Омина онамизнинг дояси

6 йил аввал 2611 siyrat.uz

 

Пайғамбаримизга бўлган муҳаббат туфайли у зотнинг атрофларида турган ҳар бир кишини билгимиз, танигимиз келади. Хўш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилаётганларида Омина онамизга ким доялик қилган эди?

 Айрим ривоятларда Исо алайҳиссаломнинг оналари покдомон Марям билан золим Фиръавннинг қўлида Мусо алайҳиссаломни улғайтирган Осиёдек мукаррама зотларнинг ҳозир бўлганлари айтилган. Аммо «Марям ва Осиё оналаримизнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилаётган пайтда ҳозир бўлганлари» ҳақидаги ривоятни имом Суютий «Ал-хасоисул кубро» китобида (1/47): «Жуда ҳам мункар», деган.

Ҳақ гап эса Омина онамизга Шифо розияллоҳу анҳонинг доялик қилганларидир.[1] Онасининг исми Салмо, эрининг исми Авф, ўғиллари Абдураҳмон розияллоҳу анҳу ва Асвад розияллоҳу анҳу, қизи Отика розияллоҳу анҳолардир[2].

Оламлар сарварининг ёруғ дунёга ташрифида истиқболларига чиққан, бўлажак Пайғамбарни илк кутиб олиш шарафига муяссар бўлган Шифо бинти Авф розияллоҳу анҳони Аллоҳ таоло кейинчалик ҳам кўп яхшиликлар ила сийлади. Шифо ҳақ дин келганида уни қабул этди, байъатда қатнашди, бошқа мусулмонлар қаторида ҳижрат қилди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларида вафот этди ва ўғли Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу жаннати эканига башорат олди. Пайғамбаримизнинг, айтиш жоиз бўлса, динимизнинг дояси бўлган Шифодан, унинг қилган хизматларидан Аллоҳ рози бўлсин.

Абдул Азим ЗИЁУДДИН


[1] Ибн Касир, «Ал-бидоя ван ниҳоя» (2/264), «Ас-сийратун набавия» (1/207); Шайх Муҳаммад Хузарий, «Нурул яқин фи сийрати саййидил мурсалин» (1/5); Шайх Али ибн Нойиф Шаҳҳуд, «Мавсуъатул хутабил минбария» (2/107); Муаррих Ҳасан ибн Умар, «Ал-муқтафо мин сийратил мустафо» (1/3); Муҳаммад ибн Юсуф Шомий, «Субулул ҳудо вар рашод фи сийрати хойрил ъибод» (1/341); Саййид Маҳмуд Тарозий (Олтинхонтўра), «Нурул басар»; Ҳасан ибн Муҳаммад Машшот, «Иноратуд дужо фи мағозий хойрил варо» (2/75); Иброҳим Ибёрий, «Ал-мавсуъатул Қуръония» (1/25).

[2] Муҳаммад ибн Саъд, «Ат-Табақотул-кубро» (8/248).

 



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ