Саҳобалар

Саъд ибн Муъоз

6 йил аввал 4254 siyrat.uz

Қаҳрамонимиз Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳунинг тўлиқ исми Саъд ибн Муъоз ибн Нуъмон ибн Имруълқайс ибн ал-Ашъал ал-Авсийдир. Бу серсавлат, улуғвор, новча, қизил юзли инсон ёшлик чоғидаёқ ўз қабиласига бошлиқ бўлган эди. Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу Исломга кирганида ўттиз бир ёшда эди. Унинг  мусулмон бўлиши қиссаси ҳам ажойиб. Биринчи ясриблик мусулмонлар талабига биноан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Исломни ўргатиш учун Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуни қўшиб юборган эдилар. Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу ва ясриблик мусулмонлар аҳолини Исломга даъват қилишда жонбозлик кўрсатишди. Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссалом тавсиялари бўйича иш олиб борар эди. У одамларга Қуръон ўқитиш, Ислом таълими бериш ва дин аҳкомларини ўргатишни ажойиб услуб билан йўлга қўяр эди. Гоҳида баъзилар унинг олдига ўлдирмоқчи бўлиб, қурол кўтариб киришар эди. Аммо Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳунинг ширин муомаласи, қироати ва Ислом ҳақидаги сўзларидан кейин кўнгли эриб, мусулмон бўлар, у киши нима топшириқ берса, ўшани сўзсиз бажарадиган бўлиб чиқар эди. Ясриб бўйлаб Ислом мисли кўрилмаган тезликда тарқалиб борар эди. У ердаги бош қабилалар–Авс ва Хазражнинг кўплаб одамлари, жумладан, Саъд ибн Муъоз ва Усайд ибн Ҳузайр каби қавмнинг улуғлари ҳам Исломга киришди. Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳунинг Исломга келишлари Ясрибда мусулмончиликнинг кенг тарқалишига сабаб бўлди. У киши мусулмон бўлган кундан бошлаб, бу шаҳарда мусулмонларнинг жонига оро кирди. Келаси ҳаж мавсумига борган мусулмонлар ичида Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу ҳам бор эди. Мадиналик мусулмонлар «Ақаба»да Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кечаси яширин учрашадиган бўлишди. Тўпланиб бўлиб қарашса, етмиш уч эркак ва икки аёл–Насиба бинти Каъб ва Асма бинти Амр ибн Адийлар келган экан. Ҳаммалари тўпланиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кута бошлашди. Бир вақт у Зот келаётганлари аниқ бўлди. Ёнларида бир киши ҳам бор эди. Яқин келганида у киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос экани маълум бўлди. Орада мулоқот бўлди. Мусулмонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан нимани талаб қилсалар, ўшанга тайёр эканликларини билдиришди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улар ичидан ўн иккита нақиб сайлашни сўрадилар. Улар ўн икки кишини танлашди. У Зот нақибларга: «Сизлар ўз қавмингизга худди Ийсо ибн Марямнинг ҳаворийлари кафил бўлгандек кафилсизлар. Мен ўз қавмимга кафилман», дедилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Қуръон тиловат қилдилар, Аллоҳга даъват, Исломга тарғиб қилдилар ва: «Аёлларингиз ва болаларингизни нимадан ҳимоя қиладиган бўлсангиз, мени ҳам ўшандан ҳимоя қилишингиз шарти ила сизларнинг байъатингизни қабул қиламан», дедилар. Баро ибн Маърур Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларини олиб, биринчи бўлиб байъат қилди. Кейин ҳамма бирма-бир байъат қилиб чиқди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: «Энди келган жойларингга бораверинглар», дедилар. Ана шу тарзда Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу Ислом тарихидаги энг машҳур учрашувлардан бирининг қатнашчиси деган шарафга муяссар бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб келганларида Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу ва қабиладошларининг эшиклари муҳожирларга кенг очилган эди. Улар мол-мулкларини ҳам муҳожирларга миннатсиз тутишди. Вақти-соати етиб, инсоният тарихи ғилдирагини бошқа томонга буриб юборувчи ва ҳал қилувчи Бадр жанги куни ҳам келди. Тиш-тирноғигача қуролланган, сон жиҳатидан бир неча марта кўп душман билан тўқнашув аён бўлиб қолди. Жангга тайёрланиш жараёнида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларига маслаҳат солдилар. Бир неча киши ўз фикрини айтди. Сўнгра Миқдод ибн Амр туриб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳнинг амрига юраверинг, биз сиз биланмиз. Биз Бани Исроилга ўхшаб: «Сен ва Роббинг улар билан урушаверинглар, биз эса бу ерда ўтириб турамиз», демаймиз. Сиз ва Роббингиз  уларга қарши уруш қилинглар, биз ҳам сизлар билан бирга жанг қиламиз. Сизни ҳақ ила юборган Аллоҳга қасамки, бизни Баркул Ғимодга (Яманнинг чеккасидаги бир жой) бошласангиз ҳам, кетаверамиз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хурсанд бўлиб, унинг ҳақига яхши дуолар қилдилар. Шу билан бирга, Расулуллоҳ ансорийлар фикрини ҳам эшитишни хоҳладилар. Пайғамбар алайҳиссалом улар фақат шаҳар ичидагина менга ёрдам беришса керак, деб ўйлар эдилар. Чунки улар ҳижратдан олдинги иккинчи «Ақаба» байъатида Расулуллоҳни ўзлари ва болаларини ҳимоя қилгандек ҳимоя этишга ваъда беришган эди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ: «Эй одамлар, менга маслаҳат беринглар!» дея яна бир бор нидо қилдилар. Шунда Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу туриб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Сиз бизни назарда тутяпсиз, шекилли?» деб сўради. Пайғамбаримиз: «Шундай», деб жавоб қилдилар. Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу: «Ўзингизга ваҳий қилинган ишдан бошқасига дуч келиб қолганга ўхшайсиз. Биз сизга иймон келтирганмиз, сизни тасдиқ этганмиз. Сиз келтирган нарсани ҳақ деб шаҳодат берганмиз. Сизга қулоқ осиб, итоат қилишга аҳду паймон берганмиз. Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, нимани хоҳласангиз, шуни қилаверинг. Сизни ҳақ ила юборган Аллоҳга қасамки, агар бир денгизни кўрсатиб, унга шўнғисангиз, биз ҳам орқангиздан битта қолмай шўнғиймиз. Кимни хоҳласангиз, ёнингизга олинг, хоҳламаганингиздан узоқ бўлинг. Мол-мулкимиздан ҳам истаганингизча олаверинг. Сиз олган молимиз ўзимизда қолганидан кўра суюклироқдир. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, бу йўлдан ҳеч юрганим йўқ, нима бўлишини ҳам билмайман. Аммо эртага душманга йўлиқишдан қўрқмаймиз. Уруш вақтида сабр қиламиз. Тўқнашув пайтида Сизга содиқмиз. Шоядки, Аллоҳ бизга кўзингизни қувонтирадиган ишларни насиб этса. Тўғри, баъзи қавмларимиз ортда қолди. Уларнинг Сизга бўлган муҳаббати бизникидан кам эмас. Сизга бўлган итоатимиз уларникидан кучли эмас. Аммо улар карвон учун кетилмоқда, деган ўй билан чиқмай қолишди, холос. Сизга бир соябон қуриб, уловларингизни ўша ерга тўплайлик. Сўнгра душманга рўбарў бўлайлик. Агар Аллоҳ бизни азиз қилиб, душманимиз устидан ғолиб қилса, хўп яхши. Агар иш бошқача бўлса, унда туяларга минасиз-да, ортимизда қолганларга етиб оласиз», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам севинганларини билдириб: «Эй Саъд! Аллоҳ бундан ҳам яхши ҳукм қиладими?!» дедилар. Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳунинг сўзи тамом бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қани, Аллоҳ баракоти билан, юринглар! Аллоҳ менга икки тоифадан бирини ваъда қилди. Аллоҳга қасамки, мен у қавмнинг йиқиладиган жойларини кўраётгандекман», дея мужда бердилар. Одамлар жангга дуч келишларини, улар қасд қилган карвон аллақачон ўтиб кетганини англашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари қалбларда нусрат келишига ишонч туғдирди. Мана шулардан ҳам Бадр жанги куни Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу қанчалар аҳамиятли ишни амалга оширганини билиб олсак бўлади. Ўша куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам байроқ тикишга амр этдилар. Байроқлар учта эди. Бирини Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу кўтариб юрди. Қолган иккитасининг ранги қора бўлиб, уларни Али ибн Абу Толиб ва Саъд ибн Муъозлар кўтаришди. Ислом тарихидаги энг биринчи ва энг аҳамиятли жангда мусулмонларнинг байроқдори бўлиш шарафи Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳуга насиб этгани ҳам у Зотнинг ким эканларини яна бир бор намоён қилмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар душман томон юриб бориб, ўша ердаги қудуқ ёнига жойлашишга қарор қилишди. Қудуқ ёнига жойлашганларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хурмо шохлари ва пўстлоғидан бир қароргоҳ−капа қурилди. Унинг эшиги олдида Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу қиличини яланғочлаб, қоровулликда турди. Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга капа қуриш ва у Зотни қўриқлаб туриш фикри ҳам Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳунинг ўзидан чиққан эди. Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу ўта сахий одам эди. У, айниқса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хурсандчиликлари учун ҳеч нарсани аямас эди. Бу ҳолни ҳазрати Али ва Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳумонинг тўйлари кунидаги ҳодисадан ҳам билиб олсак бўлади. Тўй кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам куёв бўлмиш Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳуга: «Эй Али, келинга бир тўй ҳам қилиш керак», дедилар. Шунда Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу: «Менда бир қўчқор бор!» деди. Ансорийлардан бир гуруҳи бир неча соъ жўхори жамлаб келди. Ана ўша нарсалардан тўй зиёфати уюштирилди. Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу уйида ҳам тез-тез зиёфат уюштириб турар эди. Ўша зиёфатларда у киши ҳурматидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам иштирок этар эдилар. Имом Ибн Можа Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Муъозникида ифтор қилдилар ва сўнгра: «Афтора индакум ас-соимуун ва акала таомакум ал-аброр ва соллат алайкум ал-малоика», яъни «Ҳузурингизда рўзадорлар ифтор қилишди, таомингизни яхшилар ейишди ва фаришталар сизга салавот айтишди», дедилар». Ушбу дуо мусулмонлар учун суннат бўлиб қолди. Улар бирорталариникида зиёфатда бўлишсалар, албатт, ушбу дуони ўқишади. Уҳуд урушида эса мусулмонлар катта синовга учрашди. Камончилар томонидан йўл қўйилган хато туфайли қуршовда қолганлар тум-тарақай бўлиб қоча бошлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнларида оз сонли кишиларгина собит турди. Ўша оз сонли баҳодирларнинг бири Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу эди. У киши белни маҳкам боғлаб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни душмандан мардонавор ҳимоя қилди. Ибн Абу Шайба Амр ибн Шураҳбийл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳуга Хандақ куни ўқ текканда унинг қони Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга оқа бошлади. Абу Бакр розияллоҳу анҳу келиб: «Вой, белим синибди-ку!» дея бошлади. «Жим тур, эй Абу Бакр!» дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. Сўнгра Умар розияллоҳу анҳу келиб: «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!» деди». Муслим ва Абу Довудлар Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилишади: «Саъд ибн Муъоз билагидаги томиридан ярадор бўлди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қўллари билан мишқосни қиздириб босдилар. Сўнгра унинг қўли шишиб кетган эди, У Зот иккинчи бор яна қиздириб босдилар». «Мишқос» қиздириб ярага босиладиган асбоб. Аҳзоб урушида  улкан саҳобий Саъд ибн Муъоз билакларидаги қон томирларига ўқ тегиб қаттиқ яраланганлар. У кишининг ҳурматларидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам беморга ўзлари қараганлар ва ушбу ривоятда баён қилинганидек, даволаш ишларини ҳам шахсан ўзлари олиб борганлар. Қон оқиб турган томирга иссиқ нарсани босиб қонни тўхтатиш ўша вақтдаги бирдан-бир услуб эди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ярадор Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳуни масжиди Набавийга чодир қуриб, ўша ерга ётқизишга амр қилдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бемор Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳуга доимо ўзлари қараб туришлари учун шундай қилган эдилар. Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу масжидда бемор ётган ҳолида Аллоҳ таолога илтижо билан қуйидаги дуони қилди: «Эй Аллоҳим! Агар Қурайш билан бўладиган урушдан бирор нарсани қолдирган бўлсанг, мени ҳам ўша учун қолдиргин. Чунки мен учун Расулингга озор берган, у Зотни ёлғончига чиқарган ва ҳайдаган қавмга қарши жанг қилишдан севимлироқ иш йўқ. Эй Аллоҳим! Агар биз билан уларнинг орасида урушни аритган бўлсанг, менга бугун етган мусибатни шаҳидликка йўл қилгин! Мени Бани Қурайзадан кўзим тўймагунча ўлдирмагин!» Аллоҳ таоло Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳунинг аввал Бани Қурайза ҳақидаги дуоларини қабул айлади. Саъд ибн Муъоз Бани Қурайза ғазотидан кейин вафот этди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Саъднинг ўлимидан Арш титради», дедилар.

АҲМАД тайёрлади




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ