Ансорларнинг мусулмон бўлиши

3 йил аввал 1938 siyrat.uz

Ибн Исҳоқ: Аллоҳ ўз динини изҳор этиш, Пайғамбарига куч бағишлаш ва унга бўлган ваъдасини бажо келтиришни хоҳлаганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ ансорлар билан юзлашган мавсумда, ҳар мавсумда бўлганидек, араб қабилаларига ўзларини арз этдилар. У Зот Ақабада Аллоҳ яхшилик истаган хазражликлардан бир гуруҳига дуч келдилар.

Ибн Исҳоқ: Осим ибн Умар ибн Қатода қавмининг олимла­ридан менга шундай ривоят қилди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар би­лан учрашганларида: «Сизлар кимсизлар?» – деб сўрадилар. Улар: «Хазраж гуруҳимиз», – дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна: «Сизлар яҳудийларнинг дўстлариданмисиз?» – дедилар. Улар эса: «Ҳа», – дей­ишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўтирмайсизларми, сизга айтадиган гапла­рим бор», – дедилар. Улар: «Хўп», дея расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтиришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни Аллоҳга иймон келтиришга даъ­ват этиб, Қуръон тиловат қилиб бердилар. (ровий) деди: Аллоҳнинг лутф ва инояти туфайли уларнинг мусулмон бўлишларига яҳудийлар билан бир юртда яшаганлари сабаб бўлди. Яҳудийлар аҳли китоб ва илм аҳли бўлиб, булар эса мушрик ва бутпараст эдилар. Юртларини жанг билан забт этган эдилар. Агар ораларида бирон келишмовчилик юзага келиб қолса, яҳудийлар: «Яқинда бир Пайғамбар юборила­ди, бунга жуда яқин қолди. Биз унинг динига эргашамиз ва у билан сизни, Од ва ирам қавмларини ўлдиргандек, ўлдирамиз», – дейи­шарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хазражлик гуруҳ билан гаплашиб Аллоҳга иймон келтиришга чақирганларида бир-бирларига: «Эй қавм, Аллоҳга қасамки, бу одам ҳақиқатан ҳам яҳудийлар айтиб қўрқитадиган Пайғамбардир. Улар асло биздан олдин у билан кўришмасинлар, яъни мусулмон бўлмасинлар», – дейишди. Дарҳол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватларини қабул қилиб, уни тасдиқлаб, ўзларига арз этилган Ис­ломни қабул қилдилар. Улар: «Биз қавмимизни ташлаб келганмиз. Ораларидаги адоват ва ёмонлик бошқа ҳеч бир қавмда йўқ. Умид қиламизки, Аллоҳ Сиз билан уларни бир жойга жамлайди. Қавмимиз олдига бориб, уларни ҳам Сизнинг динингизга чақирамиз. Бу диндан биз қабул қилган нарсаларни уларга ҳам қабул қилишлари учун бил­дирамиз. Агар Аллоҳ уларни бу дин атрофида жамласа, Сиздан кўра кучлироқ одам бўлмайди», – дейишди.

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан айрилдилар. Энди улар иймон келтириб, уни тасдиқлаган ҳолда юртларига қайтар эдилар.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ