Ироқ Аббосий халифалиги

6 йил аввал 2518 siyrat.uz

(ҳ. 750/м. 1258)

Аббосий давлати Ироқда Абу Муслим ихтилоли ила қурилди. Мўғул истилоси ила йиқилди. Беш аср яшади. Биринчи Аббосий халифаси Абул Аббос Абдуллоҳ эди, охирги халифаси эса Муътасимбиллоҳ бўлди. Ўттиз етти халифа келди. Икки даврни бошдан кечирди: нуфузли ҳукмдорлар, ожиз ҳукмдорлар. Илк даврнинг етти ҳукмдори қудратли эди.

Абул Аббос кўп қон тўккани учун «Саффоҳ» дея ном олди. Саффоҳ Анбар шаҳрини Аббосий салтанатининг марказига айлантирди. Бу марказ шаҳар «Ҳошимия» номи билан юритилди...

Хулафои Рошидин даврида Ислом дунёсининг бошшаҳри (Асри Саодатда бўлгани каби) Мадина эди. Тўртинчи халифа ҳазрат Али халифалик мақомини Мадинадан олиб Куфага, яъни Ироққа ўтказди. Умавий давлати Шом шаҳрини марказ қилди. Ислом оламининг бошшаҳри бу тариқа Ироқдан Шомга кўчди. Саффоҳнинг Анбар шаҳрини марказга айлантириши билан мусулмонларнинг бошкенти яна жой алмаштирди. Суриядан такрор Ироққа ўтказилди.

Иккинчи Аббосий халифа Абу Жаъфар Мансур Дажла соҳилида, эски Мадоин шаҳри ёнида, Салафқа шаҳри харобалари устига Бағдод шаҳрини қурдирди. Халифалик мақомини Ҳошимиядан Бағдодга кўчирди.

Саккизинчи халифа Муътасим ҳам Бағдоддан ўн икки фарсаҳ (ўн икки соатлик) масофада Самарра11 шаҳрини бино эттириб, у ерга кўчиб ўтди. Ўзидан кейин келган халифаларнинг кўпчилиги бу шаҳарда турдилар.

Аббосийлар қора байроқ ва қора кийим ишлатишар эди. Тарафдорлари ҳам қора кийим кийишгани учун улар «Сиёҳийлар» (Қоралар) дейилди. Умавийлар эса оқ байроқ ва оқ кийим қўллаганлари учун «Баёзийлар» (Оқлар) номини олдилар.

Умавийлар араб бўлмаганларга қарши «араблик», арабларга қарши эса «қабилачилик» сиёсатини юргизишди. Бироқ Аббосийлар эски араб усул ва анъанасини ташлаб, деярли арабликдан чиқдилар. Булар араб ёхуд ажам каби сиёсий бир сифат соҳиби эмасдилар. Аввал араб бўлмаганларга суяниб, арабларни ва умавийларни эзишган бўлса, кейин арабларга суяниб, араб бўлмаганларга азият беришга чоғландилар. Аббосийлар татбиқ этган бу сиёсат Усмонлиларда ҳам бўлгани каби маълум маънода келишув сиёсати эди.

Аббосийлар ҳам Ислом халифалигини Умавий халифаларига ўхшаб салтанат шаклида идора этдилар. Лекин Аббосийларнинг еттинчиси машҳур Ҳорун ар-Рашиднинг ўғли Маъмун ҳам худди Умар ибн Абдулазиз каби Хулафои Рошидин йўлидан бормоқчи, айни пайтда бир неча йиллардан бери Аббосий халифалигини ларзага солиб келган алавий қўзғолонларига барҳам бермоқчи бўлди. Халифаликни Пайғамбар сулоласига қолдириш ниятида эди. Маъмунга кўра, алавийлар халифаликни ўзлари учун машруъ бир ҳақ, бир мерос ўлароқ кўраётган эдилар. Алавийлардан бири халифа номзоди бўлса, узоқ йиллардан буён давом этиб келган исёнлар барҳам топади. Бу тушунчалар билан халифа Маъмун ҳазрат Али авлодидан Мусо ал-Козим ўғли Али Ризони валиаҳд этиб тайинлади (ҳ. 201/м. 817).

Али Ризо олим, фозил, тақво соҳиби эди. Маъмун вазири Фазлнинг маслаҳати билан бир маъмур юборди. Имом Али Ризони Мадинадан Хуросонга келтирди. Ўзидан кейин халифа бўлишини маълум қилиб, аҳолини Али Ризога байъат эттирди. Аббосийларга оид қора кўйлакни ечди. Али Ризога ўхшаб ўзи ҳам яшил кўйлак кийди. Ҳамма томонга фармонлар юборди. Қизини Али Ризога никоҳлаб берди. Ўзига куёв қилиб олди.

Халифа Маъмуннинг бу ҳаракати замоннинг эҳтиёжига мос бўлса ҳам, Аббосийларга хуш ёқмади.

«Маъмун отасининг ўғли бўлса эди, халифаликни Аббосийлардан чиқаришни ўйламасди!» дедилар. Ораларида «Бу иш вазир Фазлнинг ишидир!» деганлари ҳам бўлди. Пировардида Бағдод аҳолиси қўзғолон кўтарди. Маъмунни у Хуросонда эканида халифаликдан бўшатишди. Амакиси Иброҳимга байъат этишди.

Вазир Маъмунни иғфол (алдаш; йўлдан оздириш) этган эди. Куёви Имом Али Ризонинг танбеҳи билан мамлакатнинг аҳволини Маъмун билиб олди. Дарҳол Бағдодга кетиш учун Марвдан чиқди. Бағдодликлар қўзғолон кўтарган, вазир ўлдирилган эди. Тусда эса Имом Али Ризо ўлди (ҳ. 203/м. 818). Маъмун Али Ризони отаси Ҳоруннинг қабри ёнига кўмдирди.

Али Ризо ўн икки имомнинг саккизинчиси эди. Кўп узум еган эди. Баъзи тарихчилар бу узумларни Маъмун заҳарлаган деб ёзишади, аммо тарихчи Ибн Асир бу ривоятни ёлғон, дейди.

Маъмун устида яшил кийим, порлоқ бир гуруҳ билан, дабдабасиз ҳолда Бағдодга кирди. Барча давлат одамлари Маъмунга қайтадан байъат этдилар. Бир ҳафтадан кейин яшил кийим чиқарилди. Қора кийим кийилди (ҳ. 204/м. 819).

Маъмундан сўнг ҳеч ким сайлов усулини синаб кўрмади. Халифалик «отадан ўғилга қолувчи» ирсий шаклида давом этиб келди.

Аббосийларнинг Ислом олами бошига ўтиши ҳам жуда ғалати ҳол эди. Умавий салтанатини йиққан «Абу Муслим ихтилоли» Аббосийлар номидан тайёрланган эмасди. Ихтилолни тайёрлаганлар ҳазрат Али уруғи эди. Лекин Абу Муслим алданди. Али авлоди тарафдорлари учун ҳозирланган халифалик мақомига Аббосийлар келиб қолди. Умавийлар ҳам айни ҳаракатни қилишган эди.

Умавийлар даври фатҳлар даври бўлди. Аббосийлар замонида фатҳлар тўхтаган, қўлга киритганларини ҳам сақлаёлмай қолган эдилар. Ислом дунёсини уюшган бир ҳолда, бир идора остида тутишга муваффақ бўлолмадилар. Ислом мамлакатлари парчаланишга, ҳар жой-ҳар жойда «Тавоифи мулук» дейилувчи кичик-кичик ҳукуматлар қурилишга бошлади. Олдинига Андалусия (Испания), ундан сўнг Атлас мамлакатлари, Миср, Сурия, Турон эли, Хуросон, Эрон бирма-бир аббосийларнинг қўлидан чиқди.

Ислом дунёсида «Тавоифи мулук» тузуми Аббосий салтанатида, Андалусия Умавий давлатида ва Онадўли туркларида кўрилди. Тавоифи мулук тузуми Ислом мамлакатларини кичик-кичик ҳукуматларга ажратиш йўли билан Ислом қувватини парчалаш ва Ислом бирлигини бузиш жиҳатидан олами Ислом учун ўта зарарли эди. Лекин илм, фан ва маданий ривожланиш нуқтаи назаридан катта фойдалари ва хизматлари бўлди12.

Аббосийлар Расули акрамнинг амакилари Аббос наслидан эди. Ислом дунёсида халифаликни даъво қилиб ҳам чиқишди. Бироқ Буюк Пайғамбаримизнинг Макка фатҳида ашаддий мушрикларга ҳам кўрсатганлари юксак инсонийлик намунасини кўрсата олмадилар. Адолат йўлини тополмадилар. Тарихнинг тақдирини қозонолмадилар. Салтанатларига хизмат қилганларни ҳатто умавийларчалик тақдирлай олмадилар. Бироқ илк маданият даври билан уйғониш маданияти орасида катта бўшлиқни тўлдирган юксак Ислом маданиятининг гуллаб-яшнашига ёрдам бердилар. Маданият тарихига порлоқ саҳифалар қўшилишига сабабчи бўлдилар.

Юқорида − «Хулафои Рошидин даври» бобида қайд этганимиздек, Ислом тарихининг биринчи ҳижрат (еттинчи милод) асри фатҳлар асри эди. Бу аср адолатга суянган Хулафои Рошидин даври фатҳлари билан умавийларнинг истило ҳаракатларини ўз ичига олди. Иккинчи ҳижрат (саккизинчи милод) асри эса бутун ақлий ва нақлий маълумотларни қамраб олган юксак бир маданият асри бўлди. Учинчи ҳижрат (тўққизинчи милод) асрида бу маданият энг юксак поғонага кўтарилиб, камол топди13.

Илк даврларда аббосийлар (юқорида айтиб ўтдик) эронликларга суяниб арабларга азият етказишди. Кейинчалик арабларга суяниб эронликларга ҳам зуғумларини ўтказишди. Шу сабабдан улар ҳам араблар, ҳам эронликлар олдида ҳурматларини йўқотдилар. Салтанатларини яшата билиш учун янги бир қавмнинг кучига мурожаат қилдилар. Арабларни ҳам, эронликларни ҳам итоат эттириш мақсадида туркларга келдилар. Турклар Ислом оламининг хавф-хатар (тахлика) туғилиши мумкин бўлган чегара бошларини эгаллаб олган эдилар. Бироқ туркларнинг мусулмонлик учун энг фойдалиси, фотиҳ қавмларнинг энг муҳими Усмонли турклар бўлди.

Аббосий халифалари вақтларини завқу сафолат билан ўтказаётган бир пайтда милёнга яқин қўшини билан бало сели каби шарққа оқиб келган мутаассиб сурувини туркларнинг қиличи Қилич Арслон тўхтатиб қолди.

Лекин турклар Исломга фақатгина қўллари билан хизмат қилди, деб ўйлаш катта бир хатодир. Турклар арабларнинг ва эронликларнинг сиёсий қудратигагина эмас, айни пайтда илмий мазият (фазилат)ларига ҳам порлоқ бир тарзда ворис бўлдилар. Ибн Сино каби, Фаробий каби турклар Ислом фозилларининг ифтихор қилса, арзигулик зотларидирлар.

Шу билан бирга, дин нуқтаи назаридан ҳам туркларнинг энг буюк мазияти − улар на қуруқ ва шаклга боғлиқ «сунний»ликда ўралашиб қолдилар ва на мусулмонликдан узоқлашган мазҳабларга кирдилар.

Чунончи, Усмонли туркларининг суннийлиги ҳам, Амир Темур туркларининг суннийлиги ҳам асл «Аҳли Суннат» уламосининг ихтисоси эди. Кейинги пайтларда Усмонлиларда баъзи ифрот ҳаракатлари кўринган бўлса-да, бу қабоҳат турклардан кўра кўпроқ туркларнинг орасига қўшилган бошқа қавмлардан бўлган уламоники эди14.

Ҳолбуки, умавийларнинг суннийлиги қуруқ гапдан иборат эди, холос. Аббосийларнинг суннийлиги ҳам сиёсий бир қурол бўлди. Бу сабабдан Аббосийларнинг охирги даври кўринишда суннийликнинг ғалабаси давридек бўлса ҳам, айни пайтда илм ва фаннинг пасайиши даври бўлди15.

Аббосийлар аввалига халифалик билан салтанатни қўлларида тутиб турдилар. Кейин ҳукуматни қўлдан бой бердилар. Вилоятларда, ҳаттоки Ироқда ҳам обрў-эътиборларини сақлаб қололмадилар.

Халифа Муътасим замонида туркларнинг «Хосса қўшини» номи билан муҳофиз гуруҳлари ташкил қилинди (ҳ. 220/м. 835). Халифалик обрўйи олдин «Амирулумаро» номи билан бу хосса қўшинлари қўмондонларининг қўлида эди. Сўнгра амирулумаролик мақоми Ҳамадонийларнинг (м. 941), кейинчалик Бувайҳийларнинг (м. 945), энг охирида эса Салжуқийларнинг қўлларига ўтди (м. 1055).

Салжуқийлардан сўнгра давлат идорасини мустақил ўлароқ яна қўлларига олган Аббосийлар кўп ўтмай Мўғул истилосига учради (ҳ. 656/м. 1258), шу тариқа Аббосий халифалиги барҳам топди.

Аббосийларнинг сўнгги халифаси Мутаъсимбиллоҳ эди. Тартиб бўйича ўттиз еттинчи аббосий халифа бўлган Мутаъсим ҳофизи Қуръон, покиза бир зот эди. Аммо катта ғафлат ичида эди. Бутун давлат ишларини вазири Ибн Алқамийга қўйиб берди. Ташра (ташқи томон)да волийлар халқни эзар, талон-тарож қилар эди.

Ибн Алқамий шиий эди. Шиийликнинг «Имомия» тармоғидан эди. Аббосий халифалигини йиқитиб, ўрнига Алавий бир давлат қуришни мўлжаллар, бироқ мақсадини ниҳоятда махфий тутар эди.

У пайт Чингиз ўғилларидан Хулогу Эронга ҳоким эди. Ибн Алқамий Хулогу билан яширин мухобарага (хабарлашишга, алоқа боғлашга) киришди. Хулогуни Бағдоднинг истилосига чақирди. Хулогу эса Аббосий халифалигининг йиқилиши фикрида эди. Лекин халифа бундан бехабар эди. Ҳатто Бағдод атрофидаги аскарлар ҳам бирор баҳона билан бошқа ерларга юборилиб, Аббосий салтанатининг аскарлари камайтирилди.

Эронда вазир Ибн Алқамий каби шиа мазҳабида бўлган Нусайри Тусийнинг ҳам бу ишда қўли бор эди. Ривоятга кўра, Нусайри Тусий халифаликка тақдим қилган қасидадан кутган мукофотини ололмагани учун кин боғлаган, Ибн Алқамий билан ҳамкорлик қилган, Хулогунинг ҳам ичига кирган.

Ғофил халифа Мутаъсим катта бир қўшин билан Хулогунинг Бағдод атрофига келганини кўргандан кейингина уйқудан уйғонди (ҳушёр тортди), оз бир қувват билан душманни қаршилашга мажбур бўлиб қолди. Бироқ мағлубиятга учраб, Бағдодга чекинди.

«Хулогу халифа қўшинини тор-мор этгандан кейин ўрдугоҳини қурди. Халифага қайдсиз, шартсиз таслим бўлишни таклиф қилди. Аммо Мутаъсим бу таклифни рад этгач, шаҳарни муҳосарага олди. Бағдод муҳосараси эллик кун давом этди»16.

Вазир Ибн Алқамий Хулогунинг бир дўст каби кутиб олинишини, халифа томонидан шаҳарга даъват қилинишини тавсия этарди. Мутаъсим Хулогудек бир балони ўз қўли билан Бағдодга келтиришни истамади. Ўшанда вазир шахсан Мўғул қўшинига борди. Халифа учун омоннома олди. Хулогунинг сулҳ тузиш (!) фикрида эканини, халифани мақомида қолдиражагини, ҳатто қизини халифанинг ўғлига беражагини (!) эълон этди. Халифани Хулогунинг чодирига юборди. Никоҳ маросимида қатнашиш учун Бағдод аҳолисининг бир қисмини ҳам шаҳар ташқарисига чиқарди. Ваҳоланки, халифа вазирига ишонмаганида эди, ғафлат ичида қолмаганида эди, осонгина қочиб қолиши мумкин эди.

Халифа Мутаъсим Хулогуга амирулумаролик унвонини бериш билан яна мақомида қолишидан умидвор эди. Бу хаёл билан Хулогунинг қароргоҳига бориш мақсадида тантанавор бир тарзда Бағдоддан чиқди. Бошига ипакдан катта бир салла ўраб олган эди. Ўғиллари ва Аббос сулоласи, Бағдоднинг ашрафи (эътиборли кишилари), аъёнлари, катта хизматчилари, олимлар ва фақиҳлар халифа билан бирга эдилар.

Мўғул қароргоҳига келгач, халифа бир чодирга зўрлаб олиб кирилди. Ёнидагилар арқон билан ўраб олинди.

Бағдодда бир неча йиллардан бери тўпланган хазиналарнинг жойини айтиш учун халифа қийноқ-исканжага олиб борилди. Саройда яширин хазиналарнинг жойини кўрсатгач, такрор қароргоҳга келтирилди. Дарҳол салласи бўйнига ўраб ташланди. Ўзи бир қопга солинди. Қопнинг оғзи боғланди. Бир суворий гуруҳ ўтадиган йўлга ташланди. Охирги халифа отларнинг оёқлари остида жон таслим қилди. Ҳайъат билан бирга келганлар ҳам гуруҳ-гуруҳ ўлдирилди. Бағдод роса қирқ кун талон-тарож этилди. Аҳолидан қўлига қурол ушлаганлар ўлдирилди. Болалар ва хотинлар асир олинди. Шундай қилиб, беш асрдан бери давом этган Аббосий халифалиги ҳам йиқилди ва тарихга кўмилди17.

«Энди бутун шаҳар, бутун саройлар ва жомеълар олов ичида ёнар, кўчалар қон ва оташ ичида қолган эди. Бағдоднинг энг бой кутубхоналари таланар, Дажла дарёсига отилган китоблардан кўприклар барпо бўлган эди»18.

Ривоятга кўра, Бағдоддаги китоблар Дажлага отилди. Кўприк ташкил қилинди. Мўғул лашкари бу китоб кўприклари устидан ўтди19.

Шарл Сенёбас дейдики: «Хулогу қўшини Бағдодга кирди. Мўғулларнинг хоҳ Бағдодда ва хоҳ бошқа жойларда қилганлари ваҳшат ҳаддан зиёда эди. Маъсум инсонлар қони селдек оқди. У пайтлар илм-ирфон маркази бўлмиш Бағдод хароб бўлди. Хулогу қўшинининг илму ирфонга, қолаверса, инсониятга етказган зарари ҳисоблаб бўлмас даражада катта эди. Мўғуллар Бағдодда ўзлари топган ҳадсиз-ҳисобсиз китобларни Дажла наҳрига отдилар. Дажла Бағдоддан пастга томон ўн кун сиёҳ ҳолида оқди»20.

Хулогу Бағдодда қирқ кун қолди. Бағдоднинг идорасини Нусайри Тусийга қолдирди. Ибн Алқамий шиийларнинг ўчини Аббосийлардан олди. Лекин ўзи мақсадига етолмади. Хулогу унга эътиборсиз қаради. Алавийлардан бир халифа тайин эттиришга муваффақ бўлолмади. Хулогунинг Бағдод қатлиомида тўрт юз мусулмоннинг ўлдирилгани ривоят этилгандир.

Бағдоднинг Мўғул томонидан йиқитилганидан ниҳоятда таъсирланган шерозлик машҳур шоир Шайх Мушрифуддин ибн Муслиҳуддин Саъдий бири арабча, иккинчиси форсча бўлган икки марсия айтган эди.

Ажойиб тасодифга қарангки, Аббосий халифалиги йиқилган (ҳ. 656/м. 1258) йили Усмонли салтанатининг қурувчиси, илк подшоҳ Ғози Усмон Бей Суғутда дунёга келган эди.

Ироқ Аббосий халифалари ўттиз еттита эди. Булардан ўнтаси тахтдан туширилди, тўққизтаси ўлдирилди, учтаси кўр этилди, тўрттаси юрак сактаси касаллигидан ўлди, бири заҳарланди, бошқалари ажаллари билан вафот этишди21.

Изоҳлар

11. Сарра ман рао − Кўрганни масрур этди.

12. «Зубдатул қисас», 1-жилд, 404-бет.

13. Проф. Исмоил Ҳаққи Измирли. «Ҳикмати ташриъ», 22-бет.

14. Аҳмад Ҳилми. «Тархи Ислом», 2-жилд, 513-бет.

15. Аҳмад Ҳилми.«Тарихи Ислом», 2-жилд, 513-бет.

16. Тарих Қуруми. «Ўрта аср тарихи», 11-жилд, 153-бет.

17. Тарих Қуруми. «Ўрта аср тарихи», 11-жилд, 154-бет.

18. Аҳмад Рафиқ. «Катта тарихи умумий», 5-жилд, 222-бет.

19. «Зубдатул қисас»,  1-жилд, 399-бет.

20. Али Рашод таржимаси. «Умумий тарих», 2-жилд, 279-бет.

21. Шарл Сенёбос. «Умумий тарих», Али Рашод таржимаси, 2-ж., 279-б.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ