Зулҳижжа ойларида юз берган муҳим воқеалар

6 ой аввал 1425 siyrat.uz

(Зулҳижжа уруш ҳаром қилинган тўрт ойнинг биридир)

 

Ҳижратдан аввалги 8 йил охири, зулҳижжа ойи (нубувватнинг 6 йили / мил. 615 йил сентябрь)

– Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу мусулмон бўлди;

– уч кундан сўнг Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу мусулмон бўлди ва Форуқ (ҳақ билан ботилни ажратувчи) деган ном олди;

– Маккадаги саҳобаларнинг кўкракларига сал бўлса-да, шамол тегди;

– Қурайш раҳбарияти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни даъватдан тўхтатиш учун имкониятидаги бор нарсани беришга рози бўлиб, у Зот билан келишиш ҳаракатига тушди, музокаралар олиб борди, ҳатто ибодат масаласида савдолашди ҳам;

– бу уринишлар самара бермагач, яҳудийлардан маслаҳат ҳам сўраб кўрди;

– Ой охирида Абу Толиб Бани Ҳошим ва Бани Мутталиб уруғларини ўз жиянлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилишга чақирди, улар ҳам ўша пайтда қаттиқ ривожланган қариндош-уруғчилик ҳамиятидан келиб чиқиб, унинг таклифини қабул қилишди.

Ҳижратдан аввалги 3 йил, зулҳижжа ойи (нубувватнинг 11 йили / мил. 620 йил июль)

– Мадина аҳолисидан биринчи бўлиб олти нафар йигит мусулмон бўлди.

Ҳижратдан аввалги 2 йил, зулҳижжа ойи (нубувватнинг 12 йили / мил. 621 йил июль)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн икки нафар мадиналик ансорий саҳобадан байъат олдилар (бу Ислом тарихида «Биринчи Ақаба байъати» деб номланган);

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг аввал мусулмон бўлган саҳобалардан Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуни Мадинага муаллим қилиб жўнатдилар.

Ҳижратдан аввалги 1 йил, зулҳижжа ойи ташриқ кунларининг ўртаси (нубувватнинг 13 йили / мил. 622 йил июнь охири)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етмиш беш нафар ансорий саҳобадан байъат олдилар (бу Ислом тарихида «Иккинчи Ақаба байъати», «Катта Ақаба байъати» ва «Байъатул ҳарб» номлари билан машҳурдир);

– байъат сўнгида ўз қавмлари устидан жавобгар бўлишлари учун ансорлардан ўн икки раҳбар сайланди.

Ҳижратдан аввалги 1 йил охири, зулҳижжа ойининг ўртасидан, то ҳижрий 1 йил сафар ойи охирларигача (нубувватнинг 1314 йиллари / мил. 622 йил июлнинг бошидан сентябрь ўртасигача)

– Маккадаги саҳобалар Мадинага оммавий ҳижрат қилишди.

Ҳижрий 2 йил, зулҳижжа ойи (мил. 624 йил май-июнь)

– Савиқ ғазоти бўлди.

Ҳижрий 5 йил, зулқаъда ёки зулҳижжа ойи (мил. 627 йил апрель ёки май)

– Хайбар яҳудийлари раҳбари Абу Рофиъ Саллом ибн Абул Ҳуқайқни Абдуллоҳ ибн Атик розияллоҳу анҳу бошчилигидаги беш кишилик сария Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг изнлари ила Хайбарга бориб, ўлдириб келишди (у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга озори кўп теккан, яҳудий жиноятчиларининг энг катталаридан, Аҳзоб ғазоти ташкилотчиларидан бири бўлиб, турли жамоаларни мусулмонларга қарши урушга ундаган, уларни озиқ-овқат ва пул-мол билан таъминлаган эди).

Ҳижрий 6 йил, зулҳижжа ойи охири (ёки 7 йил, муҳаррам ойи боши / мил. 628 йил май)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбиядан қайтиб келганларидан сўнг, Хайбарга юриш қилишларидан бир неча кун олдин Ҳабашистон, Миср, Форс, Рум ва Умон[1] подшоҳлари ҳамда Баҳрайн, Ямома ва Дамашқ амирларига мактублар юбордилар.

Ҳижрий 7 йил, зулҳижжа ойи (мил. 629 йил апрель)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умрадан қайтиб келганларидан сўнг Абул Авжо розияллоҳу анҳу бошчилигидаги 50 кишилик сарияни Бани Сулаймни Исломга даъват қилиш учун юбордилар.

Ҳижрий 8 йил, зулҳижжа ойи (мил. 630 йил март-апрель)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғиллари Иброҳим туғилди (ва орадан ўн олти ой ўтиб, оламдан ўтди).

Ҳижрий 9 йил, зулҳижжа ойи боши (ёки зулқаъда ойи охири / мил. 631 йил март)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни мусулмонларга бош бўлиб ҳаж ибодатини адо этиш учун юбордилар.

Ҳижрий 10 йил, 4 зулҳижжа (мил. 632 йил 1 март)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тонг пайтида, бомдод намозини ўқиганларидан сўнг ғусл қилиб, Ҳажжатул вадоъ қилиш ниятида Маккага кириб бордилар.

Ҳижрий 10 йил, 8 зулҳижжа, (мил. 632 йил 5 март)

– Тарвия куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Минога йўл олдилар.

Ҳижрий 10 йил, 9 зулҳижжа (мил. 632 йил 6 март)

– Арафа куни эрталаб кун чиққанидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Арафотга йўл олдилар (у ерда 100 мингдан ортиқ (114 минг ё 124 минг ёки 144 минг) саҳобага хутба қилдилар);

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳақиқатан, мен сизларнинг ичингизда бир нарсани қолдирдим, агар шунга асосан амал қилсангизлар, ҳеч қачон адашмайсизлар: у Аллоҳнинг Китоби (Қуръон)дир»[2] ва «Эй одамлар, мендан кейин Пайғамбар йўқ, сизлардан сўнг бошқа уммат йўқ. Огоҳ бўлинглар! Парвардигорингизга ибодат қилинглар, беш вақт намозингизни ўқинглар, бир ой рамазон рўзангизни тутинглар, бойликларингизнинг закотини кўнгилдан чиқариб беринглар, Парвардигорингизнинг Байти (Каъба)ни ҳаж қилинглар ва бошлиқларингизга итоат қилинглар − Парвардигорингизнинг жаннатига кирасизлар»[3], деган машҳур насиҳатларини ушбу Ҳажжатул вадоъ хутбасида айтганлар;

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутбадан фориғ бўлганларидан сўнг у Зотга Аллоҳ таолонинг Моида сураси 3-ояти нозил бўлди: «Бугун сизлар учун динингизни комил қилдим, сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим».

Ҳижрий 10 йил, 10 зулҳижжа (мил. 632 йил 7 март)

– Қурбонлик куни, чошгоҳ вақти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулранг хачирга минган ҳолда саҳобаларга яна хутба қилдилар.

Ҳижрий 10 йил, 12 зулҳижжа (мил. 632 йил 9 март)

– Ташриқ кунларининг ўртаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Наср сураси нозил бўлди (у Зот бу суранинг ўзлари учун ўлим даракчиси эканини тушундилар ва сура нозил бўлиши билан яна хутба қилдилар)...

Абдул Азим Зиёуддин тайёрлади


[1] Уммон подшоҳига мактуб Макка фатҳидан кейин юборилган, деган мулоҳаза ҳам бор.

[2] Имом Муслим ривояти.

[3] Ибн Жарир ва Ибн Асокирлар ривояти.

 



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-ахиро ойининг 9-куни

Ҳижрий 1294-йил 9-жумодал-ахиро куни (милодий 1877-йил 21-июн)

Усмонлилар қўмондони Аҳмад Мухтор Пошо Андўлидаги «Ҳаляз» жангида Рус қўшини устидан ғалаба қозонди. 

Ҳижрий 1380-йил 9-жумодал-ахиро куни (милодий 1960-йил 28-ноябр)

Мавритания мустақилликка эришди ва халқ Мухтор валади Додани илк раиси этиб сайлади.

 



Видеолар
Сийрат
25 дарс. Маҳзунлик йили
Абдул Азим Зиёуддин
20
Сийрат
24-дарс. Қамал даври
Абдул Азим Зиёуддин
141
Сийрат
23-дарс. Қурайш мушрикларининг беҳуда уринишлари
Абдул Азим Зиёуддин
149
Китоблар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва аҳли байт

Китобдаги сўз бошидан...     Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм     Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Аллоҳнинг Расулига салавот ва саломлар бўлсин!      Аммо баъд:    давоми...

Мавлуди шариф

Юртимизда, бошқа исломий ўлкаларда бўлганидек, мавлуди шариф маросимлари ўтказиб келинган ва уларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга бағишланган турли наътлар, қасидалар, Навоий, Фузулий каби мумтоз давоми...

Мавлид

Ушбу китоб халқимиз ўртасида «Мавлид» номи билан машҳур бўлган, улуғ олим, буюк адиб Саййид Жаъфар ибн Ҳасан Барзанжийнинг «Иқдул-жавҳар фи мавлидун-Набиййил-Азҳар» («Порлоқ юзли Набийнинг мавлидлари давоми...

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни йиғлатган ҳодисалар

Insoniyat komiligining timsoli qilib yaratilgan Payg’ambarimiz ham nahotki ko’z yoshi to’kkan bo’lsalar? Qur'on va hadisda ko’z yoshi haqida nimalar dеyilgan? Payg’ambarimiz va sahobalar ko’zyoshlarining sabablari nimada? Ushbu kitobni o’qib shu kabi savollarga to’la javob olasiz. давоми...

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга насиҳатлари

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду сано бўлсин. У ҳамма нарсани Китобида баён қилди, каломи шарифининг барча асрорларини Расулига билдирди ва бизга йўл давоми...

ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ