Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покизаликлари ва муаттар ҳидлари

3 йил аввал 3303 Абдулазиз Мўмин

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқалардек ебичсалар ҳам, лекин ҳеч кимда учрамайдиган ўзига хос одоблари билан ажралиб турганлар. У зотга хос бундай фазилат ва хислатлар ҳақида шубҳага борадиган кишининг ўзи бўлмаса керак. Чунки бу хислатлар фақат у зотга ато этилган илоҳий туҳфалар эканига ҳужжатдалиллар кўп. Бунинг сабаби аниқ ва равшан. Ана шунинг ўзи ҳам аслида одамлар у зотни ҳақиқий пайғамбар дея тан олишлари ва ишонишларига кифоя қилади. Тақдир насиб этиб, умрида бир марта кўрган киши албатта муборак таналарининг поклиги, ундан хушбўй ва муаттар ҳид таралиб туриши, ҳиссий ва маънавий кирликлардан тозалиги ва бошқалар олдида ҳижолатга қўядиган жисмоний ноқислик ва айблардан холи эканларига шоҳид бўларди. Муборак баданларида бирор камчилик ва нуқсон бўлмаган. Чунки Аллоҳ таолонинг Ўзи у зотни бошқаларда йўқ хусусиятлар билан хослади. Ҳиссий ва маънавий покликни ўз ичига олган шариат ҳукмларини баён қилиш вазифасини юклаши билан мазкур хусусиятлар янада улуғворлик касб этди. Фитратдан (соф табиат) ҳисобланган ўнта хислат ана шу ҳукмлар жумласидандир. Имом Муслим Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан келтирган ривоятда шундай дейилади: «Расулуллоҳ: «Ўнта нарса фитратдандир: мўйлабни қисқартириш, соқолни тўлиқ ўстириш, мисвок ишлатиш, бурунга сув тортиб қоқиш, тирноқларни олиш, қўл бармоқларини ювиш, қўлтиқ тукларини юлиш, киндик ости тукларини қириш ва истинжо қилиш», дедилар». Мазкур ҳадиснинг ровийси Мусъаб ибн Шайба: «Ўнинчиси нималигини унутдим, ҳойнаҳой оғизни чайиш бўлса керак», дейди. 

Ҳақиқатан ҳам, Ислом дини зоҳирий ва ботиний поклик асосига қурилган. Рофиъий «Тарих» номли китобида санади билан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолда қуйидаги ҳадисни ривоят қилган: «Имкон қадар покланинглар. Албатта Аллоҳ таоло Исломни поклик устига бино қилган. Жаннатга фақат пок одамларгина кирадилар». Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда: «Аллоҳ покдир. Покликни яхши кўради. Бас, ҳовлиларингизни покиза тутинглар», дейилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хос турли зоҳирий ва ботиний озодаликлардан ташқари дин ҳам поклик асосига қурилганининг ўзи алоҳида эътиборга моликдир. Хушбўйлик сурмаса ҳам ёқимли ҳид таралиб туриши Расулуллоҳ алайҳиссаломдан бошқаларда учрамайди. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу: «Мен ҳеч қачон Расулуллоҳнинг ҳидларидан хушбўйроқ мушки анбар ва на бошқа нарсани (ҳидини) ҳидламаганман» , – дейди.

Имом Муслим Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳунинг «Мен Расулуллоҳ билан намоз ўқидим. Сўнгра у зот билан бирга чиқдим. У зотни болалар қарши олишди. Бирмабир болаларнинг юзларини силадилар. Менинг ҳам юзимни силаганларида қўлларида салқинликни ёки хушбўй ҳидни туйдим. Қўллари худди атторнинг (хушбўйликлар солинган) идишидан чиқарилгандек муаттар эди», деган сўзини келтиради. Жобир ибн Самурадан бошқалар қилган ривоятда: «Уларга (қўлларига) хушбўйлик сурсалар ҳам, сурмасалар ҳам биров билан қўл бериб сўрашсалар, у ўзида кун бўйи хушбўй ҳидни туйиб юрарди. Қўлларини қайси боланинг бошига қўйсалар, у бошқа болалардан хушбўй ҳиди билан ажралиб турар эди», дейилган.

Имом Муслим Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда шундай дейилган: «Расулуллоҳ бизникига келиб, (ухлаганда) терладилар. Онам шиша идиш олиб келиб, (у зотнинг) терларини йиғиб ола бошлади. Шунда у зот уйғониб кетиб: «Эй Умму Сулайм, бу нима қилганинг?» дедилар. Умму Сулайм: «Сиздан чиққан терни ўзимизга хушбўй (атир) қиламиз, у энг яхши хушбўйлик», деди.

Имом Бухорий «Тарихул кабир» номли китобида Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан мана бу ривоятни келтиради: «Расулуллоҳ қайси кўчадан ўтган бўлсалар, кейин ўтган одам (таралиб турган) ёқимли ҳиддан у зотнинг ўтганини билиб олар эди». Яъни ўша кўчадан ўтган кишилар хушбўй ҳидни туйиб, Пайғамбаримиз ўтганларини билишарди. Исҳоқ ибн Роҳавайҳ раҳматуллоҳи алайҳ: «Ўша муаттар ҳид хушбўйлик эмас, балки Расулуллоҳнинг ҳидлари эди», дейди.

Имом Музаний Жобир розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда шундай дейилган: «Расулуллоҳ мени орқаларига мингаштирдилар. Нубувват муҳрига оғзим текканда менга мушк ҳиди уриб турар эди». 

Баъзи уламолар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламда ёқимсиз ҳид асло бўлмаганини далил қилган ҳолда таналаридан чиққан қон ва бошқа тер каби нарсалар ҳам пок деган хулосага келишган. У зот вафот этганда муборак таналарини юваётиб Али розияллоҳу анҳу: «Маййитда учраб турадиган нохуш нарсани ювмоқчи бўлиб борсам, ундан асар ҳам топмадим. Ҳаётлик пайтингизда ҳам хушбўй эдингиз, вафотингиздан кейин ҳам», деган эканлар. Яна ҳазрати Али: «У зот вафотларидан кейин шундай ажиб ҳид таралдики, унга ўхшашини ҳеч қачон ҳидламаган эдик», деганлар. 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак таналари турли ифлослик ва кирликлардан пок, хатна қилинган ва киндиклари кесилган ҳолда дунёга келганлар. На аёллари ва на муборак таналарини ювган Али каррамаллоҳу важҳаҳу у зотнинг авратларини кўрган. Ишончли хабарларда келганидек, ухлаган вақтларида у зотнинг таҳорати бузилмаган. Бунга Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан имом Бухорий ва имом Муслим: «Расулуллоҳ ухлаб қолдилар, ҳатто хуррак тортганлари эшитилди. Сўнг туриб намоз ўқидилар, таҳорат қилганлари йўқ» ва яна: «Албатта, биз пайғамбарлар жамоасининг кўзларимиз ухласа ҳам, қалбларимиз ухламайди», деган ривоятларни ҳужжатдалил сифатида келтирадилар.

«Шамоилу мустафо» китобидан




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ