«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нимани сўраган бўлар эдингиз?» танловининг саралаш босқичи

7 йил аввал 1626 siyrat.uz

  Эътиборингизга «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нимани сўраган бўлар эдингиз? » танлов саволига мухлислар тарафидан берилган 54 та жавоб ичидан танлаб-ажратиб олганимиз 18 та жавобни ҳавола этяпмиз.

Шуларнинг ичидан биринчи ўринга лойиқ жавоб эгасини танлашда ўз фикр-мулоҳазангизни билдиришингиз мумкин. Фикр-мулоҳазалар ҳисобга олинади!

1. Muhsin-Umarov

Диний саводсизликни тугатиш, ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш, мутаассиблик ва бидъат-хурофотларни йўқотишни сўрар эдик.

2. Абдураҳмон ака Мўминов

Ё Расулуллоҳ, дуо қилинг. Ҳозирда яшаётган умматингизга ҳам замони саодат келишини Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизларга ҳам насиб этсин.

3. Дилшод Пўлатов

Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мусулмонлар орасидан ихтилофларни кўтаришини Аллоҳ таолога дуо қилишларини сўрардим.

4. Абдуллох

Менимча, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдларига боролмасдан, узоқдан у Зотга қараб йиғлаб тураверсам керак, лекин албатта, ўзимда куч топиб, бутун умматнинг ҳаққига дуо қилишларини сўрардим.

5. Сарвар Усмонов

Ё Расулаллоҳ, дуо қилинг, саҳобаларингиз Қуръонга ва суннатингизга қандай амал қилган бўлишса, биз ҳам худди шундай амал қилишимизни Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизга ҳам насиб этсин.

6. zinnurayn

Агар юзларига қарай олсам: «Ё Расулуллоҳ, албатта, сизнинг дуойингиз Аллоҳнинг ҳузурида, шаксиз, қабулдир. У Зотдан биз ғариблар учун бу умматингиз ичидан бугунги куннинг саҳобаларини чиқаришини сўранг, биз умматингиз учун», десам керак.

7. Аbdulaziz 0706

Буни тасаввур қилиш жуда қийин. Агар салом-аликдан у ёғига ўта олсам: «Ё Аллоҳнинг Расули! Биз умматингизга нима яхши-ю, нима ёмонлигини сиз биздан кўра яхшироқ биласиз. Сиз истаган дуо биз истаганимиздан афзалроқ. Шундай экан, Аллоҳдан ўзингиз истаган дуони биз учун ижобат бўлишини сўранг», деган бўлардим.

8. Хorun Yahyo

Фараз қилайлик, ҳақиқатан, мен билан кўришиб қолсалар, бугунги ҳолатимиздан баҳс қилар эдим, яъни бугун нима қилсак, аҳволимиз яхшиланади, дин учун қандай хизматлар қилишимиз керак, асосий вазифаларимиз нималардан иборат, ишнинг негизини биладиган одам борми, бор бўлса, кўрсатинг, дер эдим ва шу кўрсатилган инсон билан умримнинг охиригача динга хизмат қилган бўлар эдим.

9. Оdiliy

Аллоҳнинг фазлу марҳамати ила Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламни тушимда ёки ўнгимда кўрсам, ул буюк муҳтарам Зотдан инсонларнинг бир-бирлари билан бўлган муносабатлари ўлчови ҳозирги кунда биринчи ўринда манфаат учун бўлиб қолди. Мен Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан инсонлар орасидаги муносабат ва инсоний алоқаларда манфаатсиз ҳам яхшилик қилишларини сўраб, дуо қилишларини сўраган бўлар эдим.

10. Нарзулло

Агар шундай бахтли онлар насиб этганда, мен у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан биринчи бўлиб онажонимни дуо қилишларини сўраган бўлар эдим....

Илм соҳасида амакиваччалари Абдуллоҳ ибн Аббосга (бу кишининг сиймоларида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини кўраман) ўхшаган олимларни бутун дунёда кўпайиб, уларнинг айтганларига амал қиладиган умматнинг кўпайишига дуо қилишларини сўраган бўлар эдим.

11. Iymon_1983

Агар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб қолганимда, Ислом дини тарқалиши давридаги саҳобаларнинг қалбларини, матонатларини, сабрларини, камтарликларини, шижоатларини ва бирликларини барча мусулмон халқларга сўраган бўлар эдим. Зеро мусулмонлар устидан ўтказилаётган «тажрибалар» тўхтатилиб, аёлларимиз яланғочлик иллатига бурканмас, эркаклармиз даюсликни бўйинларига олмас, ўғиллар оталарини урмас, раҳбарлар ходимларига зулм қилмас эди.

12. Valiy.uz

Агар Устозим соллаллоҳу алайҳи васалламни учратиб қолганимда, Уккоша розияллоҳу анҳу  каби маҳкам қучиб, қўйиб юбормаган ва барча умматни ўша «энг яхшилар»дан бўлишини сўраб, дуо қилишларини сўраган бўлар эдим.

Шу мисралар қулоғим остида жаранглай бошлади. Айни дамдан:

Яшашга мадор йўқ, ҳўп тўйдим ҳолдан,

Саодат даврига хосдир соғинчим.

Йўлбошчи ахтариб адашдим йўлдан

Расулуллоҳ, Сизни қаттиқ соғиндим.

13.Мuhammadislom

Расулуллоҳдан, аввало, юртимиздаги тинчлик ва хотиржамликни то дунё сўнгига қадар бардавом бўлиши учун Тангридан дуо қилишларини, элимизни, миллатимизни ва ватанимизни турли ёмонликлардан, душманлардан, фитналардан, фасод дин кушандаларидан, ватанфуруш хоинлардан поклашини дуо қилишларини сўрар эдим. Ғафлатдагиларга ҳидоят нури, ибодатдагиларга рағбат калити, меҳнатдагиларга шижоат қуввати........ сўрайдиган нарсалар жудаям кўп.... фақат буларни сўраш олдидан Расулуллоҳга юзланиш учун у Зоти шарифга муносиб уммат бўла оляпмизми, йўқми, фикрлаб кўрсам, балки, ҳозирги ҳолатимда у Зотга йўлиқишга ҳаё қилармидим....

14. Oymomo

Менимча, сўраб олиш керак бўлган нарсаларни саҳобалар розияллоҳу анҳум сўраб бўлганлар. Биз уммати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киром розияллоҳу анҳумнинг сўраган нарсаларини ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларини ўрганиб амал қилсак, бу хаёлларимиз ҳақиқатга айланади, иншааллоҳ. Масалан:

1. Бир саҳоба дуоларим қабул бўлишини сўраб дуо қилинг, деганларида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалол луқма истеъмол қилишни айтганлар. Банданинг дуоси қабул бўлса, нақадар улуғ неъмат. Хаёлдан қилинган орзу ҳам шу, менимча.

2. Яна бир сахоба Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жаннатдаги қўшнилари бўлишни сўраб дуо қилинг, деганларида, кўпроқ сажда қилиб менга ёрдам бергин, деганлар.

15.Аdham 8001

Мен жавоб ёзиш учун бир оз муддат қийналдим, чунки ҳозир Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришни ўйласам,..... бундай бахт умримнинг охиригача насиб қилармикин, лекин бизлардан бирон биримиз учрашган тақдиримизда ҳам, албатта, жуда қаттиқ хижолатда қоламиз, деган хаёлдаман, чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бизга Исломни дин деб ўргатишларидан мақсадлари нима эди- ю, бугунги кунда биз динни нима мақсадларда ишлатиб юрибмиз, бу нарсаларни ўйласам, ичим ёниб кетаверади.

Агар мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашиб қолсам (бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам насиб қилсин) фақатгина бир нарсани сўраган бўлар эдим:«Ё Расулаллоҳ! умматингизнинг бирлашиши, бирдам, ҳамфикр бўлиши учун дуо қилинг, бутун ер юзидаги мўминлар ўз Ислом динига бир хилда ҳамжиҳатлик билан, бир-бирларини ёмон кўрмай, бемалол амал қилишлари учун дуо қилинг ва мен ўша умматнинг ичида бўлайин», деб сўраган бўлар эдим.

16. Abbos

Агар менга ҳам Аллоҳнинг фазлу марҳамати билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушда кўриш насиб қилса ёки умуман ,тасаввур қилайликки, замон сарҳадлари оша асри саодатга сафар қилиб, Пайғамбаримиз билан ўнгимда учрашганимда, ул Зотдан, аввало, менга тўғри йўлда собитқадам бўлишим учун Аллоҳдан тавфиқу иноят сўраб дуо қилишларини, турли-туман адашган фирқалар, залолатдаги оқимлар таъсирига тушиб қолишдан Аллоҳнинг ўзи асрашини, қиёматда шафоатларидан бонасиб бўлиб, нажот топганлар гуруҳида ҳашр қилинишимни, ҳавзи Кавсар сувларидан ўз қўлларидан ичишимни, жаннатларда У кишига ҳамроҳ ва ҳамнишин бўлишни ва Аллоҳнинг жамолини кўриш бахтига муяссар бўлишимни сўраб дуо қилишларини сўраган бўлардим.

Ундан кейин ул Зотдан барча умматлари ҳақига хайрли дуолар қилишларини, уларнинг қалбларини худди бир кишининг қалбидек бирлаштиришни, аҳли суннани турли-туман мазҳабий ихтилофлар, иккинчи даражада турувчи айрим фиқҳий турлилик, ҳархиллик ва фарқликлар деб бир-бирларини ёмон кўрмасликларини, адоқсиз тортишувлар, хусуматлар гирдобига шўнғимасликларини, балки бир-бирларига нисбатан бағрикенг, қалби очиқ ва муҳаббатли бўлишларини сўраб дуолар қилишларини ўтинган бўлардим. Аллоҳдан сўрангки, мусулмонлар ичидаги бир-бирига нисбатан кудурат, ғиллу ғашликлар барҳам топсин, таассуб, ўзгани тан олмаслик, масаланинг моҳиятини четга суриб, имомлар орасидаги қандайдир келишмовчиликлар, тарихда қолган гап-сўзлар туфайли шогирдлар, эргашувчилар ҳам бир-бирига тескари бўлиб, абадий душман бўлиш, хусуматни давом эттиришлари, фақат ўз фикрини тўғри деб, ўзгани лойга қориш каби иллатларга мўминлар ҳаётида ўрин қолмасин», деб ёлборган бўлардим.

17. Отажон мискин

Ассалому алайкум биродарлар! Аллоҳ рози бўлсин, жуда ҳам яхши мавзу бўлибди.

Агарда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга рўбарў келганимда, мен, аввало, ҳозирги мусулмон давлатларидаги нотинчликларнинг бартараф бўлишини, ноҳақ қонлар тўкилишининг сўнг топишини, биз мусулмонларга бўлаётган ҳозирги тазйиқ-сиқувлар даф бўлиб, бутун Ислом аҳли шариатга эмин-эркин амал қилишларини, ҳозирги эркакларимиз (оталаримиз, ака-укаларимиз, ёру дўстларимизга)га бугунгидай разилликлардан, даюсликдан, мунофиқликдан, ҳаромхўрликдан ва итоатсизликдан халос бўлиб, Аллоҳ жалла жалолуҳуга юзланишларини, аёлларимиз (она, опа-сингиллар, аҳли аёлларимиз)га бугунгидай ҳаёсизликдан, гумроҳликдан, бидъат, ғийбат-иғвогарликдан, фолбинлик-коҳинликларга ва ирим-сиримларга ишониб, бу йулда кетишликларидан, разилликлардан халос булиб, Аллоҳ жалла жалолуҳуга юзланиб, ҳақиқий муслима аёллар бўлишини, ҳозирги вақтдаги мусулмонларнинг ширк, риё-кибр, бидъат, рибо, порахўрлик, бошқаларнинг ҳақларига хиёнат, тарозудан уриб қолиш, бенамозлик ва бошқа шариат ман қилган амалларни тарк қилиб, Аллоҳ жалла жалолуҳуга ҳақиқий бандалик қилишларини, қозирги кундаги турли оқимлар даф бўлиб, Ислом динининг ривож топишини, инсонларнинг кимларгадир-нималаргадир қул бўлиб эмас, ёлғиз Аллоҳ жалла жалолуҳуга қуллик қилишларини ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига ҳақиқий уммат бўлишларини, динимизга, қалбимизга, юртимизга, хонадонларимизга тинчлик-осойишталик, роҳат, сокинлик бўлишини, инсофсизларга инсоф, бетавфиқларга тавфиқ сўрардим ва яна ўзим учун Аллоҳ жалла жалолуҳудан нафсимни ўзимга қул қилиб беришлигини, Ўзининг розилигига етишишликни ва бу розилиги йўлидаги машаққатларга сабрли бўлишни ва барчамизнинг охиримиз чиройли ва хайрли якун топишлигини ва охиратда Роббимнинг розилигига, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига етишишни ва жаннатда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлишимизни ва олий мукофот бўлмиш Роббимнинг жамолига етишимизни дуо қилишларини сўраган бўлар эдим, иншааллоҳ.

18. Ibrohim Muhammad

Дийдор лаззати (бадиий тўқима)

Тўлин ой нур сочган ярим тун! Атрофни сукунат қоплаган. Осмонда милтираб турган бешумор юлдузлар кўзни қувонтирадиган даражада мафтункор. Тун чироғи ой ҳам кўзларга нур, қалбларга ҳузур бериб, ширин хаёллар сари етаклагандек гўё…

Тўлин ой! Сени нега бунчалар яхши кўришимни биласанми?! Нечун сенга узоқ лаҳзаларни бахшида қилиб, нигоҳимни сенга қадашларимнинг боисини англаганмисан ҳеч?! Мен нечун сенга қараб лол қолмайинки, Роббим сени чексиз қудрати ила бунчалар мафтункор қилиб яратган бўлса?.. Мен нечун сенга қараб кўзларимга ёш олмайинки, худди мен сенга қараб турганим каби бир замонлар Пайғамбарим соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга тикилиб турган бўлсалар? Сенга қарасам, бутун ҳаётларию мамотларини, молу жонларини Аллоҳ учун бахшида қилган, йиғласа, фақат Ислом учун, хурсанд бўлса, фақат Ислом учун хурсанд бўлган саҳобаларга озору ситамлар, қийинчилигу машаққатлар етиб турганда, уларга башорат ва тасалли ўлароқ айтилган Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўшал гаплари ёдимга тушади.

Ўша тунда сен худди ҳозиргидек тиниқ ва равшан эдинг. Оламларга раҳмат қилиб юборилган, башариятнинг севимлилари ичра севимлиси, суюклилари ичра суюклиси бўлмиш Набий алайҳиссаломни ҳаётлик вақтларидаёқ кўришга мушарраф бўлган, энди эса охират диёрида Буюк Аллоҳнинг жамолига ташна бўлиб турган саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиқувчи улуғ башоратга интизор эдилар. Сарвари олам кўкдаги ойга қарадилар. Осмонда назарни чалғитадиган ақалли битта бўлса ҳам булут парчаси йўқ эди: «Сизлар худди шу ойни кўриб турганингиздек Роббингизни ҳам тиниқ ва равшан кўрасизлар…».

Бундай улуғ башоратдан қалблар ва вужудлар титрамасдан мумкинми?! Бундай улкан хушхабардан кўзлар намланмасдан мумкинми?! Ҳаётлик вақтида Пайғамбар алайҳиссаломни муборак юзларини кўра олган, охират ҳаётида ўз Роббиларининг жамолини кўриш башоратини олган мусулмонлардан ҳам кўра бахтлироқ кимса борми?

Шундай онда беихтиёр муҳожиру ансорлар – саҳобайи икромларга ҳавас қилади инсон. Умрим давомида кўп сафарлар қилдим, лекин муҳожир бўлолганим йўқ… Кўп меҳмонлар қабул қилдим, лекин ансор бўлолганим йўқ… Набийга уммат бўлдим, лекин саҳобий бўлолганим йўқ… Гоҳида бу дунё матосига алданиб қолиб, гуноҳ амалларни қилиб қўйган мен ожиз банда на муҳожир, на ансор ва на саҳобий бўлишга арзимасман ҳам, балки...

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзларини бир бора бўлса ҳам кўриш учун ақалли бир лаҳзага бўлса-да саҳобий бўлишни орзу қилиб кўрганмисиз ҳеч?! Ё Роббим! Лекин Ўзинг меҳрибонсан, Роҳману Роҳимсан! Тақдиримдаги охират ҳаёти фақатгина Ўзингга маълум. Сендан ёлвориб сўрарим шулки, менинг ҳам кўзларим Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни бир марта бўлса ҳам кўрса. Қулоқларим насиҳатларини бир бора бўлса ҳам эшитса…

Шундай илтижолар ва хаёллар оғушида тун зулмати узра нур истаб ёстиққа бош қўяман. Дийдор соғинчи шу қадар кучли бўлса, кўражак тушингни бутунлай ўз изнига қўйиб бермай, воқеалар ривожини ҳам ўзинг хаёл қилиб, руҳингга ҳам илинаркансан киши…

Узоқдан Мадина кўрина бошлади. Қалбимни тасвирлаб бўлмас ҳаяжон, вужудимни аллақандай титроқ қамраб ола бошлади. Кўзларимдан ёшлар титраб тўкила бошлади. Нафасим тезлашди…

Йўқ-йўқ! Мен бунга тайёр эмасман. Орқамга тисарилдим. Икки-уч қадам ташламасимданоқ яна тўхтаб орқамга қарадим. Кўзларим йиғидан ўзини тия олмади. Гўё бир нарсамни йўқотганман-у, бориб олмасам, яна йўқотиб қўйишим мумкиндек, Мадина томон югура бошладим. Кўзланган манзилга ҳам етиб келдим. Атрофимда ўша мен билган, эшитган саҳобалар – муҳожиру ансорлар юришибди. Мен уларнинг ҳар бирига алоҳида назар ташлаб қараяпман-у, лекин уларнинг ҳаммаси менга эътиборсиз. Мени кўришмаётгандек гўё. Қанийди улардан бирортаси мени қўлимдан тутса-ю, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига олиб борса. Йўқ! Улар мени эшитишмаяпти. Кўришмаётгандир ҳам, балки. Қалбим маҳзун бўлиб, нима қилишимни билмай турган пайтимда ажиб бир ҳодиса рўй берди. Шундоққина орқамдан қалбларга ҳузур бағишлагувчи, қулоқларга ором бергувчи, вужудларни сармаст қилгувчи бир товуш эшитилди: «Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ».

Бу товуш қанчалар лаззатли. Қанийди шу он яна такрор бўлса-ю, бу товушни такрор ва такрор эшитсам… Қулоқларимга нотаниш, лекин қалбим учун таниш овоз. Бу муборак ва мафтункор овоз бир инсондан бошқа ҳеч кимда бўлмасди ҳам.

Қалбим орқамда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам турганликларини ҳис этарди. Орқамга ўгирилиб қарашга ўзимда куч топа олмай қолдим. Орқамга ўгирилсам, нима қиламан? Муборак юзларига қараб нима дейман? Тилини ғийбату ёлғондан тиймаган, гуноҳлар ипига тамоман ўралиб қолган, саловат айтишни ўзига одат қилиб олмаган, суннатларга бепарво бўлган мендек гуноҳкор уммат у Зотнинг муборак юзларига қандай қарасин?

Бу лаҳзаларнинг оний бир лаҳза эканлигини англаб етганимдан сўнггина қарашга ўзимда куч топа олдим. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзларига қарадим-у, кўзларим жиққа ёшга тўлди. Бомдоддан сўнг улкан осмон узра нур сочган қуёш янглиғ муборак юзларида табассум балқиди. Бу табассум сўнмаслиги учун бор-будимни беришга ҳам тайёр эдим. Юзларига юзимни қўйиб қаттиқ қучоқлаб олдим. Ўпкам тўлиб, пиқиллаганча «Сизга ҳам Аллоҳнинг саломи ва раҳмати бўлсин, ҳабибим, ҳабибим…» дер эдим.

Тилларим ўзга сўз айта олмас, вужудим бундайин дийдор лаззатидан сармаст эди. Қалбимда эса турли ҳислар куртак ота бошлади: «Ё Роббим! Ўзингга шукрлар! Дуоларимни мустажоб қилдинг. Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дийдорларига мушарраф этдинг. Ўзингга ҳамдлар! Ўзингга ҳамдлар! Ўзингга санолар!..»

Гапиришга ўзимни мадорсиз ҳис қилдим. Лекин мен у Зотнинг олдиларига фақат ўзим учун эмас, балки мен билан бирга тамоман бошқа макон ва замонда яшаётган умматлар номидан ҳам келганимни хотиримга олдим-да, дилимдагиларни айта бошладим:

Жаҳолат у разолатдан узоқ бўлиб,

Лаззат топдик ибодатдан Расулуллох.

Ҳаққа банда, сизга уммат бўлдик – шукр,

Умидвормиз шафоатдан, Расулуллоҳ!

Баҳонани кўпайтириб, қилдик гуноҳ,

Исломдан бир билим олмай, бўлдик гумроҳ,

Шайтонни-да қилсак ҳамки яқин ҳамроҳ,

Умидвормиз шафоатдан, Расулуллоҳ!

Кийим кийдик мақтов учун, чирой учун,

Миннат билан қилдик ёрдам биров учун,

Ғамламасак ҳамки савоб сўров учун,

Умидвормиз шафоатдан, Расулуллоҳ!

Уялмадик тубанлигу иснодлардан,

Узоқ бўлдик тавбадаги фарёдлардан,

Афзал билдик ухламоқни бомдодлардан,

Умидвормиз шафоатдан, Расулуллоҳ!

Савоблардан гуноҳларни кўп қилсак ҳам,

Кетин узмай ёлғонларни тўқисак ҳам,

Эркак бўлиб уйда намоз ўқисак ҳам,

Умидвормиз шафоатдан, Расулуллоҳ!

Намозларни «безаб қўйдик» дўппи киймай,

Ғийбатларни қатор қилдик, тилни тиймай,

Гуноҳкормиз, лек айтамиз тилдан қўймай:

«Умидвормиз шафоатдан, Расулуллоҳ!»

Маҳшар куни ошганида азобимиз,

Ҳақ олдида бўлганида жавобимиз,

Етмай қолса жаннат учун савобимиз,

Умидвормиз шафоатдан, Расулуллоҳ!

Гапларим тугар-тугамас, масжид томондан азон овози эшитила бошлади. Ҳа! Бу Билол розияллоҳу анҳунинг овозлари эди. Қалбларга сакинат берувчи, тилларни зикрга ундагувчи муборак каломлар…

Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар.

Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар.

Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ,…

Шундай лаҳзаларда кўзларим аста бу лаззатли тушни тарк эта бошлар, қулоқларим узра эшитилаётган Билол розияллоҳу анҳу айтаётган азон товуши масжидимиз муаззинининг бомдод намозига айтаётган азони билан сингиб кетарди.

Бу лаззатли уйқуни менга насиб қилган Роббимга ҳамдлар бўлсин. Бундай тушларни яна ва яна соғиниб қоларман, балки. Кейинги гал Набий алайҳиссаломни кўрганимда нималарни сўрасам экан? Роббимдан Абу Бакр розияллоҳу анҳуникидек ҳалимликни сўраб беришлариними? Умар розияллоҳу анҳуникидек шижоатними? Усмон розияллоҳу анҳуникидек ҳаёними? Али розияллоҳу анҳуникдек илмними? Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудек онам ҳақларига дуо қилишлариними ёки ёддан ўчмас илмними?..

Не бўлганда ҳам бу лаззатли туш давомида ўзим ва барча умматлар учун манфаатли бўлган нарса – Расули акрам Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларини сўрашга муваффақ бўлдим. Бу шундай улуғ дуо эдики, бу дуони Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам охират учун асраб қўйгандилар.

Ё Аллоҳим! Биз ожиз ва гуноҳкор бандаларингни ўз раҳматингдан дариғ тутмагин! Қиёматда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларидан бизларни баҳраманд қилгин! Омин! Я Роббил ъаламийн!...

 



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ