Қайлула вақти

2 йил аввал 1766 Абдулазиз Усмон

Зиёратдан қайтгач, оналаримиздан кимнинг навбати бўлса ўшанинг уйига борар ва уйга кираётганда махсус дуони айтиб, мисвок ишлатиб, сўнг салом берар ва Зуҳо намозини ўқимаган бўлсалар, тўрт ёки олти ёки саккиз ракъат қилиб ўқиб олардилар. Эрталаб нонуштани қилмаган бўлсалар, оналаримиз бирор таом ҳозирласалар ердилар. Гоҳида рўзадор бўлсалар-да, оналаримиз ҳозирлаган таомни еб: «Мен бугун рўзадор эдим», – дер эдилар.

Бундай қилишларига сабаб, бир неча кун ҳеч нима емаганларидан қоринлари оч бўларди. Бундан ташқари, биринчидан, умматларига нафл рўзани бузиш жоизлигини амалий кўрсатиш бўлса, иккинчидан оналаримизнинг қалбларига хурсандчилик киритиш эди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун тайёрланган таомдан у зот тановул қилсалар оналаримиз хурсанд бўлишарди.

Бир куни Оиша онамиз: «Эй Аллоҳнинг расули! Бизга ҳадя келтирилди. Сиз учун унинг бир қисмини олиб қўйдим», – дедилар. «У нима экан», – дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо: «Ҳайс[1]», – дедилар. «Уни келтир», – дедилар. Таомни еб бўлгач: «Мен рўзадор эдим», – дедилар»[2].

Бир куни зиёратдан кейин Жувайрия онамизнинг уйларига кирдилар. Қарасалар, номозгоҳларида Аллоҳни зикр қилиб турган эканлар. Жувайрия онамизга: «Чиқиб кетаётганимда қилаётган ишингни ҳали ҳам давом эттираяпсанми?» – дедилар. Жувайрия онамиз: «Ҳа», – дедилар. Шунда у зот: «Мен сендан кейин тўрт калимани уч марта айтдим. Агар уларни сен бугун айтган нарсалар ила тарозига солинса, оғир келади - «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, адада холқиҳи ва ризоа нафсиҳи ва зината аршиҳи ва мидаада калимаатиҳи», – дедилар[3].

Маъноси: «Яратган махлуқотларининг ададича, Ўзи рози бўладиган миқдорда, аршининг оғирлигича ва сўзларини ёзишда кетадиган сиёҳ миқдорича Аллоҳни поклигини ҳамд айтиш ила зикр қиламан».

Аслида зиёратдан уйга қайтган пайтлари аҳллари билан холи қоладиган соатлари ҳисобланарди.

Гоҳида шунақа пайтда дин ишларини эркаклар олдида сўрашдан ҳаё қиладиган саҳобия аёллар келиб, оналаримиз олдиларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан фиқҳий масалаларни сўрашар эди.

Қайсидир маънода бу соатларни аёлларнинг дин масаласи бўйича таълим олиш соатлари десак ҳам бўлади.

Бу пайтни саҳобия аёлларнинг динни ўрганишлари учун ажратишларининг яна бир ҳикмати шуки, бу саволлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга оналаримиз олдиларида берилар, бўлиб ўтган савол-жавобларни оналаримиз ҳам ёд олишарди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин, аёлларга оид масалаларни оналаримиз мўминаларга худди эшитганларидек ўргатишган.

Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳайздан (кейин) қандай ғусл қилиш ҳақида сўради. «Бир парча хушбўй пахтани олиб, ўша билан покланасан», дедилар. «У билан қандай покланаман, эй Аллоҳнинг Расули?» деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Покланасан-да», дедилар. «У билан қандай покланаман, эй Аллоҳнинг Расули?» деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўша билан покланасан‑да», дедилар. Шунда мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нимани ирода қилганларини билиб, (аёлни) ўзимга тортиб, унга ўргатиб қўйдим»[4].

Яна бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Салама онамиз билан ўтирган эдилар. Шу пайт Умму Сулайм келди ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ ҳақдан ҳаё қилмайди, агар аёл киши эҳтилом[5] бўлса, ғусл лозимми?» – деди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сувни кўрса», – дедилар. Умму Салама юзини беркитиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, аёл киши ҳам эҳтилом бўладими?» – деди. «Ҳа, қўлинг тупроққа қорилгур[6], бўлмаса боласи нимадан унга ўхшар эди?» – дедилар».

Хусусан ансорий аёллар дин ишларини ўрганиш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига кўп келишарди. Шунинг учун Оиша онамиз: «Ансорий аёллар қандай ҳам яхши! Ҳаё уларни динда фақиҳ бўлишдан тўсиб қўймади», – деганлар.

Гоҳида бундай пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хос саҳобалари келиб, рўпарў бўлиб турган масалани сўраб кетишарди.

Мана шундай ҳолат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Оиша онамизнинг уйларида дам олиб ўтирганларида ҳам содир бўлган.

«Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимда ёнбошлаб ётган эдилар. Сонлари ёки икки болдирлари очиқ эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу изн сўради. Ул зот ўша ҳолатда изн бердилар. У гаплашди. Сўнг Умар розияллоҳу анҳу изн сўради. Ул зот ўша ҳолатда изн бердилар. У гаплашди. Кейин Усмон розияллоҳу анҳу изн сўради. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб ўтирдилар ва кийимларини тўғриладилар. У кириб, гаплашди.

У чиқиб кетгач, Мен: «Ё Расулуллоҳ! Абу Бакр кирди. Унга эркин ўтиравердингиз. Сўнг Умар кирди. Унга ҳам эркин ўтирдингиз ва эътибор қилмадингиз. Кейин Усмон кирди. Туриб ўтирдингиз ва кийимларингизни тўғриладингиз?» – дедим.

У зот: «Фаришталар ҳаё қилган одамдан мен ҳаё қилмайманми? Усмон ҳаёли. Агар ўша ҳолатимда ўтирсам, у ҳаё қилганидан айтмоқчи бўлган гапини айтолмай қоларди», – дедилар»[7].

Агар ҳеч ким келмасдан, оналаримиз билан уйда ёлғиз қолсалар Оиша онамиз васфлагандек энг мулойим ва энг карамли бўлардилар. Аҳллари билан кулишиб ўтирардилар. Оналаримиз у кишини эр сифатида кўрардилар. У зот ўзларини: «Мен Пайғамбарман», – деб улардан ҳурмат талаб қилмас, ўзларини оддий инсондек тутардилар. Шунинг учун уйда оналаримизнинг хизматларида бўлиб, оёқ кийимларини таъмирлар, кийимларини тикар, қўй эчкиларни соғар ва бошқа уй юмушларида оналаримизга ёрдам берардилар[8].

Камтар ва оддийликларига ёрқин мисол шуки, гоҳида оналаримиз пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп нарсани талаб қилиб аразлашиб юрардилар. Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини оддий башардек тутганларидан оналаримиз аразлашиб юришга ҳам ҳаддилари сиғарди.

Оналаримиз ораларида келиб чиқадиган келишмовчиликларни ҳикмат билан ҳазил-мутойибага йўйиб, ҳеч нима бўлмагандай уларнинг ўзаро аҳил ва иноқ яшашларига сабаб бўлардилар.

Ибн Абу Дунё «Мудоротин нас» китобида келтирган ҳадисда бу ҳолат қуйидагича тасвирланган:

«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизнинг уйларида ўтирганларида Савдо онамиз кириб келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша ва Савдо онамизнинг ўрталарида ўтирдилар. Оиша онамиз ҳарира[9] пиширган эдилар. Савдо онамизга: «Овқатдан олинг», – дедилар. Савдо онамиз емадилар. «Емасангиз юзингизга тарсаки тушураман», – дедилар. Савдо онамиз: «Емайман», – дедилар. Оиша онамиз қўлларига бир нарсани олиб, Савдо онамизнинг юзларига урдилар. Бу ҳолатни кўрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини четга олдилар. Кейин Савдо онамиз ҳам қўлларига бир нарсани олиб Оиша онамизни юзларига урдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса буларнинг қилаётган ишини кўриб табассум қилиб турардилар. У зотнинг табассумларини кўрган оналаримиз ҳам кулиб юборишди ва кулги хонадонни қамраб олди. Кулиб ўтиришган бир пайтда Умар розияллоҳу анҳунинг: «Эй Абдуллоҳ ибн Умар! Эй Абдуллоҳ ибн Умар», – деган овози эшитилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оналаримизга: «Туринглар! Юзингизни ювинг. Ўйлашимча ҳозир Умар уйимизга кириб келади», – дедилар».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оналаримиз ўрталарида пайдо бўладиган келишмовчиликларни ана шундай муросайи мадора билан ислоҳ қилардилар.

Агар ҳеч ким келмаса, эрталабки зиёратдан кейин одатда оналаримиз билан бироз суҳбатлашгач, кимнинг навбати бўлса, ўшанинг уйида пешин намозига яқин қайлула[10] қилардилар.

Мадинада Умму Сулайм розияллоҳу анҳодан бошқа бирор бегонанинг уйида қайлула қилмаганлар. Бунинг сабаби сўралганда: «Унга раҳмим келади, унинг акаси мен билан бирга бўлганида ўлдирилган», – деб жавоб берганлар. Бундан ташқари Умму Сулайм розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломнинг оналарига эмикдош сингил бўлган. Яъни Умму Сулайм пайғамбаримизга маҳрам бўлган.

Умму Сулайм уйда бўлмаса ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг уйига кириб мизғиб олардилар. Бир куни шундай Умму Сулаймнинг уйида ухлаб ётган эдилар. Муборак юзлари ҳаво иссиқлигидан терга ботганди. Шу пайт Умму Сулайм кириб келди ва муборак юзларидаги терни рўмолча билан артиб, рўмолчада йиғилган муборак терни бир идишга сиқиб олдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғониб кетдилар ва унинг нима сабабдан бундай қилаётганини сўрадилар. Умму Сулайм: «Терингизни атиримга қўшиб қўяман ва барака умидида болаларимга суртаман», – деб жавоб берди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳаққига дуойи хайр қилдилар[11].

Хулоса қилиб айтганда тонгги зиёратдан кейинги вақт қайлула вақти ҳисобланарди.

 --------------------------------------

[1] Қуриган хурмо, ёғ ва пишлоқ аралаштириб тайёрланган таом.

[2] Саҳиҳ Муслимга қаралсин.

[3] Имом Муслим ривояти.

[4] Имом Бухорий ривояти

[5] Эҳтилом – уйқуда эркак кишидан маний, аёл кишидан ажралма чиқиши. Бу ҳол баъзан тушда рўй беради

[6] Барака топкур

[7] Имом Муслим ривояти

[8] «Муснад Исҳоқ ибн Роҳавайҳ», «Муснад Аҳмад» китобларига қаралсин

[9] Сут қўшиб пишириладиган ун овқат ёки араблар шўрваси

[10] Қайлула – туш пайтида мизғиб олиш

[11] «Муснад Таёлисий», «Муснад Аҳмад», «Саҳиҳ Муслим» ва «Муснад Баззор» китобларига қаралсин.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ