Мислсиз қаҳрамонликлар

7 йил аввал 1306 siyrat.uz

Уҳуд урушида мусулмонлар мисли кўрилмаган жасорат ва фидокорлик намуналарини кўрсатдилар. Камончилар ўз жойларини тарк этиб, кофирлар мусулмонларни ўраб олиб, Муҳаммад қатл этилди, деган овоза тарқаб, ҳамма тумтарақай бўлган пайтда Пайғамбаримиз алайҳиссалом душман ичида ёлғиз қолдилар. Шу пайт Умму Аммона Насиба бинти Каъб ал-Мозания исмли саҳобия аёл Расули акрам алайҳиссолату васалламни ҳимоя қилиб, душман билан қаттиқ жанг қилди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломга яқинлашиб қолган мушрик Умар ибн Қумаунга бир неча марта қилич урди. Аммо у иккита совут кийиб олган экан, ўтмади ва Умму Аммонанинг сийнасига қилич солиб, қаттиқ ярадор қилди. Сўнгра Абу Дужона розияллоҳу анҳу келиб, Расули акрам алайҳиссалоту васалламни танаси билан тўсиб турди. Ўқ келиб унга тегар, у бўлса, қимирлаб ҳам қўймас эди. Пайғамбар алайҳиссаломни жонфидолик билан ҳимоя қилар эди. Уҳуд урушининг иштирокчиларидан ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ бундай ҳикоя қиладилар: «Уҳуд уруши куни Расулуллоҳ одамлардан ажраб ёлғиз қолганларида, мен биринчилардан бўлиб, у киши томон юрдим. Қарасам, бир одам у кишининг олдиларида ҳимоя қилиб уруш қилмоқда: «Толҳа бўлса эди. Отам ҳам, онам ҳам унга фидо бўлсин! Толҳа бўлса эди. Отам ҳам, онам ҳам унга фидо бўлсин!» деб бориб турсам, орқамдан Абу Убайда худди қушдек учиб келиб қолди. Биргалашиб етиб борсак, Расулуллоҳнинг олдиларида Толҳа йиқилиб ётган экан. Расули акрам алайҳиссолату васаллам: «Биродарингизга қаранг, у ҳақлидир», дедилар. Шу пайт Пайғамбар алайҳиссаломнинг ёноқларига бир нарса келиб тегиб, дубулғанинг ҳалқасини киритиб юборди. Уни Пайғамбар алайҳиссаломдан чиқариб олиш учун борган эдим, Абу Убайда: «Аллоҳ хайрингни берсин, Абу Бакр, менга қўйиб бер», деди ва оғзи билан у кирган нарсани чиқара бошлади. Пайғамбар алайҳиссаломга озор бермаслик учун тиши билан чиқаришга ҳаракат қилди ва чиқариб олди. Абу Убайданинг олд тиши тушди. Сўнгра мен кейингисини олишга уринган эдим, Абу Убайда яна: «Абу Бакр, Аллоҳ хайрингни берсин, менга қўйиб бер», деди. Яна тиши билан чиқариб олди. Абу Убайданинг яна бир тиши тушди. Кейин Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Биродарингизга қаранглар, у ҳақлидир», дедилар. Биз Толҳанинг жароҳатларига қарай бошладик. Унга ўндан ортиқ ўқ, қилич, найза теккан экан. Шу пайт Али каррамаллоҳу важҳаҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг яраларини ювгани сув топиб келди. У қуйиб турди, Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳо ювди. Қоннинг тўхтамаётганини кўрган Фотима бўйрадан бир бўлак олиб, куйдириб, ярага босди, қон тўхтади. Бундан аввалроқ Абу Саид ал-Худрийнинг отаси Молик Расулуллоҳнинг яраларини сўриб тозалаган эди. Унга Пайғамбар алайҳиссалом, тупур, девдилар, ҳеч-ҳеч тупурмайман, деб йўлида равона бўлди. Шунда Расули акрам алайҳиссолату васаллам: «Ким аҳли жаннат одамни кўрмоқчи бўлса, анавинга қарасин», дедилар. Ўша куни Расулуллоҳ алайҳиссолату васалламни ҳимоя қилиб, етти киши шаҳид бўлди. Мусибат енгиллашганда Пайғамбар алайҳиссалом қаттиқ чарчаган эдилар. Тоққа чиқиб кетаётганларида мушриклар ортларидан қувиб келишарди. Бир тошга чиқа олмай қолдилар. Саҳобалардан бири тош тагига ўтириб турди, у киши чиқиб олдилар. Намоз вақти бўлган эди, ўтириб намозга ўтдилар». Ўша куни муслима аёллар ҳам мисли кўрилмаган қаҳрамонликлар кўрсатдилар. Оиша онамиз билан Умму Сулайм розияллоҳу анҳумо орқаларида кўзада сув кўтариб келиб тинмай мужоҳидларга тутар эдилар. Умму Сулайм розияллоҳу анҳо эса уларга кўзани тўлғизиб бериб турар эдилар. Мусулмонлар жангдан сўнг қайтаётганларида бани нажжорлик бир аёлнинг олдидан ўтдилар. Унга эри, акаси ва отасининг шаҳид бўлганликлари хабарини бердилар. У бўлса тинмай: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нима бўлди?» деб сўрар эди. Одамлар: «Аллоҳга ҳамд бўлсин, у Зот яхшилар, сен хоҳлагандеклар», дедилар. Аёл: «У Зотни менга кўрсатинглар», деди. Одамлар у Зотга ишора қилдилар. Аёл у Зотни соғ-саломат кўрганидан кейин: «Сиздан кейин барча мусибат арзимас нарсадир», деди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ