Мухтасарликни мужассам қилган набавий балоғат

1 йил аввал 994 Абдулазиз Мўмин

Пайғамбаримиз араблар ва бошқа қавмларнинг фасоҳатда энг етуги эдилар. Фасоҳатлари бенуқсон бўлишидан ташқари қўллаган ҳар бир ибораларида тушу-нарсиз жуда қисқалик ҳам, зериктириб қўядиган зиёдалик ҳам бўлмасди. У зот ҳар икки ҳолатда ҳам сўзлари ва ир-шодларидан кўзланган мақсадни юзага чиқарар, нима демоқчи бўлганларини хослар ҳам, омилар ҳам, олимлар ҳам, саводсизлар ҳам қийналмай тушуниб оларди. Ҳар бир гап ва сўзлари жозибали, ёқимли ва мулойим бўлиб, уларга қўполлик, танбеҳ, таъна, сўкиш, мақсаддан ноўрин четланиш, фаҳмлаш қийин ва нотаниш лафзлар аралаш-мас эди. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг у зотга таълим бериши туфайли рисолатларининг муваффақият қозонишига қаратилган эди. Қуйида кенг тарқалган ва кўп учрайдиган масалларга айланган набавий иборалардан намуналар келтирилади.

 Имом Байҳақий «Шуъабул иймон» номли китобида шундай келтиради: «Уҳуд куни бир киши ҳалок бўлди. Унинг онаси: «Сенга шаҳидлик муборак бўлсин», – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен қаердан биласан. Эҳтимол, у бемаъни нарсани гапирган ва ўзига асқотмайдиган нарсани қизғангандир», – деди-лар. Яъни дунё ва охирати учун фойда бермайдиган гап-сўзларни айтиб, мақтов ва олқиш олишни кўзлаган, ўзини кўрсатмоқчи бўлгандир. Чунки мақтовни яхши кўриш, ўзини кўрсатишга ҳаракат қилиш фойда келтирмайди, за-рардан халос этмайди. Ҳасан Басрийнинг «Банданинг бе-фойда ишлар билан машғул бўлиши Аллоҳ таолонинг ун-дан юз ўгирганининг аломатидир» деган сўзи ҳам фикри-миз тасдиғидир.

Имом Бухорий ва Муслим келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иккиюзлама-чининг Аллоҳ ҳузурида қадри бўлмайди», – дедилар. Яхши-ёмонлигини фарқламай ҳар кимга ёқадиган ва маъқул бўладиган муомала тилёғламалик ва хушомадгўйлик белгисидир. Тилёғламачининг эса Аллоҳ таоло ҳузурида ҳеч қандай қадр-қиммати йўқ. Чунки унинг бу разил иши туфайли одамлар орасида бузғунчилик тарқалади. Шунинг учун динимиз бундай ишдан қатъий қайтаради. Ўзини ислоҳ этувчилар Аллоҳнинг ҳузурида иззат-икром ва ҳурмат топади. Чун-ки улар одамлар ўртасидаги ришталарни боғлаб, муноса-батларни тиклайдилар.

Имом Табароний Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда: «Дунёда иккиюзламачи-лик қилган кимса қиёмат куни икки юзи оловли ҳолда келади», дейилган.

Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятида шундай келтирилган: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам гап ташишдан, кўп савол беришдан, молни зое қилишдан, бош тортишдан, талаб қилишдан, оналарга оқ бўлишдан ва қизларни тириклайин кўмишдан қайтардилар». Мана шу муборак ҳадисда оғиздан оғизга ўтиб юрган миш-миш ва бемаъни гап-сўз, бировлар моли-дан таъма қилиш ёки бошқалар ҳақида кераксиз сўраб-суриштириш, мол-давлатни Аллоҳ азза ва жалланинг ро-зилигидан бошқа жойларга сарфлаб зое қилишдан қайтариқ бор. Бунга иморат қуриш, кийиниш, уй-рўзғор буюмлари ва бошқа нарсалардаги исрофлар ҳам киради. Расулуллоҳ олди-бердида адо этиш лозим бўлган ҳақларни адо этмаслик ва ҳақли бўлмаган нарсани талаб қилишдан қайтардилар. Бундан ташқари, ота-онага оқ бўлиш, ор-номусдан қўрқиб, кибр-ҳавога берилиб, қизларни тириклайин кўмишдан ҳам қайтардилар.

Имом Аҳмад, Термизий, Ҳоким, Байҳақий Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонлик ортидан уни ўчирадиган яхшиликни эргаштир. Инсонлар би-лан гўзал муомалада бўл», деганлар. Яъни ҳамма жойда ва ҳамма вақт Аллоҳнинг амрини бажариб, қайтариқларидан қайтиб, унга тақво қил. Чунки У Зот ҳар қачон ва ҳар ерда сен билан бирга. Ўзинг содир этган ёмонлик ортидан уни кетказадиган намоз, садақа ва шун-га ўхшаш яхшиликларни қил. Бу Аллоҳ таолонинг «Ал-батта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади» деган сўзида ўз ифодасини топган. Одамларга очиқ чеҳра билан озор бермасдан муомала қил. Уларнинг сенга қандай му-носабатда бўлишларини ёқтирсанг, сен ҳам уларга шун-дай муносабатда бўл.

 

Ибн Самъоний келтирган ривоятда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ишларнинг яхшиси ўртачасидир», деганлар. Ҳадиси шарифда таъкидланган ўртачаликдан мақсад ҳаддан ошиш билан бепарволик орасидир. Мисол учун, сахийлик – исроф билан бахиллик ўртасида. Шижо-ат эса таваккул қилиш билан қўрқоқлик ўртасидаги ҳолатдир. Қуръони Каримдаги «Қўлингни бўйнингга боғлаб олма. Уни бир йўла ёзиб ҳам юборма. Яна ма-ломат ва ҳасратда ўтириб қолмагин»  деган оят ҳам ҳар бир ишда мўътадиллик йўлини тутишга тарғиб қилади.

Имом Термизий ва Байҳақий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан нақл қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дўстингни қаттиқ яхши кўрма. Эҳтимол, бир кун келиб у душманинг бўлиб қолар. Душманингга қаттиқ ғазаб қилма, эҳтимол, бир кун келиб у дўстинг бўлиб қолар», деганлар. Яъни дўстингни ҳаддан ташқари яхши кўриб юборма. Кўнглинг унга қаттиқ боғланиб қолмасин. Эҳтимол, вақт ўтиб, душманингга айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Бировга жаҳл қилсанг, ўтказиб юборма. Ажаб эмаски, бир кун келиб у яқин дўстингга айланса. Чунки вақти келиб, муҳаббат адоватга ўзгарса, пушаймон бўласан. Адоват дўстликка алмашса, уялиб юрасан.

 Имом Бухорий ва имом Муслим келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зулм – қиёмат кунининг зулматларидир», дедилар. Яъни ўзига ёки бошқаларга қилинган ҳар қандай зулм қиёмат кунида зулмат-қоронғиликка айланади. Оқибатда нажот йўлини топа олмай қолади. «Зулматлар»дан азоб-уқубатлар ирода қилинган бўлиши ҳам мумкин.

Имом Бухорий ва бошқалар келтирган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўъмин бир уядан икки марта чақилмайди», дедилар. Яъни комил мўмин эҳтиёткор, зийрак, огоҳ ва ўткир фаросатли бўлиб, у қайта-қайта алданмайди ва хулоса чиқармайдиган лоқайд, бепар-во бўлмайди.

Имом Дайламий келтирган ривоятда: «Бошқани кўриб ибрат олган киши бахтлидир. Аянчли аҳволи бошқаларга ибрат бўлган киши бахтсиздир», дея марҳамат қилганлар.

Имом Термизий ва бошқа муҳаддислар ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бу дуони қилганлари собит бўлган: «Ё Аллоҳ! Мен Сендан қалбимни тўғри йўлга бурадиган, ишимни жамлайди-ган, тарқоқлигимни тўплайдиган, ботинимни ислоҳ қиладиган, зоҳиримни юксалтирадиган, амалимни поклайдиган, яхшиликка илҳомлантирадиган, улфа-тимни қайтарадиган, барча ёмонликдан сақлайдиган ҳузурингдан бўлган раҳматни сўрайман. Ё Аллоҳ! Сендан тақдир синовлари чоғида нажотни, шаҳидлар савобини, саодат аҳли ҳаётини, душманлар устидан ғолибликни сўрайман».

Набавий фасоҳат ва балоғатнинг сабаблари имом Байҳақий келтирган ривоятда шундай баён этилади: «Саҳобалар: «Сиздан фасоҳатлироқ бирор кишини кўрмадик», дейишди. У зот: «Бундан мени нима тўсади, Қуръон очиқ-ойдин араб тилида нозил бўлган бўлса», – дедилар».

Имом Табароний ривоятида: «Мен араблар тилини энг яхши биладиганиман. Қурайшда туғилиб, Бану Саъдда вояга етган бўлсам , қандай қилиб менда нотўғри гапириш учрайди», дейилган.

У зотнинг нутқида саҳро аҳлининг чиройли сўзлаши ва сўзга чечанлиги билан шаҳарликларнинг безакли лафзла-ри ва гўзал иборалари билиниб турарди. Бунинг устига инсон зотининг илми ва имконияти етмайдиган илоҳий ваҳий билан қўллаб-қувватланган эдилар. Маккадан Ма-динага қилинган ҳижрат сафари чоғида Умму Маъбадни-кида тўхтаб, меҳмон бўлганларида, мезбон Сарвари олам-ни кўриб, шундай таъриф берган: «Сўзлари ширин, аниқ ва бир-биридан ажралган бўлиб, оз ҳам, кўп ҳам эмас эди. Ҳар бир гаплари тизилган маржон шодасига ўхшарди. Овозлари баланд ва ёқимли эди».

 

«Шамоилу мустафо» китобидан




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ