Миср Аббосий халифалиги

1 ўн йил аввал 4565 siyrat.uz

(м. 1261-1517)

Чингизнинг невараси Хулогунинг Бағдодни олиши билан Ироқ Аббосий халифалиги йиқилди. Аббосий ўғиллари қиличдан ўтказилди. Бағдод қирқ кун талон-тарож қилинди. Порлоқ Ислом маданияти йўқ бўлди. Энг қийматли китоблар Дажла дарёсига отилди. Ислом халифалиги бўшаб қолди. Уч йил (м. 1258-1261) бу мақомга орзуманд киши чиқмади.

Хулогу Бағдодга кирганида Аббосий ўғилларидан Мустансирбиллоҳ (Аҳмад ибн Зоҳир) қамоқхонада эди. Шу сабаб шаҳарда ўтказилган умумий қатлдан қутулиб қолди. Мустансир охирги ўттиз еттинчи Ироқ Аббосий халифаси Мутаъсимбиллоҳнинг амакиси эди. Харжу марж (тўс-тўполон) орасида Хулогунинг қиличидан омон қолиш учун Аббосийларнинг ҳар бири тўрт томонга тезгина тарқаларкан, Мустансир ҳам Бағдоддан қочди, Ироқнинг ғарбий тарафига яширинди. Уч йилдан сўнг пайдо бўлди. Ўн кишилик бир қофила билан Мисрга ўтди. У ерда Аббосий халифалигини қайтадан қурди (ҳ. 659/м. 1261).

Ўша пайт Мисрда Турк Мамлуклар давлати бор эди. Бу давлатнинг ҳукмдори ўз асрининг энг буюк доҳий сиёсатчиси Малик Зоҳир Байбарс эди. Байбарс Мисрнинг уламосини ва ашрафини тўплади. Мустансирнинг истиқболига чиқди. Сулоласи Қозииқуззот (қозиларнинг бошлиғи, шайхулислом) олдида расман исботланди (тан олинди). Унга (Мустансирга) байъат этилди. Халифалиги эълон қилинди. Мустансир ҳурмат кўрди. Шу зайл Мисрда Аббосий халифалиги бошланди. Бироқ Миср Аббосийларида салтанат йўқ эди. Халифалик бор эди, холос. Бу маълум маънода «Руҳоний бошқонлик» эди. Халифа номидан пул берилар, хутба ўқилар, аммо султонлик мамлукларда эди. Мамлуклар икки давр ўтказдилар: Турк мамлуклари даври (м. 1259-1381 йй.); Черкес мамлуклари даври (м. 1381-1517 йй.).

Турк мамлуклари Айбей билан, Черкес мамлуклари Барқуқ билан бошланган эди. Турк мамлукларининг буюк ҳукмдори Байбарс милодий 1260 йили султон бўлди.

Мисрнинг илк Аббосий халифаси Мустансирбиллоҳ Мисрга кетаркан, ҳазрат Пайғамбаримизнинг омонатларини ҳам ўзи билан бирга Мисрга олиб кетган эди. Миср халифаларининг вазифаси уларга мурожаат қилган мусулмон ҳукмдорларининг ҳукмдорлигини тасдиқламоқ эди. Илк бор Аббосий тарзига кўра, Миср султонига безакли кийим кийдириб, халифа сифатида унинг ҳукмдорлигини тасдиқ этиш маросими бўлди.

Миср Аббосий халифалари ўн еттита эди. Халифалик икки ярим асрдан ортиқ вақт (м. 1261-1517 йй.) давом этди. Илк халифа Мустансирбиллоҳ (Аҳмад ибн Зоҳир) эди. Сўнгги ўн еттинчи халифа эса Мутаваккил Алаллоҳ (Муҳаммад ибн Мустамсиқ) бўлди.

Усмонлиларнинг тўртинчи подшоҳи Йилдирим Боязид Рум диёрида салибчилар устидан Ниғбўлуда зафар қозонгани муносабати билан Мисрга еттинчи Аббосий халифаси Мутаваккил Алаллоҳ Биринчига бир зафарнома юборган эди. Икки бор хилофат жавоб мактубида Йилдирим Боязидга «Султони иқлими Рум» сўзлари ила илтифотда бўлган эди (ҳ. 798/м. 1395).

Бироқ Миср Аббосий халифаларининг ҳеч обрў-эътиборлари йўқ эди. Ҳукумат ишларига иштиғол этишмас (машғул бўлишмас) эди. Бу орада Мисрда султонлик Турк мамлукларидан Черкес мамлукларининг қўлларига ўтди (ҳ. 782/м. 1381).

Турк мамлуклари салтанатларини қўримоқ учун черкеслардан муҳофиз (қўриқчи) аскарлар олган эдилар. Мана шу муҳофиз черкес аскарлари Турк Мамлук салтанатини йиқди. Черкес мамлук идорасини қурди22.

Усмонийлар билан Черкес мамлукларининг ораси Фотиҳ замонида Ҳижоз сув йўлларининг таъмири ишидан очилди. Боязид Иккинчи замонида қонли муҳорабаларга сабаб бўлди. У пайт Миср султонлари Ислом дунёсига ҳам ҳоким эди.

Ёвуз Султон Салим Мараш устига юриш қилди. Бу ер Зулқодир ўғилларининг қўлида эди. Мисрликлар билан Усмонлилар ўртасидаги душманлик Зулқодир ўғиллари туфайли чиқаётган эди. Ёвуз Салим Зулқодир беклигини бекор қилди. Усмонли тупроқларига қўшди. Шу зайл Онадўлида миллий бирлик охирига етказилди (м. 1515). Бироқ Черкес мамлукларидан Кансу Гаври бундан мамнун бўлмади. Аввалгидай Зулқодир беклигида хутба ўқилишини истади. Салим Биринчи шу қисқа жавобни берди: «Черкес мард бўлса, хутбасини Мисрда яшатсин!» деди.

У пайтлар Ислом оламида пул бостириш, хутба ўқитиш истиқлол аломати ҳисобланарди. Жума ва ҳайит намозларида хатиблар хутба ўқиркан, халифалардан кейин ҳукмдорларнинг исмларини ҳам тилга олишарди. У даврнинг ҳукмрон фикрига кўра, давлат бошлиқлари бу хутбаларга катта аҳамият берар эди.

Усмонлиларнинг дунёга сиғмаган подшоҳи Ёвуз Султон Салим Хон Сурия устига юрди. Мисрга кирди. Миср султонлигини Черкес мамлукларидан, Ислом халифалигини Миср Аббосийларидан ўз қўлига олди (ҳ. 923/м. 1517).

Салим Биринчи мамлук қўшинларини тўрт қонли урушда (Ҳалаб олдида Маржидабик, Фаластинда Газза, Қоҳира ёнида Ризония ва Қоҳира ичида) тор-мор этди. Пировардида тўрт зарба билан тўрт қитъани (Сурия, Фаластин, Ҳижоз ва Мисрни) Усмонли Туркиясига қўшди.

Султон Салим бир неча йиллардан бери Турк мамлуклари билан Черкес мамлуклари томонидан бошқарилган Миср султонлигига барҳам берди. Кансу Гавридан кейин охирги мамлук ҳукмдори Тўманбой эди. Салим Биринчи Маржидабик жангидан кейин Халабга кирди. Илк жума намозида хатиб подшоҳ номига хутба ўқиркан, (Макка ва Мадинани назарда тутиб): «Соҳибул Ҳарамайниш-Шарифайн» − «Икки шарафли Ҳарам эгаси», дейди. Бундан Султон Салим жуда севиниб кетди ва қимматли кафтанини (безакли уст кийимини) дарҳол эгнидан ечиб, хатибга совға қилди. Фақат: «Мен Ҳарами Муҳтарамайннинг соҳиби эмас, ходимиман», дея хутбадаги бу жумланинг «Ходимул Ҳарамайниш-Шарифайн» шаклда ўзгартирилишини буюрди23. Ёвуз Султон Салим Мисрдалигида Макка шарифи Муҳаммад Абу Баракат ўғли орқали Каъбанинг калитларини ва «Омонат муборака»ни Султон Салимга юборди24.

Изоҳлар

22. Закои Кўнрапа. «Болу тарихи», 191-бет.

23. Али Рашод. «Қуруну жадида тарихи», 1-жилд, 106-бет.

24. Аҳмад Росим. «Расмли ва харитали Усмонли тарихи», 1-жилд, 202-209-бетлар; Абдурраҳмон Шараф. «Тарихи давлати Усмония», 1-жилд,219-бет.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ