Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишларига хурсанд бўлишнинг мукофоти

3 йил аввал 2343 siyrat.uz

Урва ибн Зубайр айтади: «Сувайба Абу Лаҳабнинг чўриси эди, Абу Лаҳаб уни озод қилди. Сувайба Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни эмизган. Абу Лаҳаб ўлганидан сўнг оила аъзоларидан бири (ота бир, она бошқа укаси Аббос розияллоҳу анҳу) тушида Абу Лаҳабни жуда ёмон бир аҳволда кўрди ва: «(Ўлимдан сўнг) нима топдинг?» деди. Абу Лаҳаб: «Сизлардан кейин (роҳат-фароғат) топмадим, фақат Сувайбани озод қилганим учун менга мана бунда сув берилди», деб қўлининг бош бармоғи билан кўрсатгич бармоғи орасидаги чуқурчага ишора қилди»[1]. Суҳайлий айтади: «Аббос розияллоҳу анҳу: «Абу Лаҳаб ўлганидан бир йил ўтиб, тушимда уни ёмон аҳволда кўрдим», деди. Абу Лаҳаб: «Сизлардан кейин роҳат топмадим, фақат ҳар душанба куни мендан азоб енгиллатиляпти, озайтириляпти, холос», деди». Бунинг сабаби, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба куни туғилганлар ва Сувайба Абу Лаҳабга жиянли бўлгани ҳақида хушхабар келтирганида, суюнчисига уни озод қилиб юборган эди»[2]. Бу иккала ривоятда кофир кишининг яхши иши охиратда фойда беришига ишора бор. Лекин Урва ибн Зубайрнинг ривояти «мурсал» (санадидан саҳоба тушириб қолдирилган), яъни Урва раҳматуллоҳи алайҳи тобеинлардан бўлиб, мазкур ҳадисни айтиб берган саҳобани зикр қилмасдан, тўғридан-тўғри Пайғамбаримиздан ривоят қилган. Хўп, «мавсул»[3] бўлган тақдирда ҳам ҳадисдаги хабар тушдир, қолаверса, туш кўрувчи ўша пайтда ҳали мусулмон бўлмаган бўлиши эҳтимоли ҳам бор[4]. Қолаверса, бу иккала ривоят ҳам Қуръони карим оятларининг зоҳирига тўғри келмайди. Масалан, Аллоҳ таоло айтади: «Биз (кофирлар) қилган ҳар бир (яхши) амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўйгандирмиз»[5]; «Кофир бўлган кимсалар учун жаҳаннам олови бордирки, на уларга (иккинчи бор ўлиш) ҳукм қилиниб, ўла олурлар ва на улардан (жаҳаннам) азоби енгиллатилур. Биз ҳар бир кофирни мана шундай жазолармиз»[6]; «Дўзахдаги кимсалар жаҳаннам қўриқчиларига: «Парвардигорларингга дуо қилинглар, бизлардан бирон кунлик азобни енгиллатсин», деб ёлворганларида, улар айтдилар: «Ахир сизларга пайғамбарларингиз очиқ ҳужжатлар билан келмаганмидилар?!» Улар: «Ҳа, (келган эдилар, лекин биз уларни ёлғончи қилган эдик)»  дедилар. (Шунда фаришталар уларга) айтдилар: «У ҳолда ўзларингиз дуо-илтижо қилаверинглар. Кофирларнинг дуо-илтижолари фақат залолатдадир (яъни бефойдадир)»[7]. Ушбу оятлар билан юқоридаги ривоятларни бир-бирига қандай боғлаймиз? Мазкур оятлардаги ҳукмлар умумий бўлиб, барча кофирларга тегишлидир. Пайғамбаримизнинг амакилари Абу Толиб билан Абу Лаҳаблардан азобнинг енгиллатилиши эса Пайғамбаримизнинг ўзларига хос бўлиб, бу имтиёз у Зотнинг шафоатлари ва шарофатларидандир. Маълумки, Пайғамбаримизнинг хос шафоатлари туфайли амакилари Абу Толиб дўзахнинг чуқур-тубидан саёз жойига олиб чиқилгани ва куфрдан бошқа гуноҳлари учун бериладиган азобнинг енгиллатилгани ҳақидаги ривоят маълум ва машҳурдир[8]. Мана шу саҳиҳ далил Абу Лаҳаб ҳақидаги ривоятларга қиёс бўлиб, уларни қўллаб-қувватлайди. Модомики, Абу Толиб Пайғамбаримизга ёрдам берган ва у Зотни ҳимоя қилган экан, унга гуноҳлари учун бериладиган азоб Абу Лаҳабникига қараганда енгилроқ бўлиши ривоятлардан маълум! [9] Абдул Азим ЗИЁУДДИН.
[1] «Саҳиҳул Бухорий», 3-жуз, «Никоҳ» китоби, 20-боб, 5101-ҳадис таълиқи-изоҳи.
[2] Абдур Раҳмон Суҳайлий, «Ар-равзул унф фи шарҳис сийратин набавия ли Ибни Ҳишом» (5/123); Бадриддин Айний, «Умдатул қорий шарҳу саҳиҳил Бухорий» (29/242); Ибн Ҳажар Асқалоний, «Фатҳул Борий» (9/256).
[3] «Мавсул» – санади бошидан охиригача бир-бирига боғланган ривоят.
[4] «Фатово ва истишоротул ислом ал-явм» (13/504). Пайғамбарнинг туши бўлса ёки азон масаласи каби саҳобанинг Пайғамбаримиз тасдиқлаган туши бўлса, бошқа гап.
[5] Фурқон сураси 23-оят.
[6] Фотир сураси 36-оят.
[7] Ғофир сураси 49 – 50-оятлар.
[8] «Саҳиҳул Бухорий» (3670, 3672, 5855, 6196 ва 6203-ҳадислар); «Саҳиҳи Муслим» (357 ва 360-ҳадислар).
[9] Бадриддин Айний Ҳанафий, «Умдатул қорий шарҳу саҳиҳил Бухорий» (29/240-242); Ибн Ҳажар Асқалоний Шофеъий, «Фатҳул Борий шарҳу саҳиҳил Бухорий» (9/256-259); Ибн Касир, «Ал-бидоя ван ниҳоя»(2/53); Шайх Сулаймон ибн Муҳаммад Ҳанбалий, «Ийқозул афҳом фи шарҳи умдатил аҳком» (6/27).
 



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ