Суннат ва саломатлик

6 йил аввал 3614 siyrat.uz

Бурунга сув олиб ювиш; استنشاق الماء

Бурунга сув олиб ювиш фитрат суннатлари ҳақидаги ҳадисда ва бошқа ҳадисларда ҳам кўп таъкидланган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Агар бирортангиз таҳорат олса, бурнини сув билан ювсин ва қоқиб ташласин”.[1] 

Бурунни ювиш таҳоратда суннат, ғуслда фарз амал ҳисобланади.

Рўзадор киши бурунга сув олганда муболаға билан ювмайди.

 

Бурунга сув олиб ювишнинг саломатликка таъсири:

Бурун нафас олиш бош аъзоси бўлиб, ундаги тешиклар махсус филтр вазифасини бажаради. Бурун ичидаги теридан ёғли модда ажралиб чиқиб микробларни тўплайди ва бошқа суюқлик эса ундаги бактерияларни йўқ қилади... Лекин бу “ҳимоя воситаси” кун давомида тўпланган миллионлаб зарарли бактерияларга қарши етарлича кураша олмайди.

Доктор Мустафо Шаҳота айтади: “Бурун бўшлиғи микробларнинг бир неча турлари пайдо бўлиб, ривожланадиган жой ҳисобланади. Ҳар куни таҳоратда бурун бўшлиғини яхшилаб ювиладиган бўлса, унинг яллиғланиши ва микробларнинг кўпайиши олди олинади”.[2]

Бурундаги бактерияларни йўқотиш, уни тозалигини сақлашда алоҳида эътибор талаб этилади. Бу борада тиббиёт мутахассислари ҳам кўплаб изланишлар олиб бориб, бурун ичидаги микробларни йўқотиш ва уни соғлом ҳолатда сақлаш учун ҳар куни беш маротаба ювиш лозим, деган хулосага келганлар.[3]

 

Оғизни сув билан тозалаш; المضمضة

Фитрат суннатлари ҳақидаги Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадиснинг ровийларидан бўлмиш Мисъаб розияллоҳу анҳу тўққизта  фитрат суннатларини санаб “Ўнинчисини унутдим. У мазмаза (оғизни сув билан тозалаш) бўлса керак” деганлар. Омонат юзасидан унутганликларини ҳам очиқ айтганлар.  

Таҳоратда оғиз ва бурунни сув билан чайқаш суннат, ғуслда эса фарз ҳисобланади. 

Лақийт ибн Сабура розияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар таҳорат қилсанг, оғизни чайгин” деганлар”.[4]

Оғизни сув билан тозалашнинг саломатликка таъсири:

Оғизни чайиш билан томоқ яллиғланиши, милкларнинг йиринглаши, тишларнинг чириши ва бир неча касалликларнинг олди олинади. Оғизда қолган йиринг ва чириндилар тез-тез ювиб турилмаса сўлак ёки овқат орқали ошқозонга боради. Натижада турли касалликлар келиб чиқади. Рўзадор таҳорат ва ғуслда оғизни чайқаганда сув ичига кетиб қолмаслиги учун ғар-ғара қилмайди.[5]

Демак, фитрат суннатлари ва бошқа барча суннат амалларида инсоннинг руҳий ва жисмоний саломатлигига катта фойда бор. Юқорида санаб ўтилган фойдалар денгиздан бир томчи холос. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатмаларининг барчасида чексиз ҳикматлар бўлиб, токи қиёматга қадар улар тўхтовсиз ўрганиб борилади ва янги-янги кашфиётлар қилинади.

Ҳозирда илм-фан, технология тараққий этмоқда, хусусан тиббиёт юксак даражада ривожланмоқда. Тиббиётда катта-катта ютуқларга эришилиб, кўплаб замонавий касалхоналар, сиҳатгоҳлар қурилмоқда. Шундай бўлсада, беморлар сони камайиш ўрнига тобора ортиб, турли янги касалликлар пайдо бўлмоқда. Бунинг сабаби суннатдан йироқлашишдир. Доно халқимиз “Касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган яхшироқ” деб бежиз айтмаган. Касалликларнинг олдини олиш ва ёмон оқибатларини бартараф этишнинг ягона чораси Набий алайҳиссаломнинг суннатларига амал қилишдир.  

Биз суннат амалларнинг ҳикматлари, манфаатларини чуқур билмасакда, унга ихлос билан тўла амал қилишимиз ва бошқаларга ҳам ўргатиб боришимиз лозим. Шунда суннатнинг дунёю-охиратда манфаатларидан баҳраманд бўламиз. Суннат амалларни бажариш билан бирга унинг ҳикматлари, фойдалари ҳақида ўқиб, ўрганиш иймон нурининг янада зиёдалашиши ва эътиқоднинг мустаҳкам бўлишига, охиратда эса Пайғамбар алайҳиссалом шафоатларига сабаб бўлади. Зеро, суннатга амал қилиш у зотга муҳаббатнинг бир ифодасидир.

         Уламолар киши қалбида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам севгиси бор-йўқлигининг белгиси сифатида қуйидаги мезонни қўллашган:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиёратлари муяссар бўлганида уни бой бериш дунёдаги бор нарсани бой беришдан оғир бўлиши;

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амрларига итоат этиб, ман қилган нарсаларидан сақланиш;

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилиш ва шариатларини ҳимоя қилиш[6]. 

 

     Демак, суннатга амал қилиш шафоатгўйимизга муҳаббатнинг асосий мезонларидан бўлиб, бу – дунё машаққатлари, касаллик ва дардларидан, охиратда эса азоб-уқубатдан саломат бўлишимизга боисдир. Аллоҳ таоло суннатларни бажаришдаги хатоларимизни Ўзи кечирсин! Биз амал қила олмаётган суннатларни ҳам ҳаётимизга тўла татбиқ қилишга муваффақ қилсин!

 

[1] Саҳиҳу Муслим. Китабут таҳорат. 1 китоб. 167 бет.

[2]Ал иъжозул илмий фил Қуръани вас сунна. Имод Закий алБорудий. Алмактабатут тавфиқия. 289 бет.

[3] Ал-иъжозул илмий фил Ислам, алҚуръанил карим. Муҳаммад Комил Абдуссомад. Дарул мисриятил лубнония. 1997 й.  290-291 бет.

[4] СунануАбу Довуд. Китабут таҳорат. 1 китоб. 36 бет. 144 ҳадис.

[5] Ал иъжозул илмий фил Қуръани вас сунна. Имод Закий алБорудий. Алмактабатут тавфиқия. 159 бет.

[6] Абдул Азим Зиёуддин. Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз? 1-китоб. Тошкент ислом университети. –Т.: 2-нашр, қайта ишланган. 2015. 18-бет. (“Ҳидоят”, 2005 йил, 2 сон, 13-бет.)

 

Дадамирзаев Муҳаммад Зариф тайёрлади.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ