Робиъул-аввал ойининг 27-куни
- Ҳижрий 469-йил 27-робиъул-аввал куни (милодий 1076-йил 30-октябр) Андалуснинг энг буюк тарихчиси ва “Ал-муқтабис мин анба аҳлил-андалус”, “Ал-матин” китоби муаллифи Абу Марвон ибн Ҳайён ибн Халаф ибн Ҳусайн вафот этди.
- Ҳижрий 699-йил 27-робиъул-аввал куни (милодий 1299-йил 22-декабр) Илхония давлати султони Маҳмуд Ғозон билан Мамолик давлати султони Носир Қоловон ўртасида Ҳимснинг шарқий қисми “Маржул-муруж” деган жойда жанг бўлиб ўтди. Бу жангда Ғозон жангчиларининг қўли баланд келди ва сон жиҳатдан кўплиги сабаб, султон Носир жангчиларини ер тишлатди.
- Ҳижрий 1304-йил 27-робиъул-аввал куни (милодий 1886-йил 25-декабр) Мисрда катта ислоҳотлар олиб борган, хусусан аёлларнинг исломий таълим тарбиясига катта ҳисса қўшган ёзувчи адабиётшунос олима Малик Ҳафний Носиф хоним таваллуд топди.

(«Ғоятус сул фи хасоисир Расул» асари муаллифи)
Ҳадис ва фиқҳ илмининг билимдони Аллома Ибн Мулаққин номи билан танилган Абу Ҳафс Сирожиддин Умар ибн Али ибн Аҳмад Ансорий ҳижрий 723 (мил. 1323) йили Мисрнинг Қоҳира шаҳрида таваллуд топган. Манбаларда унинг отаси андалуслик олимлардан бўлгани, айниқса, наҳв илмининг билимдони экани таъкидланади. У ўзининг ёлғиз фарзанди Умарнинг бир ёшлик чоғида вафот этади. Вафоти олдидан Шайх Ийсо Мағрибийга ўғлини ўз қарамоғига олиб, таълим беришини ва гўзал тарбия қилишини васият қилади. Отасининг васиятига кўра, ёшгина Умар Қоҳирадаги «Ибн Тулун» жомеида Қуръони каримни талқин қилиб дарс бериш билан машҳур бўлган бу Шайхнинг қўлида таълим-тарбия кўради. Кейинчалик шу сабабли ҳам у «Ибн Мулаққин» (Қуръони каримни талқин қилувчи Шайхнинг тутинган ўғли) номи билан танилади. Умар (Ибн Мулаққин) аввал Қуръони каримни кейинчалик, Абдулғаний Мақдисийнинг «Умдатул аҳком» ва Имом Нававийнинг «Ал-минҳож» асарларини тўлиқ ёд олади. Аллома Ибн Саййидиннас, Қутб Ҳалабий ва Шайх ибн Абдуддоим каби замонасининг кўзга кўринган олимларидан дарс олади. Ҳофиз Зайниддин Ироқий ва машҳур муҳаддис Жамолиддин Миззийнинг юксак эътиборини қозонади. У кўплаб фанлар бўйича айниқса, фиқҳ, ҳадис ва унга боғлиқ бўлган илмлар борасида улкан билим ва маърифат соҳиби бўлиб етишади.
Китоблари: Аллома Абу Ҳафс Ибн Мулаққин ёш ва навқиронлик давридаёқ китоб тасниф қилиш, кўплаб мўътабар асарларга шарҳлар ёзиш билан машғул бўлган. Уламолар у ўз асрининг энг кўп китоб таълиф қилган олими эканини эътироф этишган. Унинг турли фанларга оид уч юзга яқин асари мавжуд бўлган, бироқ олим умрининг охирига келиб, уларнинг кўп қисми ёнғинда қолиб, зое бўлади. Бугунга келиб бизгача етиб келган асарларининг кўп қисми кўплаб кутубхоналардаги нодир китоблар орасида ўз ноширини кутмоқда. Улар ичида энг машҳурлари қуйидагилар: «Шарҳу Саҳиҳил Бухорий» (20 мужаллад); «Туҳфатул муҳтож ила адиллатил минҳож» (8 мужаллад); «Ал-бадрул мунир фи тахрижи аҳодисиш шарҳил кабир» (6 мужаллад); «Шарҳу завоиди Абу Довуд ъалас саҳиҳайн» (2 мужаллад); «Шарҳу завоиди Муслим ъалал Бухорий»; «Мухтасару таҳзийбил камол»; «Ғоятус сул фи хасоисир Расул»; «Шарҳу умдатил аҳком»; «Табақотул қурро»; «Табақотул муҳаддисин»; «Табақотул фуқаҳоиш шофеъия»; «Табақоту суфия»; «Ужжалатул муҳтож фи шарҳил минҳож»; «Ниҳоятул муҳтож»; «Шарҳу арбаъин нававия». Аллома Абу Ҳафс Ибн Мулаққин раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 804 (мил. 1401) йили 16 рабиъул аввал ойи жума куни Қоҳирада вафот этади.