Пайғамбарларнинг бир-бирларидан афзалликлари ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг алоҳида хусусиятлари

9 ой аввал 1120 siyrat.uz

Бутун инсониятга юборилган пайғамбар ва набийлар-нинг бир-биридан афзаллиги Аллоҳнинг шариати ва илоҳий дастурида айтиб қўйилган. «Улул азм» (сабот ва матонат эгалари бўлган) пайғамбарлар – Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Ийсо ва Муҳаммад алайҳимуссаломдир. Бу зотлар пайғамбарларнинг энг афзалларидир. Айниқса, Аллоҳ таолонинг Мусо алайҳиссалом билан Тур тоғида, Муҳаммад алайҳиссалом билан Меърож кечаси нур мақомида бевосита мулоқот қилиши ҳар бирлари алоҳида-алоҳида фазилатга мушарраф бўлганини англа-тади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Булар пайғамбарлардир. Уларнинг баъзиларини баъзилари-дан фазлли қилдик. Улардан Аллоҳ гаплашгани бор ва баъзиларининг даражасини кўтарган» . Муфассирларнинг айтишича, Аллоҳ таолонинг «баъзиларининг даражасини кўтарган» деган сўзида Муҳаммад алайҳиссалом назарда тутилган. Чунки у зот араб ва ажамларга, бутун инсониятга пайғамбар қилиб юборилган ва қўлларида кўплаб мўъжизалар содир бўлган. Олдин ҳеч кимга ҳалол бўлмаган ўлжалар у зотга ҳалол қилиниб, у зотга берилган фазилат ёки каромат би-рор пайғамбарга ато этилмаган. У зот мушарраф бўлган энг улуғ фазилатлардан қуйидагиларни келтириб ўтиш мумкин. Аллоҳ таоло барча пайғамбарларга «эй Одам», «эй Нуҳ», «эй Иброҳим», «эй Мусо», «эй Довуд», «эй Ийсо», «эй Закариё», «эй Яҳё» дея айнан исмларини айтиб муро-жаат қилса, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга «эй Расул», «эй Набий» дея хитоб қилиб, мўминларга у зот билан сўзлашганда расуллик сифати билан мурожаат қилиш ло-зимлигини буюради. Аллоҳ таоло: «Пайғамбарнинг орангиздаги чақриғини бир-бирингизнинг чақириғингизга ўхшатманг» , дейди. Калбий раҳматуллоҳи алайҳ «Албатта, Иброҳим ҳам унинг гуруҳидандир» деган оят ҳақида: «Унинг гуруҳидан» дегандаги «унинг» замири (олмоши) Муҳаммад алайҳиссаломнинг дини ва йўлига далолат қилади», дей-ди. Бу оятнинг умумий маъносига диққат қаратсак, Иброҳим ҳам Муҳаммад алайҳиссаломнинг гуруҳидан, деган маъно чиқади. Замирнинг лафзан олдин зикри ўтмаган сўзга қайтиши араб тилида жоиз ҳисобланиб, кенг тарқалган баён услубидир. Бунга мисол қилиб Аллоҳ таолонинг «У деди: «Албатта мен Роббимнинг зикри-дан кўра дунё ишқига берилиб кетиб, ҳатто у (қуёш) парда ила беркинибди-ку» деган оятини келтириш мумкин. Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ри-воят қилган ҳадис ҳам Сарвари оламнинг хусусиятларига далолат қилади. У киши айтади: «Улар (саҳобалар): «Эй Аллоҳнинг расули, сизга пайғамбарлик қачон вожиб бўлган?» дейишди. У зот: «Одам руҳ ва жасад ораси-далигида», деб жавоб қилдилар». Бошқа ривоятда «Одам лойидалигида» дейилган. Қуръони Каримда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва-салламнинг шаънлари улуғлиги, мақомлари юксаклиги ва бошқа пайғамбарлардан афзал эканларини баён қилувчи бир қанча хабарлар келган. Шулардан бири Аллоҳ таоло-нинг «Аллоҳ пайғамбарлардан: «Сизга китоб ва ҳикмат берганим учун ортингиздан сизлардаги нарса-ни тасдиқловчи Пайғамбар келганда, албатта унга иймон келтирасиз ва ёрдам берасиз, – деб аҳду пай-монларини олиб туриб: – Иқрор бўлдингизми? Бу ҳақда ишончли аҳду паймонимни қабул қилдингизми?» деганини эсла. Улар: «Иқрор бўлдик», дейишди. У: «Бас, гувоҳ бўлинглар, мен ҳам гувоҳ бўлувчиларданман», – деди» мазмунидаги сўзидир. Абул Ҳасан Қобисий раҳматуллоҳи алайҳ бу оят ҳақида: «Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бошқа бирон кишига ато этмаган фазилатни бериб, уни аниқ-тиниқ айтиб қўйган. Бу фазилат Аллоҳ таолонинг мана шу оятида зикр этилган», дейди. Муфассирлар сўзига кўра, Аллоҳ таоло аҳду паймонни ваҳий орқали олган. Қайси пайғамбарни юбормасин, Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотнинг сифатини билди-риб, агар у зотга замондош бўлиб қолгудек бўлса, албатта иймон келтириб эргашиши шартлиги тўғрисида аҳд ол-ган. Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам-нинг ҳар жиҳатдан афзалликларини ўз ичига қамраб олган кўплаб оятлар борки, шулардан бири Аллоҳ таолонинг «Набийлардан аҳду паймонларини олганимизни эсла! Сендан, Нуҳдан, Иброҳимдан, Мусодан ва Ийсо ибн Марямдан ҳам. Биз улардан салмоқли аҳду паймон олдик» деган сўзи ва яна «Биз сенга худди Нуҳ ва ун-дан кейинги Пайғамбарларга ваҳий юборганимиздек ваҳий юбордик» оятидан бошлаб, «Гувоҳликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур» деган оятигачадир. Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримизни йиғлатган сўзида шундай деганди: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ, Аллоҳнинг ҳузуридаги фазилатингиз шу да-ражада юксак эканки, сизни охирги пайғамбар қилиб юборган бўлса ҳам, уларнинг аввалида зикр этди. «На-бийлардан аҳду паймонларини олганимизни эсла! Сендан, Нуҳдан, Иброҳимдан, Мусодан ва Ийсо ибн Марямдан ҳам» дея дастлаб муборак номингизни кел-тирди. Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ, У Зот ҳузурида мақом ва мартабангиз улуғлигидан, дўзах аҳли унинг табақаларида азобланар экан, сизга итоат этмаган-ликларидан афсус-надомат чекиб: «Эҳ, кошки, Аллоҳга итоат қилсак эди, Расулга итоат қилсак эди», дейди-лар» . Яъни бундай азобга йўлиқмаган бўлар эдик, дей-ишади. Пушаймонлик зинҳор фойда бермайдиган пайтда ахтарилган илинж асқатмайди. Қатода раҳматуллоҳи алайҳ келтирган ривоятда Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Яратилишда пайғамбарларнинг аввалгиси, юборилишда охиргиси бўлдим» , дейдилар. Шу боисдан ҳам мазкур оятда ном-лари Нуҳ ва бошқа пайғамбарлардан олдин зикр этилган. Абу Лайс Самарқандий айтади: «Бунда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг афзаллигини билдириш бор. Чунки охирги пайғамбар бўлишларига қарамай, номлари улардан олдин хослаб зикр қилинди». Бунинг маъноси шуки, Аллоҳ таоло уларни Одам алайҳиссаломнинг умуртқасидан чиқарганида, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириш ва эрга-шиш ҳақида улардан аҳду паймон олган. Демак, пайғамбарлардан Аллоҳ таоло: «Роббингиз эмасманми?» деб сўраганида, «Худди шундай! Гувоҳ бўлдик!» деган жавобларида ишора қилинган умумий аҳддан ташқари пайғамбарликни етказиш тўғрисида ҳам алоҳида аҳд олинган. Келтириб ўтилган оятлар агар юборилган замони жиҳатидан қаралганда улардан кейин келган бўлсалар ҳам Пайғамбаримизнинг барча пайғамбарлардан афзаллигига далолат қилади. Мазкур оятларни кўплаб ҳадислар ҳам тасдиқлайди. Шулардан бири имом Термизий Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ таоло мени пайғамбарларнинг афзали қилди. Биз учун ўлжаларни ҳалол қилди», деганлар. Яна имом Термизий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Иброҳим Аллоҳнинг хали-ли ва унинг шундай экани ҳақ. Албатта, Мусо Аллоҳнинг нажийи (сирдоши) ва унинг шундай экани ҳақ. Албатта, Ийсо Аллоҳнинг руҳи, Унинг калимаси ва шундай экани ҳақ. Албатта, Одамни Аллоҳ танлаб олган ва шундай экани ҳақ. Шак-шубҳа йўқки, албат-та мен Аллоҳнинг ҳабибиман, фахрланиш йўқ. Мен қиёмат куни «ҳамд байроғи»ни кўтарурман, фахрла-ниш йўқ. Мен Аллоҳнинг ҳузурида аввалгилару охир-гиларнинг энг ҳурматлисиман, фахрланиш йўқ. Мен қиёмат куни биринчи шафоат қилувчи ва биринчи шафоати қабул қилинувчи бўламан, фахрланиш йўқ. Жаннат ҳалқаларини биринчи бўлиб мен ҳаракатлантираман, шунда Аллоҳ менга очади ва унга мени ҳамда мен билан бирга мўминларнинг камбағалларини ҳам киргизади, фахрланиш йўқ», – дедилар.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Муҳаррамнинг 1-6 кунлари

Муҳаррамнинг 1-куни

Ҳижрий 1318-йил 1-муҳаррам куни Усмонлилар султони Абдулҳамид II Байтуллоҳни зиёрат қилувчи ҳожиларга хизмат қилиш ва сафар машаққатини енгиллатиш мақсадида темир йўл қуришга амр қилди. Темир йўл қурилиши 9 йилда батамом тугатилди.

 

Муҳаррамнинг 2-куни

Ҳижрий 99-йил 2-муҳаррам куни (милодий 718-йил 15-август) умавийлар даврида мусулмонлар Маслама ибн Абдулмалик қўмондонлигида Қастантинияни (ҳозирги Истанбулни) қамал қилдилар. Ва ниҳоят ҳижрий 857-йилга (милодий 1453-йил) келиб, Муҳаммад Фотиҳнинг бошчилигида Қастантиния фатҳ қилинди.

 

Муҳаррамнинг 3- куни

Ҳижрий 239-йил 3-муҳаррам куни (милодий 853-йил) буюк ҳофизлардан бири Имом Усмон ибн Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Абу Шайба вафот этди. Бу зот Имом Бухорий ва Муслимларнинг устози бўлган. У кишининг “Мусаннаф” номли машҳур асарлари ҳам бўлган.

 

Муҳаррамнинг 4-куни

Ҳижрий 1298-йил 4-муҳаррам куни мусулмон уламоларидан бири Саййид Али ибн Саййид Исмоил Мусавий Қазвиний вафот этди.

 

Муҳаррамнинг 5-куни

Ҳижрий 855-йил 5-муҳаррам (милодий 1451-йил 7-феврал)

Усмонлилар давлати султони Муродхон II вафот этди. Вафотидан сўнг ўғли Муҳаммад Фотиҳ салтанат тахтига ўтирди.

 

Муҳаррамнинг 6-куни

Ҳижрий 406-йил 6-муҳаррам (милодий 1015-йил 26-июн)

Аббосийлар давлатининг таниқли шоири Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Мусо Шариф Ризо вафот этди. Унинг насаби Жаъфар Содиққа бориб тақалади. Унинг шеърлари жуда кўп китобларда келтирилади. Жумладан «Наҳжул балоға» китобининг муқаддимасида муаллиф томонидан келтирилган.



Китоблар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва аҳли байт

Китобдаги сўз бошидан...     Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм     Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Аллоҳнинг Расулига салавот ва саломлар бўлсин!      Аммо баъд:    давоми...

Мавлуди шариф

Юртимизда, бошқа исломий ўлкаларда бўлганидек, мавлуди шариф маросимлари ўтказиб келинган ва уларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга бағишланган турли наътлар, қасидалар, Навоий, Фузулий каби мумтоз давоми...

Мавлид

Ушбу китоб халқимиз ўртасида «Мавлид» номи билан машҳур бўлган, улуғ олим, буюк адиб Саййид Жаъфар ибн Ҳасан Барзанжийнинг «Иқдул-жавҳар фи мавлидун-Набиййил-Азҳар» («Порлоқ юзли Набийнинг мавлидлари давоми...

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни йиғлатган ҳодисалар

Insoniyat komiligining timsoli qilib yaratilgan Payg’ambarimiz ham nahotki ko’z yoshi to’kkan bo’lsalar? Qur'on va hadisda ko’z yoshi haqida nimalar dеyilgan? Payg’ambarimiz va sahobalar ko’zyoshlarining sabablari nimada? Ushbu kitobni o’qib shu kabi savollarga to’la javob olasiz. давоми...

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга насиҳатлари

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду сано бўлсин. У ҳамма нарсани Китобида баён қилди, каломи шарифининг барча асрорларини Расулига билдирди ва бизга йўл давоми...

ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ