Кундалик ишлари

3 йил аввал 2534 siyrat.uz

Расули акрам вақтларини учга айирган эдилар: бир қисми ибодатларга, бир қисми оммавий ишларга, бир қисми эса шахсий ишларга. Ҳазрат Пайғамбар бомдод намозини ўқигандан сўнг жойнамозларининг устига узанар (чўзилар), қуёш чиққандан кейин одамларни қабул қилишни бошлар эдилар.

Тушлик вақти тўрт ракат намоз ўқирдилар. Сўнгра уйларига кетиб, уй юмушлари билан машғул бўлардилар. Аср намозидан кейин завжаларини зиёрат этар, кечани завжаларидан бирининг ёнида ўтказар эдилар. Хуфтон намозини масжидда адо этгач, уйларига қайтиб, ухлашдан олдин Қуръон ўқир, кечанинг ярми ўтгач, уйғониб, мисвок билан тишларини ишқаб, таҳорат олиб, Аллоҳга ибодат қилар эдилар.

Расули акрам доимо ўнг томонларини босиб, ўнг қўлларини ўнг ёноқларининг остига қўйиб ётардилар. Сафар чоғларида ўнг қўллари устида ётганлар.

Ҳазрат Оишанинг бир ривоятларига кўра, Расули акрам хуфтон намозидан сўнгра уйга қайтгач, ётмасдан аввал тўрт ракат намоз ўқирдилар. Бир муддат истироҳат этгандан сўнг уйғониб, таҳорат олиб, саккиз ракат намоз ўқирдилар.

Ҳазрат Пайғамбар суннат ва нафл намозларини ҳамиша уйларида адо этардилар. Бомдод намозига азон чақирилиши билан уйғониб, суннат намозларини тез ўқиб олардилар. Фарз намозларида узун суралардан ўқирдилар.

Расули акрам пешин ва аср намозларини бомдод намозидан ҳам қисқа вақт ичида адо этардилар. Пешин намозининг биринчи ва иккинчи ракатларида Фотиҳада сўнг зам сурага узунроқ бир сура ўқирдилар.

Расули акрам жума кунлари жамоат тўплангандан кейин уйларидан чиқардилар. Масжидга келиб, жамоатга салом бериб, минбарга чиққач, яна бир бор салом бериб, азондан сўнгра хутбаларини ўқишни бошлардилар.

Ҳазрат Пайғамбар хутбаларини ҳамиша Аллоҳга ҳамд ила бошлаганлар. Хутба ирод этаётганларида ҳамманинг ўтиришини, намозини кейин ўқишини буюрар эдилар.

Расули акрам ё жиҳод учун, ё умра ифоси учун баъзан йўлга чиқаётганларида завжаларидан бирларини қуръа билан танлаб, ёнларига олардилар. Пайшанба кунлари йўлга чиқишдан хушланардилар, эрталаб вақтли ҳаракат қилардилар. Уловларига минарканлар, «Бисмиллаҳ» дер, отларининг устида уч марта такбир олар, сўнгра ҳамд айтар эдилар. Сафардан қайтгач, «Қайтдик, тавба қилдик, ибодат қилдик, шукр этдик», дер эдилар.

Расули акрам ўнг қўллари билан иш кўришни хоҳлардилар. Оёқ кийимларини киярканлар, аввал ўнгини кияр, масжидга кирарканлар, олдин ўнг оёқлари билан одим отар, бирор нарса тарқатаётганларида дастлаб ўнг томонларида ўтирганлардан бошлар, ҳар ишни бажаришдан олдин «Бисмиллаҳ» айтар эдилар27.

Расули акрам тозаликни ниҳоятда севардилар. Кийимларининг тозалигига ниҳоятда аҳамият берардилар. Оғизга ёмон ҳидлар берувчи нарсаларни хушламасдилар. Овқатдан олдин ҳам, кейин ҳам қўлларини ювар, оғизларини чаяр эдилар. Тиш тозалаётганларида доимо мисвок ишлатганлар. Вужудларини тоза тутар, соч-соқолларини ювар, хушбўйлардан фойдаланар эдилар. «Назофат (тозалик) иймондандир», дея марҳамат қилганлар28.

Пайғамбаримиз овқатни «Бисмиллаҳ»сиз бошламас, Аллоҳга ҳамд ва шукрона айтмасдан дастурхондан туриб кетмас эдилар. Вақтларини интизом билан ўтказардилар, исроф этмасдилар. Кундузлари, ибодат қилмаган пайтлари зиёратчиларни қабул қилар, умумий ишларга қарар эдилар. Кечалари кам ухлар эдилар, кўпинча ибодат билан машғул бўлардилар29.

Расули акрам зиёратга келган ҳайъатни тоза уст-бош кийиб, назокат билан кутиб олар, мамнунлик билан кузатар эдилар. Ҳабашистондан келган меҳмонлар ҳақида: «Буларга мен ўзим хизмат қиламан. Чунки улар мамлакатларида менинг ўртоқларимга қарашдилар!» деган эдилар.

Изоҳлар

27. «Асри Саодат», 2-жилд, 810-бет.

29. «Руҳи Ислом», 112-бет.

   



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ