Саҳобалар

Ҳудайр

8 ой аввал 2743 siyrat.uz

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча аскарни бир топшириқ билан жўнатдилар. Улар ичида Ҳудайр исмли саҳоба ҳам бор эди. Ўшанда очарчилик бўлиб, одамларда овқат камайиб кетган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аскарларнинг барчасини овқат билан таъминладилар-у, лекин Ҳудайрга овқат беришни унутиб қуйдилар. Аммо Ҳудайр сабр қилган ҳолида отлар ортидан: «Ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, валҳамду лиллаҳи ва субҳаналлоҳи ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ... Эй Роббим, мана шу менга энг яхши йўл озиғидир», деб сафарга чиқаверди. Шу пайт Ҳазрати Жаброил Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳузурларига келиб: «Роббим мени ҳузурингизга юбориб, Ҳудайрга йўл озиғи беришни унутганингизни ва у айтаётган калималар қиёмат куни ер билан осмон оралиғида қай даражада нур бўлишини ҳамда унга йўл озиғи жўнатишингиз хабарини беришни буюрди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан бир кишини чақириб, унга Ҳудайрнинг йўл озиғини бердилар-да: «Агар унинг олдига етиб борсанг, у нима деётганини ёдлаб ол, йўл озиқ-овқатини топшираётганингда ҳам нима деётганини ёдлаб ол, Расулуллоҳ сенга салом айтдилар, дегин ҳамда унга овқат беришни унутганимни ва Аллоҳ Жаброил алайҳиссаломни юбориб, уни эслатганини, қиёматдаги нурнинг қандай бўлиши хабарини берганини айтгин», дедилар. Юборилган киши Ҳудайрнинг олдига келганида Ҳудайр бояги сўзларни айтиб кетаётган эди. Кейин унга яқин келиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга салом айтдилар ва мени сенга йўл озиғи билан юбордилар, чунки аввал беришни унутган эканлар. Аллоҳ Жаброил алайҳиссаломни осмондан юбориб, буни эслаттирибди», деди. Шунда Ҳудайр Аллоҳга ҳамду сано ва Расулуллоҳга салавот айтди-да, сўнгра: «Оламлар Рабби Аллоҳга ҳамд булсин. Роббим етти осмон тепасидан, Аршининг юқорисидан туриб очлигим ва заифлигимга раҳм қилибди. Эй Роббим, Сен Ҳудайрни унутмаганингдек, Ҳудайрни ҳам Щзингни унутмайдиган қилгин», деди. Юборилган киши Ҳудайр айтган сўзларни ёдлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар берган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : «Агар бошингни осмонга кўтарганингда у айтган сщзлар ер билан осмон оралиғида нур каби таралиб турганини кщрар эдинг», деб марҳамат қилдилар.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ