Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиёратлари

8 ой аввал 1616 Абдулазиз Усмон

      Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан қурган масжиддаги тонгги суҳбатдан кейин гоҳида яқин кишиларининг ёки хонадонига таклиф қилганларнинг зиёратига борардилар.

Бировнинг уйига борганда ҳеч қачон уйга олиб кирадиган йўлакнинг[1] тўғрисида турмасдилар. Чунки, бу йўлакдан ҳовлининг ичига кўзлари тушиши мумкин эди. Шунинг учун, хонадон соҳибини чақиргач, йўлакнинг ўнг ёки чап томонида кутиб турардилар.

Шунингдек, бировнинг ҳовлисига тирқишдан мўралашдан ҳам қайтарардилар.

Хоҳ ўз хонадонлари бўлсин, хоҳ бировнинг хонадони бўлсин, биринчи «Ассалому алайкум» деб салом бериб кирардилар.

Севимли зиёратларидан бири бу – қизлари Фотима розияллоҳу анҳонинг уйига бориш эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима онамизнинг уйларига бориб, неваралари Ҳасан ва Ҳусайнни кўриб келардилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотиманинг ҳовлисига кириб: «Кичкинтой шу ердами?! Кичкинтой шу ердами?!» – дедилар. (Фотима) уларни бироз ушлаб қолди. Хушбўй ўсимликдан ясалган мунчоқ тақяпти ёки ювинтиряпти, деб ўйладим. Улар югургилаб келишди. У зот қучоқладилар, ўпдилар ва: «Аллоҳим, уларни яхши кўргин, уларни яхши кўрганни ҳам яхши кўргин!» – дедилар»[2].

Яна бир куни Фотима онамизнинг уйларига келиб, Али розияллоҳу анҳуни сўраб: «Амакингнинг ўғли қани?» – дедилар. Фотима онамиз: «Орамизда бир нарса ўтувди, шунга уйдан чиқиб кетган эдилар», – дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Али розияллоҳу анҳуни қидириш учун одам юбордилар. Али розияллоҳу анҳунинг масжидда ётганлиги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтилгач, унинг олдига келдилар. Юзидаги тупроқни қўллари билан тушириб: «Тур! Эй тупроқ отаси! Тур! Эй тупроқ отаси!», – дедилар[3].

Гоҳида эса заиф ва камбағал саҳобаларини зиёрат қилар ва уларнинг касалларини кўриб келардилар.

Мана шундай зиёратлардан бири Анас розияллоҳу анҳунинг бувилари Мулайканинг таклифига биноан уларнинг уйига боришлари эди.

Бу воқеани Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагича ривоят қилганлар:

«Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бувим – Мулайка Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни уйга чорлади. У зот таом едилар. Кейин: «Туринглар, сизларга намоз ўқиб берайин», – дедилар.

Мен туриб бориб, кўп ишлатилганидан қорайиб кетган бўйрамизга сув сепдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турдилар, мен ва бир етим бола у зотнинг орқаларида, кампир эса бизнинг орқамизда саф тортди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга икки ракъат намоз ўқиб бериб, сўнгра кетдилар».

Гоҳида саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни уйларида намоз ўқиб беришлари учун таклиф қилишарди.

Итбан ибн Молик розияллоҳу анҳу ўйида номоз ўқиб беришлари учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни чақирди. У зот бориб: «Уйингнинг қаерида сенга намоз ўқиб беришимни истайсан?» – дедилар.

Итбан ибн Молик айтади: «Шунда у зотга бир жойни кўрсатдим. Таҳрима такбирини айтдилар ва биз орқаларида саф тортдик. Икки ракъат намоз ўқидилар»[4].

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор жойга зиёфатга чақирилганда, аёлларини ҳам эсдан чиқармасдилар. Бировнинг уйига боришда ўзлари билан бирга оналаримиздан бирларини олар эдилар.

Бу ҳолатни Анас розияллоҳу анҳу қуйидагича тасвирлайди:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг форс қўшнилари бўларди. У шўрвани жуда мазали пиширар, хусусан шўрванинг ҳиди жуда ёқимли бўларди. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга деб шўрва пиширди ва ўйига таклиф қилди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Оиша ҳам мен билан бирга», – дедилар. Ҳалиги қўшнилари: «Йўқ», – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ундай бўлса, бормайман», – дедилар. Ҳалиги одам бирпас ўтиб яна келди ва у зотни таклиф қилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу мен билан», – дедилар. У: «Йўқ», – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ бўлса, йўқ-да», – дедилар. Бирпас туриб ҳалиги одам учинчи марта келиб таклиф қилди. У зот яна: «Бу ҳам», – дедилар. У учинчисида рози бўлди. Оиша онамиз билан унинг уйига бордилар»[5].

Гоҳида эса, бировнинг уйига бораётганда ўзлари билан бирга ходимларини ҳам олардилар.

Мана шундай ҳолатлардан бирини Анас розияллоҳу анҳунинг ўзлари қуйидагича баён қилади:

«Бир тикувчи Расулуллоҳ cоллaллoҳy алайҳи васалламни ўзи тайёрлаган таомга таклиф қилди. Мен ҳам бордим. У нон билан қовоқ ва сур гўшт солинган шўрва келтирди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёғоч товоқнинг ҳар ер‑ҳар еридан қовоқни териб еяётганларини кўрдим. Ўша кундан бери қовоқни яхши кўраман»[6].

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларнинг таклифига жавоб қайтариш борасида уларни бой ва камбағалга ажратмасдилар. Меҳмонга чақирган барча саҳобаларининг уйларига бориб, уларга қувонч улашардилар.

Бировни зиёрат қилганда, хонадон вакилларининг катталари билан суҳбатлашиш билан чекланиб қолмасдан, хонадондаги ёш болалар билан ҳам гаплашар, уларнинг кўнглини кўтариб, алоҳида эътибор қаратардилар.

Анас розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг хушхулқи эдилар. Абу Умайр деган укам бор эди. Менимча, сутдан ажраган эди. У зот қачон келсалар: «Эй Абу Умайр, нима бўлди нуғайр[7] дердилар, чунки у нуғайрни ўйнар эди. Гоҳида у зот уйимиздаликларида намоз вақти кирса, буюрар эдилар, остиларидаги гилам супурилиб, сув сепилар эди. Кейин турар эдилар, биз ҳам орқаларида турар эдик. Бизга намоз ўқиб берардилар»[8].

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қайси хонадонга борсалар, қайтишда хонадон аҳлини дуо қилиб қайтардилар.

Буср ибн Абу Буср розияллоҳу анҳунинг уйига борганларида, хонадон аҳли овқат ва ватбаҳ[9] тайёрлаб берди. У зот тановул қилдилар, сўнг келтирилган сувдан ичиб, хонадон аҳлининг ҳақига:

«اللَّهُمَّ بَارِكْ لَهُمْ فِيمَا رَزَقْتَهُمْ وَاغْفِرْ لَهُمْ وَارْحَمْهُمْ »

«Аллоҳумма барик лаҳум фиймаа розақтаҳум. Вағфир лаҳум, варҳамҳум», – деб дуо қилдилар[10].

Маъноси: «Аллоҳим, уларга берган ризқингни барокотли айла. Уларни мағфират ва раҳм қил!».

Саҳобалар таклиф қилган зиёфатларга боришдан ташқари, касал бўлиб қолган саҳобаларни ҳам зиёрат қилардилар.

Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Бемор бўлдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр билан мени кўргани пиёда келишди. Улар келишганда ҳушимдан кетган эканман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилиб, кейин устимга таҳорат сувларидан қуйган эканлар, ўзимга келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, мол мулкимни нима қилай? Мол мулким хусусида қандай ҳукм қилай?» – дедим. Менга ҳеч қандай жавоб бермай турдилар. Шу вақт мерос оятлари нозил бўлди»[11].

Омирнинг отаси Саъд розияллоҳу анҳу ҳам касал бўлганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни бориб зиёрат қилганлар.

Шунингдек, касал бўлиб қолган бошқа саҳобаларни ҳам зиёрат қилиб, ҳақларига дуо қилиб қайтардилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофларидаги одамларга асло бефарқ эмас эдилар. Агар бир саҳоба қўринмай қолса, у ҳақида сўраб-суриштирар, касал бўлиб қолган бўлса, бориб кўрар, бошига бирор ташвиш тушган бўлса, уни аритишда ёрдамлашар эдилар.

Собит ибн Қайс деган саҳоба кўринмай қолганда у кишини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўраб суриштирганлар. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда бу ҳақида шундай дейилган:

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Собит ибн Қайсни йўқотиб қўйдилар. Шунда бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен сизга унинг қаердалигини билиб бераман», – деди. Кейин бориб, уни ўз уйида бошини қуйи солганча ўтирган ҳолида топди ва: «Аҳволинг қалай?» – деди. У: «Ёмон, чунки овозимни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг овозларидан баланд кўтарар эдим, энди амалларим ҳабата бўлди, дўзах аҳлидан бўлиб қолдим», – деди. Ҳалиги киши келиб, у зотга: «У бундай, бундай деди», – деб хабар берди. Сўнг у бу буюк башорат билан иккинчи марта қайтиб борди. Шунда у зот: «Олдига бориб, унга: «Сен дўзах аҳлидан эмас, жаннат аҳлидансан», – деб айт», – дедилар».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч ким эътибор бермайдиган соҳа вакилларига ҳам эътибор берар эдилар. Масжид атрофидаги ахлатларни териб масжидни тоза тутиб юрган фаррош аёл кўринмай қолганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳақида сўраб суриштирдилар.

Имом Бухорий ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган ҳадисда бу ҳақида шундай дейилган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Масжидни супуриб юрадиган бир қора танли аёл вафот этди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни сўраб қолдилар. «У вафот этган», – дейишди. «Буни менга билдирмабсизлар-да, унинг қабрини кўрсатинглар», – дедилар-да, қабрига келиб, унга жаноза намози ўқидилар».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишлари билан умматларига таълим берар, ўзаро борди-келди қилиш ва ҳол-аҳвол сўраб туришни амалий кўрсатиб берар эдилар.

 



[1] Йўлак дейилишига сабаб, ўша даврда баъзиларнинг уйида эшик йўқ эди. Ҳижоб ояти нозил бўлгач, барча саҳобалар ҳовлини ичига бировнинг назари тушмасин деб, парда ва эшиклар қилишди.

[2] Имом Бухорий ривояти

[3] «Муснад Ибн Абу Шайба», «Саҳиҳ Бухорий», «Саҳиҳ Муслим» ва «Саҳиҳ Ибн Ҳиббон» китобларига қаралсин

[4] Имом Бухорий ривояти

[5] Имом Аҳмад ривояти

[6] «Саҳуҳ Бухорий», «Саҳиҳ Муслим», «Сунан Абу Довуд» ва «Саҳиҳ Ибн Ҳиббон» китобларига қаралсин.

[7] «Нуғайр» сўзи «нуғар»нинг кичрайтирилган шакли бўлиб, у тумшуғи қизил, чумчуққа ўхшаган қушдир. Абу Умайрнинг шундай қушчаси бўлиб, уни ўйнаб юрарди. Бир куни у ўлиб қолибди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Умайрни эркалаб, шу гапни айтганлар

[8] Имом Бухорий ривояти

[9] Қуриган хурмо, ёғ ва пишлоқ аралаштириб тайёрланган овқат

[10] Имом Термизий ривояти

[11] Имом Бухорий ривояти




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ