Саҳобалар

Ваҳший ибн Ҳарб

6 ой аввал 2951 siyrat.uz

Абу Дасама Ваҳший ибн Ҳарб ал-Ҳабаший (Аллоҳ бу зотдан рози бўлсин) зиддиятли ҳаёт йўли билан Ислом тарихида алоҳида из қолдирган саҳобийлардан эди. Аллоҳ таолонинг иродаси ва белгилаган тақдири туфайли у Уҳуд кунида Ҳамза ибн Абдулмуттолибдек улуғ саркардани ўлдириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қалбларини қонга бўяган, кейинчалик Ямома куни сохта «пайғамбар» Мусайлиматул Каззобни қатл қилиб, мусулмонлар қалбидаги ярага малҳам қўйган эди. Тарихчилар унинг ҳақида «Бу киши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги энг яхши одамни… ва энг ёмон одамни ҳам ўлдирган» деб ёзишган. Ваҳший Қурайш зодагонларидан Жубайр ибн Мутъимнинг қора танли қули эди. Бадр жангида енгилиб, катта қурбонлар берган Қурайш мушриклари мусулмонлардан ўч олиш ва Муҳаммад ибн Абдуллоҳ масаласига узил-кесил чек қўйиш мақсадида Уҳуд жангига чиқишга қарор қилди. Мушриклар қўшинига Абу Суфён ибн Ҳарб қўмондон, унинг хотини Ҳинд бинти Утба эса аёллар гуруҳининг саркори эди. Ҳинд Бадрда отаси, амакиси ва инисидан айрилган эди. У ана шу қурбонлар эвазига мусулмонлардан қасос олиш ҳиси билан ёнарди. Аёл ҳар гал Ваҳший билан учрашиб қолса, «Эй Абу Дасама, кўнглимизга таскин бер», дея вишилларди. Абу Суфённинг хотини Ҳинд Ваҳшийни озод қилиш эвазига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суюкли амакилари амир Ҳамзани ўлдиришни топширди. Ваҳшийнинг ўзи бундай ҳикоя қилади: «Уҳудга етганимиздан сўнг жанг бошланди. Мен Ҳамза ибн Абдулмуттолибни қидиришга тушдим. Уни илгари кўрганим учун яхши танирдим. Қолаверса, Ҳамзани танимайдиган одам кам эди. У араб баҳодирлари одатига кўра кучли рақибларни жалб қилиш учун пешонасига туяқуш патини тақиб олган эди. Ҳамза туядек ўкириб, қиличини ўнгу чапга сермар, ҳеч ким унинг қаршисига бора олмас, ҳеч нарса уни тўхтатолмас эди. Мен Ҳамзанинг яқинлашишини пойлаб бир дарахтнинг орқасида яшриниб турган эдим. Сибоъ ибн Абдулуззо исмли Қурайш чавандози ёнимдан ўтаётиб: «Ҳой Ҳамза, яккама-якка олишасанми?» дея қичқирди. Ҳамза унга қаради ва: «Бу ёққа кел, мушриквачча, қани, олдимга кел-чи», деди. Икки паҳлавоннинг олишуви узоққа чўзилмади. Ҳамза бир қилич силташ билан рақибининг калласини сапчадай узиб ташлади. Мушриклар баҳодири қип-қизил қонига беланиб қулади. Мен кутган қулай маврид келган эди. Найзамни кўтариб, бир пас мўлжал олиб турдим-да, кейин бор кучим билан тирик нишонга қараб отдим. Найза Ҳамзанинг қорнидан кириб, орқасидан тешиб чиқди. У мен томонга қараб бир-икки қадам ташлади-да, сўнг ерга қулади. Бир оз кутдим, унинг ўлганига аниқ ишонч ҳосил қилгач, найзамни унинг танасидан суғуриб, изимга қайтдим. Чодирга бориб ўтирдим, чунки бу ерга уруш қилиш учун келмаган эдим, Ҳамзани фақат озод бўлиш учунгина ўлдиргандим». Қонли жанг ниҳоясига етгач, қурайшийлар Маккага қайтишди. Жубайр сўзининг устидан чиқиб, Ваҳшийни қулликдан озод қилди. Аммо у бу билан ҳам бахтиёр ва хотиржам бўла олмади. Орадан кўп ўтмай, Макка фатҳи бошланиб, ғолиб мусулмонлар қўшини шаҳарга кириб келди. У жонини сақлаб қолиш учун Тоифга қочди. Аммо тоифликлар ҳам тез орада Ислом билан шарафланишди. Ваҳший худди оёғи остида олов ёнаётган кимса каби қаёққа боришни билмас, кенг дунё унга торлик қилиб қолган эди. Ўзича Шомга ёки Яманга ёхуд бирор бошқа жойга кетиш режасини тузар эди. Ана шундай таҳликали кунларнинг бирида унинг ночор аҳволига раҳми келган кишилардан бири: «Ҳой Ваҳший, Аллоҳга қасамки, Муҳаммад алайҳиссалом унинг динига кириб, шаҳодат калимасини айтган бирор кишини ўлдирмайди», деб қолди. Бу унинг юрагига умид учқунларини ташлади. Ваҳший ҳикоя қилади: «Бу гапни эшитиб, Ясрибга, Муҳаммаднинг ҳузурига йўл олдим. Шаҳарга етгач, одамлардан сўраб-суриштириб, Пайғамбарнинг масжидда эканини билдим. Қўрқа-писа олдиларига кирдим. Тўғри тепаларига бориб, «Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу», дедим. У Зот шаҳодат калимасини эшитиб, бошларини кўтардилар. Менга кўзлари тушиб, дарров танидилар. Танибоқ юзларини ўгириб олдилар. Шу ҳолда «Сен Ваҳшиймисан?» деб сўрадилар. «Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули», дедим. «Ўтир, Ҳамзани қандай ўлдирганингни гапириб бер», дедилар. Мен ўтириб, бўлган воқеани оқизмай-томизмай айтиб бердим. Ҳикоям ниҳоясига етгач, у киши яна юзларини мендан ўгириб олдилар ва: «Турқинг қурсин, эй Ваҳший, бор, кўзимга кўринма, бугундан кейин сени кўрмайин», дедилар. Ўша кундан бошлаб мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нигоҳларидан қочадиган бўлдим. Саҳобалар у Зот олдиларида ўтиришса, мен орқаларидан жой олардим. Пайғамбар алайҳиссалом то Парвардигорларига қовушгунларича мени кўрмадилар». Ваҳший Исломга кириш аввалги гуноҳларни авф этиб юборишини яхши билар эди. Расулуллоҳнинг бундай йўл тутганлари эса у Зотнинг ўз амакилари қотилини кечирганларига ишора ҳам эди. Аммо буларга қарамай, Ваҳший қилиб қўйган машъум хатосидан хижолат чекиб, уни қандай ювиш йўлларини ахтарар эди. Ана шундай имконият Пайғамбар алайҳиссалом вафотларидан кейин Абу Бакр халифалиги даврида келди. Мусайлима Каззоб қавми муртадлик йўлига ўтди, бу эса Ислом бирдамлигига катта хавф солар эди. Диндан қайтган қавмни Аллоҳ динига қайтариш учун қўшин ҳозирланди. Унинг сафида Ваҳший ҳам бор эди. У шундай ҳикоя қилади: «Жангга жўнар эканман, Ҳамза ибн Абдулмуттолибни қатл қилган найзамни ҳам олволдим. Ё Мусайлимани ўлдиришга, ё қурбон бўлишга қасам ичдим. Жанг майдонида Мусалимани қидира бошладим. Уни қўлида қилич тутган ҳолда кўрдим. Қарасам, бир ансорий ҳам уни ўлдиришга чоғланиб турибди. Қулай имкониятни қўлдан бой бермай, найзамни олиб, бир-икки чоғландим ва бор кучим билан Мусайлимага отдим. Найзам нишонга аниқ санчилди». Ваҳший умрининг ниҳоясигача «Мен Исломнинг энг яхши, улуғ кишисини ўлдириб қўйган эдим, кейинчалик унинг энг катта душманини ҳам ўлдирдим», деган таскин билан яшади…




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ