Ўн биринчи ва ўн иккинчи йиллар: Ақаба мулоқотлари ва Меърож мўъжизаси

1 ўн йил аввал 3207 siyrat.uz

Расули акрамнинг Ақоба тепалигида мадиналиклар билан биринчи мулоқоти, юқорида айтганимиздек, Макка даврининг ўнинчи йили бўлиб ўтди. Иккинчиси ўн биринчи йили яна ҳаж мавсумида ўтказилди. Расули акрам билан бу гал Ақобада кўришган мадиналиклар ўн икки киши эди. Бошлиқлари яна ўша − биринчи учрашувдаги Зарора ўғли Асъад эди. Бу ўн икки кишидан беш киши бир йил олдин илк Ақаба мулоқотида қатнашган мусулмонлардан эди.

Бу иккинчи Ақоба мулоқотида мадиналиклар Расули акрам билан учрашибгина қолмасдан, муборак қўлларини сиқиб у Зотга байъат ҳам қилдилар. Шу сабабдан иккинчи Ақаба мулоқотига «Биринчи Ақаба Байъати» номи берилди.

Мадиналиклар бу биринчи Ақоба байъатида Аллоҳга ширк келтирмаслик, ўғирлик қилмаслик, зинога, фаҳшга яқинлашмаслик, ҳеч кимга бўҳтон қилмаслик ва қиз болаларни ўлдирмаслик, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ҳамиша итоат қилишлик хусусида Расули акрамга сўз бердилар.

Мадиналикларнинг бу илк байъати Ислом тарихида буюк аҳамият касб этди...

Бу байъат − Ҳижозда ва бутун Арабистонда ҳукм сурган ширк, зулм, ёмон одатларни очиқ-ойдин инкор қилиш эди. Бу инсонийликка кўрсатилган буюк хизмат эди.

Иккинчи Ақоба мулоқотидан сўнгра мадиналиклар юртларига қайтдилар. Умайр ўғли Мусъабни ўзларига муаллим қилиб бирга олиб кетдилар71.

Мусулмонлик қисқа фурсатда Мадинага ёйилди. Мадина мусулмонларининг сони қирқтага борди. Уларнинг бошлиқлари Зарора ўғли Асъад, ўқитувчилари Мусъаб эди. Мусъаб жуда ёш эди. Жума кунлари Мадина ташқарисида у ер мусулмонларига жамоат билан намоз ўқишни ўргатарди. Мусулмонликнинг Мадинада ёйилаётганини кўрган қабила раислари жим туришолмади. Маккадагидек мусулмонларга қарши ҳаракат қилишни истадилар. Қабила бошлиқларидан Худайр ўғли Усаййид мусулмонларнинг бошлиғи Асъад билан тортишиб, энг аввало, ундан аламини олмоқчи бўлди. Ғазаб билан Асъаднинг олдига кирди. Бир муддат у билан гаплашгандан сўнг ёнидан ҳазрат Умардек мусулмон бўлиб чиқди. Бошқа бир қабила бошлиғи Муоз ўғли Саъд ҳам худди шу тарз мусулмон бўлди. Асъаднинг ёнига кирганида у ерда муаллим Мусъаб ҳам бор эди. Муоз ўғли Саъд Мусъабдан эшитган Қуръон оятларидан қаттиқ таъсирланди. Бу икки қабила бошлиғининг таъсири билан Авс ва Ҳазраж қабилалари орасида мусулмон бўлмаган қолмади.

Мусъаб Мадинадаги бу воқеаларнинг ҳаммасидан Расули акрамни хабардор қилди. Маккадаги мусулмонлар ва Расули акрам бу хабардан жуда ҳам қувонишди. Шу сабабли иккинчи Ақоба мулоқоти бўлиб ўтган йилга «санатул-ибтихож» (хурсандчилик йили) дейилди.

Расули акрам биринчи ва иккинчи Ақаба мулоқоти орасида ҳаётларининг энг буҳронли палласини яшаган эдилар. Бироқ ҳеч бир қийинчилик, тўсиқ у Зотнинг Аллоҳга бўлган эътиқодларига заррача таъсир ўтказа олмади.У киши ҳақ диннинг барибир устун келишига қаттиқ ишонар эдилар.

Расули акрам ҳаётларининг ана шундай хавотирли даврини ўтказаётган кунларнинг бирида Меърож ҳодисаси рўй берди. Қуръони карим Меърожни «Исро» калимаси билан баён қилади. Исро − кечаси юрмоқ, демакдир. Меърож ҳодисаси кечаси содир бўлган эди. Меърож − «уруж» сўзидан келиб чиқиб, «юксакликка чиқиш» деган маънони англатади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даражалари юксалди. Энг улвий мақомга етишдилар.

Қуръони каримда Меърож шундай билдирилгандир: «(Аллоҳ) бир кеча Ўз бандаси (Муҳаммад)ни - унга оят-мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжидул-Ҳарамдан (Қуддусдаги) Биз атрофини барокатли қилиб қўйган Масжидул-Ақсога сайр қилдирган (барча айбу нуқсондан) пок Зотдир. Дарҳақиқат, У эшитгувчи, кўргувчи Зотдир»72.

Жавдат Пошо бундай деб ёзади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу олами шуҳуднинг (коинотнинг) ташқарисига чиқарилдилар. Олдин у кишига бир неча илоҳий ҳақиқатлар кўрсатилди. Ҳақ таолонинг каломини эшитдилар. Жамолини мушоҳада этдилар. Ўша кечанинг ўзидаёқ уйларига қайтдилар. Эртасига меърожларини умматларига сўзлаб бердилар»73.

Мушриклар Меърож мўъжизасини эшитиб ҳайратга тушишди. Баъзилари Расули акрамга Масжидул Ақсо тўғрисида саволлар беришди. Тўғри жавоб олганлари ҳолда яна Пайғамбаримизга ишонишни исташмади.

Расули акрамнинг Меърож мўъжизалари бир ҳақиқатдир. Бунда бирор шубҳа йўқ. Фақат Меърож содир бўлган вақт ва кайфияти ҳақида Ислом олимлари ихтилофга тушганлар. Меърожнинг вақти тўғрисида турли ривоятлар бор. Қачон бўлгани қатъий маълум эмас. Аммо Меърожнинг пайғамбарлик даврида, ҳижратдан олдин Маккада содир бўлгани маълум.

Аксарият олимларнинг фикрига кўра, ражаб ойи (27, жума) Меърож ойидир. Расули акрамнинг Меърож ҳодисалари ҳижратдан бир ярим йил, яъни ўн тўққиз ой аввал бўлиб ўтган.

Кўпчилик эски ровийлар Меърожнинг ҳижратдан бир йил ёки ўн саккиз ой олдин рўй берганини айтишади. Қуръони каримнинг ифодасига кўра, Меърож билан ҳижрат орасидаги вақт узоқ эмас, Меърождан сўнг ҳижрат ҳам яқинлашиб қолган эди.

Меърож пайтидаги кайфият − ҳолат ҳақида ҳам мусулмон уламолар ўртасида фарқли кўришлар мавжуд. Бу кўришларни қуйидаги тартибда санаб ўтса бўлади:

1. Расули акрамнинг меърожлари жисмоний ва моддийдир. Бу фикрдаги уламога кўра, ҳазрат Пайғамбар уйғоқ ҳолларида ҳам руҳлари, ҳам жисмлари билан уруж қилганлар. Булар суянадиган далиллар жуда ҳам кўп. Жумладан, Қуръони каримнинг Исро сурасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун «абд» (қул) дейилмоқда. «Қул» сўзининг «жисм» ва «руҳ» маъноси бор, дейишади бу олимлар.

2. Меърожи набий жисмоний эмас, руҳийдир. Бундай фикрли олимларга кўра, Расули акрам руҳлари билан уруж қилганлар.

3. Расули акрамнинг уружлари «содиқ рўё»да (тўғри тушда) рўй берган. Бу гуруҳ олимларнинг қаноатига кўра, Меърож уйқу асносида содир бўлган. Бироқ бу уйқу шунчаки уйқу эмас, чунки пайғамбарларнинг рўёлари илоҳий ваҳийнинг бир кўринишидир. Булар фикрларининг далили сифатида «Биз сизга (Меърож кечасида кўрсатган) «туш»ни... у одамлар учун бир фитна-имтиҳон қилдик, холос» оятини кўрсатишади74.

4. Меърожнинг Масжидул Ҳарамдан Масжидул Ақсогача бўлган қисми жисмоний, Масжидул Ақсодан кейинги қисми руҳийдир75.

Расули акрамнинг Масжидул Ҳарамдан Масжидул Ақсогача бўлган меърожлари Қуръон ояти билан собитдир. Масжидул Ақсодан самоларгача уружлари эса Пайғамбаримизнинг ҳадислари орқали билинади. Бу ҳадис Бухорий ва Муслимда муфассал нақл қилинган.

«Асри Саодат» муаллифи бундай ёзган: «Бухорий, Муслим, Ибн Ҳанбал ва бошқа мўътабар ҳадис китобларининг Меърож ҳодисасига доир ривоятларидан бу ҳодисанинг «рўё» ёхуд «мушоҳада»экани, бу аснода Расули акрамнинг уйқуда ё уйқуда бўлмагани ҳақида маълумот ололмаймиз. Бу ривоятлар «Воқеаи Меърож»ни айтиб беради, холос"76.

Меърож кечаси Расули акрамнинг қаерда бўлганлари ҳам ихтилофли бир масаладир. «Саҳиҳайн»даги Бухорий ва Муслим ривоятига кўра, Расули акрам Ҳарами Шарифда «хатийм» деб аталган жойда эдилар (хатийм − Каъбанинг таъмири давомида очиқда қолган жой эди. Қурайш пешволари бу ерда ётиб қолишни одат қилишган эди. Расули акрам ҳам баъзан шу ерда ётиб қолардилар).

Бошқа бир ривоятга кўра, бу пайтда Расули акрам Умму Хоний уйида бўлганлар. (Умму Хоний Абу Толибнинг қизидир. Унинг уйи Абу Толиб маҳалласида эди.) Бироқ бу ривоят заиф ривоятлардандир.

Исро сураси билан Расули акрам «Икки қибланинг Пайғамбари» сифатида эълон этилдилар. Қурайшийларга насиҳат даврининг охирлаб қолаётгани, улар истаган азоб ҳам яқинлашаётгани, ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам улар орасидан ҳижрат қилиш арафасида эканликлари билдирилди. Ҳа, бошқа пайғамбарлар каби Расули акрамга ҳам ҳижрат учун изн берилди. Беш вақт намоз фарз қилинди. Меърождан олдин ҳам намоз ўқиларди. Тонгда ва оқшомда − икки марта, икки ракатдан намоз ўқиётган мусулмонлар Меърождан сўнг беш вақт намоз ўқий бошлашди. Расули акрамнинг муҳтарама рафиқалари Хадижаи Кубро розияллоҳу анҳо беш вақт намоз фарз қилинган пайтга етишолмадилар. У онамиз Меърождан олдин вафот этган эдилар.

Қуръони каримда Бақара сурасининг 238-оятида ҳар бир мусулмон учун беш вақтлик намознинг фарз қилингани марҳамат қилинган. Исро сурасининг 78-оятида эса беш маҳал намоз ва унинг фазилати очиқ баён қилинган77. («Ушбу оятни барча муфассирлар ҳар куни беш вақт намоз фарз эканига ҳужжат деб қабул қилганлар» (Алоуддин Мансур... - тарж.).

Бу муҳим нуқта «Асри Саодат» китобида ҳам тилга олинади: «Ҳақ таоло бу моддий оламни бошқариш учун фитрий ва табиий қонунлар яратганидек, руҳий олам учун ҳам бир қанча усул ва қонунлар яратган. Бу қонунлар руҳий оламга ҳокимдир. Шундай қонунлардан бири қуйидагичадир: бир қавмга олдин бир Пайғамбар юборилади. Бу Пайғамбар у қавмни иршод ва ҳақиқат йўлига даъват қилади. Бу қавм ичидаги баъзи ёмон кимсалар унинг мўъжиза кўрсатишини хоҳлайдилар. Мўъжиза кўрсатилади ҳам. Шу мўъжизадан кейин ҳам улар иймон келтиришмаса, Пайғамбарга ҳижрат қилиш амр этилади ва у бадбахтлар азобга гирифтор қилинадилар. Пайғамбарларнинг ҳаёти бу дастурнинг тўғрилиги учун қатъий далилдир. Расули акрамга ҳам Меърож кечасида худди шу дастурнинг тадбиқ қилинажаги билдирилди»78.

Христианлар ҳазрат Исонинг жисман уруж қилганларига ишонганлари ҳолда Расули акрамнинг жисман уруж қилганларига доир мусулмонлар эътиқодини инкор этадилар79.

Иккинчи Ақаба мулоқотидан бир йил кейин яна ҳаж мавсумида ўша Ақаба тепалигида мадиналиклар Расули акрам билан учинчи марта учрашдилар (нубувватнинг ўн иккинчи йили).

Ҳар томондан Каъба зиёрати учун келган қабилалар орасига қўшилиб кетган мадиналиклар Расули акрам билан фақат кечасигина учраша олишар эди.

Мадиналиклар Макка мушрикларидан хавфсираб, уйларидан алоҳида-алоҳида бўлиб чиқишди, ҳатто қиёфаларини ҳам ўзгартиришди. Ҳазрат Пайғамбар бу учинчи Ақаба мулоқотида амакилари Аббос билан бирга эдилар. Аббос ҳанузгача мусулмон бўлмаган, бироқ жиянини Абу Толибдек яхши кўрарди. Араб одатига кўра, уни ўз ҳимоясига олган, бу билан Абу Толибнинг ўрнини босган эди.

Йиғилишни Аббос очиб, мадиналикларга шундай деб хитоб қилди:

— Эй Ҳазраж ва Авс жамоаси! Сиз Муҳаммаднинг орамиздаги мавқеи юксак эканини биласиз, албатта. Биз уни шу пайтгача душманларидан ҳимоя қилиб келдик. Сиз ҳозир унга бўлган севгингиз ва ҳурматингиз туфайли уни Мадинага даъват этяпсиз. Унинг орангизда яшашини истаяпсиз. Унинг ўзи ҳам шу ниятда. Бинобарин, агар уни душманларидан ҳимоя қила олишларингизга ишонсаларингизгина, юртларингизга олиб кетинглар. Ҳимоя қилишларингизга ишончларингиз бўлмаса, бу ташаббусларингиздан воз кеча қолинглар!

Аббосдан кейин мадиналикларнинг истагига биноан Расули акрам сўзладилар. Олдин Қуръони каримдан оятлар ўқидилар. Сўнгра мадиналиклардан аҳд сўраб шундай дедилар:

— Диний амалларни кам-кўстсиз бажаришга, ҳақни қарор топтириш йўлида чекинмасликка, ўзингиз, болаларингиз ва завжаларингиз каби мени ҳам мудофаа қилишга сўз берасизларми?

Бунга жавобан Асъад шундай деди:

— Ё Расулуллоҳ! Бизни анча мушкул ишларга чақиряпсиз. Биз бу ерга сизга байъат қилиш учун келдик. Сизга сўз бериб айтамизки, ўзимизни, болаларимиз ва завжаларимизни қандай ҳимоя қилсак, сизни ҳам худди шундай қўриқлаймиз. Аҳдимизга вафо қиламиз. Иноят эса Аллоҳдан, албатта. Аллоҳ таолонинг қудрати бизникидан устундир.

Мадиналиклар:

— Ё Расулуллоҳ! Сизни ҳимоя қилиб, бу йўлда ўлсак, нимага эришамиз? − деб сўрашди.

— Охиратда бунинг мукофоти жаннат бўлади, − дея марҳамат қилдилар Расули акрам.

Қалбларида иймон жўш ураётган мадиналик мусулмонлар бу муждани эшитишлари билан:

— Ундай бўлса, қўлингизни беринг! − дедилар ва ҳар бири Пайғамбаримиз билан қўл сиқишдилар. Расули акрамни ҳимоя қилишга сўз бердилар. Керак бўлганида бутун араб ва ажам билан урушишга қасам ичдилар.

Расули акрамнинг Мадинага ҳижратлари ҳам шу учинчи Ақаба мулоқотида қарорлаштирилди. Бу учинчи мулоқотда қилинган байъатга «Иккинчи Ақаба Байъати» дейилди. Бу байъат ярим кечада бўлгани учун қурайшийлар ундан бехабар қолдилар. Ҳаж мавсуми тугаб, ҳамма қабилалар жойларига қайтиб кетгандан кейингина эшитдилар. Дарҳол мадиналикларнинг орқасидан тушдилар, бироқ етолмадилар.

Изоҳлар

71. Абул Фидо.

72. «(Аллоҳ) бир кеча Ўз бандаси (Муҳаммад алайҳиссалом)ни − унга оят-мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжид ал-Ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини барокатли қилиб қўйган Масжид ал-Ақсога сайр қилдирган (барча айбу нуқсондан) пок Зотдир. Дарҳақиқат, У эшитгувчи, кўргувчи Зотдир» (Исро сураси, 1-оят).

73. «Қиссаси Анбиё», 1-жилд, 106-бет.

74. «Эсланг, (эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз сизга Парвардигорингиз (барча) одамларни ўраб-иҳота қилиб олгандир, деган эдик. Биз сизга (Меърож кечасида кўрсатган) «Туш»ни ва Қуръонда лаънатланган (Заққум) дарахтини − у одамлар учун бир фитна-имтиҳон қилдик, холос. Биз (мушрикларни турли мўъжизалар билан) қўрқитурмиз, аммо бу уларни баттар туғёнга солур» (Исро сураси, 60-оят).

75. Маҳмуд Асад Афанди. «Тарихи дини Ислом», 3-жилд, 289-бет; «Асри Саодат», 3-жилд, 1452-бет.

76. 3-жилд, 1483-бет.

77. «Қуёш оғишидан то тун қоронғусигача намозни тўкис адо қилинг ва тонгги ўқишни (бомдод намозини) ҳам (тўкис адо қилинг). Зеро, тонгги ўқиш (кеча ва кундуз фаришталари) ҳозир бўладиган намоздир»(Исро сураси, 78-оят).

78. 3-жилд, 1514-бет.

79. Усмонли тарихида танзимотчилардан ҳозиржавоблиги билан ном қозонган машҳур Фуод Пошодан Оврупа саёҳати чоғида Пайғамбаримизнинг меърожлари ҳақидаги бир суҳбатда: «Муҳаммад қайси зинопоя билан осмонга чиқди?» деб сўралганида, у ҳеч ўйланмай: «Исо чиққан зинапоя билан», дея жавоб берган эди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ