Қуёш ботгач

3 йил аввал 2451 Абдулазиз Усмон

Қуёш ботиши билан муаззин шом намозига азон айтарди. Кўп ўтмай Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кириб келардилар. Қомат айтилиб, саф тортиларди. Шомни аввалги вақтида ўқирдилар. Одатда шом намозида кичик сураларни ўқирдилар. Гоҳида узун суралардан ҳам қироат қилардилар. Намоз тугаганда ташқарида ҳали қоронғу тушмаган бўларди. Ёруғлик тарқалмаганидан бир одам камонини отганда қаерга бориб суқулганини бемалол кўра оларди.

Пешин ва асрда бўлганидек шом намозидан кейин саҳобалари билан гаплашмасдилар. Чунки саҳобалар кечки овқатга шошилишарди. Бундан ташқари рўза тутганлар ҳам бўларди.

Шом намозини ўқиб бўлгач, муборак ҳужраларига кирар ва шомнинг икки ракъат суннатини[1] ўқиб олардилар. Сўнг аҳллари билан кечки овақатдан тановул қилардилар. Агар рўзадор бўлсалар, азон айтилиши билан шом намози адо этилишидан олдин оналаримиз ҳозирлаган таомни еб, кейин намозга чиқардилар. Шунинг учун саҳобаларга:

«إِذَا قُدِّمَ الْعَشَاءُ فَابْدَءُوا بِهِ قَبْلَ أَنْ تُصَلُّوا صَلاَةَ الْمَغْرِبِ ، وَلاَ تَعْجَلُوا عَنْ عَشَائِكُمْ »

«Кечки таом келтирилса, шом намозини ўқишдан олдин шундан бошланглар. Кечки овқатингизда шошилманглар», дер эдилар[2].

Бой саҳобаларни муҳтож ва камбағал шерикларини ўзлари билан олиб кетиб зиёфат беришга тарғиб қилиб:

«مَنْ كَانَ عِنْدَهُ طَعَامُ اثْنَيْنِ فَلْيَذْهَبْ بِثَالِثٍ ، وَإِنْ أَرْبَعٌ فَخَامِسٌ أَوْ سَادِسٌ»

«Кимнинг икки кишилик таоми бўлса, учинчи(киши)ни, тўрт (кишилик таоми) бўлса, бешинчи ёки олтинчи(киши)ни олиб кет(иб, тўйдир)син», дер эдилар[3].

Бу борада ҳам ўзлари намуна эдилар. Шом намозидан кейин ўнта саҳобани ўзлари билан уйга олиб келар ва кечки овқатни тановул қилардилар.

Баъзи пайтларда уйга келгач, ейишга сув ва хурмодан бошқа нарса топилмас эди[4]. Бундай ҳолат Оиша онамиз айтганларидек икки ойгача ҳам давом этган пайтлари бўлган.

Ерга ёзилган дастурхонга овқат тортилар эди. Ҳеч қачон хонтахтада овқатланмаганлар.

Бу ҳақда Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган:

«Анас розияллоҳу анҳу: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ликопда[5] еганларини ҳам, у зот учун чавати нон ёпилганини ҳам, хонтахтада[6] еганларини ҳам асло билмайман», деди».

Бу гапни Қатодадан эшитган одамлар: «У ҳолда улар ниманинг устида ейишар эди?» деб сўрашди. У: «Супраларда[7]», деди»[8].

Олдиларига овқат қўйилганда: «Бисмиллаҳ», деб ўзларининг олдидан учта бармоқлари билан ер эдилар. Товоқдаги овқатнинг ўртасидан эмасдан, чеккасидан ейишга буюрар ва ўртасига барака ёғилишини айтардилар. Ҳеч қачон овқатни ёмонламасдилар. Иштаҳалари тортса ер, тортмаса емасдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофида ўтирган дастурхон илиқ суҳбат, чиройли тарбия ва маърифат етказишдан холи бўлмасди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Салама онамизни никоҳларига олганда Умар ибн Салама деган ёш болалари билан келган эдилар. У Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан овқатланар эди. Дастурхон атрофида унга овқатланиш одобини ўргатган эдилар. Бу ҳақда Умарнинг ўзи шундай дейди:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарамоғларидаги бола эдим. Қўлим товоқда изғиётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Ҳой болакай! Аллоҳнинг исмини айт, ўнг қўлинг билан егин ва олдингдан егин!» – дедилар. Шундан буён ана шундай таомланаман»[9].

Яна бир куни идишда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига гўшт қўйилди. Гўштнинг қўл қисмидан едилар. У зотга қўйнинг қўл қисми ёқарди. Ундан бир тишлам еб: «Мен қиёмат кунида инсонларнинг саййиди бўламан», – деб қиёматнинг ҳолатини саҳобаларга гапириб бердилар[10].

Овқатни еб бўлгач, бармоқларини ялардилар ва овқат ейилган идишни ҳам ялашга буюриб:

« إِنَّكُمْ لاَ تَدْرُونَ فِى أَىِّ طَعَامِكُمُ الْبَرَكَةُ »

«Чунки, овқатингизнинг қайси қисмида барака борлигини билмайсизлар», – дердилар[11].

Дастурхон олинаётганда ноз неъмат берган Аллоҳга ҳамдни изҳор қиладиган турли хил дуоларни айтардилар. Ўшалардан бири қуйидаги дуодир:

«الْحَمْدُ لِلَّهِ حَمْدًا كَثِيرًا طَيِّبًا مُبَارَكًا فِيهِ، غَيْرَ مَكْفِيٍّ، وَلَا مُوَدَّعٍ، وَلَا مُسْتَغْنًى عَنْهُ، رَبَّنَا»

«Алҳамду лиллаҳи касийрон, тоййибан, муборакан фийҳ. Ғойро макфиййин ва ла муваддаъин ва ла мустағнин аънҳу, роббана»[12].

Маъноси: «Бизга кифоя бўлган, бизни қондирган Аллоҳга кифояланилмайдиган, ношукурлик қилинмайдиган даражада ҳамд бўлсин!».

Овқатланиб бўлгач, оғизларини сув билан чаярдилар. Сут ичганда ҳам худди шундай қилар ва: «Сутда ёғ бўлади», – дердилар[13].

Кечки овқатдан кейин эрталабдан ивитиб тайёрлаб қўйилган набиз[14]дан, нонуштадан кейин эса тунда ивитиб қўйилган набиздан ичардилар[15].

Арабларнинг баъзи хонадонларида хўжайин учун овқатни пиширган ходим ўша таомдан ейиши мумкин эмас эди. Шунинг учун ходимлар ўзлари учун алоҳида оддий овқат пишириб ердилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ёмон одатга барҳам бериш учун саҳобаларига таълим бериб:

«إِذَا أَتَى أَحَدَكُمْ خَادِمُهُ بِطَعَامِهِ، فَإِنْ لَمْ يُجْلِسْهُ مَعَهُ فَلْيُنَاوِلْهُ أُكْلَةً أَوْ أُكْلَتَيْنِ، أَوْ لُقْمَةً أَوْ لُقْمَتَيْنِ، فَإِنَّهُ وَلِيَ حَرَّهُ وَعِلَاجَهُ»

«Қачон бирортангизнинг хизматкори таомини келтирса-ю, уни ўзи билан бирга ўтирғизмайдиган бўлса, бир‑икки ошам ёки бир‑икки луқма едириб қўйсин, чунки бунинг иссиғи ва меҳнатини у тортган», – дедилар[16].

У зотнинг гўзал одобларидан яна бири бу таомни пиширишда хизмат қилган кишиларни ҳаққига дуо қилиш эди. Бир саҳобийнинг уйида овқатланиб бўлгач: «Аллоҳим, уларга ризқ қилиб берадиган нарсаларингга барака ёғдир ва уларни мағфират ва раҳм қил», – деб дуо қилдилар.

Овқат еганда оналаримизга ўз қўллари билан таомдан луқма бериб, уларни хурсанд қилардилар ва саҳобаларнинг баъзисига:

«إِنَّكَ لَنْ تُنْفِقَ نَفَقَةً إِلاَّ أُجِرْتَ فِيهَا حَتَّى اللُّقْمَةَ تَرْفَعُهَا إِلَى فِى امْرَأَتِكَ »

«Сен ҳар қандай инфоқ қилсанг ҳам, албатта ажр оласан. Ҳатто аёлингнинг оғзига тутган луқманг учун ҳам», – дер эдилар.

Яна бир чиройли одоблари бу – оналаримизни хурсанд қилиш учун улар тишлаган ва еган жойдан ейиш. Бу ҳақда Оиша онамиз шундай дейдилар:

«Мен ҳоиза пайтимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чақирардилар. Бирга ўтириб овқат ердим. Менга гўштли суякни узатар, мен ундан тишлаб қўярдим. Сўнг айнан мен тишлаган жойимга оғизларини қўйиб, сўякнинг гўштидан ер эдилар. Сувни ҳам худди шундай қилар, аввал менга сувни узатар, сўнг идишдан мен ичган жойимга лабларини қўйиб сув ичар эдилар»[17].

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шомдан кейин кечки овқатни аҳллари ёки муҳтож камбағаллар билан тановул қилардилар.


[1] Бу ерда суннатни ўйда ўқир эдилар дейилмоқда. Лекин гоҳида ушбу суннатларни масжидда ҳам ўқир эдилар. Масжидда ўкиганлари учун саҳобалар кўриб уни бизга ривоят қилишган. Шунинг учун бизнинг мазҳабимизда суннатларни масжидда ўқишга рухсат берилган.

[2] Имом Бухорий ривояти.

[3] Имом Бухорий ривояти.

[4] «Муснад Аҳмад», «Саҳиҳ Бухорий», «Саҳиҳ Муслим», «Сунан Термизий» китобларига қаралсин.

[5] «Ликоп» деб ўгирилган сўз арабчада «сукружа» бўлиб, у ҳозирги ликоп ўрнида ишлатилган бўлса‑да, у вақтларда асосан чармдан ясалган. У форсларнинг қадимий идишларидан бўлиб, қимматбаҳо буюмлар сирасига кирган. Унга одатда хурушлар, тузламалар солинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ундан фойдаланмаганларини айтиш билан у зотнинг ҳаётлари ўта содда бўлгани, камхарж бўлганлари уқтирилмоқда.

[6] Бу ҳадисдан хонтахтада овқатланиш жоизмаслиги тушунилмайди. Бу ерда Анас розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари оддий бўлганини баён қилмоқчилар холос.

[7] «Супра» деб аслида сафар озуқаси солинадиган, доира шаклидаги чарм дастурхонга айтилган. Унинг атрофига темир халқалар қадалган бўлиб, улар боғич билан тортилса, озуқа идиши ҳосил бўлган. Кейинроқ ерга тўшаладиган ҳар қандай дастурхонни ҳам супра дейиладиган бўлиб кетган. Бу ерда аслида сафар учун қилинган, аммо муқимликда ишлатиладиган ана шундай тўшама назарда тутилган. Ерга тўшаладиган дастурхон ҳам шунга киради. Умуман олганда, супра хонтахта ва тузалган дастурхон муқобилидаги оддий тўшамани англатади.

[8] «Саҳиҳ Бухорий» китобига қаралсин.

[9] «Муснад Аҳмад», «Саҳиҳ Бухорий», «Саҳиҳ Муслим» ва «Сунан Термизий» китобларига қаралсин.

[10] «Саҳиҳ Бухорий», «Муснад Аҳмад», «Саҳиҳ Муслим» китобларига қаралсин.

[11] «Муснад Аҳмад», «Сунан Насоий», «Муснад Абу Яъло» ва «Сунан Термизий» китобларига қаралсин.

[12] «Муснад Аҳмад», «Саҳиҳ Бухорий», «Сунан Абу Довуд» ва «Сунан Термизий» китобларига қаралсин.

[13] «Саҳиҳ Бухорий», «Саҳиҳ Муслим», «Муснад Аҳмад» ва «Сунан Термизий» китобларига қаралсин.

[14] «Набиз» деб хурмо, майиз каби қуруқ меваларни сувга ивитиб, хамрга айланмай туриб истеъмол қилинадиган ивитмага айтилади. Агар унинг вақти ўтиб кетса, хамрга айланиб, маст қилувчи ичимликка айланиб қолади.

[15] «Муснад Таёлисий», «Муснад Аҳмад», ва «Саҳиҳ Муслим» китобларига қаралсин.

[16] Имом Бухорий ривояти.

[17] «Муснад Таёлисий», «Муснад Аҳмад», ва «Саҳиҳ Муслим» китобларига қаралсин.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ