Учинчи асос. Мусулмонлар ва бошқалар ўртасида васиқа битиш

7 йил аввал 1108 siyrat.uz

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бажарган янги давлатнинг дастурий жиҳатига алоқадор бўлган ишларнинг энг муҳими мана шу учинчи асосдир. Ибн Ҳишом ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага келганларига ҳеч қанча вақт бўлмай Мадина аҳлидан бўлган арабларнинг жуда кўпчилиги Исломни қабул қилдилар. Авс қабиласидан баъзиларини ҳисобга олмаганда Исломга кирмаган хонадон қолмади. Шундан кейин Расулуллоҳ алайҳис-салоту вас-салом муҳожир ва ансорлар ўртасида бир нома ёздилар. Унда яҳудлар билан ҳам аҳдлашдилар, уларни ўз динлари ва молларига эгадор ҳолда қолдириб, уларга бир неча шартлар қўйдилар. Биз у номанинг матни жуда узун бўлганлиги сабабли бу ерда тўлиқ келтирмаймиз, лекин ундан айрим муҳим бандларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номаларида қандай битилган бўлса, ўшандай ҳолатда келтириб ўтамиз.

1. Қурайшликлар, ясрибликлар ва уларга эргашиб, улар билан бирга жанг қилган мусулмонлар ягона умматдирлар. 2. Ана ўша мусулмонларнинг барчаси қабилалари бошқа-бошқа бўлишидан қатъи- назар агар лозим бўлса ,хун ҳақини бирга тўлайдилар ҳамда яхшилик ва мўминлар ўртасида адолат билан асирларини фидя бериб кутқариб оладилар. 3. Албатта, мўминлар ораларидаги қарзга ботган, кўп фарзандли кишиларнинг фидя ва тўловларини биргалашиб тўлайдилар. 4. Албатта, тақводор мўминлар адолатсизлик қилган ёки мўминлар ўртасида бузуқликни ёки душманликни ёки гуноҳ ва зулмни истаган кимсага қаршидирлар ва ўша кимса гарчи ўзларининг фарзандлари бўлса ҳам, унга қарши барчаларининг қўллари биттадир. 5. Мўмин киши кофирнинг ёнини олиб мўминни ўлдирмайди. 6. Мўминларнинг силми (иттифоқи) ягонадир. Мўмин киши Аллоҳ йўлидаги жангда бошқа мўминлар билан бирга баробар ва адолатли иттифоқдадир. 7. Оллоҳнинг ҳимояси ягонадир. Мўминларни уларнинг энг паст табақалиси ҳам ҳимоя қила олади. Ўзгалар қаршисида мўминлар бир-бирларига дўстдирлар. 8. Ушбу саҳифадаги нарса (банд)ларни қабул қилган ҳамда Аллоҳга ва Охират Кунига иймон келтирган мўмин учун бир бидъатчига ёрдам бериш ёки бошпана бериш ҳалол эмасдир. Кимда ким унга ёрдам ёки бошпана берса, албатта, унга Қиёмат Кунида Аллоҳнинг лаънати ва ғазаби бўлгай ва ундан фазл ҳам, адл ҳам (тавба ҳам, тўлов ҳам) қабул қилинмайди. 9. Яхудлар бошқа яҳудларга моддий ёрдам бера оладилар. 10. Яҳудларга ўзларининг нафақаси, мусулмонларга ўзларининг нафақаси бўлур. Ушбу саҳифа аҳли жанг қилганларга қарши бир-бирларига ёрдам беришлари лозимдир.
Ибратли нукталар
Мазкур васиқада Исломий жамиятнинг хилма-хил ташкилий масалаларига тааллуқли далолатлар бўлиб, айримларини қисқача айтиб ўтамиз. Ҳозирги асрда мазкур васиқага бериладиган энг муносиб таъбир «Дастур» сўзи бўлса керак. Чунки у бир давлатнинг ички ва ташқи низомини ишлаб чиқиш билан шуғулланадиган ҳар қандай дастур ўз ичига олиши мумкин бўлган нарсаларни ўзида жамлаган. Бу дастурни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Парвардигор томонидан бўлган ваҳий билан туздилар ва мусулмонлар ҳамда қўшни яхудлар ўртасида уни татбиқ қилдилар. Бундан маълум бўладики, исломий жамият аввал-бошидан комил дастурий асослар устига барпо бўлган экан. Бу васиқа Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудлар билан бирга қилган муомаланинг қанчалар адолатли бўлганини кўрсатади. Агар яҳудларга уларнинг макр-ҳийлани, хиёнатни яхши кўрадиган табиатлари ғолиб бўлмаганда мусулмонлар   билан   яҳудлар   ўртасидаги   ушбу адолат ўзининг мевасини бериши мумкин эди. Аммо ҳеч қанча вақт ўтмай яҳудлар ўзлари қабул қилгаи бу васиқанинг бандлари ўз ичига олган нарсаларга чидай олмай қолдилар, натижада Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мусулмонларга турли хиёнат ва найранглар билан қарши чиқдилар. Бу ҳақда кейинроқ батафсил келтирамиз, иншаоллоҳ. Биринчи банддан бизга маълум бўладики, мусулмонларнинг бирлигини вужудга келтирадиган, уларни ягона уммат қиладиган Ислом экан. Мана бундай бирлик майдонида уларнинг ораларидаги ҳар қандай баланд-пастлик эриб, йўқ бўлиб, барча баробар инсонга айланар экан. Буни ўша биринчи банддаги Пайғамбар алайҳисаломнинг сўзларидан тушуниб олиш мумкин: «Қурайшликлар, ясрибликлар ва уларга эргашиб, улар билан бирга жанг қилган мусулмонлар инсонлар олдида ягона умматдирлар». Еттинчи банд мусулмонлар ўртасидаги тенгликка исломий жамиятнинг энг муҳим шаръий рукнларидан бир рукн сифатида эътибор қаратишга ва уни комил суратда татбиқ қилишга чақиради. Унда шундай дейилган эди: «Аллоҳнинг ҳимояси ягонадир. Мўминларни уларнинг энг паст табақалиси ҳам ҳимоя қила олади. Ўзгалар қаршисида мўминлар бир-бирларига дўстдирлар». Бунинг маъноси: бир мусулмоннинг ҳимояси, у ким бўлишидан қатъи-назар, муҳтарам - ҳурматга сазовордир. Яъни у мусулмонлардан кимни ўз ҳимоясига олса, ҳеч ким бу ҳимояни оёқ ости қилиши мумкин эмас. Бу борада мусулмон аёл ҳам эркак киши билан тенг ҳуқуқлидир. Бунга барча  уламолар   иттифоқ   қилганлар.   Имом   Бухорий, Муслим ва яна бошқаларнинг ривоят қилишларича, Абу Толибнинг қизи Умму Ҳониъ Фатҳ йилида Расулуллоҳ  соллаллоҳу   алайҳи   васалламнинг олдиларига  бориб: «Эй Расулуллоҳ, акам мен ҳимоямга олган Ибн Ҳубайрани ўлдирмоқчилигини айтяпти», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен ҳимоянгга олган кишини биз ҳам ҳимоямизга олдик, эй Умму Ҳониъ», дедилар. Бундан сиз Исломнинг ҳимоясида аёл киши эришган мақомнинг қанчалик баландлигини ва эркак киши билан баробар барча инсоний ва ижтимоий ҳуқуқлари ҳимоя қилинаётганлигини билиб олишингиз мумкин.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ