Арабистон яримороли Ислом бешиги этиб танланишининг сири

2 йил аввал 5650 siyrat.uz

   Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ва у Зот туғилиб ўсган Арабистон яримороли ҳақида сўз юритишдан аввал бир илоҳий ҳикматни, яъни Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам олам ичра айнан мана шу маконда Пайғамбар қилиб юборилишларини ва миллатлар ичида айнан араблар қўлида Исломий даъватнинг бошланишини тақозо қилган бир илоҳий ҳикматни ўрганиб чиқмоғимиз лозим бўлади. Бунинг баёни учун, аввало, арабларнинг ўзига хос томонларини, Ислом келишидан аввалги хулқ-атворларини ўрганишимиз ва улар яшаётган маконнинг жуғрофиясини билишимиз ҳамда шу билан бир қаторда, ўша пайтдаги форс, рум, юнон ва ҳинд каби бошқа халқларнинг урф-одатларини, маданиятини тасаввур қилишимиз лозим бўлади. Шунинг учун, келинг, мавзуни Ислом келишидан бироз олдин Арабистон ярим ороли атрофида яшаган бошқа халқларнинг турмуш тарзлари билан қисқача танишувдан бошлайлик.

Ўша пайтда икки давлат − форс ва рум давлатлари энг нуфузли мамлакатлар бўлиб, улардан кейинги ўринда эса юнонлар ва ҳиндлар турар эди. Форсларнинг аксариси, хусусан, уларнинг ҳокимлари зардуштий − оташпараст эдилар. Уларнинг фалсафий ва ахлоқий тубанлиги шу даражада эдики, масалан, улар киши ўз онасига, қизига ёки синглисига уйланиши мумкин, балки афзал, деб билишарди. Шунинг учун милодий бешинчи асрнинг ўрталарида форсларга ҳукмдорлик қилган Яздажирд ўз қизига уйланган. Бу улардаги хулқий емирилишнинг бир қирраси бўлиб, қолганларини бирма-бир келтиришнинг ҳозир мавриди эмас. Яна форслар маздакийлик динига ҳам эътиқод қилишарди. Бу дин, имом Шаҳристонийнинг айтишларига қараганда, эркак ва аёл бир-бирига никоҳсиз ҳалол ҳамда мол-мулклар ҳам худди сув каби барчанинг ўртасида муштарак, деган бузуқ фалсафага чақирар ва табиийки, бу баъзи ҳавойи нафсига эргашган ва фаҳми калта кимсалар томонидан яхши қабул қилинган эди. Румликларга келсак, уларда мустамлакачилик руҳи ҳукмрон эди. Улар ўз аскарий қувватларидан кўнгиллари тўқ бўлса ҳам, ахлоқий таназзул жиҳатидан форслардан қолишмас эдилар: бир томондан ўзаро диний ихтилоф, иккинчи томондан Шом билан Миср насронийлари ўртасидаги қарама-қаршилик гирдобига шўнғиган эдилар. Яъни бу давлатни беҳаёлик, тубанлик, иқтисодий зулм бошқарар эди.

Юнонлар эса қуруқ оғзаки афсона ва хурофотлар дарёсига ғарқ бўлган эдилар. Яна шуни билмоқ керакки, мазкур давлатларни тубанликка, бахтсизликка, маънавий емирилишга дучор қилган нарса моддий қадр-қиймат асосига қурилган маданият ва тараққиётдир. Яъни уларнинг орасида мана шу маданиятни, замонавий ривожланишни яхши ишларга йўналтирадиган, тўғри   йўлга   соладиган   юксак   мафкуралари, донишманд йўлбошчилари йўқ эди. Зеро маданият аҳлининг тўғри тафаккури ва саҳиҳ ғояси бўлмаса, бундай «маданият» уларнинг қўлида бахтсизлик ва беқарорлик чоҳига қулатувчи воситага айланади. Аммо ўша тараққиёт аҳлига Аллоҳ томонидан рашид ақл ато қилинган бўлса, маданият - тараққиёт қайси жабҳада бўлишидан қатъи назар, комил саодатга элтувчи воситага айланади. Ва ниҳоят, Арабистон ярим ороли ҳақида гапирадиган бўлсак, у сокин, юқорида айтилган беқарорликлардан йироқ эди. Яъни бу минтақа аҳли, масалан, хулқий тубанликлар боиси бўлган форсларнинг маданияти ва уларни ҳаддан оширган фаровон ҳаётдан узоқда, румликлар каби атрофдагиларга зўравонлик қўлини кўтарадиган аскарий туғёнга тушмаган ёки юнонлар каби афсона ва хурофотлар курбонига айлантирувчи даханаки жанг ва фалсафадан «бебаҳра» эдилар. Уларнинг табиатлари худди ҳали тайёр бўлмаган матога ўхшарди, яъни уларга вафо, саховат, ибо, иффат каби соғлом инсоний фазилатлар рангини берсангиз, дарҳол қабул қилишлари тайин эди. Фақат уларни мана шу нарсаларга йўллаб қўядиган маърифат етишмас эди. Улар жаҳолатнинг жуда қоронғу зулматида йўлларини йўқотган эдилар. Масалан, шараф, иффатни сақлаймиз, деб ўз қизларини тириклайин кўмишар, саховатпеша бўлиш мақсадида мол-мулкларни беҳудага совуришар, ориятли, ҳамиятли бўлганликлари сабаб андак нарса устида ўрталарида жангу жадал бошланар эди. Аллоҳ таоло уларнинг бу ҳолатини адашиш – залолат, деб сифатлаган: «...гарчи илгари адашганлардан бўлган эсангиз-да...». Бундай сифат ўша пайтдаги араблардан бошқа миллатлар аҳволига нисбатан олганда, арабларни айблашга эмас, балки маъзур санашга далолат қилади. Чунки ўша пайтдаги ажамлар (араб бўлмаган элатлар) тараққиёт ва маданият машъаласи орқали тўғри йўл топиш ҳаракатида бўлиб, натижада кўриб, билиб туриб фасод ботқоғига ботар эдилар.Яна шуни таъкидалаш керакки, Арабистон яримороли жуғрофий жиҳатдан мазкур элатлар қуршовида − ўртасида жойлашган эди. Ислом келишидан аввал Арабистон яриморолидаги арабларнинг ҳолати билан уларнинг атрофидаги миллатларнинг аҳволи тўғрисида тасаввурга эга бўлиш билан бизларга бир ҳикмат аён бўлади. Яъни Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломнинг туғилиш жойи ва илоҳий ваҳий макони бўлиш бахтига айнан Арабистон ярим ороли мушарраф бўлишини ҳамда бутун инсониятни Ислом динига даъват қилиш маёғини оламга кўтарган биринчи миллат айнан араблар бўлишини тақозо қилган илоҳий ҳикматни англашга муваффақ бўламиз.

Маълумки, Аллоҳ таоло Байтул-Ҳарамни инсонлар учун зиёратгоҳ, тинч жой ва Аллоҳга ибодат қилинадиган биринчи Уй қилди. Пайғамбарлар отаси Иброҳим алайҳиссаломнинг даъватини ҳам мана шу водийда юзага чиқарди. Демак, бу муборак макон отамиз Иброҳимнинг дини бўлмиш Исломга бешик бўлиши, Иброҳим алайҳиссаломнинг наслидан бўлган охирги Пайғамбар ҳам ўша жойда туғилиб, ўша жойда пайғамбарлик ваҳийсини олиши табиий ҳол экан. Арабистон жуғрофий жиҳатдан Ер юзининг марказида жойлашганлиги бу даъват юкини кўтаришни осонлаштирган. Яъни атрофдаги турли элат ва давлатларга Исломий даъватнинг ёйилиши қулай бўлган. Пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам ва Хулафойи Рошидинлар замонидаги Исломий даъват қай даражада олиб борилганлигини китоблардан мутолаа қилсангиз, фикримизнинг тасдиғини топасиз.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ