кейинги жумлаларини ўргансак, бу ишнинг нақадар ёмон эканлиги янада намоён бўлади.

«Ўшанда Иброҳим: «Роббим тирилтиради ва ўлдиради», деди. У: «Мен (ҳам) тирилтираман ва ўлдираман», – деди».

Кофир билан тортишувда Иброҳим алайҳиссалом «тирилтириш» ва «ўлдириш» Аллоҳ таолонинг иши эканлигини бежиз зикр қилмаганлар. Биз ожиз бандалар ҳар лаҳзада тирилтириш ва ўлдириш ҳолатининг гувоҳи бўлиб турамиз. Кимдир ҳаётга кириб келади, кимдир ҳаётни тарк этиб, ўлимга дучор бўлади. Бу жараён ҳар лаҳзада такрорланиб туради. Лекин ҳозиргача ҳаётнинг ва ўлимнинг ҳақиқатини ҳеч ким тушуниб етгани йўқ. Ҳаёт асари борлигини кўриб, «Бу тирик», деймиз; ўлим аломати зуҳур этганини кўриб, «Бу ўлик», деймиз. Тирилтириш ва ўлдириш фақат Аллоҳ таолога боғлиқ сифатдир. Бу сифатга ҳеч ким, ҳеч қандай даражада яқин ҳам кела олмайди.

Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳиссалом кофир подшоҳ билан бўлган тортишувда айнан ушбу сифатларни зикр қилдилар. Бу гапни эшитган подшоҳ:

«...мен (ҳам) тирилтираман ва ўлдираман», – деди».

Подшоҳлик қилиб, ўз халқи устидан ҳоким бўлиб турган одам иймонли, тақводор бўлмаса, туғ­ёнга кетади, «Фуқароларга мен ризқ беряпман», деб ўйлайди. Бирорта одамга мусибатида кўмак берса, «Уни мен балодан сақлаб қолдим», дейди. Охири «Ҳамма иш менинг ихтиёрим билан бўлади, демак, тирилтириш ва ўлдириш ҳам менинг ихтиёримда», дейишгача етиб боради. Аллоҳнинг сифатларини ўзига нисбат беради. Одатда бундай кишилар туғ­ёнга кетганлари сабабидан оқилона гапларга ҳам эътибор бермай, ўзларини оқилликда тенги йўқ ҳисоблаб қоладилар.

Шунинг учун Иброҳим алайҳиссалом кофир подшоҳга тириклик нима-ю, ўлим нима эканлигини тушунтириб ўтирмасдан, тўғридан-тўғри савол бердилар:

«...албатта, Аллоҳ қуёшни Машриқдан чиқарур, бас, сен уни Мағрибдан чиқаргинг-чи», – деди».

Қуёшнинг машриқдан чиқиб, мағрибга ботиши доимо такрорланиб турадиган жараён. Даврий муддати йигирма тўрт соатдир. Эътибор берилса, бу ҳол улкан мўъжиза, Аллоҳ таолонинг чексиз қудратига далилдир. Аллоҳ таоло томонидан жорий этилган бу интизомни ким ўзгартира олади? Аллоҳ таолонинг сифатларига шерикликни даъво қилиб, «Мен тирилтираман ва ўлдираман», деб айтиб, ҳаддидан ошаётган кофир подшоҳми? Агар қўлидан келса, даъвоси тўғри бўлса, мана, таклиф бўлди: Аллоҳнинг низомини бузсин-чи! Қуёшни мағрибдан чиқарсин-чи! Ҳолбуки:

«Бас, куфр келтирган лол қолди».

Чунки таклиф қилинган нарсани амалга ошириш қўлидан келмайди. Жим қолишдан бошқа иложи йўқ. Таслим бўлиб, иймон келтириш ўрнига куфр келтириб, талашиб-тортишишди. Адолат йўлида юрмай, зулмни ихтиёр қилишди.

«Ва Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас».

Ўлим ва ҳаётнинг сир-асрори ҳақида сўз кетиб турганда шу маънони таъкидлаш учун яна бошқа бир қисса келтирилади.

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ