Ойнинг бўлиниши ва қуёшнинг тўхтатиб қўйилиши

6 ой аввал 2479 Абдулазиз Мўмин

Аллоҳ таоло расуллари ва анбиёларига даъволари ростлигини, рисолатлари ҳақлигини исботлаш учун мўъжиза деб аталган ғайриоддий ишларни юзага чиқариш қувватини беради. Шу орқали инсонлар рисолат ва нубувват ҳақида аниқ ҳужжатга эга бўладилар.

Маълумки, одатдан ташқари ишлар мўъжиза дейилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонлар оша мангу қоладиган мўъжизалари Қуръондир. Бу Китобнинг мўъжиза эканида шак-шубҳа йўқ, чунки на араблар ва на бошқалар унинг сураларига ўхшаш бирор сура келтира олди.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг коинот ишлари билан боғлиқ ёрқин, иккита улкан мўъжизалари бор. Улар у зотнинг пайғамбарликларига очиқ-ойдин аломат ва белгилардан ҳисобланади. Ўша мўъжизалар – ойнинг бўлиниши ва қуёшнинг ботишдан тўхтатиб қўйилишидир. Булар Расулуллоҳнинг моддий мўъжизалари сирасига киради.

Ойнинг бўлиниши Қуръони Каримда очиқ-ойдин баён қилинган. Аллоҳ таоло айтади: «Соат (қиёмат) яқинлашди ва ой бўлинди»[1]. Оятдаги «яқинлашди» сўзини Аллоҳнинг илми ва тақдирида қиёматнинг вақти яқинлашди, деб тушунилади. Ой Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизаси ўлароқ икки бўлакка бўлинди.

Имом Бухорий, Муслим ва Термизий келтирган ривоятда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: «Макка аҳли Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан мўъжиза кўрсатишни сўрашди. У зот уларга ойни иккига бўлиб кўрсатдилар. Ҳаттоки у(бўлак)лар ўртасидаги қизилликни ҳам кўришди. Ўшанда мазкур оят «Агар бир оят(мўъжиза)ни кўрсалар, юз ўгирадилар ва: «Бу ўткинчи сеҳр», дейдилар»[2]гача нозил бўлди».

Макка кофирлари мўъжизани кўриб: «Бу ҳар доимги сеҳр-ку»[3], дейишди. Аллоҳ таоло ойнинг бўлинганини ўтган замон феъли билан хабар берган. Бу эса воқеанинг аниқ юз берганига далолат қилади. Барча муфассирлар, аҳли сунна вал жамоа уламоларининг ҳаммалари бир овоздан ойнинг бўлиниш воқеаси юз берганига иттифоқ қилишган.

Имом Бухорий, Муслим, Термизий ва Насоий келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида ой икки бўлакка бўлинди. Бир бўлаги тоғ тепасида, бошқа бўлаги унинг пастида кўринди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гувоҳ бўлинглар», дедилар», деган.

Имом Байҳақийнинг Масруқ орқали Ибн Масъуддан келтирган ривоятида шундай дейилган: «Ойнинг бўлиниши Маккада бўлган эди. Қурайш кофирлари: «Ибн Абу Кабша сизларни сеҳрлаб қўйди», дейишди. Улардан бири: «Муҳаммад ойни сеҳрлаган бўлса, унинг сеҳри ҳар тугул бутун ер юзига етмас. Бошқа шаҳрлардан келган одамлардан ҳам сўранглар-чи, улар ҳам кўришибдими?» деди. Сўрашганда улар худди шундай воқеанинг гувоҳи бўлишганини айтишди».

Бу ҳодиса Ибн Масъуддан ташқари Анас, Ибн Аббос, Ибн Умар, Ҳузайфа, Али, Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳумдан ҳам ривоят қилинган. Бу ривоятларнинг аксар йўллари саҳиҳдир. Бунинг устига оятда ҳам очиқ-ойдин айтилиб турибди. Шундай бўлгач, файласуфлар ва даҳрийлардан иборат бетавфиқларнинг «Агар бу чиндан ҳам юз берганда ер аҳлига махфий бўлмас эди, чунки ойни ҳамма кўради» деган эътирозларига аҳамият берилмайди. Бир шаҳар аҳли бошқаларидан олдин ойни кўриши ҳаммага маълум ҳақиқат. Бутун ер юзи аҳолиси айнан бир вақтда ойни кўра олмасликларига уларнинг ақллари етмасмикан? Шунинг учун бир жойда ой тутилса, бошқа жойда тутилмаган бўлиши мумкин. Айрим минтақаларда у жузъий сифатга, бошқаларида тўлиқ сифатга эга бўлади. Алоҳида таъкидлаш керакки, ойнинг бўлиниш ҳодисаси тунда содир бўлган. Одатда кечаси одамлар ҳаракатдан тўхтаган, уйларида дам олишаётган, ҳамма ёққа сокинлик чўмган вақт бўлади. Шунинг учун кўплар то хабар берилмагунча ой тутилганини билишмайди.

Қуёшнинг тўхтатиб қолиниши ёки унинг Расулуллоҳ учун қайтарилиш ҳодисаси ҳам ёрқин мўъжизалардан биридир. Имом Таҳовий «Мушкилул ҳадис» китобида Асмо бинт Умайсдан икки йўл билан ривоят қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий тушаётганда у зотнинг бошлари Али ибн Абу Толибнинг бағрида эди. У аср намозини ўқимаган эди. Қуёш ботди. Расулуллоҳ унга: «Асрни ўқидингми?» дедилар. У: «Йўқ», деди. У зот: «Ё Аллоҳ! У сенинг тоатингда ва расулининг тоатида бўлди. Унинг учун қуёшни қайтар», деб дуо қилдилар. Асмо айтади: «Қуёшнинг ботганини кўрган эдим. Сўнгра чиққанини, тоғлар ва ер устида тўхтаб турганини кўрдим. Бу воқеа Хайбарнинг Соҳба деган жойида юз берди»[4].

Имом Таҳовий: «Бу икки ҳадис саҳиҳ. Ровийлари ишончли бўлиб, улардан айб топган баъзиларнинг сўзларига эътибор қилинмайди», деган. Асмо бинт Умайснинг ривоятини имом Таҳовий ўзларига икки йўлдан келгани учун иккита деб ҳисоблаганлар. Бу ҳодиса Али розияллоҳу анҳу учун Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари баракотидан юз берган.

Аллома Хаттобий айтади: «Ойнинг бўлиниши жуда катта мўъжиза. Пайғамбарларнинг мўъжизалари ичида унга тенг келадигани деярли йўқ».

Мулла Али Қорий: «Қуёшнинг тўхтатилиши ёки қайтарилиши ҳам ой ёрилишидан кам бўлмаган ҳодиса. Балки ундан каттароқ, ёрқинроқ ва ҳайратланарлидир. Лекин ботишга жуда яқин қолганида юз бергани учун кўпчиликка билинмаган. Бу ҳақда мулоҳаза юрит», деганлар.

«Шамоилу мустафо» китобидан 



[1] Қамар сураси, 1-оят.

[2] Қамар сураси, 2-оят.

[3] Уларга кетма-кет мўъжизалар кўрсатилганидан бу ҳодиса ҳам оддийдек туюлиб қолди.

 [4] Аксар муҳаддислар ривоятга заифлик ҳукмини беришган бўлса ҳам, лекин унинг асли собитдир. Бу ҳадис бўйича муҳаддисларнинг узундан-узоқ баҳс-мунозаралари бор.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ