ИСЛОМ ХАЛИФАЛИГИ

7 йил аввал 956 siyrat.uz

 

5. Усмонли халифалиги

(м. 1517-1924 йй.)

Миср Аббосийларининг сўнгги ўн еттинчи халифаси Учинчи Мутаваккил Алаллоҳ Миср фотиҳи Ёвуз Султон Салим билан бирга Истанбулга кетди. Аё Софиё жомеъида ғоят муҳташам бир мажлис ўтказилди. Бу йиғилишга Турк уламоси ва Араб уламоси (Миср-Азҳар уламоси) қатнашди. Мутаваккил жомеъда минбарга чиқди. Бир хутба ўқиди. Султон Салимнинг салоҳиятини тушунтирди. Халифаликка лойиқ эканини айтди. Устидаги кийимини (Расмий ҳирқани) Султон Салимга кийдириб, халифаликни ўз хоҳиши билан тарк этганини очиқ-ойдин маълум қилди. Уламо мажлиси Султон Салимни халифа этиб сайлади. Шаҳомат қиличини унга топширди. Усмонли подшоҳларига қилич тақиш (тақлийди сайф) маросими шундан қолган эди25. У пайтгача халифалар араб сулоласидан тайинланарди. Энди араб халифалиги тугаб, Турк халифалиги бошланди (м. 1517).

Ёвуз Султон Салим Биринчининг халифа бўлиши билан салтанат ва халифалик бир шахсда, бир сулолада қайта бирлашди. Усмонли подшоҳлари Туркия ичида Усмонлиларнинг подшоҳи, аммо Туркия ичида ҳам, ташқарисида ҳам бутун мусулмонларнинг халифаси бўлди.

Шу сабабдан ҳукумат идорасида Усмонли подшоҳларининг икки хил вакили бўларди: бири - Садри Аъзам, иккинчиси - Шайхулислом. Садри Аъзам (Бошвакил) давлат ишларини қилар, подшоҳларнинг салтанат мумассили эди. Шайхулислом эса подшоҳларнинг халифалик сифатини тамсил этар, мусулмонларнинг дин ва ҳуқуқ ишларига қарар эди.

1517 йилдан бошлаб то халифаликнинг бекор қилингунига қадар (1924 йил 3 март) Ислом халифалиги Усмонли подшоҳларида қолди.

Жўржи Зайдон Ислом маданиятини иккига ажратиб дейдики:26 "Биринчи давр ҳақиқий Ислом маданияти давридир. Ислом туғилиши билан бошланади (м. 610), Аббосийларнинг Ироқдан чекиниши, Ислом мамлакатларининг орқага кетиши ва мўғуллар томонидан истило этилиши билан тугайди (м. 1258).

Иккинчи давр исломий уйғониш даври бўлди. Ислом мамлакатлари орқага кетганидан сўнгра бир томондан Усмонлиларнинг зуҳури ила суннийларнинг бирлаштирилиши ва Ислом халифалигининг жонлантирилиши (1517) ва бошқа томондан Сафавий давлатининг қурилиши шиийларнинг тўпланиши билан туғилди".

Ҳақиқатан шундай эди. Бу иккинчи даврда Ислом маданияти ҳам Онадўлида, ҳам Эронда қайтадан жонланди.

Усмонлилар бир Ислом давлати сифатида Ислом маданиятини ўн тўртинчи юз йилликдан йигирманчи асрнинг бошигача яшатишди. Сафавийлар эса бу маданиятни ўн саккизинчи асрнинг охиригача олиб боришди.

Усмонли давлати Онадўли Салжуқ султонлиги устида қурилган Турк-мусулмон бекликларидан бири эди. Усмонли беклигининг истиқлолини таъмин этган Усмон Бей бўлди. Усмон Бей ўғуз туркларидан, Бўзўқ уруғидан, Қайи (Қоя) тармоғидан эди.

Усмонли давлати Онадўлида, Мармара воҳасида ўн учинчи асрнинг охирларида бир беклик ўлароқ қурилиб (м. 1299), йигирманчи асрнинг бошида буюк бир императорлик ҳолидалик пайтида йиқилди (м. 1920).

Усмонли давлатининг бошидаги "Усмон ўғли сулоласи" ўттиз саккиз подшоҳ ва бир халифадан иборатдир. Булардан ўнтаси фақат подшоҳ, йигирма саккизтаси ҳам подшоҳ, ҳам халифа, бири фақатгина халифа эди.

Илк подшоҳ ўози Усмон Бейдан (м. 1299) Ёвуз Султон Салим Биринчига қадар (м. 1517) келган подшоҳлар Усмонлиларнинггина подшоҳи эди. Биринчи Турк халифаси Ёвуз Султон Салимдан (м. 1517) олтинчи халифа Меҳмед Воҳиддудингача (м. 1922) бўлган подшоҳлар эса ҳам Усмонлиларнинг подшоҳи, ҳам бутун мусулмонларнинг халифаси эди. Фақатгина халифа бўлган киши эса Абдулмажид Афанди эди. Анқарада Туркия Буюк Миллат Мажлиси қабул қилган бир қонун билан салтанат 1920 йил 16 мартидан бошлаб бекор қилингач, подшоҳлик билан халифалик бир-биридан айрилди. Султон Абдулазиз ўғли Абдулмажид Афанди Буюк Миллат Мажлиси томонидан халифаликка сайланди. Халифалик тугатилгунга қадар (1924 йил 3 март) бу мақомда қолдирилди. Ташкил топганидан тугатилган вақтгача Усмонли Туркия беш даврдан ўтди: Қурилиш даври (м. 1299-1453); Юксалиш даври (1453-1683); Орқага кетиш даври (1683-1792); Янгилик ва йиқилиш даври (1792-1920).

Биринчи давр Усмонли Туркиясининг қурилиш даври бўлиб, у илк подшоҳ Усмон Бейнинг истиқлолни эълон этиши билан бошланди (1299) ва Истанбулнинг фатҳига қадар келди (1453). Юз эллик йил давом этган қурилиш даврида давлат бир беклик эди.

Фотиҳ Султон Иккинчи Меҳмед Хон Истанбулни олди. Минг йиллик Византия императорлигини тугатди. Усмонли беклиги бир императорлик шаклига кирди. Юксалиш даври деб аталувчи иккинчи давр порлади. Сўқуллунинг ўлимигача, бир асрдан кўп вақт яшади (1579).

Буюк вазир Сўқуллу Меҳмед Пошонинг ўлими билан Усмонли давлати тўхталиш даврига қадам қўйди. Усмонли Туркиясининг бу даври Вияна турклар томонидан иккинчи марта муҳосара қилингунга қадар давом этди (1683). Бир асрлик даврнинг тарихий номи бўлди.

Вияна олдида Садри Аъзам марзифонлик Қора Мустафо Пошо бузғунчиликка учради. Давлатда "орқага кетиш" даври бош кўрсатди. Бу давр подшоҳлик Туркиясининг тўртинчи даври бўлди. "Ёш" тинчлик онтлашмасига қадар судралиб келди (1792). Бир асрдан зиёд давом этди.

Ўрислар билан тузилган "Ёш" муоҳадасидан кейин Туркия ислоҳотга киришди. Подшоҳликнинг сўнгги даври бўлган "Янгилик ва йиқилиш даври" шу тариқа очилди. Салтанатнинг тугатилиши билан ёпилди (1920).

14,15 ва 16-асрларга "Қурилиш ва юксалиш асрлари", 17-юз йилликка "Тўхталиш", 18-асрга "Орқага қайтиш асри" дейилган бўлса, 19 ва 20-юз йиллар императорликнинг "Янгилик ва йиқилиш асри" бўлди.

Кўриняптики, Усмонли давлати қурилганидан йиқилишигача турли даврларни бошидан кечирди, олти асрдан кўп яшади. Усмонли давлати бир Мусулмон-Турк давлати эди. Онадўлида ўттизга яқин ҳар хил турк ва мусулмон бекликлари бор эди. Бу бекликларни бир идора остида тўплаш, Онадўлида "Турк бирлиги" қуриш миллий бир вазифа эди. Бу миллий вазифани бажариш йўлида Усмонли турклари кўп саъй-ҳаракат кўрсатдилар. Усмон Бейнинг истиқлолидан Истанбулнинг фатҳигача бир ярим аср давом этган Қурилиш даврида Турк бирлиги икки марта қурилди. Энг аввал Онадўли бекликларини тугатишга муваффақ бўлган Усмонлиларнинг тўртинчи хоқони Йилдирим Боязид эди. Аммо Самарқанд ҳукмдори Амир Темур билан Эдирна подшоҳи Султон Боязид ўртасида чиққан Анқара жангги (1492) Усмонлилар қурган бу илк бирлик биносини йиқитди. Онадўлида бекликлар қайтадан майдон олди. Мамлакатда "Бебошлик даври" деб ном олган ички бошбошдоқликлар бошланиб кетди. Анқара жангидан сўнгра иккинчи дафъа Онадўлида Турк бирлиги Истанбул фотиҳи Султон Иккинчи Меҳмед Хон томонидан қурилди. Султон Меҳмед Истанбулни олгандан кейин Туркиянинг Онадўлида ва Рум элида бир императорлигини шарқда, жанубда кенгайтирди. Қонуний Султон Сулаймон даврида Турк императорлиги энг юксак нуқтасига етишди. Усмонли подшоҳлиги моддий борлиғи ва маънавий маданияти билан ўзини бутун дунёга танитди.

Ўн тўртинчи асрда содда ва оддий бир бекликдан иборат бўлган Усмонли давлати ўн бешинчи асрда бир императорлик ҳолига келган, ўн олтинчи юз йилликда эса бу императорлик жуда кенгайган эди. Чегаралари шарқда Эронга ва Ҳазар денгизигача; ғарбда Адриятик денгизи ва Мароқашгача; шимолда Украинанинг ўртаси ва Полшагача; жанубда Ҳабаш эли ва Адан кўрфазигача чўзилган эди. Уч қитъага - Оврупага, Осиёга, Африқога ёйилди, порлоқ ва шарафли даврлар яшади.

Турк обрў-эътибори Оврупа сиёсатига ҳоким бўлди; Оқ денгизда Турк денгиз флотига қарши турадиган ҳеч бир ҳарбий куч қолмаганди. Қора денгиз Туркиянинг бир ички денгизи ҳолини олди. Оврупада сарват, қувват ва ҳудуд жиҳатидан Туркиядан устун кела оладиган бирор давлат йўқ эди. Ўн еттинчи асрда Усмонли ҳудудлари уч қитъада олти милён квадрат километрдан ошарди. Бугунги Оврупанинг деярли ярми эди. Қадимги манбаларимиз Усмонли мамлакатларида аҳолимизнинг Қонуний Султон Сулаймон даврида юз ўн милён (ўн еттинчи юз йилликда); Садри Аъзим Кўпрулзода Фозил Аҳмад Пошо замонида эса юз эллик милён бўлганини қайд этади27.

Лекин Усмонли мамлакатларида яшаган бу милёнларча инсонлар айни уруғ ва айни диндан эмасдилар. Ораларида мусулмонлар ҳам, ғайри мусулмонлар ҳам бор эди.

Усмонли салтанатини подшоҳлар идора қилишарди. Бироқ подшоҳ давлатни идора этаркан, қонунларга, фармонларга, фатволарга, анъаналарга (одатларга) суянарди. Ўз-ўзича иш юритолмасди. Усмонли подшоҳларининг салоҳияти жуда кенг эди. Фақат Ислом дини подшоҳларнинг бу салоҳиятини камайтирди. Ислом динига кўра, подшоҳ бўлмоқ учун "ақлли бўлиш, адолат қилиш" шарти бор. Жинни ва золим подшоҳ тахтидан туширилади, ишига барҳам берилади28.

Усмон уруғидан келган подшоҳларга бек, амир чалабий, хункор, султон, хон, хоқон, ғозий номлари бериларди. Ёвуз Султон Салимдан кейин подшоҳ исмларига "халифалик" сифатида ҳам илова қилинди.

Ўн еттинчи юз йилликкача бир подшоҳ ўлса, ўрнига ўғли ўтар, тантанали бир байъат маросими ўтказилар эди. Бу асрдан бошлаб подшоҳлик ва халифаликни отадан ўғилга эмас, сулола ичидан энг катта шаҳзодага қолдириш усули татбиқ этилди. Подшоҳнинг ўғли эмас, сулоланинг энг каттаси валиаҳд бўларди.

Усмонли халифалигида 14, 15 ва 16-асрлар ташкилот ва маданият асрлари эди. 17, 18 ва 19-юз йилликлар эса бу императорликда ислоҳот ва янгилик асрлари бўлди.

14, 15 ва 16-юз йилларда ташкилот ва маданий жиҳатдан дунё устунлигини қўлида тутган туркларга 17-юз йилликда Оврупа тенглашди, 18-асрда эса Оврупа қаршисида заифлашиб қолди ва бу заифлик императорликнинг сўнггига қадар давом этди.

Ҳурматли тарихчиларимиз Усмонли Турк императорлигининг тўхталиш даврига "Дохилий (ички) тушкунлик даври", орқага қайтиш даврига эса "Хорижий (ташқи) тушкунлик даври" номларини жуда ҳақли равишда беришган29. Чунки 17-юз йилликда ички тушкунлик бошланди. 18-юз йилликда эса у ташқи тушкунликка дуч келинди. Ҳарбий мағлубиятлар, пулсизлик бош кўрсатди. Қўшинни ислоҳ қилиш, давлатни янгилаш масалалари асосий мақсадлардан деб белгиланди. Янгилик ва йиқилиш асри бўлган ўн тўққизинчи ва йигирманчи асрларда Усмонли императорлигида уч хил янгилик ҳаракатлари кўрилди: ислоҳот ҳаракатлари, танзимот ҳаракатлари, машрутият* ҳаракатлари.

Ислоҳотчиларнинг мумассили подшоҳ Салим Учинчи эди. Танзимотчиларники Мустафо Рашид, машрутиятчиларники эса Мидҳад Пошолар бўлди.

Машрутият ҳаракатларини уч босқичда кўрамиз: биринчи машрутият ҳаракати; Абдулҳамид Иккинчи идораси; иккинчи машрутият ҳаракати.

Биринчи машрутият ҳаракати Абдулҳамид Иккинчининг илк даврига (1876), иккинчи машрутият ҳаракати эса унинг сўнгги даврига (1908) тўғри келади. Абдулҳамиднинг шахсий идораси эса бу икки машрутият даврлари орасида алоҳида бир босқич бўлди.

Султон Абдулҳамиднинг ўттиз йил давом этган шахсий салтанат даври отаси Султон Абдулмажид даврида бошланган (1839) танзимот ҳаракатининг давомидан бошқа бир нарса эмас. Чунки танзимот даврида: "Қонунлар ва низомлар олдин давлат шўросининг танзимот доирасида ҳозирланар, сўнгра вакиллар ҳайъатида муҳокама қилинар, ундан кейин подшоҳ идораси ила татбиқ мавқеига қўйилар эди"30.

Туркияда биринчи машрутият ҳаракатига "Янги Усмонлилар" сабаб бўлишди. Иккинчи машрутият ҳаракатини эса "Иттиҳод ва тараққий қўмитаси" тайёрлади (1908). "Иттиҳод ва тараққий" Султон Абдулҳамид Иккинчи идорасини йиқитиш учун қурилган яширин ва сиёсий қўмиталардан энг кучлиси эди. "Иттиҳод ва тараққий қўмитаси"нинг қурилишида Онадўлида ҳаракатга бошлаган армани қўмиталари жонбоз бўлишган.

1908 йилда иккинчи машрутият ҳаракати бошланган пайтда Усмонли-Турк салтанатининг тупроқлари уч қитъада жойлашган бўлиб, уч милён квадрат километрдан ошарди. Нуфуси қирқ уч милён эди. Қуролли кучлар етти қўшинда тартибланган эди. Биринчи қўшиннинг маркази Истанбул, иккинчисиники Арзинжон, бешинчисиники Шом, олтинчисиники Бағдод, еттинчисиники Санъа (Яман) шаҳарлари эди31. 1908 йилда Абдулҳамид Иккинчи "Иттиҳод ва тараққий қўмитаси"нинг назоратига топширилганида Усмонли императорлиги ана шу ҳолда эди. Эски жўғрофиячиларимиздан машҳур муаллим Али Тавфиқ Бей дейдиларки: "Давлати Олиййаи Усмониййанинг идораси остидаги мамлакатлар уч қитъада жойлашган ҳудудларига кўра: Оврупайи Усмоний, Осиёйи Усмоний, Африқои Усмоний номлари билан учга тақсимланган эдилар"32.

Иккинчи машрутиятнинг биринчи босқичи Абдулҳамид Иккинчининг сўнгги йилларига тўғри келди. Иккинчи босқич Султон Меҳмед Рашод даври ва учинчи, охирги саналари эса Меҳмед Воҳидуддин Олтинчи замони бўлди.

Абдулҳамид Иккинчи илк бор машрутиятни 1876 йилда, иккинчи марта 1908 йилда эълон қилди. 1909 йилда тахтдан туширилгач, Султон Меҳмед Рашод Бешинчи подшоҳлик мақомига келтирилди.

Миллий Мажлис (Аъён ва Мабъусон ҳайъати) номидан буюк бир Турк подшоҳини тахтидан туширишга кетган ҳайъатнинг ичида бирорта туркнинг бўлмагани диққат билан тадқиқ қилишга арзигулик воқеадир. Усмонли подшоҳлар айни пайтда мусулмонларнинг халифаси бўлганлари учун аввалдан "тахтдан олиш" вазифасини жаноб Шайхулисломлар бажарар эдилар. Бу усул миллий тарихимиздаги бир анъана эди. Абдулҳамид Иккинчи бу тарзда тахтдан олинмади. Султон Абдулҳамиднинг тахтдан олинишини таблиғ этувчи аъён ва мабъусон ҳайъатининг интихобида (сайловида) иттиҳодчилар бу анъанани буздилар. Сайланган ҳайъат Аъёндан армани Арам, Баҳрия, Фариқи лоз Ориф Ҳикмат билан Салоник мабъуси яҳудий Қорасу, Драч мабъуси албан Асад Тўптонийлардан иборат эди33.

Султон Меҳмед Рашод даврида кетма-кет уч жанг бўлиб ўтди. 1911 йилги Италия урушида Туркия Африқо қитъасидаги охирги парчаларини йўқотди. 1912 йилдаги Болқон урушида Оврупадаги ерлари қўлдан чиқди. 1914 йилдаги Биринчи жаҳон урушида Туркиянинг мавжудлигига катта хавф туғилди. 1914 йил 29 октябрда бошланган бу даҳшатли можаро туфайли тўрт йил турли жабҳаларда ҳар хил душманлар билан урушилди. Пировардида Мондорос битими ила сўзсиз, шартсиз таслим бўлганимиз инсофсиз душманларга эшикларимизни очдик (1918 йил 30 октябр). "Иттиҳод ва тараққий қўмитаси"нинг иккинчи машрутияти ўн йил давом этди (1908-1918). Биринчи жаҳон уруши охирида (1914-1918) Усмонли императорлиги билан бирга тарихга қовушди.

1908 йил инқилобида "Равол" мулоқотини баҳона қилиб, ватаннинг "бўлиниб кетгани" ғавғоси билан ўртага отилиб, давлатнинг муқаддаротига (тақдирига) ҳоким бўлганлар, кейинчалик ватанни жоҳилона хатти-ҳаракатлар билан ҳақиқий бўлиниш фалокатига дучор этиб, четга қочар эканлар, ёлғиз азиз жонларини қутқаришни ўйлаган эдилар (1918 йил 3 ноябр).

Ўн тўққизинчи асрнинг бутун янгиликларидан ва амалга оширилган буюк фидокорликларидан кейин олти асрлик муҳташам Усмонли императорлиги йигирманчи асрнинг бошида, иккинчи машрутият даврида Оврупанинг йирик дипломатлари қаршисида "рецептчи" ва "қўмитачи" руҳи билан давлатни бошқаришга чиранган машрутиятчиларнинг ўта ибтидоий ва тажрибасиз ҳаракатлари туфайли қурбон бўлди, кетди. Ўн йил ичида (1908-1918) йўқ бўлди. Бугунги борлиғимиз эса фақат миллий мужодала (Қутулиш жанги) туфайлидир. Чунки Мондорос битими билан Туркия душманга сўзсиз, шартсиз таслим бўлгани учун 1918 йил 30 октябр кунини Усмонли императорлигининг сўнгги саҳифаси ўлароқ қабул қилувчилар ҳам бор. Шунингдек, бу битимга таяниб, 1920 йил 20 мартда Истанбулнинг ишғол этилишини салтанатнинг сўнгги деб ҳисоблайдиганлар ҳам ҳақлидирлар. Шу билан бирга салтанат марказининг душман ишғоли остида бўлганлигига қарамай, Буюк Миллат Мажлисидан то "салтанатнинг лағви (бекор қилиниши) тўғрисидаги қонун чиққан 1922 йилнинг 1 ноябрига ўтган муддатга қаралса, салтанат шу вақтга қадар ҳуқуқий тарзда яшаганини қабул этиш тарихий бир заруратдир. Шунингдек, Садри Аъзам Тавфиқ Пошо қонун чиққанини кўриб, тўғри саройга борди. Усмонли-Турк императорлигининг охирги подшоҳи Меҳмед Воҳиддуддин Олтинчига истеъфосини берди. Шу тарзда тарихда Усмонли давлатининг сўнгги Садри Аъзами бўлди.

Мондорос муторақаси ёмон бир шартнома эди. Бу муторақадан сўнг ҳудуддаги бўғозлар очилди. Олдин Итилоф (келишув; иттифоқ) давлатларининг олтмишта кемаси, сўнг қўшинлари Истанбулга кирди (1918 йил 13 ноябр). Душманларимиз уруш қилиб ўтолмаганлари Чаноққалъа бўғозидан энди муторақа соясида, сулҳ йўли билан ўтаётган эдилар.

Бу томондан ишғоллар ҳам бошланиб кетди. Муторақанинг еттинчи моддасига биноан юртимизнинг турли бўлгаларига аскар чиқардилар. Энг сўнг Итилоф кучлари Истанбулни ишғол қилдилар (1920 йил 16 март).

Турк ва Мусулмон Истанбулга фатҳ кунидан (953 йил, 29 майдан) то 1920 йил 16 мартгача ҳеч бир душман қадам босмаган, Усмонли императорлигининг 467 йиллик бошкенти (пойтахти) у пайтгача бирор душман юзини кўрмаган эди. 16 март Турк бошшаҳарининг илк бора душманларга оёқ ости бўлган кундир. Айни пайтда бу кун Усмонли-Турк императорлигининг сўнг саҳифаси бўлди. Чунки Буюк Миллат Мажлиси Анқарада қабул қилган қарор билан Усмонли салтанатини 1920 йил 16 мартдан эътиборан тугатиб, кейинчалик тарихга қовуштирди (1922 йил, 1 ноябр).

Ватанимизнинг (Туркиянинг) ҳар-ҳар ерининг душман ишғолига учраши миллий шуурни қамчилади. Мужодала руҳи туғилди. Пировардида Буюк Миллат Мажлиси Анқарада диний ва миллий муҳташам бир маросим билан очилди (1920 йил 20 апрел). Қутулиш жанги амалга оширилди. Усмонли салтанати тугатилди (1922 йил 1 ноябр). Муданйа муторақаси ва Лондон муоҳадаси ила бугунги Туркиянинг чегаралари чизилди (1923 йил 24 июл). Туркия жумҳурияти қурилди ва Мустафо Камол Пошо жумҳурраиси бўлди (1923 йил 29 октябр). Усмонли халифалиги бекор қилинди (1924 йил 3 март). Усмонли сулоласи мамлакатдан бадарға этилди (4 март).

Изоҳлар

1. Проф. Исмоил Ҳаққи Измирли. "Хулофоти Исломиййа" мақоласи. "Сироти мустақийм" мажмуаси, 1325 йил 17 сентябр. Пайғамбаримизга ваколат этганларга "халифа ва имом" номи берилгандир. "Исломият ва ҳукумат", 8-бет.

2. "Қиссаси Анбиё", 7-жилд, 114-бет; "Зубдатул қисас", 1-жилд, 175-бет; "Миръотул ибар", 6-жилд, 358-бет.

3. Хилофот мендан сўнгра ўттиз санадир. Ундан кейин золим салтанат қайтиб келади".

4. "Ҳадиси арбаъин" таржимаси, 227-бет.

5. "Асри Саодат", 10-жилд, 389-бет.

6. "Асри Саодат" 8-жилд, 35-бет.

7. "Қиссаси Анбиё", 7-жилд, 131-бет; "Миръотул ибар", 6-жилд, 347-бет.

8. Жомиус-Сағийр"; "Қиссаси Анбиё", 7-жилд, 147-бет.

9. "Руҳи Ислом", 304-бет.

10. Шаҳбандарзода Аҳмад Ҳилми. "Тарихи Ислом", 2-жилд, 415-бет.

11. Сарра ман рао - Кўрганни масрур этди.

12. "Зубдатул қисас", 1-жилд, 404-бет.

13. Проф. Исмоил Ҳаққи Измирли. "Ҳикмати ташриъ", 22-бет.

14. Аҳмад Ҳилми. "Тархи Ислом", 2-жилд, 513-бет.

15. Аҳмад Ҳилми. "Тарихи Ислом", 2-жилд, 513-бет.

16. Тарих Қуруми. "Ўрта аср тарихи", 11-жилд, 153-бет.

17. Тарих Қуруми. "Ўрта аср тарихи", 11-жилд, 154-бет.

18. Аҳмад Рафиқ. "Катта тарихи умумий", 5-жилд, 222-бет.

19. "Зубдатул қисас", 1-жилд, 399-бет.

20. Али Рашод таржимаси. "Умумий тарих", 2-жилд, 279-бет.

21. Шарл Сенйобос. "Умумий тарих", Али Рашод таржимаси, 2-ж., 279-б.

22. Закои Кўнрапа. "Болу тарихи", 191-бет.

23. Али Рашод. "Қуруну жадида тарихи", 1-жилд, 106-бет.

24. Аҳмад Росим. "Расмли ва харитали Усмонли тарихи", 1-жилд, 202-209-бетлар; Абдурраҳмон Шараф. "Тарихи давлати Усмониййа", 1-жилд,219-бет.

25. Проф. Исмоил Ҳаққи Измирли. "Хилофоти Исломиййа" мақоласи. "Сироти мустақийм" мажмуаси, 1325 йил 17 сентябр.

26. "Маданиййати Исломиййа тарихи" 4-жилд, 6-бет. Закий Мағомиз таржимаси.

27. Афзалоуддин. "Тарихи Усмоний харитаси" 11-15-бетлар.

28. Ришод Акрам. "Усмон ғозийдан Отатурккача", 21-бет.

29. Аҳмад Рафиқ.

30. Абдурраҳмон Шараф Афанди. "Жўғрофиёи умумий", 2-жилд, 192-бет.

31. Абдурраҳмон Шараф Афанди. "Жўғрофиёи умумий", 2-жилд, 193-196-бетлар.

32. "Мамолики Усмониййа жўғрофиёси", 5-бет.

33. Исмоил Ҳомий Донишманд. "Усмонли тарихи солномаси", 4-жилд, 378-бет.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ