Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўткир ақл-заковатли ва сезгир бўлганлар

2 йил аввал 1535 Абдулазиз Мўмин

Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч бир инсон зотига насиб этмаган ақлий, фикрий ва жисмоний қувват билан хосланган эдилар. У зот теран ақл ва фикр соҳиби, ўткир фаҳм-фаросат эгаси, идроки тез, сезиш қобилияти кучли шахс бўлганлар. Маълумки, эшитиш, кўриш, таъм билиш, ҳидлаш ва ушлаб билиш кабилар маълумот олиш воситалари ҳисобланади. У зотнинг туриш, ўтириш, юриш, ухлаш ва бошқа ҳолатлари мўътадил бўлиб, гўзал сифатлари ва фазилатлари билан қавмлари ичида ҳам, бошқалар орасида ҳам кўзга ташланиб турганлар. Бунинг устига Аллоҳ таоло у зотга илгари билмаган эътиқодий ва амалий илмларни ўргатди. Бу илмлар таҳсил олиш, мутолаа қилиш, ўз устида ишлаш маҳсули эмас, балки Аллоҳ таоло у зотнинг қалби, ақли ва онгига индириши натижасида ҳосил бўлган. Басират ва фаросатлари ҳаддан зиёд ўткирлигига ҳамма тан берарди. Бир қарашдаёқ ҳар бир ишнинг моҳиятини дарҳол тушуниб етар, узоқ ўйланиб, хаёл суриб ўтирмас эдилар. Юлдуз ўз нури билан қоронғиликни ёритганидек, у зот кучли фаҳм-фаросатлари билан қалблардан воқиф бўлар эдилар.

Улуғ тобеъин Ваҳб ибн Мунаббиҳ раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейди: «Илгари нозил қилинган китоблардан етмишга яқинини ўқиганимда ҳаммасида Расулуллоҳни одамларнинг энг ақллиси деб ёзилганига шоҳид бўлдим». Шу кишидан келтирилган бошқа бир ривоятда: «Олам яралганидан то интиҳосига қадар туғилажак жамики одамларга бериладиган ақлни у зотнинг ақлига таққосланса, дунёдаги қумларнинг бир заррасига ўхшаб қолади, холос, деб ёзилганини кўрдим», дейилган.

Расулуллоҳ алайҳиссаломда сезгирлик ва ҳиссий идрок нақадар кучлилиги ва унинг бетакрор мўъжизаларига Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳдан келтирилган мана бу ривоят ёрқин далил бўлади: «Расулуллоҳ қачон намозда турсалар, орқадагиларни худди олд тарафларини кўргандай кўрар эдилар»[1]. Имом Молик Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мен сизларни орқа тарафимдан кўриб тураман», деган бўлсалар, имом Бухорий ва Муслим Анас ибн Моликдан келтирган ривоятда: «Рукуъ ва саждани мукаммал қилинглар. Аллоҳга қасамки, мен сизларни кўриб тураман», деганлар. Икки «Саҳиҳ»да нақл этилган ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо: «Буни у зотнинг далилларига Аллоҳ таоло зиёда қилган», деган. Яъни бу буюк мўъжиза ва улуғ хислат у зотнинг ҳақ пайғамбар эканини исботловчи беҳисоб аломатлар устига Аллоҳ таоло зиёда қилган яна бир фазилат деган маънодадир.

Имом Абдурраззоқ ва имом Ҳоким келтирган ривоятда: «Албатта мен орқамдан худди олдимдан кўргандек кўраман», деганлар. Бақий ибн Махлад Оиша розияллоҳу анҳодан келтирган ривоятда: «Расулуллоҳ қоронғида ҳам худди ёруғда кўргандек кўрар эдилар», дейилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фаришта ва шайтонларни кўрганлари тўғрисида кўплаб ишончли ҳадислар ривоят қилинган. Имом Бухорий ва бошқалар келтирган мана бу ривоят шулар жумласидан: «У зот Жаброилни осмон билан ер ўртасида курсида ўтирган ҳолда ҳақиқий суратида кўрди. Унинг олти юзта қаноти бўлиб, уфқни тўсиб турар эди».

Имом Бухорий келтирган бошқа бир ривоятда: «Кеча шом намозидан кейин менга бир баҳайбат жин ташланди. Қўлида юзимни куйдириш учун оловли машъал бор эди. Аллоҳ менга имкон бериб, уни даф қилдим. Кейин масжид устунларидан бирига боғлаб қўймоқчи бўлдим-ку, биродарим Сулаймоннинг дуоси эсимга тушиб қолди», деганлар. Бошқа бир ривоятда: «Биродарим Сулаймоннинг дуоси бўлмаганда, Мадинанинг ёш болалари у билан ўйнаб юрган бўларди», деганлар.

Ҳабашистон подшоси Нажоший вафот этганда тобути ҳозир қилинган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг жанозасини ўқиганлар. Нажоший ҳижратнинг тўққизинчи йили ражаб ойида дунёдан ўтишидан олдин Исломни қабул қилади ва Расулуллоҳ алайҳиссаломга: «Сиз Аллоҳнинг ростгўй ва тасдиқланган элчисисиз. Мен сизга байъат қилдим ва оламлар Роббига бўйсундим», деб мактуб ёзган эди.

Маккадан Байтул мақдисга сайр қилдирилиб, Меърожга кўтарилганлари ва шу кечанинг ўзида Маккага қайтиб келганлари хабар берилганда қурайшликлар Пайғамбаримизни ёлғончига чиқаришди. Ўшанда у зотга Байтул мақдис кўрсатилди. Унинг эшиклари, деворлари ва деразаларини аниқ тасвирлаб бердилар. Шунда Исломга кирганлардан кўпи диндан қайтди. Одамлар Абу Бакр розияллоҳу анҳуга бўлган воқеани айтиб беришганда: «Аллоҳга қасамки, рост айтибдилар. У зот менга кеча ёки кундузнинг бир лаҳзасида осмондан хабар келишини айтадилар. Мен эса уни ҳеч иккиланмай тасдиқлайман. Сизлар эса шунга ҳайрон бўлиб ўтирибсизлар», деди.

Зубайр ибн Баккор «Мадина тарихи» китобида шундай ривоятни келтиради: «Мадинада Масжиди набавий қурилаётганда масжид меҳробини Каъбага тўғрилаш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Каъба кўтариб турилган»[2]. Имом Молик келтирган ривоятда Масжиди набавий қибласини Жаброил алайҳиссалом тўғрилагани айтилган.

 

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа муҳаққиқлар юқорида зикр этилган барча хабарлар оддий кўриш орқали собит бўлган десалар[3], имом Нававий «Саҳиҳи Муслим»нинг шарҳида айтишича, айримлар: «Бу илм ва кашф йўли билан кўришдир», дейди. «Илм ва кашф йўли билан кўриш» деганда Аллоҳ таоло Ўзи рўёбга чиқарадиган жамики ишлар ҳақида Расулида илм ҳосил қилиши тушунилади. Бу фикр жумҳур уламолар қавлига хилоф бўлиб, ҳадисларнинг зоҳирини ташлаб, маъносини таъвил қилиш ҳисобланади. Исро ва Меърож кечасида Пайғамбаримиз малакут ажойиботларию жабарут ғаройиботлари ва бошқа мўъжизаларни кўрдиларки, буларнинг барчаси у зотдаги ҳиссий ва маънавий кўриш қуввати кучлилигига далолат қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жисмоний жиҳатдан бақувватлиги билан бошқалардан ажралиб турар эдилар. У зот кураги ерга тегмаган пахлавон Рукона ибн Абду Язид билан кураш тушиб, уни йиқитдилар. Бу воқеанинг тафсилоти «Сийрату Ибн Исҳоқ» китобида шундай деб келтирилади: «Рукона Исломга кирмасдан олдин Макка дараларидан бирида Расулуллоҳ билан учрашиб қолди. Шунда у зот: «Эй Рукона, Аллоҳдан қўрқиб, менинг даъватимни қабул қилмайсанми?» – дедилар. Рукона: «Айтганларингни ҳақ деб ишонганимда сенга эргашган бўлардим», деди. «Агар сени йиқитсам, сўзларим ҳақлигига ишонасанми?» – дедилар Расулуллоҳ алайҳиссалом. «Ҳа», деб тасдиқлади Рукона. Расулуллоҳ унинг ёқасидан маҳкам тутиб, ерга йиқитдилар. У қўлидан ҳеч нарса келмагандан кейин: «Эй Муҳаммад, яна бир марта», деб таклиф қилди. Иккинчи марта ҳам ҳеч нарса қила олмагандан кейин: «Бу жуда ажойиб-ку», дея ўзининг енгилганини тан олди.

Имом Термизий ва Байҳақий келтирган ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дейди: «Мен Расулуллоҳдан илдам юрадиган бирор кишини кўрмадим. Гўёки ер у зот учун ўралаётгандек бўлар эди. Биз бор кучимиз билан ҳаракат қилсак-да, у зот бемалол кетаверардилар».

Агар у зот кулмоқчи бўлсалар, табассум қилиб қўяр, агар қарамоқчи бўлсалар, кўз қири билан эмас, тўлиқ бурилиб қарар эдилар. Юрганда шахдам қадам ташлаб, дадил юрар, худди баланддан пастга тушаётганга ўхшар эдилар. Имом Бухорий ривоятида Оиша онамиз айтади: «Ҳеч қачон Расулуллоҳнинг (оғизни катта очиб) қаҳқаҳа отиб кулганларини кўрмадим». У зот фақат табассум қилар эдилар. Аллоҳ таолонинг «Бас, унинг сўзидан табассум қилди»[4] деган сўзи шунга ишора қилади. Бундан кулиш жоиз бўлса ҳам, меъёрдан оширмаслик лозимлиги келиб чиқади.

 


[1] Ибн Мунзир ва Байҳақий мурсал ҳолатда ривоят қилган.

 [2] Зубайр ибн Баккор Ибн Шиҳоб Зуҳрий ва Нофеъ ибн Жубайр ибн Мутъимдан мурсал ҳолда келтирган.

 [3] Кўз билан кўриш ақлан ҳам, шаръан ҳам маҳол эмас. Бу пайғамбарларга хос мўъжизалар жумласидандир.

 [4] Намл сураси, 19-оят. Сулаймон алайҳиссалом чумолининг гапини эшитиб, табассум қилганликлари келтирилмоқда.

 «Шамоилу мустафо» китобидан

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ